язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Меҳнат муносабатлари соҳасида бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.04.2016 й. 117-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 20 апрелдаги

117-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги сиёсатни амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

2. Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

Вазирлик марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат бош бошқармалари, туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари;

Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ҳамда Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат шароитларини экспертизадан ўтказиш давлат инспекцияси;

давлат унитар корхонаси шаклидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги;

Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш Республика илмий маркази, Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам кўрсатиш бўйича Республика реабилитация маркази, банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказлари, давлат муассасаси шаклидаги Тошкент шаҳрида ишсизларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув маркази.

Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат бош бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари Вазирликка ҳамда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига бўйсунадилар ва ҳисобот берадилар.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. Вазирлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


5. Вазирликнинг моддий-техника таъминоти ва унинг тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ажратиладиган маблағлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Меҳнат органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш жамғармаси маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


6. Вазирлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


II. ВАЗИРЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳоли бандлиги даражасини минтақалар бўйича ёш-жинс гуруҳлари бўйича тизимли асосда чуқур таҳлил қилиш, янги иш ўринлари ташкил этиш йиллик дастурлари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш, аҳоли бандлигини ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, улар бажарилиши доимий мониторингини олиб бориш;

банд бўлмаган аҳолини, биринчи навбатда ёшлар, аёллар ва ногиронларни касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлашни, касбга ўқитиш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизимини ташкил қилиш, замонавий ахборот-коммуникацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда уларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш;

меҳнат ва бандлик соҳасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш, шунингдек меҳнат муносабатларини, меҳнатни моддий рағбатлантириш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш.

8. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) меҳнат бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда, жамиятни ислоҳ қилишнинг мақсад ва устуворликларидан келиб чиққан ҳолда, замонавий бозор муносабатлари механизмлари ва воситалари асосида аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат бозорини изчил ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилишини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда республика ва ҳудудларни демографик ва иқтисодий ривожлантириш прогнозлари асосида меҳнат ресурсларининг прогноз балансларини ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича самарали чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқади;

республика ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг меҳнат ресурслари сони ҳамда таркибини ўрганади, уни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқади;

аҳолининг бандлиги даражаси ва таркибини тўлиқроқ ва холисона баҳолашни таъминлаш, ишга жойлашишга муҳтож шахсларни аниқлаш мақсадида меҳнат бозорининг ҳолати мониторингини ташкил этади, ва шу асосда тармоқлар ва ҳудудлар бўйича янги иш ўринлари ташкил этишнинг йиллик буюртмаларини шакллантиради;

иш ўринлари ташкил этишнинг мақсадли дастурларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради ва манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда уларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

меҳнат миграцияси жараёнларини таҳлил қилади, ташқи меҳнат миграциясини ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари амалга оширилишини ўз ваколатлари доирасида таъминлайди, шунингдек меҳнат миграцияси масалалари бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

ишсизлар ва ишга жойлашишга муҳтож банд бўлмаган аҳоли ҳисобини юритади;

бўш иш жойлари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишни ташкил этади, белгиланган тартибда тақдим этиладиган бўш иш жойлари ҳисобини юритади ва улар ҳақидаги маълумотларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳолига етказади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолияти билан банд бўлган фуқароларни ҳисобга олишни ташкил қилади;

аҳоли, шу жумладан ёшлар, аёллар, имкониятлари чекланган шахслар, ишдан озод қилинган ходимлар ва аҳолининг бошқа тоифалари бандлигини ва улар ишга жойлаштирилиши бўйича маълумотлар шакллантирилиши ва таҳлил этилишини ташкил қилади;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини тадқиқ қилади ҳамда унинг натижалари асосида ишчи кадрларнинг ва таълим муассасаларида мутахассисларнинг касб тайёргарлиги йўналишларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида қорамол боқиш билан банд бўлган фуқароларнинг бандлигини тартибга солиш чора-тадбирларини амалга оширади;

илмий-тадқиқот ташкилотлари билан биргаликда ёшлар ва иш билан банд бўлмаган аҳолининг касб-ҳунарга хоҳишини ва меҳнат йўналишларини аниқлаш учун социологик тадқиқотлар ўтказади;

бандлик ва иш ўринларини ташкил этиш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига методик ва амалий ёрдам кўрсатади;

иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва таркибий қайта ўзгартириш давомида, шунингдек ташкилотлар қайта ташкил этилганда, банкрот бўлиши ва тугатилиши натижасида ишдан бўшатиладиган ходимларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилишга доир мақсадли минтақавий дастурлар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради;

касаначилик, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик фаолияти ва аҳолининг ўзини ўзи иш билан таъминлашининг бошқа шакллари ривожлантирилишини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва бошқа ташкилотларга йирик корхоналар билан фуқаролар ўртасида кооперация асосида касаначиликни ташкил этишни кенгайтириш, шунингдек оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш масалаларида ёрдам кўрсатади;

нодавлат нотижорат ташкилотларига ва бошқа ташкилотларга ногиронлар учун иш ўринларини ташкил этишда ва уларни ишга жойлаштиришда ёрдам кўрсатади;

ногиронлар меҳнатидан фойдаланиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотлар ташкил этишга ва ривожлантиришга, ногиронлар бандлигини таъминлашда касаначилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантиришга кўмаклашади;

ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил этилишини таъминлайди;

ишсизларни ва иш билан банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитишни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

меҳнат бозори инфратузилмаси фаолияти такомиллаштирилишини таъминлайди;

вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказларининг фаолиятини ташкил этади;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари билан биргаликда ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларни, шу жумладан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади ва жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни таъминлаш ишларини ташкил этади;

ишсизлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига моддий қўллаб-қувватлаш таъминланишини белгиланган тартибда ташкил этади;

ташкилотларда иш ўринларининг энг кам миқдори ажратилиши ва уларга иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган аҳолининг айрим тоифаларига мансуб шахсларнинг ишга қабул қилиниши масалаларини ўрганади ва таҳлил қилади;

деҳқон ва фермер хўжаликларида ишлаётган фуқаролар, шунингдек тадбиркорлар учун белгиланган меҳнат кафолатлари амалга оширилишини ташкил этади;

одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ишларни белгиланган тартибда ташкил этади;

б) меҳнат муносабатларини тартибга солиш, моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатни нормалаш ва ишчи касбларининг ҳамда мутахассислар ва хизматчилар лавозимларининг тариф-малака тавсифномаларини ишлаб чиқиш, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишчиларнинг асосий касблари бўйича ишчиларга малака разрядлари бериш масалалари бўйича ишларини мувофиқлаштиради;

манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда энг муҳим ижтимоий-меҳнат нормалари ва нормативларининг рўйхатини аниқлайди ва улар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар иштирокида меҳнат ва бандлик соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқади;

меҳнат ва бандлик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан белгиланган тартибда давлат назоратини амалга оширади;

ягона техник сиёсатни амалга ошириш, тармоқнинг ахборот тизимларини яратишда ягона усул ва воситаларни қўллаш орқали меҳнат ва бандлик соҳасида ахборот тизими шакллантирилиши ва ривожлантирилишини таъминлайди;

меҳнат ва бандлик масалалари бўйича илмий тадқиқотларни мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 июндаги 164-сон қарори билан тасдиқланган Асосий хизматчилар лавозимлари ва ишчи касбларининг Классификаторида кўрсатилган ишчи касблари ва хизматчилар лавозимлари номларининг, илгари норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларда ишлатилган касблар ва лавозимларга айнанлигини ва мутаносиблигини белгилайди;

тегишли касаба уюшмалари органларининг (ходимлар бошқа вакиллик органларининг) ҳамда иш берувчиларнинг (улар бирлашмаларининг) таклифларига кўра тармоқ битимлари тузишда қатнашади;

меҳнатни нормалаш, замонавий меҳнат стандартларини жорий этиш, меҳнатга ҳақ тўлашни ташкил этиш, ишлар, касблар ва лавозимларнинг тариф-малака маълумотномаларида акс эттирилмаган лавозимлар ва ишларни тариф сеткасининг тегишли разрядларига киритиш масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органларига ва бошқа ташкилотларга амалий ва методик ёрдам беради;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда аҳоли даромадларини давлат томонидан тартибга солиш механизмини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлашда қатнашади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар, стипендияларнинг энг кам миқдорини, иқтисодиётнинг айрим тармоқ ва секторлари учун ходимлар сонининг ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам нормативларини белгилашга доир таклифлар тайёрлайди;

манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда давлат муассасалари ва давлат унитар корхоналари учун лавозимлар киритиш ва ходимлар сонининг нормативларини белгилаш шартларини ишлаб чиқишда қатнашади;

меҳнатни моддий рағбатлантириш механизмларини ва меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш усулларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқишда қатнашади;

меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини, ягона тариф сеткасини, иш ҳақини туманлар бўйича тартибга солишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ва шароитларни баҳолаш бўйича қонунчилик базасини яратиш мақсадида манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилишини ва қайта кўриб чиқилишини, уларни келишиш ва тасдиқлашни ташкил қилади, меҳнат шароитлари бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказиш юзасидан методик ёрдам кўрсатади;

меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ва ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш, шунингдек меҳнат шароитлари ноқулай ишларда ишлаётган ходимларга кафолатлар ва компенсациялар берилиши устидан давлат назорати ва текширувини, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олишни белгиланган тартибда амалга оширади;

меҳнат шароитлари, иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш материаллари давлат экспертизасидан ўтказилишини ва тегишли хулоса берилишини таъминлайди;

иш ўринларини меҳнат шароитларининг ва асбоб-ускуналарининг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича малака сертификатига эга бўлган мутахассислар реестрини юритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таклифларига кўра имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатига ўзгартишлар киритиш, қўшимча таътил, қисқартирилган иш кунини белгилаш бўйича хулосалар беради;

ноқулай меҳнат шароитларида ишлаганлик учун бериладиган имтиёзларнинг амалдаги рўйхатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тайёрлайди;

меҳнат муҳофазаси бўйича баҳолаш натижаларига кўра белгиланган мезонларга мувофиқ ташкилотларни касбий хавфлилик тоифасига киритади;


в) халқаро ҳамкорлик соҳасида:

меҳнат ва бандлик масалаларида халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан халқаро ҳамкорлик соҳасида ўзаро самарали ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

меҳнат ва бандлик масалалари юзасидан Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларда белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади ва Ўзбекистон Республикасининг манфаатлари бўйича иш кўради;

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларининг, меҳнат ва бандлик масалалари бўйича тузилган бошқа халқаро шартномалар бажарилиши мониторинги олиб борилишини ташкил этади, белгиланган тартибда тегишли ҳисобот ва маърузалар тайёрлайди ва тақдим этади;

манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича халқаро ташкилотлар вакилларининг ишини ташкил этади;

чет эллик донорлар ва кредит ташкилотларининг аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат муҳофазаси мақсадларига йўналтирилган маблағларини белгиланган тартибда жалб этиш ва фойдаланишни ташкил этади;


г) молия-хўжалик фаолияти соҳасида:

Вазирлик тизимида молия ишларини, идоравий мансуб ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларни, шунингдек ушбу соҳадаги илмий тадқиқотларни маблағ билан таъминлашни белгиланган тартибда ташкил этади;

Вазирлик идоравий мансуб ташкилотларининг штатлар жадвалларини келишади, молия-хўжалик фаолияти бўйича баланслар ва ҳисоботларни кўриб чиқади;

идоравий мансуб ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тадбирларини амалга оширади;

идоравий мансуб ташкилотларнинг марказлаштирилган капитал қўйилмалардан самарали фойдаланишини таъминлайди, Вазирлик тизимидаги объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича истиқболли дастурларнинг ишлаб чиқилишини ташкил этади;


д) фаолиятининг бошқа соҳаларида:

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек Вазирлик ваколатига кирувчи масалаларда қонунчилик бузилишини бартараф этиш бўйича зарур ҳаракатларни амалга оширади;

ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда, ўзининг ваколати доирасида, одам савдоси жабрдийдаларини реабилитация қилиш ва уларга ёрдам кўрсатишга кўмаклашади, жабрланган фуқаролар ҳуқуқларини тушунтиради;

Вазирлик ва идоравий мансуб ташкилотларнинг ходимларини қайта тайёрлашни ва малакасини оширишни ташкил этади, раҳбарлари ва мутахассисларини аттестациясини ўтказади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда ваколати доирасида иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, бошқа вазирликлар, идоралар ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан биргаликда аҳоли турмуши даражаси ва фаровонлиги юзасидан тадқиқотлар ўтказишда ва уни янада ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади.


9. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функциялар бевосита ўзи томонидан ҳамда ҳудудий бўлинмалар ва бошқа идоравий мансуб ташкилотлар орқали бажарилишини таъминлайди.



III. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳамда бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларидаги фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан ахборотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан зарур статистик маълумотларни давлат статистика органларидан бепул олиш;

ташкилотларда меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат шароитлари ва стандартлари масалалари бўйича қонунчиликка, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро конвенциялар қоидалари ва талабларига риоя этилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрганиш ва текширишлар ўтказиш;

ташкилотлар томонидан ногиронлар учун ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириш шароитларини таъминланиши устидан белгиланган тартибда давлат назоратини амалга ошириш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус текширишлар ўтказиш ёки текширишларда иштирок этиш;

меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мансабдор шахсларга маъмурий жазолар бериш;

ташкилотлар фаолиятини ҳамда меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ва ходимлар соғлиғи ёки ҳаётига хавф туғдирадиган ишлаб чиқариш воситаларидан фойдаланишни улар меҳнат хавфсизлиги талабларига мувофиқлаштирилгунга қадар ўз ваколатлари доирасида ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб туриш;

ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида, Вазирликка ва унга идоравий мансуб тузилмаларга тегишли давлат мулкини бир тузилмадан иккинчисига, белгиланган тартибда, бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш;

ҳудудий меҳнат органлари, туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари ва идоравий мансуб ташкилотларнинг ходимларини, улар томонидан фаолиятнинг асосий параметрлари бажарилишини ҳисобга олган ҳолда, моддий рағбатлантиришнинг миқдорлари ва шартларини белгилаш;

қуйидаги буюртмаларни тендер ўтказмасдан жойлаштириш: Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан илмий ишлар бажариш ва тадқиқотлар ўтказишни - идоравий мансуб Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказида; соҳага оид ахборот-компьютер технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва сақлашни - идоравий мансуб "Ахборот-компьютер маркази "Mehnat.uz" МЧЖ"да, меҳнат органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни - Республика меҳнат тизими ходимларининг малакасини ошириш курсларида;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

аҳоли бандлиги, ишга жойлаштириш ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ижтимоий реклама маҳсулотларига буюртма бериш ҳамда уларни давлат оммавий ахборот воситаларида, стендларда, баннерларда ва ушбу маҳсулотлардан аҳолининг кенг фойдаланиши имконини таъминловчи бошқа усулларда бепул жойлаштириш;

биноларга хизмат кўрсатиш, инвентарлар ва хўжалик воситалари, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер ва ташкилий техникаларни сақлаб туриш ва фойдаланиш ишларини бажариш, дастурий маҳсулотларни сотиб олиш юзасидан белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

Вазирлик ваколатига тегишли масалаларни ҳал қилишга илмий ташкилотларни, олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан хорижий олимлар ва мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган буйруқлари ва бошқа ҳужжатларини бекор қилиш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида ва ижтимоий тармоқларда белгиланган тартибда расмий веб-сайтлар яратиш;

Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг тегишли тузилмалари билан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

Ҳукуматнинг топшириғига кўра Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини халқаро ташкилотларда ифодалаш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ бошқа мамлакатларнинг ваколатли ташкилотлари билан бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларида ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзолаш.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақлидир.

Вазирлик, зарур ҳолларда, давлат бошқаруви бошқа органлари билан биргаликда белгиланган тартибда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқариш ҳуқуқига эга.

12. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазири (кейинги ўринларда - Меҳнат вазири деб аталади) бошчилик қилади.

Меҳнат вазирининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосари бўлади.

14. Меҳнат вазири:

якка бошчилик асосида Вазирлик фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

вазир ўринбосарининг ва Вазирлик тизимидаги бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини, Вазирлик фаолиятининг алоҳида йўналишлари ва участкаларига раҳбарлик қилиш юзасидан ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар иши юзасидан шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради ва Вазирлик тизими ходимлари бажариши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

Вазирлик марказий аппаратининг харажатлари сметасини ва штатлар жадвалини ходимларнинг белгиланган сони доирасида тасдиқлайди, Вазирликнинг республика бюджетидан молиялаштириладиган идоравий мансуб ташкилотларининг харажатлари ва даромадлари сметасини, штатлар жадвалларини ҳисобга олади;

зарурат бўлганда ходимларнинг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида марказий аппаратнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри меҳнат бош бошқармалари, туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари ҳамда Вазирликнинг идоравий мансуб ташкилотларининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритади;

Марказий аппарат бўлинмалари, Вазирлик тизимига кирувчи идоравий мансуб ташкилотлар тўғрисидаги низомларни, шунингдек туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги намунавий низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

марказий аппарат ходимларини ҳамда вазирликка қарашли ташкилотлар ва ҳудудий меҳнат органлари раҳбарларини қонунчиликда белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Қуйидагиларни:

Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш - Вазир билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жоқарғи Кенгеси томонидан;

вилоятлар ва Тошкент шаҳри меҳнат бош бошқармалари бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш - тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишган ҳолда Вазир томонидан;

туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш - тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва Меҳнат вазири билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат бош бошқармалари бошлиқлари томонидан;

ҳудудий меҳнат органларига бўйсунувчи ташкилотлар раҳбарларини ҳамда давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторларини, меҳнат муҳофазаси бўйича давлат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш - Вазир билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат бош бошқармалари бошлиқлари томонидан амалга оширилади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий меҳнат бош бошқармалари бошлиқларини лавозимга тайинлаш ва озод қилишнинг қонунчиликда белгиланган тартибдаги жараёни якунига етгунга қадар кўрсатиб ўтилган таркибий бўлинмалар фаолиятини таъминлаш мақсадида Меҳнат вазири раҳбарнинг вазифасини вақтинча бажарувчини тайинлайди.


16. Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат бош бошқармалари тўғрисидаги низомлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан келишган ҳолда Вазирликнинг буйруқлари билан тасдиқланади.

Туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари тўғрисидаги намунавий низомлар тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари билан келишган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат бош бошқармаларининг буйруқлари билан тасдиқланади.


17. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги вазирликнинг ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини бошқариш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элдаги ва хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш бўйича Вазирликнинг ваколатли органи ҳисобланади.

Вазирлик Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг муассиси ҳисобланади.


18. Меҳнат органлари тизими ходимларининг малакасини ошириш Республика курслари меҳнат органлари тизими ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича базавий ўқув-методик марказ ҳисобланади.

Меҳнат органлари тизими ходимларининг малакасини ошириш Республика курслари ташкилотларнинг кадрлар хизмати ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни шартнома асосида амалга оширади.


19. Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат бош бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларининг юридик хизматларига кадрлар хизматини ташкил этиш функцияси юкланади.


20. Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари, меҳнат муҳофазаси бўйича давлат техник инспекторлари ва меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг разрядлари ва тариф ставкалари бўйича, тегишлича, Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий меҳнат бош бошқармалари, туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларининг бош мутахассисларига тенглаштирилади.


21. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), меҳнат вазирининг ўринбосари, шунингдек Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи Вазирлик таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби меҳнат вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

меҳнат ва бандлик соҳасидаги сиёсатни рўёбга чиқаришни янада такомиллаштириш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган Вазирлик фаолиятининг асосий концептуал йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида ва Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун ижро интизомини мустаҳкамлаш ва Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Меҳнат вазирининг буйруқлари билан амалга оширилади. Меҳнат вазири ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Меҳнат вазири пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.



V. МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


22. Вазирлик ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


23. Вазирлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш тўловларидан иборат бўлади.


24. Вазирлик марказий аппарати ва ҳудудий меҳнат органларининг ходимларини меҳнат органлари тизимидаги белгили хизмат муддатини узлуксиз ўтаганлиги учун йиллик бир йўла бир марталик тақдирлаш қуйидаги миқдорда амалга оширилади (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда): 3 йилдан 5 йилгача - 0,5; 5 йилдан 10 йилгача - 0,8; 10 йилдан 15 йилгача - 1,0; 15 йилдан ортиқ - 1,5. Белгили хизмат муддатини узлуксиз ўтаганлиги учун йиллик бир йўла бир марталик тақдирлаш имтиёзини берадиган меҳнат стажи касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда Вазирлик томонидан тасдиқланадиган тартибда ҳисоблаб чиқарилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 25 апрель, 16-сон, 160-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 4-сон, 26-модда