язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Боғдорчилик. Узумчилик. Сабзавотчилик. Пиллачилик/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.04.2016 й. ПҚ-2520-сон "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.04.2016 й.

N ПҚ-2520



МЕВА-САБЗАВОТ, КАРТОШКА

ВА ПОЛИЗ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ХАРИД

ҚИЛИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимиз қайта ишлаш корхоналарини хом ашё билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, шунингдек, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш учун уларни етиштириш, ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича ягона тизимни шакллантириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси, "Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмасининг 2016 йилги ҳосилдан бошлаб ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмасини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки, ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси:

"Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК, "Ўзшаробсаноат" АЖ таркибига кирадиган қайта ишловчи ташкилотларни ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, қайта ишловчи бошқа ташкилотларни хом ашё билан мунтазам таъминлаб туриш;

ички истеъмол бозорини қиш-баҳор мавсумида барқарор таъминлаш мақсадида захирага ғамлаш;

ташқи бозорларда харидоргир бўлган ҳўл мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ушбу маҳсулотларга нисбатан талабдан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.


2. Қуйидагилар:

вилоят ва туман ҳокимликларининг ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича ҳудудий бошқарма ва бўлимлари зиммасига - фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш ҳажми бўйича ҳисоб-китобларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш ва улар томонидан тузилган контрактация шартномалари бажарилишини мониторинг қилиш;

"Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси зиммасига - ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни саноат асосида қайта ишлаш учун харид қилиш;

"Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмаси зиммасига - қиш-баҳор мавсуми учун ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни ғамлаш;

"Ўзагроэкспорт" ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси зиммасига - ҳўл мева-сабзавотларни экспорт қилиш вазифалари ва масъулияти юклансин.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат буюртмаси доирасида:

Давлат буюртмаси учун мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилиш контрактация шартномаси асосида амалга оширилади, бу шартнома бир томондан етказиб берувчилар - фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда иккинчи томондан буюртмачилар - "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК, "Ўзшаробсаноат" АЖ, "Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмаси, "Ўзагроэкспорт" АЖ  таркибига кирадиган ташкилотлар ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи, тайёрловчи ва экспорт қилувчи бошқа ташкилотлар ўртасида контракт қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда аванс берилиши билан тузилади;

ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум фермер ва деҳқон хўжаликларидан келишилган, бозор нархларида харид қилинади;

ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари "Ўзагроэкспорт" ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси томонидан хорижий шериклар билан тўғридан-тўғри тузилган экспорт шартномалари, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган комиссия (воситачилик) шартномалари бўйича экспорт қилинади;

ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини комиссия шартномалари асосида экспорт қилишда комиссия (воситачилик) хизмати учун тўлов миқдори 1 фоиздан ошмаслиги лозим.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисидаги низомни;

ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин, унда экспортдан валюта тушумининг кафолати ва унинг белгиланган миқдорда мажбурий сотилишини таъминлайдиган нормалар кўзда тутилсин.

4. Қуйидагилар:

2016 йил учун ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси 1-иловага* мувофиқ;

2016 йил учун давлат буюртмаси асосида мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш ва фойдаланиш баланси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 мартдаги ПҚ-2505-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган Республика комиссиясига (Ш.М. Мирзиёев) зарур ҳолларда жаҳон бозоридаги конъюнктура ўзгаришини инобатга олган ҳолда мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум етиштиришнинг амалдаги ҳажмидан келиб чиқиб, баланс параметрларига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Давлат статистика қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига баланс ижроси ҳақида маълумот тақдим этсин.


5. Махсус ташкил этилган ишчи гуруҳлари жойларга чиқиб, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналарни тўлиқ инвентаризациядан ўтказгани, уларнинг барчаси хусусий мулк шаклидаги корхоналар эканлиги ва уларнинг аксарияти замонавий технология ускуналари билан жиҳозлангани маълумот учун қабул қилинсин.

"Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси ўтказилган инвентаризация асосида уч ой муддатда мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш ва ташқи бозорда рақобатбардош сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган қайта ишлаш корхоналарини янада модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, замонавий тарақадоқлаш буюмлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир аниқ таклифлар тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси ва бошқа тузилмаларни жалб қилган ҳолда, шу йилнинг май ойида етакчи хорижий ишлаб чиқариш компаниялари ва уларнинг дилерлари иштирокида ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш бўйича замонавий юқори технологияли ускуналар ҳамда технологияларнинг ихтисослаштирилган кўргазма-савдосини ташкил қилсин.


6. 2019 йилнинг 1 январигача:

мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлайдиган хусусий мулк шаклидаги корхоналар, идоравий мансублигидан қатъи назар, замонавий ускуна ва технологиялар олиб киришда божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари);

"Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси таркибига кирадиган қайта ишлаш корхоналари Ягона ижтимоий тўловдан ташқари даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар ягона солиқ, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилсин.

Белгилаб қўйилсинки, ушбу бандга мувофиқ солиқ ва божхона имтиёзлари берилиши ҳисобидан бўшайдиган маблағлардан ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш учун мақсадли фойдаланилиши лозим. Бўшаган маблағлардан мақсадсиз фойдаланилган тақдирда улар қайтариб олиниб, бюджет ва тегишли давлат мақсадли жамғармаларига ўтказилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўзагроэкспорт" компанияси ва бошқа манфаатдор тузилмаларнинг:

жорий йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида 2016 йилги ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар тузиш учун Халқаро мева-сабзавот маҳсулотлари ярмаркасини ўтказиш;

Халқаро мева-сабзавот маҳсулотлари ярмаркаларини ўтказиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган майдонни ташкил этиш ва унинг базасида ҳар йили сентябрь ойида келгуси йил учун экспорт шартномалари тузишни ташкил қилиш мақсадида хорижий компанияларнинг фаол иштирокида ярмарка тадбирларини ўтказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Халқаро мева-сабзавот маҳсулотлари ярмаркасини ҳар йили ўтказишни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.


8. Тижорат банкларига фермер ва деҳқон хўжаликларидан давлат буюртмаси бўйича мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилишга бўнак ва якуний ҳисоб-китоблар учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ставкада кредит ресурслари ажратиш тавсия этилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ишлаб чиқарувчи хўжаликлар тоифасига қараб мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни етиштириш ҳамда контрактация шартномалари асосида харид қилиш ҳажми бўйича статистик ҳисоботларни танқидий кўриб чиқсин ва бу борада халқаро тажриба ҳисобга олинган ҳолда янги статистик ҳисоботлар шаклларини белгиланган тартибда тасдиқласин ва уни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, шунингдек, тегишли статистика органларига тақдим этсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги "Ўзстандарт" агентлиги, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси билан биргаликда 2016 йилнинг 1 майига қадар ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни сақлаш, транспортда ташиш ва сотишда табиий йўқотиш нормативларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси, "Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмаси Адлия вазирлиги билан биргаликда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни бир ойлик муддатда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Халқ сўзи", 2016 йил 13 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 18 апрель, 15-сон, 145-модда