язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Суд қарорларини ижро этиш билан боғлик масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 13.01.2015 й. 18-1407/22191-сон Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

13.01.2015 й.

N 18-1407/22191


(КЎЧИРМА)




Низо хўжалик судига тааллуқли бўлмаганлиги учун низо бўйича иш юритиш тугатилган


Тошкент шаҳар "Uz CLAAS Service" масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда - МЧЖ) хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг Қашқадарё вилоят бошқармаси (бундан буён матнда - Бошқарма) ва Миришкор туман суд ижрочилари бўлими (бундан буён матнда - Бўлим) суд ижрочиларига нисбатан суд ҳужжатларини ижро этмаганлиги учун мансабдор шахсларни жавобгарлигини ҳал этишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида Бошқарма ва бўлим суд ижрочилари томонидан суднинг ижро ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонун талаблари асосида ижро этилмаганлиги биринчи инстанция суди томонидан инобатга олинмаган ҳолда арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилганлиги важ қилиб келтирилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, аризани қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Протестда эса, мазкур талаб хўжалик судларига таалуқли бўлмаганлиги сабабли, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва арз қилинган талаб бўйича иш юритишни тугатиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикояти ва протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва мазкур иш бўйича иш юритишни тугатишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 10-1408/265-сонли хўжалик иши бўйича қабул қилган ҳал қилув қарорига асосан 2014 йил 3 мартда ижро варақаси берилган.

Мазкур ижро ҳужжатига кўра, жавобгар Миришкор туманидаги "Миришкор Турон Агротехсервис МТП" МЧЖ ҳисобидан Тошкент шаҳридаги МЧЖ фойдасига 334 085 113 сўм асосий қарз, 15 000 000 сўм пеня ва 4 016 221,36 сўм суд харажатлари ундириш белгиланган.

МЧЖнинг 2014 йил 2 апрелдаги 335-сонли суд ижро варақасини мажбурий ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномаси Бошқармага 19 август куни тақдим этилган ва Бошқарма вакили И.Пирназаров томонидан қабул қилинганлиги имзоси билан тасдиқланган.

Суд ижрочиси томонидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор 2014 йил 27 август куни чиқарилган ва қарздор тарафга юборилган. 2014 йилнинг 12 сентябрида қарздорнинг мол-мулкларини хатлаш тўғрисида далолатнома тузилган.

Биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида нотўғри хулосага келган.

Чунки, мансабдор шахсларга нисбатан моддий, интизомий турдаги чоралар қўллаш тўғрисидаги талаблар корхона ёки ташкилотларнинг рахбарияти ёки юқори турувчи органи томонидан амалга оширилади. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 152-моддасига кўра, низони кўриш вақтида ташкилотлар, давлат органи ва бошқа орган, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилгани аниқланган тақдирда хўжалик суди хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида" 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарорининг 1-бандида суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши кераклиги қайд этилган талабларга риоя этмаслик қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкинлиги, судлар томонидан барча масалаларни ҳал этмайдиган, юзаки, асослантирилмаган қарорларнинг қабул қилиниши мумкин эмаслиги ҳақида тушунтириш берилган бўлиб, суд томонидан мазкур Пленум қарори талабларига риоя этилмаган.

Биринчи инстанция суди моддий ҳуқуқ нормаларига эътибор қаратмасдан ҳамда иш ҳолатларига аниқлик киритмаган ҳолда ҳал қилув қарори қабул қилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида" 2005 йил 23 декабрдаги 136-сонли қарорининг 14-бандида кассация инстанцияси суди ишни кўриб чиқишда суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ текширилганлиги, суд аниқланган деб топган ҳолатларнинг исботланганлиги, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланганлигини текширишда суд кассация шикоятида баён этилган важлар билан чекланмаслиги ҳақида тушунтириш берилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмига кўра моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланиши тўғрисида" 2007 йил 15 июндаги 162-сонли қарорининг 25-бандида, даъво аризасини қабул қилишни рад этиш асослари ХПКнинг 117-моддасида назарда тутилган ва ушбу рўйхат кенгайтирилган тарзда талқин қилинмаслиги, агар ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш юритиш ХПК 86-моддаси биринчи қисмининг тегишинча 1 ва 3-бандларига асосан тугатилиши ҳақида тушунтириш берилган.

Судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди томонидан арз қилинган талабга нотўғри баҳо берилганлиги сабабли ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юзасидан янги қарор қабул қилишни, мазкур низо хўжалик судларига таалуқли бўлмаганлиги сабабли Хўжалик процессуал кодексининг 86-моддаси биринчи қисми 1-бандига асосан иш юритишни тугатишни, олдиндан тўланган суд харажатини МЧЖ зиммасида қолдиришни, ишни видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида олиб борилганлиги билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини МЧЖ ҳисобидан Олий хўжалик судининг депозит ҳисобига ундиришни лозим топади.