язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент)/ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси. Депутатлар/ Ўзбекистон Республикасининг 29.08.2003 й. 522-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.2003 й.

N 522-II



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК

ПАЛАТАСИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ

ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси фаолиятининг ҳуқуқий асослари


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунига ва бошқа қонунларга мувофиқ амалга оширади.


2-модда. Қонунчилик палатаси фаолиятининг

асосий принциплари

Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

сиёсий хилма-хиллик ва кўппартиявийлик;

масалаларни эркин муҳокама қилиш ва жамоа бўлиб ҳал этиш;

очиқлик ва ошкоралик;

жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш.

Қонунчилик палатасининг иши палата барча депутатларининг профессионал, доимий фаолиятига асосланади.


3-модда. Қонунчилик палатаси

фаолиятининг ташкилий шакли


Қонунчилик палатаси фаолиятининг ташкилий шакли унинг Қонунчилик палатаси сессиялари даврида, қоида тариқасида, ҳафтасига уч марта ўтказиладиган мажлисларидир.

Қонунчилик палатасининг мажлислари, агар уларнинг ишида палата депутатлари умумий сонининг камида ярми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, конституциявий қонунларни қабул қилишда, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлиши шарт.

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси Қонунчилик палатасига сайловдан кейин икки ойдан кечиктирмай ўтказилади. Мазкур мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси очади ва Қонунчилик палатаси Спикери сайлангунга қадар унда раислик қилади.

Қонунчилик палатаси биринчи мажлиси ишини ташкил этиш учун мажлиснинг муваққат котибияти саноқ комиссияси ва овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланиш устидан муваққат назорат гуруҳи сайланади.

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида унинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади, шу жумладан, қоида тариқасида:

Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари сайланади;

сиёсий партиялар фракциялари (бундан буён матнда фракциялар деб юритилади) ва депутатлар гуруҳлари рўйхатга олинади;

Қонунчилик палатасининг қўмиталари тузилади.

Қонунчилик палатасининг навбатдан ташқари мажлислари унинг сессиялари оралиғида Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери таклифига ёки Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг мажлислари очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади. Қонунчилик палатасининг қарорига биноан ёпиқ мажлислар ўтказилиши ҳам мумкин.

Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади), қоида тариқасида, алоҳида-алоҳида мажлис ўтказади.

Қонунда белгиланган ҳолларда палаталарнинг қўшма мажлислари ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Қонунчилик палатаси Спикерининг, Сенат Раисининг таклифига ёки тегишинча Қонунчилик палатаси депутатлари ёхуд сенаторлар умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилиши мумкин.


4-модда. Қонунчилик палатаси Спикерини

ва унинг ўринбосарларини сайлаш

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерини сайлашдан бошланади.

Қонунчилик палатаси Спикерини ва унинг ўринбосарларини сайлаш учун депутатлар орасидан Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партиядан камида уч нафар депутатдан иборат Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши тузилади. Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таркиби тўғрисидаги қарор Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши ўз мажлисида Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни депутатлар орасидан кўрсатиш масаласини кўриб чиқади. Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши мажлисида Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиянинг вакили раислик қилади.

Номзод, агар у яширин овоз бериш натижасида Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўп овозини олган бўлса, Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайланган ҳисобланади.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарларининг сони, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасида тузилган фракциялар ва депутатлар гуруҳларининг сонидан келиб чиққан ҳолда Қонунчилик палатаси томонидан белгиланади. Қонунчилик палатасида тузилган фракция ва депутатлар гуруҳи ўз вакили Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимларидан бирини эгаллашида кафолатли ҳуқуққа эгадир.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддатига сайланади.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарини сайлаш учун фракция ва депутатлар гуруҳи, қоида тариқасида, ўз фракциясининг, депутатлар гуруҳининг раҳбари номзодини киритади.

Фракциядан ёки депутатлар гуруҳидан тақдим этилган номзод Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимига сайланмаган тақдирда, фракция, депутатлар гуруҳи ўз фракцияси, депутатлар гуруҳи аъзолари орасидан бошқа номзодни тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари сайланганлиги тўғрисида қарорлар қабул қилинади, қарорларни палата мажлисида раислик қилувчи имзолайди.


5-модда. Қонунчилик палатаси Спикерини ва

унинг ўринбосарларини муддатидан илгари

лавозимидан озод қилиш


Қонунчилик палатаси Спикери яширин овоз бериш орқали Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинган Қонунчилик палатасининг қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.

Қонунчилик палатаси Спикерини ёки унинг ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисмидан иборат Қонунчилик палатаси депутатлари гуруҳининг таклифига биноан палата томонидан кўриб чиқилади. Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала уларнинг номзодлари кўрсатилган фракциялар ёки депутатлар гуруҳлари томонидан ҳам киритилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси Спикерини ёки унинг ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарорни палата мажлисида раислик қилувчи имзолайди.


6-модда. Қонунчилик палатаси Кенгаши


Қонунчилик палатасининг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Қонунчилик палатаси Кенгаши тузилади.

Қонунчилик палатаси Кенгашининг таркибига Қонунчилик палатаси Спикери, унинг ўринбосарлари, фракциялар ва депутатлар гуруҳларининг раҳбарлари, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг раислари киради.

Қонунчилик палатасининг Кенгаши:

Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасини шакллантиради;

қўмиталарнинг ишини мувофиқлаштириб боради;

қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш ёки уни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтариш тўғрисида қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул бўлган қўмитанинг (бундан буён матнда масъул қўмита деб юритилади) хулосасига кўра қарор қабул қилади;

Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов округидаги ишини ташкил этишга кўмаклашади;

Қонунчилик палатаси фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этади.

Кенгаш ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича ўз аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.

Қонунчилик палатаси Кенгашига Қонунчилик палатаси Спикери раҳбарлик қилади, у Кенгашнинг мажлисларини олиб боради ва унинг қарорларини имзолайди.


7-модда. Қонунчилик палатасининг қўмиталарини тузиш


Қонунчилик палатаси томонидан унинг депутатлари орасидан палатанинг ваколатлари муддатига раис, унинг ўринбосари ва аъзолардан иборат таркибда қўмиталар тузилади.

Қонунчилик палатаси Спикери Қонунчилик палатаси қўмиталарининг таркибига сайланиши мумкин эмас.

Қонунчилик палатасида бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси тузилиши шарт. Қонунчилик палатасида бошқа қўмиталар ҳам тузилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси қўмиталарининг умумий сони, қоида тариқасида, ўн биттадан ошмаслиги керак.

Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари лавозимлари депутатларнинг қайси партияга ёки гуруҳга мансублигини ҳамда сайлов якунлари бўйича олинган депутатлик ўринларини инобатга олган ҳолда яхлит (умумий) қарори билан белгиланади. Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари лавозимларига номзодлар кўрсатиш юзасидан таклифларни депутатлар бирлашмаларининг раҳбарлари ўзаро келишган ҳолда киритадилар.

Қонунчилик палатаси қўмитасининг раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари палата мажлисида Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланади.

Қонунчилик палатаси қўмитасининг раиси, унинг ўринбосари, шунингдек қўмита аъзолари сайлангани тўғрисида Қонунчилик палатаси қарорлар қабул қилади.


7-1-модда. Қонунчилик палатасининг қўмиталари

ҳузурида эксперт гуруҳларини тузиш

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга ва муҳокама қилишга, назорат-таҳлил тадбирларини тайёрлашга ва ўтказишга кўмаклашиш мақсадида Қонунчилик палатасининг қўмиталари ҳузурида эксперт гуруҳлари тузилади.

Эксперт гуруҳлари давлат органларининг, илмий ва таълим муассасаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг тегишли соҳаларда илмий иш тажрибасига, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва (ёки) амалий иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассислари орасидан тузилади.

Қонунчилик палатасининг қўмиталари ҳузурида эксперт гуруҳларини шакллантириш ва уларнинг фаолияти тартиби Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади


8-модда. Қонунчилик палатасининг

комиссияларини тузиш


Қонунчилик палатаси муайян вазифаларни бажариш учун комиссиялар тузиши мумкин.

Комиссия Қонунчилик палатаси мажлисида Қонунчилик палатасининг депутатлари орасидан комиссия раиси ва аъзолари, зарурат бўлганда эса комиссия раисининг ўринбосаридан иборат таркибда тузилади.

Комиссия тузилгани тўғрисида Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади.

Комиссия ўз зиммасига юклатилган вазифалар бажарилганидан сўнг, қайси муддатга тузилган бўлса, шу муддат ўтганидан кейин ёки Қонунчилик палатасининг қарорига биноан муддатидан илгари ўз фаолиятини тугатади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг комиссиялари (парламент комиссиялари) ташкил этилиши мумкин.

Зарур бўлган ҳолларда комиссиялар ишига давлат органларининг ва бошқа органларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари жалб этилиши мумкин.


9-модда. Фракциялар ва депутатлар гуруҳлари


Фракция сиёсий партиядан кўрсатиладиган депутатлар томонидан партия манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмасидир.

Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатаси таркибига сайланган депутатлар депутатлар гуруҳларини тузишга ҳақли.

Қонунчилик палатасининг камида тўққиз нафар депутати фракция ёки депутатлар гуруҳини тузиш ҳуқуқига эга.

Қонунчилик палатасининг депутати фақат бир фракция ёки депутатлар гуруҳининг аъзоси бўлиши мумкин.

Сиёсий партиядан кўрсатилган ва Қонунчилик палатасига сайланган депутат фақат шу партия фракциясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Қонунчилик палатаси Спикери ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради ва фракция ёки депутатлар гуруҳи таркибига кириши мумкин эмас.

Фракция ёки депутатлар гуруҳини тузиш учун:

фракция ёки депутатлар гуруҳининг таъсис йиғилишини ўтказиш;

фракция ёки депутатлар гуруҳини тузиш тўғрисида таъсис баённомасини қабул қилиш;

фракция ёки депутатлар гуруҳининг раҳбарини сайлаш зарур бўлади.

Фракция ёки депутатлар гуруҳининг раҳбари фракция ёки депутатлар гуруҳини тузиш тўғрисидаги таъсис баённомасини Қонунчилик палатасига тақдим этади ва тегишинча фракция ёки депутатлар гуруҳи тузилгани ҳақида Қонунчилик палатасига ахборот беради, бу Қонунчилик палатаси мажлисининг баённомасида қайд этилади.

Фракциялар ва депутатлар гуруҳлари ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказилади.

Депутатлар бирлашмалари фаолиятининг ташкилий шакли уларнинг мажлисларидир.

Фракциялар ва депутатлар гуруҳлари ишини мувофиқлаштириб бориш, Қонунчилик палатаси мажлисига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш, фракциялар ва депутатлар гуруҳлари нуқтаи назарини келишиб олиш мақсадида депутатлар бирлашмалари раҳбарларининг қўшма мажлислари ўтказилиши мумкин.

Депутатлар бирлашмалари ўзлари қабул қилган қарорлар, шунингдек депутатлар бирлашмалари раҳбарларининг қўшма мажлисларида қабул қилинган қарорлар ҳақида Қонунчилик палатаси Спикерига ва унинг Кенгашига ахборот берадилар.

Фракция ва депутатлар гуруҳи фаолияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

фракция ёки депутатлар гуруҳининг ўз ташаббусига биноан;

Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддати тугаганда;

фракция ёки депутатлар гуруҳи таркибига кирувчи депутатлар сони уларни тузиш учун зарур бўлган меъёрдан камайиб кетганда;

тегишли сиёсий партия фаолияти тугаганда (тугатилганда).

Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддати тугашидан олдин фракциялар ёки депутатлар гуруҳлари фаолиятининг тугатилиши Қонунчилик палатасининг қарори билан расмийлаштирилади.


9-1-модда. Парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат.

Фракцияларнинг блокка бирлашиши

Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган фракция парламентдаги кўпчиликни ташкил этади.

Ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузадиган бир нечта фракциялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ҳам парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.

Янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар, шунингдек Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

Фракцияларнинг блокка бирлашиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини чеклаб қўймайди.

Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг, шунингдек Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;

муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;

Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.

Парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламентдаги кўпчилик томонидан камситилиши мумкин эмас.


II. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ МАЖЛИСИДА

МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


10-модда. Қонунчилик палатаси

мажлисининг кун тартиби


Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар уларни кўриб чиқиш навбати, палатанинг ҳар бир масалани кўриб чиқишга тайёрлаш учун масъул бўлган қўмиталари, маърузачилар (қўшимча маърузачилар), шунингдек бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда мажлис кун тартиби лойиҳасига киритилади.

Қонунчилик палатаси мажлиси кун тартибининг лойиҳаси Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан тузилади.

Қонунчилик палатасининг депутатлари Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритилган масалалар тўғрисида олдиндан хабардор қилинадилар.

Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби палата қарори билан тасдиқланади.


11-модда. Қонунчилик палатаси мажлисларида

овоз бериш шакллари ва усуллари


Қонунчилик палатасининг қарорлари унинг мажлисларида очиқ ёки яширин овоз бериш орқали қабул қилинади. Очиқ овоз бериш фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) ташаббусига кўра номма-ном ўтказилиши мумкин, унинг натижалари Қонунчилик палатаси мажлисининг стенограммасига илова қилинади.

Қонунчилик палатаси мажлисларида овоз бериш овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланган ҳолда ёки яширин овоз бериш бюллетенларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси мажлисида овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланилиши устидан назоратни Қонунчилик палатаси депутатлари жумласидан бўлган гуруҳ амалга оширади.

Овоз бериш шакли ва усули тўғрисидаги қарор Қонунчилик палатаси томонидан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади, у ёки бу масала юзасидан овоз бериш шакли ва усули Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда конституциявий қонунларда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Қонунчилик палатасининг депутати ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.


III. ҚОНУНЛАРНИ ҲАМДА ҚОНУНЧИЛИК

ПАЛАТАСИ ҚАРОРЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


12-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик

палатаси кўриб чиқиши учун киритиш


Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан киритилади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритишда қуйидагилар тақдим этилиши керак:

1) қонун лойиҳасига унинг концепцияси баён қилинган тушунтириш хати, ушбу концепцияда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети; тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг мазкур соҳада амалда бўлган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили илова қилинган ҳолдаги умумий тавсифи ва ҳолатига берилган баҳо; қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти асослари; қонун лойиҳасининг асосий қоидалари; бўлғуси қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари прогнози белгилаб берилган бўлиши керак;

2) ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек қонун лойиҳаси киритилиши билан боғлиқ қонунларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси;

3) ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши лозим бўлган қонуности ҳужжатларининг рўйхати;

3-1) халқаро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидалари, Ўзбекистон Республикаси шароитида тегишли халқаро тажриба қўлланилишининг мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар кетма-кет тартибда кўрсатилган таҳлилий қиёсий жадвал;

4) моддий харажатларни талаб қиладиган қонун лойиҳалари учун молиявий-иқтисодий асослар;

5) давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти лойиҳа матнини ўзгартириш ёки ўзи киритган қонун лойиҳасини чақириб олиш ҳуқуқига эга. Қонунчилик палатасига илгари палата томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган тегишли қонун лойиҳасига доир масалага дахлдор бўлган қонун лойиҳаси келиб тушган ҳолларда, Қонунчилик палатаси янги киритилган қонун лойиҳасини қайтариш тўғрисидаги ёхуд уни илгари биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси билан бирлаштириш ҳақидаги масалани масъул қўмитанинг хулосаси асосида ҳал этишга ҳақли.


13-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси

томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилиш

Қонунчилик палатаси Спикери масъул қўмитани белгилайди, қонун лойиҳасини ҳамда унга илова қилинган материалларни масъул қўмитага ва, бир вақтнинг ўзида, фракцияларга (депутатлар гуруҳларига) топширади, шунингдек фракциялар (депутатлар гуруҳлари) томонидан фикрлар ва таклифларни ҳамда масъул қўмита томонидан хулосани тақдим этиш муддатини белгилайди.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш учун қонун лойиҳаси устида ишлаш фракциялар (депутатлар гуруҳлари) ва масъул қўмита томонидан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бунда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларисиз масъул қўмита ушбу қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас.

Масъул қўмита қонун лойиҳаси бўйича барча фракциялардан (депутатлар гуруҳларидан) фикрлар ва таклифларни тўплаб, Қонунчилик палатаси Кенгашига қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида белгиланган муддатда хулоса тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмитанинг хулосаси асосида, фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш тўғрисида ёки қонун лойиҳаси ушбу Қонун 12-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда уни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтариш ҳақида қарор қабул қилади.

Аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан кейин қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун янгидан киритилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилинаётганда унинг Кенгаши қонун лойиҳасини палата мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш муддатини белгилаши шарт.

Кўриб чиқиш учун қабул қилинган қонун лойиҳаси унга илова қилинган материаллар билан Қонунчилик палатасининг қўмиталарига юборилади.


14-модда. Қонун лойиҳасини дастлабки

тарзда муҳокама қилиш


Қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш ва уни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш масъул қўмита томонидан амалга оширилади.

Фракциялар (депутатлар гуруҳлари) қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш якунларига кўра масъул қўмитага ўз фикрлари ва таклифларини тақдим этади.

Масъул қўмита фракциялар (депутатлар гуруҳлари), манфаатдор ташкилотлар ҳамда экспертлар гуруҳларининг фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасининг дастлабки тарздаги Муҳокамасини ўтказади ва қонун лойиҳаси олинган кундан эътиборан икки ой ичида унга:

Қонунчилик палатаси Кенгашининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини;

масъул қўмитанинг мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этиш зарурлиги асосланган хулосасини;

фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларини илова қилган ҳолда, Қонунчилик палатаси Кенгаши кўриб чиқиши учун тақдим этади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилиш очиқ, қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари, фуқаролик жамияти институтларининг ва илмий-тадқиқот муассасаларининг вакиллари таклиф этилган ҳолда ўтказилади. Муҳокамаларга олимлар, мутахассислар ҳам таклиф этилиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг қўмиталаридаги қонун лойиҳаси муҳокамаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили иштирок этиши мумкин.

Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмита тақдим этган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.


15-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик

палатаси мажлисларида кўриб чиқиш

Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, уч ўқишда кўриб чиқади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида уни қабул қилиш зарурати, қонун лойиҳасининг концепцияси, унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги, шунингдек қонунни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ҳамда молиялаштириш манбалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинади. Бунда масъул қўмитадан бўлган маърузачи биринчи ва кейинги ўқишларда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шарт.

Фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили Қонунчилик палатаси мажлисида қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида сўзга чиқиши мумкин.

Қонунчилик палатаси муҳокама натижалари бўйича қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини мажбурий тартибда белгилаган ҳолда уни биринчи ўқишда қабул қилиш ҳақида ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қонунчилик палатаси муҳокамасига қонун лойиҳаларининг муқобил таҳрирлари киритилган тақдирда улар бир вақтда кўриб чиқилиши керак. Қонунчилик палатаси депутатларининг қарор қабул қилиш учун талаб қилинадиган энг кўп миқдордаги овозини тўплаган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган ҳисобланади.

Биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади, зарур бўлган ҳолларда эса, Қонунчилик палатасининг қарорига кўра оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Бунда энг муҳим ижтимоий, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қонун лойиҳалари Қонунчилик палатасининг уни биринчи ўқишда қабул қилиш ҳақидаги қарорига мувофиқ қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида кенг муҳокамага, шу жумладан жойларда фуқаролар иштирокидаги кенг муҳокамага чиқарилиши мумкин.

Масъул қўмита қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида қонун лойиҳасининг моддама-модда муҳокамасини ўтказади, келиб тушган фикрлар ва таклифларни умумлаштиради. Қонун лойиҳасининг маромига етказилган матни фракцияларга (депутатлар гуруҳларига), шунингдек қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига уларнинг ушбу қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларини олиш учун юборилади.

Масъул қўмита маромига етказилган қонун лойиҳаси бўйича фикрлар ва таклифларни олганидан сўнг уларнинг муҳокамасини қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари, фуқаролик жамияти институтларининг ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг вакиллари иштирокида ташкил этади. Муҳокамаларга олимлар, мутахассислар ҳам таклиф этилиши мумкин.

Фракциялар ва депутатлар гуруҳлари, ўз дастурий мақсадли вазифаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаларининг жойларда фуқаролар иштирокидаги муҳокамасини ҳамда улар бўйича келиб тушган таклифларни ўрганишни сиёсий партиялар тегишли ташкилотларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати ҳудудий бўлимларининг ходимларини жалб этган ҳолда ташкил этади. Фракциялар ва депутатлар гуруҳлари ўрганишлар якунларига кўра келиб тушган фикрлар ва таклифларни ўз мажлисларида муҳокама қилади, ўз дастурий мақсадли вазифаларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар ишлаб чиқади, улар масъул қўмитага юборилади.

Масъул қўмита томонидан асосли деб топилган таклифлар қонун лойиҳасининг матнига киритилади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида муҳокама моддама-модда ўтказилади. Бунда масъул қўмита томонидан маъқулланган фикрлар ва таклифлар ҳам, маъқулланмаган фикрлар ва таклифлар ҳам муҳокама қилинади. Қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш, қоида тариқасида, моддама-модда ўтказилади. Қонунчилик палатасининг қарорига кўра қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш боблар ёки бўлимлар бўйича ўтказилиши мумкин.

Муҳокама натижалари бўйича Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини белгилаган ҳолда уни иккинчи ўқишда қабул қилиш ҳақида ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Учинчи ўқишда қонун лойиҳаси муҳокама қилинмасдан тўлалигича овозга қўйилади.

Қонун лойиҳаси биринчи ёки иккинчи ўқишда қабул қилинган тақдирда, масъул қўмитанинг таклифига биноан қонунни кейинги ўқишлар тартиб-таомилини истисно этган ҳолда қабул қилиш тўғрисидаги масала овозга қўйилиши мумкин.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан палата депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, бундан ушбу Қонун 15-1, 17 ва 18-моддаларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун ўн кун ичида Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади. Сенатга қонун билан биргаликда қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш чоғида тақдим этилган материаллар юборилади.


15-1-модда. Сенат томонидан рад этилган қонунни Қонунчилик

палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш тартиби

Сенат томонидан рад этилган қонун Қонунчилик палатаси томонидан бир ойлик муддатда қайта кўриб чиқилиши лозим.

Масъул қўмита Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан хулоса беради.

Масъул қўмитанинг хулосаси олинганидан кейин қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш масаласи белгиланган тартибда Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилади.

Сенат томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун белгиланган тартибда келишув комиссиясини тузиш;

қонунни Қонунчилик палатаси томонидан аввалги қабул қилинган таҳририда қабул қилиш;

қонунни Қонунчилик палатасининг қайта кўриб чиқишидан олиб ташлаш.

Агар Қонунчилик палатаси Сенат томонидан рад этилган қонунни Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


16-модда. Келишув комиссияси


Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин.

Қонунчилик палатасида келишув комиссиясини тузиш тўғрисидаги ташаббус Қонунчилик палатаси Спикеридан, шунингдек фракциялар ва депутатлар гуруҳларидан чиқиши мумкин.

Келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан кўрсатилган таркиби унинг мажлисида тасдиқланади. Бунда келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан кўрсатилган таркибига ўзини мухолифат деб эълон қилган фракцияларнинг вакиллари киритилиши шарт.

Келишув комиссиясининг ҳар бир палатадан сайланган аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссиянинг ҳамраисларини сайлайдилар.

Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади.

Келишув комиссиясининг қарорлари келишув комиссияси таркибига кирган Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларнинг алоҳида-алоҳида овоз бериши орқали қабул қилинади. Қарор, агар комиссиянинг ҳар бир палатадан сайланган аъзоларининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.

Келишув комиссияси ўз ишининг натижалари юзасидан келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ўз ичига олган хулоса қабул қилади. Хулосага қонунга доир ўзгартишлар ва қўшимчалар лойиҳасининг матни илова қилинади.

Хулоса Қонунчилик палатаси ва Сенатдан сайланган келишув комиссиясининг ҳамраислари томонидан имзоланиб, тегишинча Қонунчилик палатаси ва Сенатга топширилади.

Келишув комиссиясининг таклифлари қабул қилинган тақдирда қонун Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқилиши керак. Қонунни қайта кўриб чиқишда келишув комиссиясининг баённомасида мавжуд бўлган таклифларгина муҳокама қилинади.

Келишув комиссиясининг лоақал битта таклифи рад этилган тақдирда Қонунчилик палатаси келишув комиссиясига янги таклифларни тақдим этиш учун палата томонидан маъқулланган тузатишларни инобатга олган ҳолда ишни давом эттиришни таклиф қилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси қонунни келишув комиссиясининг таҳририда қабул қилса, у маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

Агар келишув комиссиясининг қонун бўйича ишлари якунларига кўра келишувга эришилмаса, қонун Сенат томонидан рад этилган қонун сифатида қайта кўриб чиқилиши керак.


17-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти

қайтарган қонунни Қонунчилик палатаси

томонидан қайта кўриб чиқиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан эътирозлар билан қайтарилган қонун Қонунчилик палатаси томонидан бир ойлик муддатда қайта кўриб чиқилиши керак.

Масъул қўмита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонун юзасидан хулоса беради.

Масъул қўмитанинг хулосаси олинганидан кейин қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш масаласи белгиланган тартибда Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

қонунни Ўзбекистон Республикаси Президентининг мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда қабул қилиш;

қонунни бундан буён кўриб чиқмаслик;

қонунни аввалги қабул қилинган таҳририда маъқуллаш.

Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, Сенатга маъқуллаш учун юборилади.


18-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг,

конституциявий қонуннинг, уларга ўзгартишлар ва

қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг

лойиҳаларини кўриб чиқишнинг

ўзига хос хусусиятлари


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, конституциявий қонуннинг, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини қабул қилиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тегишли таклиф киритилгандан кейин олти ой ичида унинг кенг муҳокамасини инобатга олган ҳолда кўриб чиқиши мумкин.

Агар Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилмаса, уни кўриб чиқиш камида бир йилдан кейин қайта бошланиши мумкин.


19-модда. Қонунчилик палатаси қарорларини

қабул қилиш тартиби


Қонунчилик палатаси қонунлар қабул қилиниши талаб этилмайдиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Қарор лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилаётганда унга қисқача тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади.

Қонунчилик палатаси Спикери масъул қўмитани белгилайди, унга ва, бир вақтнинг ўзида, фракцияларга (депутатлар гуруҳларига) қарор лойиҳасини ҳамда унга илова қилинган материалларни топширади.

Масъул қўмита қарор лойиҳаси бўйича барча фракциялар (депутатлар гуруҳлари), манфаатдор ташкилотлар ҳамда экспертлар гуруҳларидан фикрлар ва таклифларни тўплаб, уни Қонунчилик папатаси мажлисида кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисида Қонунчилик палатаси Кенгашига хулоса тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмитанинг хулосаси асосида, фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қарор лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Қонунчилик палатаси мажлисида масъул қўмита вакилининг ахбороти эшитилиб, унда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қарор лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари депутатларга етказилиши шарт.

Фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қарор лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Муҳокама натижаларига кўра депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинади.

Агар овоз бериш якунларига кўра қарор лойиҳасини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф зарур миқдорда овоз тўпламаган бўлса, таклиф рад этилган ҳисобланади.

Қонунчилик палатасининг Сенат билан биргаликдаги ваколатларига киритилган масала юзасидан қабул қилинган қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида, агар ушбу Қонунда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, Сенатга юборилади.


IV. НАВБАТДАГИ ЙИЛ УЧУН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИ, ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ ЖАМҒАРМАЛАРИНИНГ

БЮДЖЕТЛАРИНИ ҲАМДА СОЛИҚ ВА БЮДЖЕТ СИЁСАТИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

20-модда. Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг

Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари

ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари

лойиҳасини кўриб чиқиш

Навбатдаги молия йили учун Давлат бюджети лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Қонунчилик палатасига киритилади.

Давлат бюджети лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқиш ҳамда фикрлар ва таклифлар ишлаб чиқиш учун Қонунчилик палатаси Спикери томонидан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига, фракцияларга (депутатлар гуруҳларига), Қонунчилик палатасининг қўмиталарига топширилади.

Давлат бюджети лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш чоғида фракциялар (депутатлар гуруҳлари) ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат бюджети лойиҳаси параметрлари билан боғлиқ қўшимча ахборотни тегишли органлардан талаб қилиб олиши мумкин.

Масъул қўмита барча фракциялар (депутатлар гуруҳлари), Қонунчилик палатасининг қўмиталари, манфаатдор ташкилотлар ҳамда экспертлар гуруҳларидан фикрлар ва таклифларни тўплаб, Давлат бюджети лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқишни ўтказади.

Қонунчилик палатаси Давлат бюджети лойиҳасини, қоида тариқасида, уч ўқишда кўриб чиқади.

Давлат бюджети лойиҳасига доир материаллар Қонунчилик палатаси депутатларига олдиндан, мазкур лойиҳа Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилгунига қадар юборилади.

Давлат бюджети лойиҳасини Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг маърузаси билан бошланади, бу маърузадан сўнг масъул қўмитанинг вакили сўзга чиқади. Бунда масъул қўмитанинг вакили фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг), Қонунчилик палатаси қўмиталарининг Давлат бюджети лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шарт.

Фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг), Қонунчилик палатаси қўмиталарининг Давлат бюджети лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Давлат бюджети лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилаётганда у фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг), Қонунчилик палатаси қўмиталарининг келиб тушган мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда маромига етказиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн тўрт кун ичида Қонунчилик палатасининг мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда Давлат бюджети лойиҳасини маромига етказади ва Давлат бюджетининг маромига етказилган лойиҳасини Қонунчилик палатасига юборади.

Давлат бюджетининг лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 15 ноябридан кечиктирмай кўриб чиқилиши керак.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Давлат бюджети мазкур бюджет қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида кўриб чиқиш учун Сенатга юборилади.


21-модда. Давлат бюджетига ўзгартишлар

ва қўшимчалар киритиш


Давлат бюджетига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан белгиланган тартибда ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Давлат бюджетига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала, агар бу ҳол бюджетни тартибга солишда қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлса, Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи навбатда кўриб чиқилиши керак.

Давлат бюджетига ўзгартишлар ва қўшимчалар уни қабул қилиш учун белгиланган тартибда киритилади.


V. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ТОМОНИДАН

МАНСАБДОР ШАХСЛАРНИ ТАЙИНЛАШ (САЙЛАШ)


22-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири

номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимномаси мазкур тақдимнома киритилган кундан эътиборан етти кун ичида Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Бош вазир лавозимига номзод Қонунчилик палатасида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.

Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида эшитилади.

Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури, фракциялар (депутатлар гуруҳлари) вакилларининг ўз фикрлари ва нуқтаи назарлари баён этилган маърузалари эшитилганидан сўнг Бош вазир номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди унинг учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпи овоз берган тақдирда Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланган ҳисобланади.

Агар овоз бериш вақтида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Қонунчилик палатасида Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти барча фракциялар билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг Бош вазир лавозимига номзодни яна бир марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига нисбатан ишончсизлик вотуми тегишинча Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.

Янги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча фракциялар билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Қонунчилик палатаси томонидан Бош вазир лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Қонунчилик палатасини тарқатиб юборади.

Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган тақдирда янги сайлов тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.


22-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва лавозимидан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзод у масъул қўмита, фракциялар ва депутатлар гуруҳлари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади ва маъқулланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг лавозимига номзод унинг номзоди Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодни рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун янги номзодни киритади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришади.



23-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни)

ва унинг ўринбосарини сайлаш

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номзоди Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосарининг номзоди Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан киритилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) ва унинг ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги қарорлари Сенатга юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилганидан кейин ушбу масала юзасидан қабул қилинган узил-кесил қарор қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


24-модда. Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясини тузиш


Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги таклифлар Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан киритилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сайлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга юборилади.


VI. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ

МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


25-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг

вазирликлар, давлат қўмиталарини ва давлат

бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда

тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш


Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталарини ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги ўзининг тасдиғига киритилган фармонлари юзасидан қарорлар қабул қилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталарини ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


26-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг

уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик

эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий

этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш

тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш


Қонунчилик палатаси ўзининг кўриб чиқиши учун киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини ушбу фармон келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соатдан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини эса улар келиб тушган пайтдан эътиборан 72 соатдан кечиктирмай кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги масала Қонунчилик палатаси қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилинмасдан Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари дарҳол Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


VII. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ТОМОНИДАН

БОШҚА МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


26-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари

юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун назарда тутилган асосий устуворликлар тўғрисидаги ҳар йилги маърузаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан Қонунчилик палатасига тақдим этилади.

Фракциялар, депутатлар гуруҳлари, Қонунчилик палатасининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, фикрлар ва таклифлар Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, унда ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим масалаларини ҳал этишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.


27-модда. Ўзбекистон Республикасининг референдумини

ўтказиш ва уни ўтказиш санасини тайинлаш

ҳақидаги масалани кўриб чиқиш


Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш кераклиги тўғрисидаги материалларни ва масъул қўмитанинг хулосасини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:

референдум тайинлаш ва уни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;

референдумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида;

референдум ўтказмасдан туриб, референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусда таклиф қилинган қонунни ёки бошқа қарорни қабул қилиш ҳақида.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикасининг референдуми масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга, шунингдек референдум ўтказиш ташаббускорларига юборилади.

Агар Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида қарор қабул қилса, айни шу мазмун ёки маънодаги таъриф билан референдум ўтказиш тўғрисидаги масала камида бир йилдан кейин Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун такроран киритилиши мумкин.


28-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини ратификация қилиш, денонсация қилиш,

тугатиш ва уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу шартнома расмий матнининг тасдиқланган нусхаси ва уни ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқлигининг асосларини ўз ичига олган ҳужжатлар билан биргаликда киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун Сенатга юборилади.

Агар Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонунни белгиланган тартибда қабул қилмаса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тартиб-таомилидан ўтмаган ҳисобланади.


29-модда. Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил

этиш, тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини

ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш


Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг белгиланган тартибда киритилган таклифига биноан туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади.

Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала рад этилган тақдирда, у Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун камида бир йилдан кейин қайта киритилиши мумкин.


30-модда. Қонунчилик палатаси депутатини дахлсизлик

ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш


Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Қонунчилик палатаси депутатини жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик олиш тўғрисидаги тақдимномалари Қонунчилик палатаси томонидан, Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда эса унинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, кейинчалик Қонунчилик палатаси Кенгашининг ушбу масала юзасидан қарори Қонунчилик палатасининг сессиясида тасдиқланади.

Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг Қонунчилик палатаси депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга розилик бериш тўғрисидаги қарори яширин овоз бериш орқали қабул қилинади.

Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг Қонунчилик палатаси депутатини жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш масаласи юзасидан қарори дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига юборилади.


30-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик

ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик олиш тўғрисидаги тақдимномаси ўн кун ичида Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади, Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда эса унинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, кейинчалик Қонунчилик палатаси Кенгашининг ушбу масала бўйича қарори Қонунчилик палатасининг мажлисида тасдиқланади.

Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга розилик бериш тўғрисидаги қарори яширин овоз бериш орқали қабул қилинади.

Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш тўғрисидаги қарори дарҳол Сенатга юборилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик беришни рад этиши унга нисбатан жиноят ишини юритишни ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазони назарда тутадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни истисно этадиган ва бундай ишларни тугатишга сабаб бўладиган ҳолат ҳисобланади.


VIII. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ

ТОМОНИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ

ВАКОЛАТЛАРНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ


31-модда. Давлат бюджети ижросининг бориши

тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш


Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ижроси устидан назоратни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги йилнинг ҳар чорагида Қонунчилик палатасига Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги ахборотни ва зарур материалларни юборади.

Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг йилнинг ҳар чорагидаги ижросининг боришини кўриб чиқади. Уни кўриб чиқиш вақтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифлари, масъул қўмитанинг хулосаси эшитилади, муҳокама ўтказилади ва тегишли қарор қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга Қонунчилик палатасига тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни фракциялар (депутатлар гуруҳлари) ва Қонунчилик палатаси қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқади.

Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги масалани дастлабки тарзда муҳокама қилиш давомида фракциялар (депутатлар гуруҳлари) ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат бюджетининг даромад қисми ижроси хусусида, ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиш ҳолати тўғрисида тегишли органлардан қўшимча ахборотни, шунингдек уларнинг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши ҳақидаги маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин. Бунда фракциялар (депутатлар гуруҳлари) жойларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши масалаларини Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталари томонидан ўрганиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот фракциялар (депутатлар гуруҳлари) ва Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилинганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади ҳамда Қонунчилик палатасининг қарори билан тасдиқланади.


32-модда. Парламент сўрови

Қонунчилик палатаси давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.

Парламент сўровини юбориш ҳақидаги таклиф палата қўмиталари, фракциялар (депутатлар гуруҳлари), шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилади.

Қонунчилик палатасининг парламент сўрови тўғрисидаги қарори лойиҳаси сўров ташаббускорлари томонидан Қонунчилик палатасининг Спикерига масалани Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритиш учун юборилади.

Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасига парламент сўрови лойиҳаси, шунингдек бошқа зарур материаллар илова қилинади. Парламент сўрови лойиҳасида сўровга жавоб беришнинг шакли (оғзаки ёки ёзма) ҳақидаги таклифлар бўлиши керак.

Қонунчилик палатаси парламент сўровини юбориш тўғрисида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилади.

Давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига оғзаки жавобни Қонунчилик палатасининг мажлисида палата белгилаган муддатда беради.

Давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига ёзма жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган парламент сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашга кўмаклашади.

Парламент сўровига ёзма жавоб Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Ёзма жавобнинг нусхалари палата мажлисида ўқиб эшиттирилгунига қадар олдиндан депутатларга юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори, суриштирув ва тергов органлари раҳбарлари номига йўлланган парламент сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Парламент сўровига жавоб Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилиниши мумкин. Қонунчилик палатаси парламент сўрови муҳокамаси якунлари бўйича қарор қабул қилади.


32-1-модда. Депутат сўрови

Қонунчилик палатаси депутати давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ёки Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.

Давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари Қонунчилик палатаси депутати сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юборади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили Қонунчилик палатаси депутатининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори, суриштирув ва тергов органлари раҳбарлари номига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.


32-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан

келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат

дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги

ҳисоботини кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Қонунчилик палатасининг фракциялари, депутатлар гуруҳлари, қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим бўлган фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурини бажариш бўйича ҳукумат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ўз ичига олиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.



33-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат

ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб

масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш

Қонунчилик палатаси зарур бўлган ҳолларда ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи ушбу Қонуннинг 32-моддасига мувофиқ парламент сўрови тартибида эшитилади.

Фракциялар (депутатлар гуруҳлари), Қонунчилик палатасининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, фикрлар ва таклифлар Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, унда ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалаларига доир фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.


33-1-модда. Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига

доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш

Қонунчилик палатаси зарур бўлган ҳолларда ўзининг мажлисида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиши мумкин.

Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш масаласи фракциялар ва депутатлар гуруҳларининг ташаббусига кўра Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотини Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасида дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда йилига икки марта эшитади.

Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш тўғрисида Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига олдиндан юборилади.

Ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, унда ҳукумат аъзоларининг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши, шунингдек уларнинг ишига баҳо берилиши мумкин.

Ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.


33-2-модда. Ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси

депутатлари саволларига жавобларини эшитиш

Қонунчилик палатаси, қоида тариқасида, бир ойда бир марта ўз мажлисида ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитади (бундан буён матнда "ҳукумат соати" деб юритилади).

"Ҳукумат соати"ни ўтказиш жадвали Ўзбекистон Республикаси Бош вазири билан келишилган ҳолда Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан белгиланади.

Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳукумат аъзоларига саволлари Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан "ҳукумат соати"ни ўтказишдан камида ўн кун олдин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси саволлар рўйхатидан келиб чиққан ҳолда "ҳукумат соати"да Қонунчилик палатаси депутатларининг саволларига жавоб берадиган ҳукумат аъзоларини белгилайди.

"Ҳукумат соати" якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилиниши мумкин.



33-3-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг)

фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш

Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисобот дастлабки тарзда фракциялар ва депутатлар гуруҳлари томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) маърузаси билан бошланади, маърузадан сўнг фракцияларнинг ва депутатлар гуруҳларининг вакиллари сўзга чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) ва Сенатга юборилади.


33-4-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб

палатасининг ҳисоботини эшитиш

Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботи дастлабки тарзда фракциялар ва депутатлар гуруҳлари, шунингдек Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.

Фракциялар ва депутатлар гуруҳлари Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига ўз таклифлари ҳамда фикрларини юборади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси фракциялар ва депутатлар гуруҳлари тақдим этган таклифлар ҳамда фикрларни инобатга олган ҳолда мазкур ҳисобот юзасидан хулосани, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг тегишли йилдаги ҳисоботи тўғрисида Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасини тайёрлайди ҳамда уларни палата кўриб чиқиши учун тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш чоғида Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг маърузасини, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси вакилининг қўшимча маърузасини, шунингдек фракциялар ва депутатлар гуруҳлари вакилларининг чиқишларини эшитади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ва Сенатга юборилади.


33-5-модда. Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан

назорат ваколатларининг амалга оширилиши

Қонунчилик палатасининг қўмиталари, шунингдек Қонунчилик палатасининг депутатлари давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, эксперт хулосаларини, статистика маълумотларини ва бошқа маълумотларни сўраб олиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг қўмиталари ёки Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан сўралаётган ахборотни тегишли давлат органи, бошқа ташкилот, мансабдор шахс мурожаат олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай тақдим этиши керак.

Қонунчилик палатаси қўмиталари қўмиталарнинг иш режаларига, Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши қарорларига мувофиқ ўз мажлисларида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга риоя этилиши, Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши қарорларининг, палата қўмиталари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитиши мумкин.

Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг қўмиталари қарорлар қабул қилади, қарорлар тегишли давлат органига, хўжалик бошқаруви органига юборилади.

Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз иш режаларига мувофиқ қонунларнинг, Қонунчилик палатаси қарорларининг давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини вақти-вақти билан жойларга чиқиб ўрганади.

Қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз мажлисларида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиши, шунингдек ўрганиш натижаларини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг қўмиталари янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширади. Мониторингни амалга ошириш якунлари Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида кўриб чиқилиши мумкин.


33-6-модда. Парламент текшируви

Жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян фактларни ёки воқеаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори билан парламент текширувлари ўтказилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси ва Сенат парламент текширувини ўтказиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан комиссия тузади.

Комиссия парламент текширувини ўтказишда қуйидагиларга ҳақли:

давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг вакилларини, мутахассислар, экспертлар ва олимларни комиссия ишига жалб этиш;

давлат органларидан, хўжалик бошқаруви органларидан, бошқа ташкилотлардан, шунингдек фуқаролардан зарур маълумотларни сўраб олиш;

давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини, шунингдек фуқароларни тушунтиришлар бериш учун таклиф этиш.

Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Комиссия бажарилган иш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан белгиланган муддатда уларни хабардор қилади.



VIII-1. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТИНИНГ

САЙЛОВЧИЛАР, СИЁСИЙ ПАРТИЯ БИЛАН

ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


33-7-модда. Қонунчилик палатаси депутатининг

сайловчилар, сиёсий партия билан ишлари


Қонунчилик палатаси депутати ўз округи сайловчилари, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқа боғлаб туради, Қонунчилик палатасида уларнинг манфаатларини ифода этади. Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган Қонунчилик палатаси депутатлари мазкур ҳаракат билан алоқа боғлаб туради ва Қонунчилик палатасида унинг манфаатларини ифода этади.

Фракциялар ҳар йили Қонунчилик палатасининг Кенгаши билан биргаликда депутатларнинг сайловчилар билан сайлов округларидаги ишлари учун мўлжалланган вақтни белгилайди.

Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш чоғида Қонунчилик палатаси депутати:

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти, фракциянинг фаолияти, унинг мамлакатни социал-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг энг муҳим масалаларига доир нуқтаи назари тўғрисида сайловчиларга ахборот беради;

янги қабул қилинган қонунларнинг моҳияти ва аҳамиятини сайловчиларга етказади;

қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиши ҳолатини ҳуқуқнинг қўлланилиш самарадорлигини ва қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш заруратини аниқлаш мақсадида ўрганади;

фракция томонидан белгиланадиган бошқа вазифаларни бажаради.


33-8-модда. Қонунчилик палатаси депутатининг

сайлов округидаги ишларини ташкил этиш


Қонунчилик палатасининг Кенгаши Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов округидаги ишларини ташкил этиш юзасидан фракцияларнинг фикрлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда чора-тадбирлар кўради.

Қонунчилик палатаси депутати сайлов округига чиқишидан олдин фракция ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминланади.

Қонунларнинг ижроси, давлат дастурларини ҳамда сиёсий партияларнинг дастурий мақсадларини амалга ошириш юзасидан аниқ масалаларни ишлаб чиқиш учун фракциялар зарур бўлган ҳолларда ўз депутатларининг сайловчилар билан сайлов округларидаги ишларини ташкил этади.

Фракциялар депутатларнинг сайлов округларидаги ишлари якунларини умумлаштиради, зарур бўлган ҳолларда долзарб масалаларни Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритади.


33-9-модда. Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов

округидаги ишларини ташкил этишга маҳаллий давлат

ҳокимияти органлари томонидан кўмаклашиш


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Қонунчилик палатаси депутатини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар билан таъминлайди. Ижро этувчи ҳокимият органлари бинолар ажратилишини ташкил этади, фуқароларни депутатнинг сайловчилар билан учрашувлари ўтказиладиган, депутат томонидан фуқаролар қабул қилинадиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилади, қабулларда ва учрашувларда иштирок этиш учун ўз масъул вакилларини депутатнинг таклифига кўра юборади, шунингдек депутатнинг жойлардаги ишига кўмаклашиш юзасидан бошқа чора-тадбирлар кўради.



33-10-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг

мурожаатларини кўриб чиқиш


Жисмоний ва юридик шахсларнинг Қонунчилик палатасига келиб тушган мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда Қонунчилик палатасида жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини ўтказиш Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонунга ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ амалга оширилади.


IX. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

34-модда. Қонунчилик палатасининг

халқаро алоқалари


Қонунчилик палатаси бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиши, бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар ташкил этиши, расмий парламент делегациялари алмашиши, шунингдек халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказиши мумкин.

Бошқа давлатларнинг парламентлари раҳбарларига, давлатлар ва ҳукуматлар бошлиқларига, парламент делегацияларининг раҳбарларига уларнинг илтимосига биноан Қонунчилик палатаси мажлисида сўзга чиқиш имконияти берилиши мумкин.


34-1-модда. Ҳамкорлик бўйича парламентлараро

гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи

гуруҳлар ва бошқа тузилмалар

Бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан ташкил этилади, унинг таркиби Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарори билан тасдиқланади.

Қонунчилик палатаси ва Сенат биргаликда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар ташкил этиши мумкин, уларнинг таркиби Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланади.

Ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар фаолиятининг тартиби Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма қарори билан белгиланади.



34-2-модда. Расмий парламент делегациялари

Бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш учун Қонунчилик палатаси депутатлари расмий парламент делегациялари таркибида хорижий мамлакатларга юборилиши мумкин.

Расмий парламент делегацияларини хорижий мамлакатларга юбориш масаласи белгиланган тартибга мувофиқ Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикасининг расмий парламент делегациялари хорижий сафар якунлари бўйича Қонунчилик палатаси Кенгашига ахборот тақдим этади.



35-модда. Қонунчилик палатаси

харажатларининг сметасини тасдиқлаш


Қонунчилик палатаси, унинг органлари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг фаолияти билан боғлиқ харажатлар сметаси Қонунчилик палатаси Спикери томонидан тасдиқланади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2003 й, 19-сон, 167-модда


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2003 й, 9-10-сон 136-модда