язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Электрон тижорат/ Электрон ярмаркалар, аукцион ва танловлар ташкилотчиларининг - ахборот воситачиларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.08.2016 й. 249-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 2 августдаги

249-сон қарорига

ИЛОВА



Электрон ярмаркалар, аукцион ва танловлар

ташкилотчиларининг - ахборот воситачиларининг

фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом электрон ярмаркалар (шу жумладан кўргазма-ярмарка савдоси), аукцион ва танловлар ташкилотчиларининг - ахборот воситачиларининг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши электрон тижорат иштирокчиларининг шахсий ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган битимларига, шунингдек қуйидагиларнинг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди:

муайян турдаги ва сифатдаги товарлар, шу жумладан ҳосила молиявий воситалар (деривативлар) электрон биржа ва биржадан ташқари савдоларини ташкил этувчилар;

электрон давлат ва корпоратив харидларни ташкил этиш бўйича;

электрон кўчмас мулк савдолари ташкилотчилари;

электрон тижорат иштирокчилари ўртасида битимлар тузишда электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар айланиши билан боғлиқ бўлмаган электрон тижорат хизматлари иштирокчиларига хизмат кўрсатувчи ахборот воситачилари.


3. Мазкур Низом мақсадларида қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


агент - ахборот воситачиси томонидан аккредитация қилинган ҳамда топшириқ шартномаси ёки комиссия шартномаси асосида электрон тижоратда сотувчилар ва харидорларга воситачилик хизматлари кўрсатадиган электрон тижорат иштирокчиси - юридик шахс;


акцепт - оферта йўлланган шахснинг унинг қабул қилинганлиги тўғрисидаги жавоби;


ахборот воситачиси - электрон ярмаркалар (шу жумладан кўргазма-ярмарка савдоси), аукцион ва танловларни ташкил этувчи юридик шахс;


ахборот тизими - ахборот воситачисининг ахборот тизими, электрон ярмаркалар (шу жумладан кўргазма-ярмарка савдоси), аукцион ва танловларни ўтказиш натижалари бўйича битимлар тузиш учун ахборотни йиғиш, сақлаш, қидириш, қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш имконини берадиган ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситаларининг ташкилий жиҳатдан тартибга солинган мажмуи;


оферент - ахборот воситачисининг ахборот тизимида (сотувчи - товарни сотишда, харидор - товарни харид қилишда) оферта жойлаштирган электрон тижоратнинг иштирокчиси;


оферта - бир шахсга, бир нечта аниқ шахсларга ёки номуайян шахслар доирасига йўлланган, шартноманинг барча шартларини ўз ичига олувчи, унга кўра таклиф қилаётган шахснинг таклифига жавоб берадиган ҳар қандай шахс билан шартнома тузиш юзасидан иродасини билиш мумкин бўлган таклиф;


ахборот воситачисининг қоидалари - ахборот воситачисининг ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда электрон тижоратни ташкил қилиш тартибини белгиловчи ахборот воситачисининг локал ҳужжати (электрон ярмаркалар (шу жумладан кўргазма-ярмарка савдоси), аукцион ва танловлар)ни ўтказиш қоидалари);


товар - фуқаролик муомаласидан чиқарилмаган ва электрон тижоратда битим предмети ҳисобланадиган товар, иш ва (ёки) хизмат.



II. АХБОРОТ ВОСИТАЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


4. Ахборот воситачиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

электрон тижорат иштирокчиларига хизматлар кўрсатиш шартларини ва ўз хизматлари нархларини белгилаш, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;

ахборот воситачисининг қоидаларини ва электрон тижорат иштирокчиларига бўлган талабларни белгилаш;

электрон тижорат иштирокчиларига, улар белгиланган қоидаларни бузган, электрон тижорат иштирокчисининг ахборот воситачиси ва (ёки) электрон тижорат иштирокчилари олдидаги тўланмаган қарзлари мавжуд бўлган тақдирда хизматлар кўрсатишни тўхтатиб туриш;

электрон тижорат иштирокчиларига электрон тижорат билан боғлиқ бўлган ахборот, таълим, маслаҳат, логистика ва бошқа қўшимча хизматлар кўрсатиш;

бошқа ахборот воситачилари билан ҳамкорликда маълумотлар базаларини, шу жумладан электрон тижоратнинг ноҳалол иштирокчилари реестрларини яратиш.

Ахборот воситачилари қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


5. Ахборот воситачиси қуйидагиларга ҳақли эмас:

ўзининг ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда тузилган битимнинг тарафига айланиш, шунингдек ахборот воситачиси сифатида хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган ишлаб чиқариш, савдо, савдо-воситачилик ёки бошқа фаолиятни амалга ошириш;

электрон тижоратни амалга ошириш, битимлар тузишда нархларнинг шаклланиш жараёнларига аралашиш, контрагентларни танлашда ва битимлар тузишда электрон тижорат иштирокчиларининг эркинлигини чеклаш, шунингдек электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш.


6. Ахборот воситачиси қуйидагиларга мажбур:

электрон тижорат соҳасидаги қонун ҳужжатларига, шу жумладан стандартлар, нормалар ва қоидаларга риоя этиш;

ўзининг тўлиқ номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, кўрсатиладиган хизматлар, уларни кўрсатиш шартлари ва қийматлари (тарифлари) ҳақидаги ахборотни электрон тижорат иштирокчиларига ошкор қилиш;

электрон ҳужжатларнинг ва электрон хабарларнинг мазмунини, улардан фойдаланиш тартибини ўзгартирмаслик, электрон тижорат иштирокчилари билан тузилган шартномаларда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;

электрон ҳужжатларни, электрон хабарларни ва шахсга оид маълумотларни рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш чоралари билан таъминлаш;

электрон ҳужжатларни ва электрон хабарларни учинчи шахсларга бермаслик, қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно;

электрон ҳужжатларнинг ва электрон хабарларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ сақланишини таъминлаш;

ўз ахборот тизимини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги серверларда жойлаштириш.

Ахборот воситачилари қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олиши мумкин.


7. Ахборот воситачиси ўзининг расмий веб-сайтида қуйидаги ахборот ва ҳужжатларнинг жойлаштирилиши ва ошкор қилинишини таъминлаши шарт:

Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

электрон тижорат иштирокчиларига хизмат кўрсатиш бўйича оммавий шартнома матни;

ахборот воситачисининг электрон тижорат иштирокчилари учун мажбурий кучга эга бўлган қоидалари ва локал ҳужжатлари матни;

ўзининг ахборот тизимидан фойдаланганлик учун хизмат кўрсатишнинг амалдаги тарифлари;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбурий тарзда ошкор қилинадиган бошқа ахборот.


8. Ахборот воситачиси:

топширилаётган, қабул қилинаётган ва сақланаётган электрон ҳужжатларнинг ва электрон хабарларнинг ишончлилигини, шунингдек уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қилиш ёки текширишга мажбур эмас, агар қонун ҳужжатларида ва шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса;

уларга топширилаётган электрон тижорат иштирокчиларининг электрон ҳужжатлари ва электрон хабарларининг мазмуни билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар учун жавоб бермайди.



III. ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ ИШТИРОКЧИЛАРИ


9. Электрон тижоратда ахборот тизимларидан фойдаланадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар товарлар (ишлар, хизматлар)нинг сотувчилари ҳисобланадилар.


10. Электрон тижоратда ахборот тизимларидан фойдаланадиган юридик ва жисмоний шахслар товарлар (ишлар, хизматлар)нинг харидорлари бўлишлари мумкин.


11. Ахборот тизими электрон тижорат иштирокчиларини рўйхатга олишни ва идентификация қилишни мажбурий тартибда таъминлаши керак.


12. Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон тижоратда иштирок этиш сотувчи ва харидор томонидан мустақил равишда ёки агентлар орқали амалга оширилади.


13. Агент сотувчига ёки харидорга хизматлар кўрсатиш натижасида ўзига маълум бўлган маълумотларнинг махфийлигига риоя қилишга мажбур.

Бунда агент бир пайтнинг ўзида бир битим доирасида сотувчи ва харидорнинг манфаатларини ифода этишга ҳақли эмас.


14. Электрон тижорат иштирокчилари ва ахборот воситачиларининг ўзаро муносабатлари ахборот тизимида эркин фойдаланишда жойлаштирилган оммавий шартнома шартлари билан белгиланади.


15. Ахборот воситачиси электрон тижорат иштирокчиларининг мажбуриятлари бўйича учинчи шахслар олдида, шу жумладан унинг ахборот тизимидан фойдаланилган ҳолда тузилган шартномалар бўйича жавобгар бўлмайди, оммавий шартномада ва (ёки) ахборот воситачисининг қоидаларида бундай жавобгарлик назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Электрон тижорат иштирокчилари ахборот воситачисининг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар.


16. Ахборот воситачиси товарнинг етказиб берилишини таъминлашга, ахборот воситачисининг қоидаларида назарда тутилган тартибда электрон тижорат иштирокчиларининг мажбуриятлари бажарилишини кафолатлашга ҳақли.

Электрон тижорат билан боғлиқ қўшимча хизматларни кўрсатиш учун қонун ҳужжатларида лицензия ёки бошқа рухсатнома тусидаги ҳужжат талаб этилиши назарда тутилган, шунингдек бундай хизматларни кўрсатадиган шахс мос келиши шарт бўлган талаблар белгиланган тақдирда ахборот воситачиси лицензия (рухсат этиш тусидаги ҳужжат)га эга бўлиши ва (ёки) белгиланган талабларга мос келиши шарт.



IV. ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


17. Ахборот воситачиларининг ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда содир этиладиган битимлар рақобатли ёки рақобатсиз шаклларда тузилиши мумкин.


18. Электрон тижоратни ташкил этишнинг шакллари битимлар тузишнинг рақобатли шакллари деб эътироф этилади, бунда ахборот воситачисининг ахборот тизими қуйидаги шарт-шароитларни таъминлайди:

электрон тижоратнинг иккитадан кам бўлмаган иштирокчилари томонидан офертани акцептлаш имконияти;

оферент учун шартномани бажаришнинг энг яхши шартларини таклиф қилган шахс билан шартнома тузиш.

Қайд этилган талабларга риоя қилинган тақдирда битим содир этилган деб эътироф қилинади.

Битимларни рақобатли шаклларда содир этишда офертани қабул қилган шахс томонидан, уни қабул қилиш учун белгиланган муддатда, унда кўрсатилган шартнома шартларини бажариш бўйича хатти-ҳаракатларни (товарларни юклаб жўнатиш, хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш, тегишли суммани тўлаш ва ҳоказоларни) содир этиш акцепт ҳисобланмайди.


19. Электрон тижоратнинг рақобатли шаклларидан фойдаланишда шартнома нархи салоҳиятли иштирокчиларнинг рақобатли таклифларини таққослаш ва улар орасидан оферент учун энг яхши бўлган таклифни танлаб олиш йўли билан аниқланади.


20. Электрон тижоратнинг рақобатли шаклларидан фойдаланган ҳолда тузилган шартноманинг нархи, оферта жойлаштирилган пайтдан эътиборан 24 соатдан кам бўлмаган вақт мобайнида икки ва ундан ортиқ салоҳиятли иштирокчиларга рақобатли таклифларни эркин равишда топшириш имконияти берилган тақдирда бозор нархи деб эътироф этилади.


21. Электрон тижоратнинг рақобатсиз шаклларидан фойдаланишда оферент томонидан битим ахборот тизимида жойлаштирилган офертага, унинг таклифига, офертани акцептлаш йўли билан қабул қилиш орқали жавоб қайтарган ҳар қандай шахс билан тузилади.


22. Электрон тижоратнинг рақобатсиз шаклларидан фойдаланишда шартнома нархи офертада кўрсатилган даражада белгиланади.


23. Ахборот тизими битимнинг автоматик тарзда рўйхатдан ўтказилишини назарда тутиши шарт.


24. Ахборот воситачисига қуйидагиларни рўйхатдан ўтказишига йўл қўйилмайди:

рақобатли шакллардан фойдаланган ҳолда ахборот тизимида содир этилган битим натижаларига кўра тузилган шартномага ўзгартиришлар ва қўшимчалар;

ўзининг ахборот тизимидан ташқарида содир этилган битимлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий тарзда давлат рўйхатидан ўтказиладиган ва (ёки) нотариал тарзда тасдиқланадиган битимлар.


25. Электрон тижорат ахборот воситачисида қабул қилинган тартиб- таомилларига мувофиқ тасдиқланган ахборот воситачисининг қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


26. Ахборот воситачисининг қоидалари олдиндан белгиланган бўлиши, электрон тижоратнинг барча иштирокчилари учун бир хил бўлиши ва мажбурий тарзда қуйидагилардан иборат бўлиши керак:

ахборот воситачисининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

электрон тижорат иштирокчиларига нисбатан талаблар, уларга битимларни содир этишга рухсат бериш тартиби, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

электрон тижорат иштирокчисини рўйхатдан ўтказиш ва идентификация қилиш тартиби;

электрон тижоратни ташкил этиш, битимлар тузиш, шартномаларни расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби;

ахборот воситачисининг ахборот тизимида битимларни содир этиш натижалари бўйича нархларни шакллантириш тартиби;

тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларни бажариш, ҳисоб-китобларни (товар учун ва уни етказиб берганлик учун тўловни) ташкил этиш тартиби;

содир этилган битимлар, электрон тижорат иштирокчиларининг хизмат ва тижорат сирларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар ҳақидаги ахборотни ошкор қилиш тартиби;

ахборот воситачисининг қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ҳақидаги қоидалар;

электрон тижорат иштирокчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар ва уларни бузганлик учун ахборот воситачисининг жавобгарлиги;

ахборот воситачисининг электрон тижорат иштирокчисининг шахсий маълумотларидан фойдаланишнинг йўл қўйиладиган мақсадлари ва шартлари, шунингдек уларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари;

ахборот воситачисининг ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган электрон тижорат жараёнида пайдо бўладиган низолар ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш тартиби.

Ахборот воситачисининг қоидалари қуйидагиларни ҳам ўз ичига олиши мумкин:

электрон тижоратда иштирок этиш бўйича электрон тижорат иштирокчиларига хизматлар кўрсатувчи агентларни аккредитациядан ўтказиш тартиби, уларга қўйиладиган талаблар мажмуи;

агентларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

ахборот воситачиси томонидан унинг ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда содир этилган битимларни бажариш кафолатларини бериш тартиби ва шартлари;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидалар.


27. Ахборот тизимида тузилган битим бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятлар тарафларда битим ахборот тизимида электрон рўйхатдан ўтказилгандан кейин пайдо бўлади, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28. Ахборот воситачиларининг ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган электрон тижоратда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

электрон тижорат иштирокчиларини камситиш, электрон тижоратнинг бир иштирокчисига бошқа иштирокчилар эркин фойдалана олмайдиган ва қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган имтиёзлар ёки преференцияларни бериш;

ахборот воситачиларининг мансабдор шахслари томонидан шахсий манфаатдорлик таъсирида қарорлар қабул қилиш ёхуд электрон тижорат иштирокчиларининг манфаатларига зарар етказадиган бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этиш;

электрон тижорат иштирокчиларига босим ўтказиш, электрон тижоратда иштирок этиш ҳақидаги ахборотни ошкор қилиш (қонун ҳужжатларидан назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно), ноқонуний тарзда рақобатга йўл қўймаслик, уни чеклаш ёки четлатиш;

электрон тижорат иштирокчиларининг бозор конъюнктурасини ўзгартириш ёки нархларни бузиб кўрсатиш мақсадида тил бириктириши;

ишончли бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган ахборотни бериш ёки тарқатиш, шунингдек ахборотдан эркин фойдаланишни асоссиз чеклаш;

электрон тижорат иштирокчилари томонидан келгусида шартномани имзолашдан ёки уни зарур даражада бажаришдан бош тортиш ниятида сунъий равишда пасайтирилган ёки оширилган нархларда талабномалар бериш;

ахборот воситачисининг ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда товар сотаётган ёки сотиш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишни таклиф қилаётган, белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилмаган жисмоний шахс ҳисобланган битим тарафларидан бири томонидан битимларни амалга ошириш.


29. Мазкур Низомни бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 8 август, 31-сон, 378-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 8-сон, 74-модда