язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Боғдорчилик. Узумчилик. Сабзавотчилик. Пиллачилик/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.11.2016 й. 378-сон "Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги экин майдонлари таркибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.11.2016 й.

N 378



СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИДА ҚИШЛОҚ

ХЎЖАЛИГИ    ЭКИН    МАЙДОНЛАРИ

ТАРКИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Минтақанинг тупроққлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштиришни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экин майдонлари таркибини такомиллаштириш ҳисобига ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий барқарорлигини ошириш, Сурхондарё вилоятининг экспорт салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, "Ўзпахтасаноатэкспорт" ХК, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг:

2017-2019 йиллар даврида Сурхондарё вилоятида пахта майдонлари ва пахта хом ашёсининг ялпи йиғимини оптималлаштириш параметрлари тўғрисидаги 1-иловага* мувофиқ;

Сурхондарё вилоятида пахтадан бўшаётган ерларда 2017-2019 йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришнинг мақсадли параметрлари тўғрисидаги 2, 2а ва 2б-иловаларга* мувофиқ;

2017-2019 йиллар даврида Сурхондарё вилоятида экин майдонлари, асосий қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг ҳосилдорлиги ва ялпи йиғимининг прогноз параметрлари тўғрисидаги 3-иловага* мувофиқ;

Сурхондарё вилоятида 2017 йилда эски ва самарасиз боғлар ва узумзорларни кесиб ташлаш параметрлари тўғрисидаги 4-иловага* мувофиқ таклифларига розилик берилсин.


2. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан биргаликда экин майдонларининг унумдорлиги даражасини ва улардан фойдаланиш самарадорлигини, уларнинг сув билан таъминланганлигини, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини, фермер хўжаликларининг рентабеллигини пухта таҳлил қилиш асосида ушбу қарор билан тасдиқланган мақсадли параметрлардан келиб чиқиб 2017 йилда пахтадан бўшаган ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш учун фермер хўжаликлари бўйича пахтадан бўшаган ер майдонини бир ой муддатда аниқласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда пахтадан бўшаётган паст рентабелли ва мелиоратив жиҳатдан нобоп ерларни оптималлаштириш, эски ва самарасиз боғлар ва узумзорларни кесиш, шунингдек кейинчалик ушбу майдонларда сабзавот-полиз экинлари, картошка, интенсив боғлар ва узумзорларни жойлаштириш устидан қатъий назорат ўрнатсинлар.

4. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари халқ депутатлари туман кенгашлари билан биргаликда жорий йилнинг охиригача сессияларда пахтадан бўшаган ерларда сабзавотчилик, полизчилик, боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилган янги фермер хўжаликлари ташкил этиш масалаларини кўриб чиқсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази сабзавот, полиз экинларининг селекция навларини танлаш ва экиш, интенсив боғлар ва узумзорлар ташкил этиш, шунингдек ҳар бир туманнинг тупроққлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда агротехника тадбирларини амалга ошириш юзасидан тавсияларни икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва фермер хўжаликларига етказсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

ингичка толали пахта навлари майдонларини босқичма-босқич кенгайтириш ҳамда элита хўжаликларида ва бошқа уруғчилик хўжаликларида уруғлик чигитларни кўпайтириш;

республиканинг илмий-тадқиқот институтлари томонидан ишлаб чиқилган тавсияларга мувофиқ ингичка толали пахта навларини етиштиришнинг ресурсларни тежайдиган усулларини жорий этиш, қўш қаторли экин майдонларини кенгайтириш, ғўзани парвариш қилиш агротехникаси бўйича таклифлар киритсинлар.


7. "Ўзпахтасаноатэкспорт" ХК, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

пахтанинг бизнинг минтақамиз билан ўхшаш тупроққлим шароитларида етиштиришга мослаштирилган ингичка толали навлари чигитларини чет элдан сотиб олиш масаласини 2016 йил 15 ноябргача ишлаб чиқсинлар ва тегишли таклифни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар;

ишлаб турган пахта тозалаш заводларини ингичка толали пахта навлари хом ашёсини қайта ишлашга қайта ихтисослаштириш юзасидан икки ой муддатда таклифлар тайёрласинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК, "Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмаси, "Ўзвиносаноат-холдинг" ХК, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича йирик кластер корхоналар ташкил этишни, уларга тегишли экин майдонларини, шу жумладан пахтадан бўшайдиган ерларни бириктиришни назарда тутувчи мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш бўйича бир ой муддатда таклифлар тайёрласинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, "Ўзбекнефтгаз" МХК асбоб-ускуналар сотиб олиш ва Сурхондарё вилоятида полиэтилен плёнка ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этиш бўйича икки ой муддатда таклифлар киритсинлар.


10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда таклифлар киритсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаментига, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Э.М. Ғаниев ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Н. Мамараимов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                   Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 7 ноябрь, 44-сон, 514-модда