язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Хорижий инвестициялар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 31.05.1996 й. ПФ-1467-сон "Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этишни ва уларнинг фаолиятини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

31.05.1996 й.

N ПФ-1467


ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР

ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ

ТАШКИЛ ЭТИШНИ ВА УЛАРНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШГА

ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий инвестициялар иштирокидаги ишлаб чиқариш корхоналарининг ташкил этилиши ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг республиканинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳамда жаҳон иқтисодиётига интеграциялашишга қўшадиган ҳиссасини ошириш мақсадида:


1. Белгилансинки, экспортга мўлжалланган ва импортнинг ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчи хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этишни ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини рағбатлантириш Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий ва инвестиция сиёсатидаги муҳим устуворлик ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида хорижий инвесторларнинг мулкка ва олинган даромадни олиб кетишга бўлган ҳуқуқи ҳимоя қилинишини таъминловчи, улар учун қулай инвестиция муҳитини яратувчи кафолатлар кенг тизими белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинади.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши тартибини мураккаблаштирувчи идоравий ҳужжатлар чиқариш, ҳукумат қарорларида назарда тутилмаган қўшимча маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш тақиқлансин.

Тегишли идоралар ва тузилмаларнинг раҳбарлари уларнинг фаолиятига энг аввало хорижий инвестициялар жалб қилинишига ва қўшма ишлаб чиқаришлар сони кўпайишига кўмаклашишларига ва рағбатлантиришларига қараб баҳо берилиши ҳақида огоҳлантириб қўйилсин.


3. "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Адлия вазирлиги икки ҳафта муддатда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни экспортга мўлжалланган ва импортнинг ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчи ишлаб чиқариш корхоналарига мансуб деб ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.

6. Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар ва корпорациялар иштирокида 3-бандга мувофиқ тармоқлар, ишлаб чиқариш фаолияти соҳалари, республика ҳудудлари бўйича хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташкил этиш бўйича инвестиция таклифларини бир ой муддатда аниқлаштирсинлар ва уларни амалга ошириш чора-тадбирларини кўрсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Хорижий сармоялар бўйича агентлик, "Ўзбекинвест" миллий суғурта компанияси кўрсатиб ўтилган устивор инвестиция таклифлари рўйхатини чет эл элчихоналари ва ваколатхоналарига, манфаатдор хорижий банкларга, фирмалар ва компанияларга етказсинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси, Давлат мулки қўмитаси ҳамда Фан ва техника давлат қўмитаси Хорижий сармоялар бўйича агентлик билан бирга хорижий инвестицияларни ахборот билан таъминлашнинг ягона тизимини 1996 йил охиригача ишлаб чиқсинлар ва жорий этсинлар, бунда қуйидагиларни  назарда тутсинлар:

республикада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг йўналиши ва бориши, иқтисодиётга инвестиция қўйишнинг шартлари ва устивор йўналишлари, имтиёзлар ва кафолатларнинг, инвесторлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалдаги тизими билан хорижий инвесторларнинг кенг доирасини таништириш;

хорижий инвесторларни зарур қонунчилик  ва норматив ҳужжатлар, йўриқнома ва ахборот-маълумот материаллари билан таъминлаш;

ахборот тармоғини ҳамда устувор инвестиция таклифларини ва мамлакатимиздаги ва чет элдаги потенциал шериклар тўғрисида ягона маълумотлар базасини яратиш.


8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ташқи иқтисодий миллий банки ҳисоб-китоблар тартибини соддалаштириш ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга кўрсатиладиган банк хизматлари тизимини такомиллаштириш юзасидан бир ой муддатда таклифлар киритсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги соддалаштирилган виза режимини, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар таклифларига биноан ва иш юзасидан шерикчилик алоқалари ўрнатиш учун келувчи чет эл фуқаролари ва мутахассисларининг келишлари ва кетишлар, яшашлари ҳамда республика ҳудуди бўйлаб юришлари тартибини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.


10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишга оид таклифларни бир ой муддатда тайёрласинлар.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов