язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Алоҳида объектлар қурилиши ва реконструкцияси/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.06.2016 й. ПҚ-2543-сон "Экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.06.2016 й.

N ПҚ-2543



ЭКСКАВАТОРЛАР ВА ГУСЕНИЦАЛИ ТЕХНИКАНИ

ТАЪМИРЛАШ ЗАВОДИНИ ҚУРИШ ТЎҒРИСИДА


Экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш ҳамда уларнинг муттасил кенгайиб бораётган паркини қайта тиклаш учун технологик жиҳатдан юқори даражада жиҳозланган замонавий ишлаб чиқариш базасини шакллантириш ва шунинг асосида улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятининг 2017-2018 йилларда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятининг "Ўзтемирйўлмаштаъмир" УКнинг Сирдарё шаҳрида жойлашган вагон-ғилдирак устахоналари негизида экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш бўйича мўлжалдаги қиймати 29,0 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаси бир босқичли тартибда, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиққан ҳолда амалга оширилади;

"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти лойиҳанинг амалга оширилиши учун масъул ҳисобланади;

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг шахсий маблағлари лойиҳани молиялаштириш манбаи ҳисобланади.


3. Экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ - буюртмачи;

"Боштранслойиҳа" АЖ - бош лойиҳа ташкилоти;

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг таркибий бўлинмалари - бош пудратчи ташкилотлар этиб белгилансин.


4. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ 2017 йил 1 апрелига қадар муддатда экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

5. Истисно тариқасида, "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятига:

2017 йил 1 июлга қадар экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводи қурилишини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга оширишга;

ишлаб чиқарувчи заводлар ёки уларнинг расмий дилерлари (дистрибьюторлари) билан, тендер савдолари ўтказмасдан, импорт қилинаётган товарларни ортиб жўнатишдан олдин албатта текшириб кўрган ҳолда, асбоб-ускуналар ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва узелларни энг мақбул таклифларни танлаб олиш асосида етказиб бериш тўғрисида шартномалар тузишга рухсат берилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги белгиланган тартибда:

"Ўзқурилишматериаллари" АК, "Ўзбекнефтгаз" МХК ва "Ўзметкомбинат" АЖ билан биргаликда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ буюртманомаларига кўра лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган цементни - тартибга солиб туриладиган нархларда, ёнилғи-мойлаш материалларини - шартномавий нархларда ва металл прокатини - биржа котировкаларини ҳисобга олган ҳолда ажратилиши ҳамда тўғридан тўғри шартномалар бўйича етказиб берилишини;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда - лойиҳанинг Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги ва кейинги йиллардаги Инвестиция дастурига киритилишини таъминласин.


7. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ кафолат муддати даврида республикада ишлатилаётган экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш ва хизмат кўрсатишга тегишли лицензия ёки сертификатларни хорижий ишлаб чиқарувчилардан олишни таъминласин.


8. Экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан бажариладиган қурилиш-монтаж ишлари ҳажми - қўшилган қиймат солиғидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига, Бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган машина ва ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, асбоблар ва технологик жиҳозлар - бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ билан унинг бўлинмалари ўртасида бепул асосда топширилаётган мол-мулк қўшилган қиймат солиғи, юридик шахсларнинг фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг буюртманомаларига кўра ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 13 июнь, 23-сон, 263-модда