язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Ҳаво транспорти/ Ўзбекистон Республикаси Авиация қоидалари/ Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш Авиация қоидалари (ЎзР АҚ-44) (АВ томонидан 14.07.2016 й. 2811-сон билан рўйхатга олинган парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 27.06.2016 й. 81-Н-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 14 июлда 2811-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

парвозлар хавфсизлигини

назорат қилиш давлат

инспекцияси бошлиғининг

2016 йил 27 июндаги

81-Н-сон буйруғига

ИЛОВА



Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш

белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш

АВИАЦИЯ ҚОИДАЛАРИ

(ЎзР АҚ-44)


Мазкур Авиация қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 41-моддасига мувофиқ фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Авиация қоидалари Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемаларининг давлат реестрида рўйхатга олинган фуқаро ҳаво кемалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси эксплуатанти томонидан ижарага олинган чет эл фуқаро ҳаво кемаларига (бундан буён матнда ҳаво кемаси деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.


2. Ҳаво кемасига Фуқаро ҳаво кемасининг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси қайд этилади.


3. Ҳаво кемасига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисидан ташқари бошқа қўшимча белгилар ҳам қайд этилиши мумкин.


4. Экспериментал ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш Экспериментал ҳаво кемаларини давлат ҳисобига олиш Ўзбекистон Республикасининг авиация қоидаларида (ЎзР АҚ-46) (рўйхат рақами 1452, 2005 йил 16 февраль) белгиланган тартибда амалга оширилади.



2-БОБ. ҲАВО КЕМАСИГА РЎЙХАТ БЕЛГИСИНИ

ВА ДАВЛАТ ТАНИШ БЕЛГИСИНИ ҚАЙД ЭТИШ


5. Рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси:

ҳаво кемаси фюзеляжининг қанотлари ва дум қанотлари орасидаги қисмининг ён томонлари юзасига горизонтал йўналиш бўйича қатъий перпендикуляр;

ҳаво кемаси фюзеляжининг қанотлари ва дум қанотлари орасидаги қисмининг ён томонлари юзасида белгиларни қайд этиш учун бўш жой бўлмаганда, ҳаво кемаси вертикал дум қаноти юзасининг пастки қисмига ҳар икки томонидан;

ҳаво кемаси чап қаноти конструкцияси пастки юзасининг чап томонига (бунда белгилар қанотнинг олд қисмига параллел ҳолда жойлаштирилиши керак);

шар шаклидаги аэростатнинг максимал горизонтал айланасига яқин икки диаметрал қарама-қарши томонига;

шар шаклига эга бўлмаган аэростат чизиғининг максимал кўндаланг кесимига яқин бевосита осма белбоғи устида ёки саватнинг осма арқонларини қотириш нуқталари устида икки томонига;

дирижаблнинг корпуси бўйлаб икки томонига ҳамда симметрия чизиғи бўйлаб устки юзасига;

вертолётда унинг дум балкасининг ҳар икки томонига қайд этилади.

6. Давлат таниш белгиси рўйхат белгисидан олдин қайд этилади.


7. Рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси ҳарфлар, рақамлар ёхуд ҳарфлар ва рақамлар комбинациясидан ташкил топиши мумкин.

Рўйхат белгиси ҳарф билан бошланса, ундан олдин дефис қўйилади.


8. Ҳарфлар лотин алифбосининг бош ҳарфларидан, рақамлар эса, араб рақамларидан ташкил топади. Ҳарф ва рақамлар бир хил ўлчамда, нақшларсиз бўлиши лозим.


9. Ҳаво кемасининг фюзеляжидаги ҳамда вертикал дум қаноти юзасидаги (шу жумладан, вертолёт дум балкасидаги) қайд этиладиган ҳарф ва рақамларнинг баландлиги 30 см дан, аэростат ва ҳаво кемасининг қанотида қайд этиладиган ҳарф ва рақамларнинг баландлиги эса, 50 см дан кам бўлмаслиги лозим.

10. Ҳарф ва рақамларнинг кенглиги ("I" ҳарфи ва "1" рақамидан ташқари) ҳамда дефиснинг (агар қўлланилса) узунлиги ҳарф ва рақамлар баландлигининг учдан икки қисмига тенг бўлиши лозим.


11. Ҳарфлар ва рақамларнинг орасидаги масофа ҳарф ва рақамлар кенглигининг тўртдан бир қисмига тенг бўлиши керак. Бунда дефис алоҳида ҳарф сифатида қабул қилинади.


12. Ҳарфлар, рақамлар ва дефислар узлуксиз чизиқ билан фоннинг равшанлигини таъминловчи рангда (масалан, оч фонда қора ранг ёки қора фонда оқ рангда) туширилиши лозим.


13. Ҳарфлар, рақамлар ва дефислар чизиғининг қалинлиги ҳарф ва рақамлар баландлигининг олтидан бир қисмига тенг бўлиши керак.


14. Ҳаво кемасига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини қайд этишда сақланиш хусусиятини йўқотмайдиган бўёқ ёки шунга ўхшаш воситалардан фойдаланилади.


15. Ҳаво кемасида унинг рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси қайд этилиши лозим бўлган қисмлари (фюзелаж, қанот, вертикал дум қанот, балка) бўлмаса ёки мазкур қисмлар ўлчами тегишли ўлчамдаги рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини қайд қилиш учун кичик бўлса, белгилар ҳаво кемасини тезда аниқлаш имконини берадиган ўлчамларда қайд этилиши лозим.



3-БОБ. ФУҚАРО ҲАВО КЕМАСИГА ҚЎШИМЧА

БЕЛГИЛАРНИ ҚАЙД ЭТИШ


16. Ҳаво кемасининг ташқи конструкцияси элементларига қайд этиладиган қўшимча белгиларга - Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангли тасвири ва бошқа рамзлар, ёзувлар ҳамда нишонлар тасвирлари киради. Улар ҳаво кемасининг ташқи юзасига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси кўринишини ёмонлаштирмайдиган тарзда қайд этилади.


17. Ҳаво кемасининг ташқи ва ички конструкцияси элементларига унинг эксплуатация ҳужжатларига мувофиқ маркировкаланган белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар тарзида қўшимча белгилар ҳам қайд этилади.

Ҳаво кемасининг эксплуатация ҳужжатларида назарда тутилган тақдирда, унда мазкур Авиация қоидаларининг иловасида кўрсатилган маркировкаланган белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар қайд этилади.


18. Ҳаво кемасининг асосий кириш йўлаги ёнида кўринадиган жойга ўйма усулда ҳаво кемасининг давлат ва инглиз тилларидаги тури, унинг рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси ҳамда завод рақами (серияси) кўрсатилган танитувчи табло ўрнатилиши лозим.

Танитувчи табло иссиқликка дош берувчи оловга чидамли моддадан тайёрланган бўлиши лозим.






Авиация қоидаларига

(ЎзР АҚ-44)

ИЛОВА



Маркировкаланган белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар

РЎЙХАТИ


1. Ҳаво кемасининг ташқи конструкцияси элементлари юзасига қайд этиладиган белгилар ва ёзувлар:

асосий чиқиш йўлаги, авария чиқиш йўлаклари, юк бўлинмалари эшиклари ва люкларининг очиш йўриқномасини кўрсатувчи маркировка белгилари;

авария ҳолатида ҳаво кемасини тарк этиш йўлакларини кўрсатувчи маркировка белгилари;

фюзеляжни авария ҳолатида очиш жойини билдирувчи маркировка белгилари;

хавфли зоналарнинг жойлашувини билдирувчи тушунтирувчи ёзувлар;

ёнилғи тизими ва ёқилғи қуйиш жойини билдирувчи маркировка белгилари.


2. Ҳаво кемасининг ички конструкцияси элементлари юзасига (учувчилар кабинаси ва юк бўлинмалари бундан мустасно) қайд этиладиган белгилар ва ёзувлар:

авария ҳолатида йўловчиларни эвакуация қилишда ҳаво кемасини тарк этиш йўлакларини билдирувчи маркировка белгилари;

авария ҳолатида ҳаво кемасидан чиқиш жойини кўрсатувчи маркировка белгилари;

авария воситалари жойлашган жойларни билдирувчи маркировка белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар;

ошхона, ҳожатхона, кийим илиш жойини билдирувчи маркировка белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар.


3. Учувчилар кабинаси ва юк бўлинмаларида қайд этиладиган белгилар ва ёзувлар:

рухсат этилган тезликни билдирувчи маркировка белгилари (трафаретлар);

бошқарув органларини билдирувчи тушунтирувчи ёзувлар;

юкни жойлаштириш жойи ва йўриқномасини кўрсатувчи маркировка белгилари (трафаретлари) ва тушунтирувчи ёзувлар.


Изоҳ: ҳаво кемасида мазкур Рўйхатда кўрсатилмаган, бироқ ҳаво кемасининг эксплуатация ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маркировкаланган белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар қайд этилиши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 18 июль, 28-сон, 344-модда