язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.08.2016 й. 253-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 8 августдаги

253-сон қарорига

ИЛОВА



Ветеринария хизмати мутахассисларининг

малакасини ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ветеринария хизмати тизимига кирувчи ташкилотларнинг раҳбар ва мутахассислари (кейинги ўринларда ветеринария хизмати мутахассислари деб аталади) малакасини ошириш тартибини белгилайди.


2. Давлат ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича мутахассисликлар ва лавозимлар номенклатураси Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) томонидан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) томонидан тасдиқланади.

3. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази (кейинги ўринларда Малака ошириш маркази деб аталади) ветеринария хизмати мутахассислари малакасини оширишнинг базавий методик маркази ҳисобланади, Марказ ветеринария хизмати мутахассислари малакасини оширувчи олий таълим муассасаларида таълим жараёнини такомиллаштиришнинг илмий-методик асосларини, ўқув-методик ҳужжатларини ишлаб чиқишни ташкил этади, механизмлари ва методларини белгилайди.

Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш (кейинги ўринларда малака ошириш деб аталади) Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти, Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали томонидан, тўлов-контракт асосида, ветеринария хизмати тизимига кирувчи ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш тизимининг ташкилий тузилмаси ушбу Низомга 1-иловада келтирилган.


4. Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш курсларида ўқитиш ишлаб чиқаришдан ажралган, асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва эгаллаб турган лавозими сақланган ҳолда амалга оширилади.


5. Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш ушбу Низомнинг 2-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ ТИЗИМИНИ БОШҚАРИШ


6. Вазирлик:

малака ошириш тизимига умумий раҳбарликни амалга оширади;

малака ошириш бўйича олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўради;

малака оширишга юборилаётган ветеринария хизмати мутахассисларининг ўқув режалари ва дастурларини, шунингдек малака оширувчиларнинг тузилган рўйхатини тасдиқлайди.


7. Қўмита:

малака оширишга юборилаётган ветеринария хизмати мутахассисларининг ҳар йилги рўйхатини шакллантиради;

малака оширишнинг тўлиқ ҳамда сифатли ўтказилиши юзасидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширади;


8. Малака ошириш маркази:

малака оширишнинг илмий-услубий асосларини, ўқув-услубий ҳужжатларини, ягона таълим механизмини ишлаб чиқиш ишларини ташкил қилади;

минтақалар учун хос бўлган ҳайвонлар касалликларини ҳисобга олган ҳолда малака ошириш курсларининг ўқув режаси ва дастурларини шакллантиради;

малака ошириш курсларида таълим жараёнини такомиллаштириш механизмларини ва методларини белгилайди;

ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги илғор хорижий тажрибани умумлаштирган ҳолда даволаш ва диагностиканинг замонавий, самарали усуллари ва методларининг, янги технологияларнинг ўқув жараёнига жорий қилинишини таъминлайди;

малака ошириш бўйича хорижий тажрибани ва илғор таълим муассасалари ютуқларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

малака ошириш курсларининг зарур даражада ташкил этилиши ва ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.


9. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти, Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали:

тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари асосида малака ошириш курсларини ташкил қилади;

олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олимлари, ветеринария хизмати мутахассислари, амалиётчи мутахассисларнинг малака ошириш курсларида машғулотларни ўтказишга қонунчиликда белгиланган тартибда, меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари билан жалб этилишини таъминлайди;

малака ошириш йўналишлари бўйича зарур ахборот-маълумотлар базасини шакллантиради, малака ошириш жараёни учун замонавий инновация ва ахборот-коммуникация технологиялари ишлаб чиқилишини ва уларнинг малака ошириш жараёнига жорий этилишини ташкил қилади;

ветеринария хизмати мутахассисларига малака ошириш даврида олий таълим муассасаларининг ётоқхоналарида яшаш жойи бериш чораларини кўради;

малака ошириш натижаларининг ички мониторингини юритади.


10. Ветеринария хизмати тизимига кирувчи илмий-тадқиқот институтлари, ташкилотлар, чорвачилик хўжаликлари:

малака ошириш амалиётини ўташга кўмаклашадилар;

илмий билимлар ва ветеринария амалиётининг ўзаро боғлиқлигини таъминлайдилар.



3-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


11. Ветеринария хизмати мутахассисларининг ветеринария соҳасидаги халқаро тажрибани ўзлаштиришини, зарур касбий билим ва кўникмаларни янгилашини, малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ уларнинг касбий лаёқати ва маҳоратининг доимий ривожланишини таъминлаш малака оширишнинг мақсади ҳисобланади.


12. Қуйидагилар малака оширишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

касбий лаёқат ва маҳоратни янада ошириш;

ветеринария хизмати мутахассисларининг мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек уларнинг билимларини янада такомиллаштириш;

ахборот технологиялари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи имкониятларидан ишда фойдаланишнинг амалий кўникмаларини шакллантириш;

ветеринария хизмати мутахассисларига ҳайвонларни даволаш ва профилактика қилишнинг замонавий методларини, шунингдек ветеринария-санитария тадбирларини ўтказишда қўлланадиган технологиялар хусусиятларини ўргатиш;

ветеринария хизмати мутахассисларига ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бўйича назарий билимлар бериш.



4-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ ЖАРАЁНИНИНГ МАЗМУНИ

ВА СИФАТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


13. Таълим жараёнининг мазмуни ва сифатига қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида" ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ белгиланади.


14. Малака ошириш тизимида мутахассисликлар йўналишлари бўйича ўқув режалари ва дастурлари Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг етакчи мутахассислари ва профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан, илмий-тадқиқот институтлари, лабораториялар, чорвачилик хўжаликларининг етакчи олимлари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда улар таълим жараёнини услубий таъминлашнинг ажралмас қисми ҳисобланади.


15. Ўқув дастурлари қуйидагилардан иборат бўлади:

аннотация;

кириш (ўқув дастурининг мақсади ва вазифалари, кутилаётган натижалар);

асосий қисм (лекциялар, амалий ва кўчма машғулотлар мавзулари, уларни ўтказиш бўйича тавсиялар, зарур билимлар ва кўникмалар рўйхати, ўқув юкламаси ҳажми, ўқув адабиётлари ва монографиялар рўйхати).


16. Ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқишда соатларнинг модуллар бўйича 10% гача ўзгартирилишига рухсат этилади.


17. Ўқув дастури мазмунига қўйиладиган талаблар ветеринария хизмати мутахассисларининг касбий тавсифномасига қатъий мувофиқ равишда уларнинг зарур билим ва кўникмаларни эгаллашини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Ўқув режалари ва дастурларида ветеринария фани, техникаси, технологиялари соҳасидаги ютуқлар акс эттирилиши, шунингдек улар ветеринария таълим тизимида ягона узвийлик ва изчилликни таъминлаш талабларига жавоб бериши зарур.


18. Малака ошириш амалиёти ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ илмий-тадқиқот институтларида, ветеринария тизимига кирувчи ташкилотларда, етакчи чорвачилик хўжаликларида ўтказилади, унда даволаш-диагностика усулларини аниқлаш бўйича билимларни ўзлаштириш ва ветеринария хизмати мутахассисларини ветеринария соҳасидаги фан ва технологияларнинг янги ютуқлари билан таништириш кўзда тутилиши керак.



5-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ МУДДАТЛАРИ


19. Малака ошириш курсларининг давомийлиги қуйидагича бўлади:

раҳбарлар учун - 1 ҳафтадан 2 ҳафтагача (36 - 72 соат);

мутахассислар учун - камида 4 ҳафта (144 соат).


20. Раҳбарларни қисқа муддатли (36 - 72 соат) ўқитиш курслари уларга ветеринария соҳасини бошқаришнинг замонавий методларини ўргатиш мақсадида ўтказилади.


21. Малака ошириш курсларига ветеринария хизмати тизимида камида 3 йил ишлаган, бакалавр, магистр даражасига ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган ветеринария хизмати мутахассислари юборилади.


22. Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш тизимида ҳафталик ўқиш юкламаси кўпи билан 36 соатни ташкил қилади.



6-БОБ. ВЕТЕРИНАРИЯ ХИЗМАТИ МУТАХАССИСЛАРИГА

МАЛАКА ТОИФАЛАРИ БЕРИШ


23. Малака ошириш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган ветеринария хизмати мутахассисларига белгиланган тартибда малака ошириш курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги сертификат ҳамда иккинчи, биринчи ва олий малака тоифалари берилади.


24. Ветеринария хизмати мутахассисларига малака тоифаси 5 йил муддатга берилади. Ушбу муддат ўтгандан кейин ветеринария хизмати мутахассислари ўз малака тоифасини ошириши шарт.


25. Иккинчи малака тоифасини олиш учун ветеринария хизмати мутахассислари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

а) даволаш, профилактика ишлари ва диагностика усулларини эркин қўллашдаги билимлари, махсус анжомлардан фойдаланиш кўникмалари даражаси;

б) малака ошириш курсларидаги ўқиш натижалари.


26. Биринчи малака тоифасини олиш учун ветеринария хизмати мутахассислари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

а) ветеринария хизмати раҳбарияти томонидан ветеринария хизмати мутахассиси учун зарур бўлган билим ва кўникмалар даражаси, ўз фаолиятида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш маҳорати, шунингдек илмий ва назарий билимлари даражаси тўғрисида берилган ижобий фикрноманинг мавжудлиги;

б) иккинчи малака тоифасига эгалиги ва ветеринария хизмати мутахассислигида камида 3 йиллик иш тажрибаси бўлиши (иккинчи малака тоифаси берилган санадан бошлаб);

в) малака ошириш курсларидаги ўқиш натижалари.


27. Олий малака тоифасини олиш учун ветеринария хизмати мутахассислари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

а) ветеринария хизмати раҳбарияти томонидан ветеринария хизмати мутахассисининг ветеринария соҳасидаги илмий ютуқларни умумлаштириш ва амалиётга татбиқ этиш кўникмалари, шунингдек пайдо бўладиган касбий тармоқ масалаларини ҳал этишга ижодий ёндашиш қобилияти даражаси тўғрисида берилган ижобий фикрноманинг мавжудлиги;

б) биринчи малака тоифасига эгалиги ва ветеринария хизмати мутахассислигида камида 3 йиллик иш тажрибаси бўлиши (биринчи малака тоифаси берилган санадан бошлаб);

в) малака ошириш курсларидаги ўқиш натижалари.


28. Илмий даражага эга бўлган ветеринария мутахассисларига олий малака тоифаси берилади. Бунда уларга ушбу Низом 27-бандининг "б" ва "в" кичик бандлари талаблари татбиқ этилмайди.



7-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


29. Ветеринария хизмати мутахассисларининг малака ошириш сифатини баҳолаш ва назорат қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) ички назорат қуйидагилардан иборат бўлади:

базавий билимларини баҳолаш;

янги билимлар, кўникмалар ва касбий маҳоратини жорий назорат қилиш;

мутахассислик бўйича аттестация натижалари юзасидан якуний назорат;

б) Қўмита, шунингдек ветеринария хизмати тизимига кирувчи бошқа ташкилотлар томонидан ташқи назорат.

30. Якуний назоратни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича аттестация комиссияси (кейинги ўринларда Аттестация комиссияси деб аталади) таркиби Ветеринария бош бошқармаси билан олдиндан келишган ҳолда тегишли олий таълим муассасалари раҳбарлари томонидан тасдиқланади.


31. Малака тоифаси бериш бўйича аттестация натижалари Аттестация комиссияси мажлисида эълон қилинади ва Аттестация комиссиясининг протоколи тарзида расмийлаштирилади.



8-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ КУРСЛАРИНИ

ТАМОМЛАГАНЛИК ТЎҒРИСИДА ҲУЖЖАТ


32. Ветеринария хизмати мутахассислари малака ошириш курсларидан ўтганлик тўғрисидаги сертификат (кейинги ўринларда сертификат деб аталади) мазкур Низомнинг 3-иловасидаги шакл бўйича 5 йил муддатга берилади.


33. Сертификат қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади, ҳисоб серияси, рақами ва ҳимоя элементига эга бўлиши керак.

Сертификат бланкалари Малака ошириш маркази буюртмасига мувофиқ, белгиланган тартибда тайёрланади.

Малака ошириш маркази сертификатларнинг ҳисобини юритиш, сақлаш ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун жавобгар ҳисобланади.


34. Малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича аттестациядан ўта олмаган ветеринария хизмати мутахассислари 6 ой мобайнида ўз маблағлари ҳисобига тўлов асосида ушбу курслардан ўтади.

Малака ошириш курсларидан такроран ўтган, лекин ўқиш якунлари бўйича аттестациядан ўта олмаган ветеринария хизмати мутахассисларининг малака тоифаси пасайтирилади ёки уларнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги тўғрисидаги масала белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


35. Ветеринария хизмати мутахассислари Аттестация комиссиясининг қароридан норози бўлса, улар натижалар эълон қилинган вақтдан бошлаб уч кун мобайнида олий таълим муассасаси раҳбари номига ариза билан мурожаат этиши мумкин. Бу ҳолда олий таълим муассасаси раҳбари буйруғи билан 3 (уч) кишидан кам бўлмаган таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади. Апелляция комиссияси ветеринария хизмати мутахассисининг аризасини шу куннинг ўзида кўриб чиқади ва ўз хулосасини беради.



9-БОБ. СЕРТИФИКАТ ДУБЛИКАТИНИ БЕРИШ


36. Йўқотиб қўйилган ёки фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган сертификатлар ўрнига унинг эгаси томонидан берилган ёзма аризага биноан уч кун мобайнида сертификатнинг дубликати берилади.


37. Сертификатнинг дубликатида унинг аввалги рўйхатдан ўтказиш рақами ва ҳужжатнинг амал қилиш муддати кўрсатилади, унга "Дубликат" сўзи ёзиб қўйилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


38. Ушбу Низом талабларини бажариш муносабати билан пайдо бўладиган низолар белгиланган тартибда ҳал этилади.


39. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ветеринария хизмати мутахассислари

малакасини ошириш тизимининг

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ





Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

















Давлат ветеринария қўмитаси













































     

Самарқанд ветеринария

медицинаси институти

Давлат ветеринария қўмитаси республика таркибий бўлинмалари мутахассисларининг малакасини ошириш;

Жиззах, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ветеринария хизмати ҳудудий ташкилотлари мутахассисларининг малакасини ошириш.

Тошкент давлат

аграр университети


Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри ветеринария хизмати ҳудудий ташкилотлари мутахассисларининг малакасини ошириш.

Тошкент давлат аграр

университетининг

Нукус филиали


Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ветеринария хизмати ҳудудий ташкилотлари мутахассисларининг малакасини ошириш.

        





Низомга

2-ИЛОВА



Ветеринария хизмати мутахассислари малакасини

ошириш курсларини ташкил этиш

СХЕМАСИ

         

Босқичлар


Тадбирлар


Масъуллар


Бажариш

муддатлари

1-босқич


        

Ветеринария хизматининг малака оширишга юбориладиган мутахассислари рўйхатини шакллантириш, ўқув режаси ва дастурини тасдиқлаш.

     


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат ветеринария қўмитаси, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти


Ҳар йили

15 ноябргача

2-босқич


  

Ўқув жараёни:


2.1. Машғулотлар Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида, Тошкент давлат аграр университетида ва Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалида ўтказилади.


2.2. Илмий-тадқиқот институтларида, ветеринария хизмати тизимига кирувчи ташкилотларда, етакчи чорвачилик хўжаликларида малака амалиётидан ўтиш.

    


2.1. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти, Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали


2.2. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти, Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали, Давлат ветеринария қўмитаси


Ҳар йили июнь-июль ойларида - раҳбарлар учун;


тасдиқланган ўқув режаси бўйича - ветеринария хизмати мутахассислари учун

3-босқич


   

Сертификат бериш:


3.1. Аттестация натижалари.


3.2. Ижобий баҳо олган ветеринария хизмати мутахассисларига аттестация натижалари бўйича ва Аттестация комиссиясининг қарорига биноан сертификат берилади. Аттестациядан ўтмаган ветеринария хизмати мутахассисларига сертификат берилмайди. 

      


Аттестация

комиссияси


Курс

тугагандан

кейин

          





Низомга

3-ИЛОВА



     

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

Ветеринария хизмати мутахассислари малакасини

ошириш курсларидан ўтганлик тўғрисида

СЕРТИФИКАТ


MO N 000000

20___ йил "___" _____________

______________________

(берилган жойи)

            

(фамилияси, исми, отасининг исми)

20___ йил "____" ____________дан 20___ йил "____" ________________гача


даги

(таълим муассасасининг номи)



да

(малака ошириш курсларининг номи)


____________________ соатли курслардан муваффақиятли ўтди.

Аттестация комиссиясининг 20___ йил "____" _____________даги "____"-сон қарорига биноан унга


малака тоифаси берилди.

(олий, биринчи, иккинчи)


Аттестация

комиссиясининг раиси





(имзо)


(фамилияси,исми, отасининг исми)

М.Ў.

Амал қилиш муддати: 5 йил

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 15 август, 32-сон, 389-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 8-сон, 76-модда