язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Электрон ҳукумат. Давлат хизматлари. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги/ Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.06.2016 й. 188-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 3 июндаги

188-сон қарорига

2-ИЛОВА



Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг

Ҳукумат портали тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (кейинги ўринларда давлат органлари деб аталади) фаолиятини кенг ёритиш, шунингдек давлат органлари фаолиятига оид очиқ маълумотларни эълон қилиш, фуқароларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига ва давлат бошқарувига жалб этилиши ҳолатини ҳамда электрон давлат хизматлари тақдим этилишини таъминлаш мақсадида Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини (кейинги ўринларда Портал деб аталади) ва унинг доирасида фаолият юритувчи бошқа ахборот ресурсларини (веб-сайтларни) яратиш, ривожлантириш, тизимли қўллаб-қувватлаш ва ахборот билан таъминлаш бўйича умумий талабларни белгилайди.


2. Портал:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг Интернет тармоғидаги расмий давлат ахборот ресурси;

давлат органларининг, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги электрон-ахборот ҳамкорлиги инфратузилмасининг тизим ташкил этувчи элементи ҳисобланади.



II. ПОРТАЛНИНГ МАҚСАДЛАРИ


3. Қуйидагилар Порталнинг асосий мақсадлари ҳисобланади:

давлат ахборот ресурсларини шакллантириш ва ривожлантириш, давлат органлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга электрон давлат хизматлари кўрсатиш учун мўлжалланган ихтисослашган ахборот тизимини яратиш;

тегишли ахборот ресурсларини яратиш ва жойлаштириш йўли билан республика аҳолиси ҳамда халқаро жамоатчиликнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати фаолияти тўғрисида, республиканинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини таъминлаш;

давлат органларининг юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;

аҳолини уларнинг тегишли давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари ва тартиботлари тўғрисида хабардор қилиш;

ахборотни айирбошлаш ва тарқатиш тезкорлиги ҳамда давлат органларининг хабардорлиги даражасининг ўсиши ҳисобига давлат органлари фаолиятининг сифати ва самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;

ташкилотлар фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш;

очиқ маълумотларни эълон қилиш ҳисобига давлат органлари ишларининг ошкоралигини таъминлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик муҳокамасида қатнашиши йўли билан давлат бошқарувида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш;

ахборотнинг идоралараро электрон алмашинувини унификациялаш.



III. ПОРТАЛДАГИ АХБОРОТНИНГ МАЗМУНИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


4. Қуйидагилар тўғрисидаги ахборотнинг мавжуд ва ишончли бўлиши Порталдаги ахборотнинг мазмунига қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади:

Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти тўғрисида;

республиканинг давлат тузилиши таркиби, республиканинг давлат, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий бошқарув институтлари тўғрисида;

давлат органларининг фаолияти, шунингдек тузилмаси, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва алоқалари тўғрисида;

юридик ва жисмоний шахслар учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ёки олиш шартлари, шакллари, бланкалари, тартиби ва тартиботлари тўғрисида;

кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари тўғрисида;

давлат органларида ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши тўғрисида;

мамлакатдаги муҳим воқеалар тўғрисида, фотоархив, давлат органларининг турли тузилмаларидан олинган тадбирлар ҳақидаги маълумотларнинг қисқача мазмуни;

давлат органларининг очиқ маълумотлари тўғрисида;

аҳоли, тадбиркорлик субъектлари томонидан муҳокама этилиши ва таклифлар киритилиши мақсадида жойлаштирилган ишлаб чиқилаётган (ишлаб чиқилган) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида;

бошқа умумий фойдаланиладиган маълумотлар тўғрисида.



IV. ПОРТАЛНИ АХБОРОТ БИЛАН ТАЪМИНЛАШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


5. Қуйидагилар Порталга жойлаштириш учун ахборот манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IТ-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибияти, давлат органларининг ахборот хизматлари томонидан тақдим этиладиган ахборот;

оммавий ахборот воситаларидан, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларидан олинадиган ахборот;

давлат органларининг Порталда мажбурий эълон қилиниши керак бўлган очиқ маълумотлари тўпламларининг рўйхатига асосан ахборот;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар.


6. Порталга жойлаштириш учун тақдим этилаётган ахборот таркибида Ўзбекистон Республикасининг давлат сири бўлган маълумотлар ёхуд қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилиши чекланган бошқа маълумотлар бўлмаслиги керак.

Давлат органларининг ахборот материалларини Порталда жойлаштиришга рухсатни мансабдор шахслар, давлат органининг раҳбарлари ёки ўрнатилган тартибда белгиланадиган бошқа ваколатли шахс беради.

7. Порталга жойлаштириш учун тақдим этилаётган ахборот долзарб, ишончли, яхлит, мавзули блоклар бўйича аниқ таркибга эга ва тақсимланган бўлиши керак.


8. Порталдаги ахборот Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тақдим этилиши керак. Шу билан бирга, Портал ахборотнинг рус, инглиз ва бошқа тиллардаги мазмунан бир хил ёки қисқартирилган версияларига эга бўлиши мумкин.



V. ПОРТАЛ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Портал ишлашига техник хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратори тузилмасида яратилган Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат порталини ахборот билан таъминлаш ва ривожлантириш гуруҳи (кейин ўринларда Гуруҳ деб аталади) томонидан амалга оширилади. Портал доирасида ишлайдиган ахборот ресурслари (веб-сайтлар)ни техник кузатиб бориш ва ахборот билан таъминлаш бўйича масъул давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг қарори билан белгиланади.

10. Қуйидагилар Гуруҳнинг асосий вазифалари ва функциялари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IТ-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибияти ҳамда бошқа давлат органлари томонидан мунтазам равишда тақдим этиладиган ахборот материалларини Порталда эълон қилиш;

Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интеграторининг бошқа бўлинмалари билан узвий ҳамкорликда Порталнинг ахборот хавфсизлигини ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш;

давлат органларига улар ўртасида, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар ўртасида электрон-ахборот бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида кўмаклашиш;

Портал фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Портал воситасида кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш;

давлат органлари очиқ маълумотлари тўпламларининг рўйхатини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш;

аҳоли, тадбиркорлик субъектлари томонидан муҳокама қилиш ва кейинчалик таклифлар киритиш мақсадида жойлаштирилган ишлаб чиқилаётган (ишлаб чиқилган) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қисмида Портал фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш;

Портал, давлат органларининг ахборот ресурслари, Портални ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболлари тўғрисида босма материалларни тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, бу ҳақда телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар ташкил этиш;

Порталда ёритиш мақсадида тадбирларда (ташкилотларнинг матбуот анжуманлари, брифинглари, очиқ ҳайъат мажлислари, ўқув семинарлари ва шу кабиларда) иштирок этиш;

Портал фаолияти тўғрисида жамоатчилик, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва Интернет тармоғининг бошқа фойдаланувчилари фикр-мулоҳазаларини ўрганиш бўйича таҳлилий ишлар олиб бориш;

Портал ва унинг доирасида ишлайдиган бошқа ахборот ресурслари (веб-сайтлар)га техник хизмат кўрсатиш;

давлат органлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ахборот-маълумот ишларини олиб бориш учун Гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича таҳлилий, статистик ва бошқа материаллар маълумотларининг тизимлашган банкини яратиш;

Порталга интерактив давлат хизматларини жорий этишда давлат органларига методологик ва техник ёрдам бериш.

11. Гуруҳ қуйидагиларга мажбур:

Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг фаолияти тўғрисидаги давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборотни қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва ягона форматда умумлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IТ-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибияти томонидан тақдим этилган ахборотни давлат тилида, шунингдек, мавжуд бўлганда рус, инглиз ва бошқа тиллардаги мазмунан бир хил ёки қисқартирилган версияларини бир кун муддатдан кечиктирмай Порталда жойлаштириш;

Порталда давлат органларининг ахборот хизматлари томонидан қонун ҳужжатларининг белгиланган талабларига мувофиқ тақдим этиладиган ахборот материалларини жорий ҳолатда жойлаштириш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон хизматлар кўрсатиш бўйича техникавий ишларни амалга ошириш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан муҳокама қилиш мақсадида жойлаштирилган ишлаб чиқилаётган (ишлаб чиқилган) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қисмида Портал фаолиятини такомиллаштириш;

Порталда уларнинг ишларини ёритиш мақсадида тадбирларда (давлат органларининг матбуот анжуманлари, брифинглари, очиқ ҳайъат мажлислари, ўқув семинарлари ва шу кабилар) мунтазам иштирок этиш;

тақдим этилган ва шакллантирилган ахборотни узатиш, қайта ишлаш, эълон қилиш ва сақлаш жараёнида унинг яхлитлигини сақлаш;

Интернет тармоғи фойдаланувчилари учун Порталдан узлуксиз фойдаланиш имкониятини таъминлаш;

Портални янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича ушбу Низомга зид бўлмаган тадбирларни, шу жумладан техникавий тадбирларни амалга ошириш;

Интернет тармоғи фойдаланувчилари томонидан Порталнинг зарурлиги ва самарадорлиги тўғрисида жамоатчилик фикр-мулоҳазаларини ўрганиш асосида кўрсатилаётган электрон давлат хизматларини яхшилаш бўйича таклифларни шакллантириш;

Портал фаолиятини ва кўрсатилаётган электрон давлат хизматларини ҳар чоракда камида бир марта оммавий ахборот воситаларида ёритиш.



VI. ЖАВОБГАРЛИК


12. Гуруҳ ахборотнинг Ҳукумат порталида ва унинг доирасида амал қилувчи бошқа ахборот ресурсларида (веб-сайтларда) ўз вақтида жойлаштирилиши, шунингдек ушбу Низомда назарда тутилган вазифаларнинг бажарилиши учун жавобгар бўлади.


13. Қонун ҳужжатларига мувофиқ Порталда жойлаштириш учун тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилиги, мазмуни ва ўз вақтида тақдим этилиши учун тегишли манбалари бўлмиш ташкилотлар жавобгар бўлади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 13 июнь, 23-сон, 269-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 6-сон, 47-модда