язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Банк сири ва банклар хавфсизлиги/ Ўзбекистон Республикасининг 30.08.2003 й. 530-II-сон "Банк сири тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.2003 й.

N 530-II



БАНК СИРИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олиш, сақлаш, муҳофаза қилиш, эълон қилиш ва тақдим этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Банк сири тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Банк сири тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг банк сири тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Банк сири


Банк сири банк томонидан муҳофаза қилинадиган қуйидаги маълумотлардан иборатдир:

ўз мижозларининг (вакилларининг) операциялари, ҳисобварақлари ва омонатларига доир маълумотлар;

банк ўз мижозига (вакилига) банк хизматлари кўрсатиши муносабати билан мазкур мижоз (вакил) тўғрисида олган маълумотлар;

мижознинг (вакилнинг) банк сейфлари ва биноларида сақлаб турилган мол-мулки, унинг хусусияти ва қиймати ҳақидаги маълумотлар;

мижоз (вакил) топшириғига биноан ёки унинг фойдасини кўзлаб амалга оширилган банклараро операциялар ва битимлар тўғрисидаги маълумотлар;

банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг банклар ўртасида муомалада бўлиши натижасида маълум бўлиб қолган, бошқа банкнинг мижозига (вакилига) доир маълумотлар;

жамғариб бориладиган пенсия тизимининг иштирокчилари, пенсия бадалларининг миқдори ва суммаларининг ҳаракати, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги пенсия жамғармалари тўғрисидаги маълумотлар.


4-модда. Учинчи шахслар


Банк, унинг мижози (вакили) ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.



5-модда. Банк сирининг ошкор қилиниши


Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш, оғзаки ёки ёзма шаклда ёхуд бошқа йўсинда тарқатиш ёки маълум қилиш, учинчи шахслар эътиборига етказиш, бундай маълумотларни қўлга киритиши учун учинчи шахсларга бевосита ёки билвосита, шу жумладан ана шундай маълумотлар хизмат вазифасини бажариши муносабати билан ўзига ишониб топширилган ёхуд маълум бўлиб қолган ёки ушбу Қонунда белгиланган тартибда тақдим этилган шахслар томонидан бундай маълумотларни сақлаш тартибининг бузилиши оқибатида имконият яратиб бериш банк сирининг ошкор қилиниши деб ҳисобланади.

Банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг банк томонидан учинчи шахсларга ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек банкка юридик, бухгалтерия, аудиторлик, ахборот ва маслаҳат йўсинидаги хизмат кўрсатувчи шахсларга маълум қилиниши ёки тақдим этилиши, башарти бу ана шундай хизмат кўрсатиш зарур бўлса ҳамда мазкур шахслар ушбу Қонуннинг 6-моддасида белгиланган ҳаракатларни содир этишдан ўзларини албатта тийсалар, банк сирининг ошкор қилиниши деб ҳисобланмайди.


6-модда. Банк сирининг ошкор қилинишини тақиқлаш


Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар хизмат вазифасини бажариши муносабати билан ўзига ишониб топширилган ёки маълум бўлиб қолган ёхуд ушбу Қонунда белгиланган тартибда тақдим этилган шахслар томонидан бу маълумотларнинг ошкор қилиниши ёки улардан шахсий мақсадда ёхуд учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида фойдаланилиши тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки зиммасига қонун билан юклатилган вазифаларни амалга ошириши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган, банк сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этишга ёки тақдим этишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


7-модда. Банк сирининг муҳофаза қилиниши


Банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг муҳофаза қилиниши банк томонидан кафолатланади.

Банкнинг раҳбарлари ва бошқа ходимлари хизмат вазифасини бажариши муносабати билан ўзига ишониб топширилган ёки маълум бўлиб қолган банк сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилиши, шунингдек мазкур маълумотлардан шахсий мақсадда ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида фойдаланиши, учинчи шахсларга бундай фойдаланиш имкониятини бевосита ёки билвосита, шу жумладан ана шундай маълумотларни сақлаш тартибини бузиш оқибатида яратиб бериши тақиқланади.

Банкнинг раҳбари ёки бошқа ходими банкда ишлаш даврида ўзига маълум бўлиб қолган, банк сирини ташкил этувчи маълумотларни унинг банк билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ҳам ошкор қилишга ҳақли эмас.

Банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг тегишли равишда сақланиши учун банк зарур ташкилий ва техникавий чора-тадбирлар кўриши шарт.

Агар банк билан мижоз (вакил) ўртасида низо келиб чиққан бўлса, банк ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мижознинг (вакилнинг) банк сирини ташкил этувчи маълумотларни зарур ҳолларда ва доирада маълум қилиши мумкин.



8-модда. Банк сирини ташкил этувчи

маълумотларни тақдим этиш


Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар мижознинг (вакилнинг) ўзига, у ваколат берган вакилларга, шунингдек ушбу Қонунда белгиланган тартибда бошқа шахсларга тақдим этилади.

Банк сирини ташкил этувчи, пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборот қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти банк сирини ташкил этувчи маълумотларни, агар бу маълумотлар уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириши учун зарур бўлса, олишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги банк сирини ташкил этувчи маълумотларни, агар бу маълумотлар мазкур ташкилотлар фаолиятида қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назорат қилиш соҳасида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириши учун зарур бўлса, олишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз мижозлари ҳақидаги банк сирини ташкил этувчи маълумотларни ушбу Қонунда белгиланган тартибда тақдим этади.

Кредит ахборотини белгиланган тартибда кредит бюроларига тақдим этиш банк сирининг бузилиши деб ҳисобланмайди.


9-модда. Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни

прокуратура, тергов ва суриштирув органларига

тақдим этиш


Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар прокуратура, тергов ва суриштирув органларига мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда, етказилган зарар ундириб олинишини ёки унинг мол-мулки хатланишини таъминлаш мақсадида терговчи ёхуд суриштирувчининг асослантирилган қарорига биноан прокурор санкцияси билан тақдим этилади.


10-модда. Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни

судга ва давлат ижросига тақдим этиш

Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар судга унинг ёзма сўрови асосида, мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан суднинг иш юритувидаги ишлар бўйича тақдим этилади.

Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар давлат ижрочисига унинг ёзма сўрови, шу жумладан электрон ҳужжат тарзидаги сўрови асосида, мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган ижро иши бўйича тақдим этилади.


11-модда. Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни

давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш


Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар давлат солиқ хизмати органларига банк мижозига (вакилига) солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этилади.


12-модда. Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни

тақдим этиш тартиби


Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни судга, прокуратура, тергов ва суриштирув органларига, шунингдек давлат ижрочисига тақдим этиш, бунинг учун ушбу Қонунда назарда тутилган асослар бўлган тақдирда, уларни сўраётган органга ёпиқ ва муҳрланган конвертда ёки ахборот тизими орқали электрон ҳужжат тарзида ҳимояланган алоқа каналлари воситасида юбориш орқали амалга оширилади.

Кредит ахборотини кредит бюроларига тақдим этиш кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартнома асосида амалга оширилади.


13-модда. Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни

мижознинг (вакилнинг) меросхўрлари ёки ҳуқуқий

ворисларига тақдим этиш


Мижоз (вакил) тўғрисидаги, банк сирини ташкил этувчи маълумотлар унинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворисларига, агар уларнинг ўзи ёки улар ваколат берган вакиллар қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи барча зарур ҳужжатларни тақдим этсалар, банк томонидан тақдим этилади.

Мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни тасдиқламайдиган ҳужжатлар олинган тақдирда, банк мурожаат қилган шахсни у сўраган маълумотларни тақдим этиш имконияти йўқлиги хусусида уч иш куни ичида ёзма равишда хабардор қилиши шарт, шунингдек қўшимча ҳужжатлар тақдим этишни талаб қилишга ёки мурожаат этган шахснинг мерос ҳуқуқини ёхуд ҳуқуқий ворислигини тасдиқлаб бериш тўғрисидаги ёзма сўровни тегишли нотариусга ёки юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга юборишга ҳақли. Мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни тасдиқловчи барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, банк мурожаат этган шахсга беш иш куни ичида тегишли мижоз (вакил) тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни бериши ва барча ҳужжатларни тақдим этиши шарт.


14-модда. Банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг

банклар ўртасида муомалада бўлиши


Банклар ўз фаолиятининг хавфсизлигини таъминлаш, омонатларни, кредитлар ва бошқа инвестицияларнинг қайтарилишини кафолатлаш мақсадида ўз мижозлари (вакиллари) тўғрисидаги маълумотларни қонунда белгиланган тартибда ва доирада ўзаро алмашиб туришлари ва бир-бирларига тақдим этишлари мумкин.

Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фондига, шунингдек омонатчиларга пулларни қайтариш тадбир-чораларини кўриш учун агент банкларга тақдим этилади.

Бошқа банкнинг мижози (вакили) тўғрисидаги маълумотларни олган банк бундай маълумотларни ошкор қилишга ва учинчи шахсларга тақдим этишга ҳақли эмас.



15-модда. Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни

тақдим этиш чегараси


Банк ушбу Қонунга мувофиқ фақат ўз мижозига (вакилига) доир, банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этади, бунда мижознинг (вакилнинг) банкда сақланаётган ҳужжатларида бошқа шахслар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлса, бундай маълумотлар ҳам мижозга (вакилга) доир маълумотлар деб ҳисобланади.



16-модда. Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар

тақдим этишни рад қилиш


Агар банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этиш тўғрисидаги талаб ушбу Қонуннинг қоидаларига мувофиқ бўлмаса, банк бундай маълумотлар тақдим этишни рад қилиши шарт.

Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этишни рад қилганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари банк сирини ташкил этувчи маълумотларни сўраш ва олишга ҳақли эмас, ушбу Қонунда кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.



17-модда. Низоларни ҳал қилиш


Банк сири билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.



18-модда. Банк сири тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик


Банк сирини ташкил этувчи маълумотлар хизмат вазифасини бажариши муносабати билан ўзига ишониб топширилган ёки маълум бўлиб қолган шахснинг бу маълумотларни ноқонуний равишда ошкор қилганлиги ёхуд улардан ноқонуний фойдаланганлиги ҳамда банк мижозига (вакилига) зарар етказганлиги қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                           И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2003 йил, 9-10-сон, 144-модда