язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Бошқа масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 11.05.2015 й. 18-1404/921-сон Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

11.05.2015 й.

N 18-1404/921


(КЎЧИРМА)




Юридик шахс томонидан унинг устав мақсадларига зид ҳолда тузилган ёки тегишли фаолият билан шуғулланишга лицензияси бўлмаган юридик шахс томонидан тузилган битим унинг муассиси (иштирокчиси) ёки ваколатли давлат органининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин


Низом асосида фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон Карлар жамиятига қарашли Қарши ўқув ишлаб чиқариш корхонаси - “сотувчи” (бундан буён матнда - даъвогар) ва Қарши шаҳар КТ “Азиз” номли Қарши илмий ўқув ишлаб чиқариш тиббиёт маркази - “сотиб олувчи” (бундан буён матнда - жавобгар) ўртасида 2001 йил 8 февралда 5-сонли олди-сотди шартномаси тузилган.

Шартномага асосан даъвогар томонидан ўзига тегишли бўлган Қарши шаҳар, Ш. Ўлжабоев кўчаси, 1 “а” уйда жойлашган 3 қаватли, умумий майдони 937,5 кв.м бўлган бино жавобгарга 40 000 000 сўмга сотилган.

Кейинчалик тарафлар ўртасида 2004 йил 4 февралда ушбу шартномага қўшимчалар киритиш тўғрисида келишув тузилган. Ушбу келишувга кўра шартнома “сотилаётган маъмурий бино тўғрисидаги ер охиригача ҳамда чап томондан камида тўрт метр кириш жойи бино билан бирга Қарши тиббиёт марказига ўтади” деган мазмундаги 1.3-банд билан тўлдирилган.

Шартномага қўшимчалар киритиш ҳақидаги ушбу келишувда жамиятнинг Марказий бошқарув ҳайъати розилиги олинмасдан бинолар жавобгарга бериб юборилганлиги, жамият Уставининг 7.2-бандида жамиятга қарашли бўлган бинолар, иншоотлар, турар жой фонди фақат жамиятнинг Марказий бошқарув ҳайъати рухсати билан сотилиши ёки берилиши белгиланганлиги, лекин корхона томонидан ушбу бинолар жавобгарга ноқонуний равишда берилганлиги асоси билан даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, тарафлар ўртасида тузилган шартномага 2004 йил 4 февралда киритилган қўшимча келишувни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация шикоятида, даъвогар билан жамият устави асосида шартнома ва унга қўшимча келишув тузилганлиги, даъвогар алоҳида ўз мол-мулки ва балансига эга юридик шахс ҳисобланишини, қонунда бино сотилганида бино остидаги ва фойдаланмайдиган ер майдони ҳам тўғридан-тўғри сотиб олувчига ўтади деб белгиланганлиги, лекин судлар томонидан ушбу ҳолатларга баҳо берилмаганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари асосида муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасида 2001 йил 8 февралда тузилган 5-сонли олди-сотди шартномасига асосан даъвогар томонидан ўзига тегишли бўлган Қарши шаҳар, Ш. Ўлжабоев кўчаси, 1 “а” уйда жойлашган 3 қаватли, умумий майдони 937,5 кв.м бўлган бино жавобгарга 40 000 000 сўмга сотилган.

Кейинчалик тарафлар ўртасида 2004 йил 4 февралда ушбу шартномага қўшимчалар киритиш тўғрисида қўшимча келишув тузилиб, унга кўра шартнома “сотилаётган маъмурий бино тўғрисидаги ер охиригача ҳамда чап томондан камида тўрт метр кириш жойи бино билан бирга Қарши тиббиёт марказига ўтади” деган мазмундаги 1.3-банд билан тўлдирилган.

Ўзбекистон Карлар жамиятининг 2005 йил 30 июнда бўлиб ўтган 16-қурултойида тасдиқланган Ўзбекистон карлар жамияти Уставининг 7.2-бандида жамиятга қарашли бўлган бинолар, иншоотлар, турар-жой фонди фақат жамиятнинг марказий Бошқарув ҳайъати рухсати билан сотилиши ёки берилиши белгиланган.

Бироқ, даъвогар томонидан жамиятнинг Уставига зид равишда Бошқарув ҳайъати рухсатисиз жамиятга тегишли бўлган бино 2004 йил 4 февралдаги қўшимча келишувга асосан жавобгарга бериб юборилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда - ФК) 125-моддасига кўра юридик шахс томонидан унинг устав мақсадларига зид ҳолда тузилган ёки тегишли фаолият билан шуғулланишга лицензияси бўлмаган юридик шахс томонидан тузилган битим унинг муассиси (иштирокчиси) ёки ваколатли давлат органининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Даъвогар томонидан жамиятга тегишли бўлган бино жамиятнинг Уставига зид равишда 2004 йил 4 февралдаги қўшимча келишувга асосан жавобгарга бериб юборилганлиги боис, биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириб, тарафлар ўртасида тузилган ушбу қўшимча келишувни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида тўғри хулосага келган. Апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, қонуний тўхтамга келган.

Чунки, ФК 113-моддасининг биринчи қисмига кўра битим ушбу Кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъи назар, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим).

ФКнинг 116-моддасига кўра қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важлар суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўла олмайди деб ҳисоблаб, суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ 480 525 сўм давлат божи ҳамда ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини жавобгардан ундиришни, тўланган 7 000 сўм почта харажатини эса унинг зиммасида қолдиришни лозим топади.