язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Мактабгача таълим муассасалари/ Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 23.08.2016 й. 2821-сон билан рўйхатга олинган 25.07.2016 й. Халқ таълими вазирлигининг 8-мҳ-сон, Молия вазирлигининг 55-сон қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 23 августда 2821-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Халқ таълими вазирлиги

ва Молия вазирлигининг

2016 йил 25 июлдаги

8-мҳ ва 55-сон қарорига

ИЛОВА



Мактабгача таълим муассасалари

ва мактаб-интернатлардаги болалар

таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 декабрдаги ПҚ-744-сон "Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги, 2015 йил 22 декабрдаги ПҚ-2455-сон "Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги қарорларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 528-сон "Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатларда болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом талаблари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатларга нисбатан татбиқ этилади, турли касалликлар билан касалланган болалар учун мактаб-интернатлар, кам таъминланган оилалардаги болалар учун мактаб-интернатлар ҳамда етим болалар ва ота-оналар қаровисиз қолган болалар учун мактаб-интернатлар бундан мустасно.


2. Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминоти учун тўланадиган тушумлар назарда тутилган бошқа бюджет маблағлари билан бирга мақсадли тартибда тарбияланувчиларни озиқ-овқат билан таъминлашни ҳамда муассасанинг моддий-техника базасини яхшилашга, авваламбор, санитария-гигиена воситалари ва юмшоқ инвентарлар харид қилишга мақсадли тартибда йўналтирилади.

Бунда муассасанинг моддий-техника базасини яхшилашга йўналтириладиган маблағлар миқдори жами йил давомида ота-оналар тўловидан тушган маблағларнинг 5 фоизидан ошмаслиги лозим.


2-БОБ. БОЛАЛАР ТАЪМИНОТИ УЧУН

ТЎЛОВЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ


3. Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатларда болалар таъминоти учун тўловлар қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўланади.


4. Мактабгача таълим муассасасига битта оиладан икки ва ундан ортиқ болалар қатнаса, уларнинг ҳар бирига ушбу тоифадаги оилалар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тўлов миқдорлари қўлланилади. Бунда битта оиладан икки ва ундан ортиқ болалар турли мактабгача таълим муассасасига қатнаса, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (бундан буён матнда ота-оналар деб юритилади) бир фарзанди борадиган мактабгача таълим муассасасига иккинчи фарзанди борадиган мактабгача таълим муассасасидан унинг қатнаши тўғрисида маълумотномани тақдим этиши лозим.


5. Мактабгача таълим муассасаларида мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган жисмоний ёки ақлий ривожланишидаги нуқсонлари бўлган болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови ундирилмайди.


6. Болалар таъминоти учун тўловлар ота-оналар ва мактабгача таълим муассасалари ёки мактаб-интернатлар ўртасида тузилган шартномага асосан амалга оширилади.


7. Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминоти учун тўловлар ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан тўланади. Ойнинг 15-санасидан кейин келган болалар таъминоти учун тўловлар эса, бола келган кундан бошлаб 3 кун ичида тўланади. Бунда тўловлар боланинг шу ойда мактабгача таълим муассасасига қатнайдиган (мактаб-интернатида бўладиган) кунларга мутаносиб равишда тўланади.


8. Ота-оналар томонидан шартнома шартлари бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги, шу жумладан тўлов шартномада белгиланган миқдорда ҳамда мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган муддат ўтгач икки ҳафта мобайнида узрли сабабларсиз тўланмаган тақдирда, ота-оналар билан тузилган шартноманинг амал қилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатилади ва бу боланинг мактабгача таълим муассасаси ёки мактаб-интернатида бўлишини тўхтатиш учун асос бўлади. Бунда тўлов амалга оширилмаганлиги боланинг мактаб-интернатда таълим олишини тўхтатишга асос бўлмайди.


9. Мактабгача таълим муассасасидаги бола таъминоти учун ота-оналар томонидан амалга оширилмаган тўлов 60 кун ичида тўлаб берилганда, болани тегишли мактабгача таълим муассасасига тиклаш мажбурий тартибда амалга оширилади. Мазкур муддат ўтиб кетган тақдирда, мактабгача таълим муассасасига болани тиклаш янги қабул қилинган болалар учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Мактаб-интернатидаги бола таъминоти учун ота-оналар томонидан амалга оширилмаган тўлов у амалга оширилган кундан бошлаб бола мактаб-интернатида бўлиши тикланади.


10. Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатларидаги болалар таъминоти учун тўловлар тижорат банклари орқали нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда (банк пластик карточкалари орқали ва пул ўтказиш йўли билан) тўланади. Бунда тўловнинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси мактабгача таълим муассасаси ёки мактаб-интернатига тақдим этилади.


11. Болалар таъминоти учун тўловлар мактабгача таълим муассасаси ёки мактаб-интернатининг тегишли ҳудудий ғазначилик бўлинмаларидаги шахсий ғазна ҳисобварақларида ундан кейинчалик фойдаланиш учун ҳисобга олинади.



3-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА

БОЛАЛАР ТАЪМИНОТИ УЧУН ТЎЛОВ ҲИСОБ-КИТОБИ


12. Мактабгача таълим муассасасида бола таъминоти учун тўловнинг бир кунлик қиймати бир ойлик тўлов миқдорини шу ой мобайнидаги иш кунлари сонига бўлиш орқали аниқланади.


13. Боланинг ёки оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли, шунингдек ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола мактабгача таълим муассасасига кетма-кет уч кундан ортиқ келмаган даври учун тўланган тўловлар кейинги тўловларни амалга оширишда ҳисобга олинади. Бунда боланинг келмаган кунлари сони бир кунлик тўлов миқдорига кўпайтирилиб, кейинги тўлов суммаси чиққан суммага камайтирилади. Агар боланинг келмаган кунлари учун тўлов ҳали амалга оширилмаган бўлса, тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлари учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.

Боланинг ёки унинг оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли боланинг мактабгача таълим муассасасига келмаганлиги тегишли даволаш-профилактика муассасаси ёки участка шифокори томонидан бериладиган маълумотнома билан тасдиқланиши шарт.

Ота-оналардан бирининг ишдан (ўқишдан) бўш вақти даврида ёки бошқа сабабларга кўра бола мактабгача таълим муассасасига келмаслигига ота-оналардан бирининг сабаби кўрсатилган ҳолда мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти номига олдиндан ёзган аризаси (билдиришномаси) асос бўлиб ҳисобланади. Бунда боланинг бир йилда кўпи билан 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатгача мактабгача таълим муассасасига келмаслигига рухсат берилади.

Боланинг уйда қолган бошқа барча ҳолларида мактабгача таълим муассасасида бола таъминоти учун тўловлар умумий асосларда тўланади.


14. Ота-онанинг олдиндан берган ёзма аризасига асосан, боланинг мактабгача таълим муассасасига қатнаши бутунлай тўхтатилган тақдирда, тўлов тўлиқ бўлмаган ой учун, яъни бола амалда мактабгача таълим муассасасига қатнаган кунлар учун тўланади.

Боланинг мактабгача таълим муассасасига қатнаши вақтинча ёки бутунлай тўхтатилиши тўғрисида ота-онанинг ёзма аризаси бўлмаган ҳолларда тўлов тўлиқ ой учун ҳисобланади ва умумий асосларда ундирилади.

Боланинг мактабгача таълим муассасаларида тўлов тўланган даврдан ортиқ муддатда бўлишига ушбу ой учун тўловнинг қолган қисми тўлангандан сўнг, йўл қўйилади.



4-БОБ. МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАРДА БОЛАЛАР

ТАЪМИНОТИ УЧУН ТЎЛОВ ҲИСОБ-КИТОБИ


15. Мактаб-интернатдаги бола таъминоти учун тўловнинг бир кунлик қиймати бир ойлик тўлов миқдорини шу ой мобайнидаги иш кунлари сонига бўлиш орқали аниқланади.


16. Боланинг ёки оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли бола мактаб-интернатга кетма-кет уч кундан ортиқ келмаган давр учун тўланган тўловлар кейинги ой учун тўловни амалга оширишда ҳисобга олинади. Бунда боланинг келмаган кунлари сони бир кунлик тўлов миқдорига кўпайтирилиб, кейинги ой учун тўлов суммаси чиққан суммага камайтирилади. Агар боланинг келмаган кунлари учун тўлов ҳали амалга оширилмаган бўлса, жорий ой учун тўланиши лозим бўлган тўлов миқдори у келмаган кунлар учун ҳисобланган тўлов суммасига камайтирилади.

Боланинг ёки унинг оила аъзоларининг касаллиги, карантин ҳолатида бўлганлиги туфайли боланинг мактаб-интернатга келмаганлиги тегишли даволаш-профилактика муассасаси ёки участка шифокори томонидан бериладиган маълумотнома билан тасдиқланиши шарт.

Боланинг уйда қолган бошқа барча ҳолларида мактаб-интернатда бола таъминоти учун тўловлар умумий асосларда тўланади.


17. Ота-онанинг олдиндан берган ёзма аризасига асосан, боланинг мактаб-интернатда бўлиши вақтинчалик ёки бутунлай тўхтатилган тақдирда, тўлов тўлиқ бўлмаган ой учун, яъни бола амалда мактаб-интернатда бўлган кунлар учун тўланади.

Боланинг мактаб-интернатда бўлиши вақтинча ёки бутунлай тўхтатилиши тўғрисида ота-онанинг ёзма аризаси бўлмаган ҳолларда тўлов тўлиқ ой учун ҳисобланади ва умумий асосларда ундирилади.

Боланинг мактаб-интернатда тўлов тўланган даврдан ортиқ муддатда бўлишига ушбу ой учун тўловнинг қолган қисми тўлангандан сўнг, йўл қўйилади.


18. Ёзги таътиллар даврида мактаб-интернатларда болалар таъминоти учун тўлов ундирилмайди.



5-БОБ. КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ОИЛАЛАР

БОЛАЛАРИНИ ТЎЛОВЛАРДАН ОЗОД ҚИЛИШ


19. Мактабгача таълим муассасаларидаги (мактаб-интернатлардаги) болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинади. Бунда биринчи навбатда ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногирони бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.


20. Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномага ва тегишли мактабгача таълим муассасаси (мактаб-интернати) ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.


21. Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати ҳар ўқув йилининг 25 сентябрь кунига қадар тегишли мактабгача таълим муассасаси (мактаб-интернати) раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади.


22. Рўйхатига кирмай қолган, шунингдек йил давомида аниқланган кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобидан захира шакллантирилади.


23. Тўловдан озод қилинган болаларнинг мактабгача таълим муассасасига (мактаб-интернатга) қатнаши (бўлиши) тўхтатилиши натижасида бўшаб қолган ўринлар захирадан тўлдириб борилади. Бунда бўшаб қолган ўринлар мазкур Низомнинг 19-бандига асосан имтиёзга эга бўлган болаларни биринчи навбатда танлаб олиш тамойилига риоя қилган ҳолда тўлдириб борилади.


24. Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати у тасдиқлангандан кейин ўқув йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


25. Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатларда болалар таъминоти учун тўловларнинг кирим қилиниши ва уларнинг мақсадли сарфланиши бўйича бюджет ҳисоби ва ҳисоботи мазкур муассасаларнинг бухгалтерияси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


26. Болалар таъминоти учун тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, ўз муддатида тўланиши, ҳисоби ва ҳисоботининг юритилиши, тушган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий назорат-тафтиш бошқармалари томонидан амалга оширилади.


27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


28. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган.






Низомга

ИЛОВА



Мактабгача таълим муассасаларида

болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови

ундирилмайдиган болаларнинг жисмоний

ёки ақлий ривожланишидаги нуқсонлари

РЎЙХАТИ


1. Нутқидаги оғир нуқсонлар (ринолалия, дудуқланиш, болалар афазияси, руҳий-нутқий ривожланишда орқада қолиш).


2. Эшитишдаги оғир нуқсонлар (II - IV даражадаги карлик).


3. Кўришдаги оғир нуқсонлар (кўзи ожизлар, бир кўзи соққаси йўқлиги (анофтальм), амблиопия ва ғилай бўлган заиф кўрадиганлар).


4. Таянч-ҳаракатланишидаги нуқсонлар (бош мия, бўйин, кўкрак қафаси, умуртқа, бўғимлар ва оёқлар операцияларининг барча турларидан кейинги ҳолати; бўйин, кўкрак қафаси, умуртқанинг идиапатик деформациялари; кифоз; лордоз; кифосколиоз; оёқ панжалари фалажи; таянч-ҳаракатланиш аъзоси ривожланиши аномалиялари; артрозоартритлар; остехондропатия; хондродистрофия; болалар церебрал фалажи; менингоэнцефалитга чалингандан кейин ҳамда туғруқ асоратларидан кейинги таянч-ҳаракатланиш аъзоларининг барча патологиялари (гемипарез, парапарез, монопарез ва шу турдаги плегиялар); полирадикулоневритлар ва уларнинг асоратлари).


5. Психик ривожланишда орқада қолиш (ақлий орқада қолиш (ақлий фаолиятининг орқада қолиши ва ақлий заифликнинг енгил даражаси).


6. Мураккаб нуқсонлар (ривожланишда икки ва ундан ортиқ нуқсонлар мавжудлиги).


7. Сил касаллигининг илк кўриниши (сил касаллиги билан касалланган бемор билан бир оиладан (хўжаликдан) бўлиб алоқада бўлганлар, тубвираж), шунингдек сил касаллигидан кейинги тиклаш даври.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 29 август, 34-сон, 406-модда