язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Хорижий инвестициялар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.03.1996 й. 118-сон "ЎзДЭУавто" қўшма корхонасининг самарали фаолиятини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.03.1996 й.

N 118


"ЎзДЭУавто" ҚЎШМА КОРХОНАСИНИНГ

САМАРАЛИ ФАОЛИЯТИНИ ТАЪМИНЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


"ЎзДЭУавто" қўшма корхонаси енгил автомобилларини ишлаб чиқаришга, сотишга ва уларга сервис хизмати кўрсатишни ташкил этишга комплекс ёндашишни таъминлаш, фуқароларнинг уларни сотиб олишлари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Маълумот учун кабул қилинсинки:

"ЎзДЭУавто" қўшма корхонаси бошқаруви томонидан 1996 йил учун ишлаб чиқаришнинг бизнес-режаси ва жадвали тасдиқланган, заводнинг биринчи навбатини 1996 йил 25 мартда, иккинчи навбатини 1996 йил июлда ишга тушириш белгиланган;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан "Асака" банки устав фондининг тўлови сифатида зарур маблағлар ўтказилган.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тўлов муддати узайтирилган базис контракт бўйича "ЎзДЭУавто" қўшма корхонаси томонидан сотиб олинадиган материаллар ва бутловчи деталлар учун тўлов юзасидан 1996 йил 27 мартгача "ДЭУ" корпорациясига кафолат берсин.


3. Махфий.


4. "Ўзавтосаноат" уюшмасининг "ЎзДЭУавто" қўшма корхонаси билан биргаликда Асака заводида ишлаб чиқарилган енгил автомобилларга:

республика ҳудудида-"Ўзавтотеххизмат" акционерлик бирлашмаси корхоналарининг минтақавий шохобчалари орқали;

экспорт учун - "ЎзДЭУавто" қўшма корхонаси томонидан сервис хизмати кўрсатиш ва уларни сотиш шохобчаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Автомобилларни экспортга сотиш стратегиясини белгилаш ва прогнозини ишлаб чиқиш бўйича масъулият Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига юклансин.


5. "Ўзавтосаноат" уюшмаси ва "Ўзавтотеххизмат" акционерлик бирлашмаси:

"ДЭУ" корпорацияси билан келишилган жадвалга биноан 140 кишини маркетинг ва автомобилларга сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш бўйича мутахассислар тайёрлаш учун Корея Республикасига юборсинлар;

1996 йил 1 июлгача Тошкент, Андижон, Бухоро, Қарши, Урганч ва Самарқанд шаҳарларида;

1996 йил 25 декабргача Нукус шаҳрида ва республиканинг қолган вилоятлари марказларида техник хизмат кўрсатиш станцияларини реконструкция қилишни тугалласинлар.

"Асака" банки "ДЭУ" корпорацияси томонидан таклиф этилган сервис хизмати кўрсатиш станцияларини техника билан қайта жиҳозлаш Дастурини бир ой муддатда кўриб чиқсин ва 1996 йилда уни амалга ошириш учун кредит ресурслари ажратсин.


6. Бозор эҳтиёжларига мувофиқ автомобилларни ишлаб чиқариш, сотиш ва уларга сервис хизмати кўрсатишнинг янада мустаҳкам ўзаро боғлиқликда бўлишини таъминлаш мақсадида "ЎзДЭУавто" қўшма корхонасининг "Ўзавтотеххизмат" акционерлик бирлашмаси акционерлик сармоясида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси давлатга тегишли бўлган эркин сотишга мўлжалланган улушни қайта тақсимлаш ҳисобига "Ўзавтотеххизмат" акционерлик бирлашмаси корхоналари акциялари умумий пакетининг 51 фоизини "ЎзДЭУавто" қўшма корхонасига сотишни назарда тутсин.

7. "Ўзавтотеххизмат" акционерлик бирлашмасига автомобилларни биринчи навбатда 100 фоизли тўловни бирйўла тўлаш шартлари бўйича сотиш тавсия этилсин.

"ЎзДЭУавто" қўшма корхонаси ишлаб чиқараётган автомобилларни сотиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига кредитлар бериш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

"ЎзДЭУавто" қўшма корхонаси ишлаб чиқарган автомобилларни сотиб олаётган фуқаролар сотиб олиш чоғида Республика йўл жамғармасига бирйўла тўловдан озод қилинсинлар.


8. "Асака" банки бир ой муддатда Нукус шаҳрида ва республиканинг барча вилоятлари марказларида филиаллар очсин ҳамда уларнинг фаолият кўрсата бошлашини таъминласин, уларни "Ўзавтотеххизмат" акционерлик бирлашмасининг техника хизмати кўрсатиш станциялари базасида жойлаштирсин.

"Ўзавтотеххизмат" акционерлик бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда "Асака" банки филиалларини жойлаштириш учун бир ҳафта муддатда жой ажратсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига "Асака" банкининг очилаётган филиалларини техника ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлашда, чет эл банклари билан корреспондентлик алоқалари ўрнатишда, унинг марказий аппаратини ва филиалларини малакали кадрлар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш тавсия этилсин.

"Асака" банки таъсисчилари "Асака" банки устав фондини шакллантиришни бир ой муддатда тугалласинлар.


10. "Ўзавтосаноат" уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги Андижон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда "ЎзДЭУавто" қўшма корхонасининг расмий халқаро презентацияси дастурини бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.


11. "Ўзавтосаноат" уюшмаси, "Ўзавтотеххизмат" акционерлик бирлашмаси, "ЎзДЭУавто" қўшма корхонаси билан биргаликда "ЎзДЭУавто" қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш дастури учун буюртмачилар портфелини ўз вақтида шакллантиришни таъминлайдиган фьючерс контрактлари асосида автомобиллар сотиш механизмини икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва жорий этсинлар.


12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда амалдаги норматив ҳужжатларга ушбу карордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар юзасидан таклифлар киритсин.


13. Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 7 ноябрдаги 424-сон қарори 8-бандининг иккинчи хатбоши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                  И. Каримов