язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Дарсликлар ва ўқув қўлланмалари. Дастурлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.05.2016 й. 174-сон "Олий таълим тизими учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар харид қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.05.2016 й.

N 174



ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИ УЧУН

ХОРИЖИЙ ЎҚУВ ВА ИЛМИЙ АДАБИЁТЛАР

ХАРИД ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 12 июндаги ПФ-4732-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда олий таълим муассасаларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг республика олий таълим муассасалари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича 5864 номдаги хорижий ўқув ва илмий адабиётларни, истисно тариқасида, тендер савдолари ўтказмасдан импорт бўйича харид қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, хорижий ўқув ва илмий адабиётларни, шу жумладан электрон шаклдаги ўқув ва илмий адабиётларни қабул қилиш, сақлаш ва уларни олий таълим муассасалари ўртасида тақсимлаш Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот-ресурс маркази томонидан бепул амалга оширилади.


2. "Ўзсаноатэкспорт" АЖ ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот-ресурс маркази:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда дистрибьюторлик компаниялари ҳамда сотиш ҳуқуқига эга бўлган хорижий адабиётлар нашриётлари (муаллифлари) билан хорижий ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш юзасидан, етказиб бериш шартлари ва муддатларини аниқ белгилаган ҳолда, икки ҳафта муддатда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказсинлар;

музокаралар натижалари бўйича дистрибьюторлик компаниялари ҳамда хорижий адабиётлар нашриётлари (муаллифлари) билан хорижий ўқув ва илмий адабиётларни етказиб бериш, шу жумладан 2016 йил 31 майгача олий таълим муассасалари бакалавриати 1-босқич талабалари, шунингдек 15 та базавий олий таълим муассасалари ҳузуридаги раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчилари учун 980 номдаги ўқув адабиётлари етказиб бериш юзасидан контрактлар тузсинлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича "Ўзсаноатэкспорт" АЖ ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот-ресурс маркази томонидан олиб келинаётган хорижий ўқув ва илмий адабиётлар, шу жумладан электрон шаклдаги ўқув ва илмий адабиётлар 2020 йил 1 январгача бўлган муддатга божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш доирасида хорижий ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш учун "Маориф" соҳаси бўйича назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида 2016 йилда ва кейинги йилларда зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ваколатли банк билан биргаликда "Ўзсаноатэкспорт" АЖ ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот-ресурс маркази томонидан тақдим этиладиган буюртманомаларга биноан хорижий ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг белгиланган тартибда конвертация қилинишини таъминлаш тавсия этилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда республиканинг олий таълим муассасалари эҳтиёжлари учун хорижий ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш учун халқаро молия ташкилотлари ва бошқа хорижий донорлар билан хорижий грантларни жалб этиш юзасидан белгиланган тартибда тизимли ишлар олиб борсинлар.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари комплекси раҳбари зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                       Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 30 май, 21-сон, 238-модда