язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Фермер хўжаликлари/ Фермер хўжалигининг Намунавий устави (ЎзР ВМ 30.10.2003 й. 476-сон қарорига 6-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 30 октябрдаги

476-сон қарорига

6-ИЛОВА



Фермер хўжалигининг

НАМУНАВИЙ УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Фермер хўжалиги ўзига очиқ танлов асосида ижара шартномасига кўра узоқ муддатли ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи, юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлган мустақил хўжалик юритувчи субъект ҳисобланади.

2. Фермер хўжалиги туман (шаҳар) ҳокимлигида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс мақомини олади ва ўз номидан шартномалар тузиш, мулкий ва мулкий тусда бўлмаган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиш, шунингдек банк муассасасида ҳисоб рақами очиш, муҳр, штамп ва бошқа реквизитларга эга бўлиш ҳуқуқини олади, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.


3. Фермер хўжалиги давлат мажбуриятлари юзасидан, давлат эса фермер хўжалиги мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди.

Фермер хўжалиги ўз мажбуриятлари бўйича, шу жумладан тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ назарда тутилган ҳажмларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни таъминлаш, шунингдек етказиб берилган моддий-техника ресурслари ва кўрсатилган хизматлар учун ўз вақтида ҳақ тўлаш юзасидан мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки билан жавоб беради.

Фермер хўжалиги раҳбари фермер хўжалигининг мажбуриятлари бўйича фермер хўжалигининг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзига тегишли мол-мулки билан субсидиар жавоб беради.

4. Фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Фермер хўжалигининг мол-мулки дахлсиздир ва унинг давлат органлари томонидан олиб қўйилишига йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


5. Уставда:

фермер хўжалигининг номи;

фермер хўжалиги раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи;

фермер хўжалиги жойлашган жой ва унинг почта манзили;

фермер хўжалигининг ихтисослашуви ва фаолиятининг асосий турлари;

утав фондининг миқдори кўрсатилиши керак.

Фермер хўжалигининг уставида қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам кўрсатилиши мумкин.

6. Фермер хўжалигининг устави қонунда белгиланган тартибда ўзгартирилиши мумкин ҳамда тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар билан туман (шаҳар) ҳокимлигида рўйхатдан ўтказилиши лозим.



II. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ МАҚСАДИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФАОЛИЯТИ


7. Товар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўли билан даромад (фойда) олиш, ўзининг ижтимоий ва иқтисодий эҳтиёжларини қондириш фермер хўжалигининг мақсади ҳисобланади.


8. Фермер хўжалигининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ажратилган ер ва сув ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш;

тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш ҳамда ерларни муҳофаза қилиш;

мустақил равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уларни қайта ишлаш ва сотиш, шунингдек хизматлар кўрсатиш;

ветеринария қоидаларига риоя қилган ҳолда чорва молларининг маҳсулдорлигини ошириш.


9. Фермер хўжалигининг фаолият соҳаси қуйидагилардан иборат:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, шунингдек бозорларда, шу жумладан ўз савдо шохобчалари орқали сотиш;

тижорат фаолияти ва маркетинг тадқиқотларини ташкил қилиш;

юридик ва жисмоний шахсларга пулли хизматлар кўрсатиш;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

фаолиятнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турларини амалга ошириш.



III. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Фермер хўжалиги юридик шахс сифатида мустақил хўжалик юритувчи субъектнинг барча ҳуқуқларига эга бўлади. Фермер хўжалиги тадбиркорлик шаклларидан бири бўлиб, ташкил этилишидан кўзланган мақсадларга эришиш учун шу мақсадларга монанд тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга ҳақлидир. Фермер хўжалиги хўжалик юритишнинг бошқа шаклларидаги корхоналар билан тенг ҳуқуқларга эга.


11. Фермер хўжалиги:

ихтисослашувга мувофиқ, уставда ва ижара шартномасида назарда тутилган берилган ер участкасида фермер хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш;

ихтисослашувни ҳисобга олган ҳолда ва тузилган контрактация шартномалари асосида қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш;

харид қилинадиган маҳсулотга олдиндан ҳақ тўланган ҳолда фьючерс контрактлари тузиш;

етиштирилган маҳсулотни тасарруф этиш, шу жумладан ўз хоҳишига кўра истеъмолчиларга сотиш ҳуқуқига эга бўлиш;

етиштириладиган маҳсулотга, бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматларга нарх белгилаш;

электр энергияси, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситаларини етказиб беришга, сув хўжалиги, техник хизматлар ва бошқа хизматлар кўрсатишга шартномалар тузиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ солиниши керак бўлган тадбиркорлик фаолиятидан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олиш;

олинган даромадларни (фойдани), банк муассасасидаги ўзининг ҳисоб рақамларидаги мавжуд пул маблағларини тасарруф этиш;

акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни сотиб олиш;

кредитлар олиш, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкини шартнома шартларида жалб этиш ҳамда уларни ишлаб чиқаришга ва такрор ишлаб чиқаришга йўналтириш;

кредитлар олиш учун ўз мол-мулкини гаровга қўйиш, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи;

кичик ва хусусий корхоналар учун берилган имтиёзлар ва преференцияларнинг барча турларидан фойдаланиш;

зарур асбоб-ускуналарни, ишлаб чиқариш воситалари ва бошқа мол-мулкни сотиб олиш, ижарага олиш, бинолар ва иншоотлар қуриш ва уларни таъмирлаш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Фермер хўжалиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

12. Фермер хўжалиги:

қонун ҳужжатларида ва ижара шартномасида белгиланган шартларда ер участкасидан мақсадли, самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлашга;

экологик талабларга ва атроф муҳит муҳофазасининг бошқа қоидаларига риоя қилишга;

ер участкасининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унинг унумдорлигини сақлаш ва ошириш тадбирларини амалга оширишга, бизнес-режада ушбу мақсадлар учун маблағлар ажратилишини назарда тутишга;

ер участкаси берилган пайтдан бошлаб, агар ижара шартномасида бошқа муддат белгиланмаган бўлса, бир йил мобайнида ер участкадан фойдаланишни бошлашга;

пахта ва бошоқли экинларни навлар бўйича жойлаштиришнинг белгиланган талабларига риоя қилишга;

сув истеъмоли тўғрисидаги шартномага мувофиқ сув ресурсларидан фойдаланишга, сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўришга;

ушбу фермер хўжалиги аъзо ҳисобланган Сув истеъмолчилари уюшмаси балансидаги суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини тозалаш ва таъмирлаш ишида белгиланган тартибда қатнашишга, шунингдек уларни техник соз ҳолатда сақлашга, фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя қилишга;

сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи полосалар, сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналарини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби ва шартларига риоя қилишга;

ер участкасини оғирлаштириш шартларига ва сервитутларга риоя қилишга;

тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари назарда тутилган ҳажмлар доирасида етказиб берилишини таъминлашга;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек кўрсатилган хизматлар учун тўловларни белгиланган тартибда ўз вақтида тўлашга;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда агротехника талабларига риоя қилишга;

қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишни таъминлашга;

меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига, ўз ходимларининг хавфсиз меҳнат шароитларига риоя қилишни таъминлашга мажбурдир.

Фермер хўжалиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.


IV. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ

УСТАВ ФОНДИ, МОЛ-МУЛКИ ВА УНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


13. Уставда фермер хўжалигининг пул маблағлари, қимматли қоғозлар, бинолар, иншоотлар, бошқа мол-мулк ёки пул баҳосидаги мулкий ҳуқуқлардан ҳосил бўлиши мумкин бўлган устав фонди миқдори кўрсатилади. Бунда фермер хўжалигининг устав фондига фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаси бериш бўйича танловда фермер хўжалиги бошлиғи томонидан берилган аризада кўрсатилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари мажбурий тартибда киритилади.

Агар фермер хўжалиги раҳбари фермер хўжалигининг устав фондини шакллантиришда унинг оиласининг умумий (улушли ёки биргаликдаги) мол-мулкини фермер хўжалигига берган тақдирда, ушбу мулк барча эгаларининг нотариал тасдиқланган розилигини олиш талаб қилинади.

Фермер хўжалигининг устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш фермер хўжалиги раҳбарининг қарорига кўра фермер хўжалиги уставига ўзгартириш киритиш йўли билан амалга оширилади.

14. Фермер хўжалиги:

ўзига қарашли хўжалик иморатлари, қишлоқ хўжалиги экинзорлари ва кўчатзорлари, дов-дарахтлар, маҳсулдор чорва моллари, паррандалар, қишлоқ хўжалиги техникаси, инвентарь, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари, пул маблағлари, интеллектуал мулк объектлари, шунингдек фермер хўжалиги балансида бўлган бошқа мол-мулкнинг;

ишлаб чиқариш фаолияти натижасида етиштирилган маҳсулотнинг;

олинган даромад (фойда)нинг;

қонунда тақиқланмаган асосларда олинган бошқа мол-мулкнинг эгаси ҳисобланади.


15. Фермер хўжалиги бошлиғининг пул маблағлари ва моддий воситалари, товарларни сотишдан (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишдан) олинган даромад (фойда), қимматли қоғозлардан олинган даромадлар, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар фермер хўжалиги мол-мулкини шакллантириш манбалари бўлиши мумкин.

16. Фермер хўжалигинингг мол-мулки фермерга тегишлидир, у қонунга мувофиқ ушбу мол-мулкка эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.



V. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИ БОШҚАРИШ


17. Фермер хўжалигининг муассиси - фермер унинг бошлиғи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган, тегишли малакага ёки қишлоқ хўжалигида иш тажрибасига эга бўлган фуқароси фермер бўлиши мумкин.

18. Фермер хўжалигининг раҳбари:

фермер хўжалиги уставини қабул қилади ва унга белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;

фермер хўжалиги фаолиятининг бизнес режасини тасдиқлайди;

фермер хўжалиги фаолиятини ташкил қилади;

юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда фермер хўжалиги номидан иш кўради;

ишончномалар беради, шартномалар тузади ва уларнинг бажарилишини таъминлайди, шунингдек фермер хўжалиги ходимлари билан меҳнат шартномаларини имзолайди;

фермер хўжалиги ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

ички меҳнат тартиби қоидаларини белгилайди;

даромадни ўз хоҳишига кўра тасарруф этади;

ходимларнинг хавфсиз ҳамда унумли меҳнат қилишлари учун шароит яратиб беради;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат дафтарчалари юритилишини ташкил этади, иш ҳақи тўланишини таъминлайди, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини ва моддий рағбатлантириш усуллари ва интизомий жазо чораларини белгилайди;

фермер хўжалиги номидан ҳужжатларни имзолайди;

фермер хўжалигини қайта ташкил этиш ва тугатиш масалаларини ҳал этади.



VI. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИДА

ЕРДАН ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ

19. Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкалари очиқ танлов асосида ижарага берилади. Ижара муддати қонун ҳужжатларига ер участкасини ижарага олиш шартномасига мувофиқ белгиланади.

Ер участкасининг ижара муддати тамом бўлгандан кейин фермер хўжалиги ижара шартномасини янги муддатга узайтириш (муддатини чўзиш) ҳуқуқига эгадир.

Пенсия ёшига етганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда фермер хўжалигининг бошлиғи ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини қонун ҳужжатларига мувофиқ ижара шартномаси амал қилиш муддатида ўз оиласи аъзоларидан бирига бериши мумкин.

Фермер хўжалиги раҳбари вафот этган тақдирда, ер участкасига ижара ҳуқуқи ва ижара шартномасини янги муддатга узайтириш (муддатини чўзиш) ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос бўйича ўтади.


20. Фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


21. Ер участкаларининг ўлчами ва чегаралари ер ижараси шартномасига ўзгартиришлар киритилгандан кейингина ўзгартирилиши мумкин.

Ер участкаси ижара шартномаси томонларнинг келишувига кўра, томонлар келишувга эришмаган тақдирда эса - суд томонидан ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.


22. Фермер хўжалигига берилган ер участкалари хусусийлаштирилиши, олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, гаров объекти бўлиши, шунингдек иккиламчи ижарага берилиши мумкин эмас.


23. Фермер хўжалигига ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерлари мақсадсиз фойдаланилганда, шу жумладан шартномада назарда тутилган қишлоқ хўжалиги экинлари ўрнига бошқа экинлар экилиши ижара шартномасини қўпол равишда бузиш ҳисобланади, бу қонун ҳужжатларида назарда тутилган оқибатларга олиб келади.


24. Фермер хўжалиги тугатилган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага берувчига қайтарилади.


25. Фермер хўжалигига берилган ер участкасидан фойдаланганлик учун тўланадиган ҳақ ягона ер солиғи тариқасида ундирилади.


26. Фермер хўжаликларининг сув олиш лимитлари ваколатли органлар томонидан белгиланади.

27. Ер ресурсларини, фермер хўжалигига бериладиган сувнинг сарфини ҳисобга олиш ҳамда ундан фойдаланиш, сув етказиб бериш хизматларига ҳақ тўлаш, шунингдек имтиёзлар бериш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.



VII. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИДА МЕҲНАТ


28. Фермер хўжалигининг фаолияти фермернинг ва меҳнат шартномаси бўйича унда ишловчи шахсларнинг шахсий меҳнатига асосланади.

Фермер хўжалигида меҳнат шартномасини тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


29. Фермер хўжалигида меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахсларнинг меҳнат фаолияти ҳисобини юритиш фермер хўжалиги раҳбари томонидан ташкил этилади.


30. Фермер хўжалигида меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда, томонларнинг келишувига биноан ҳам пул тарзида, ҳам натура тариқасида тўланади.


31. Фермер хўжалигида ишланган вақт меҳнат стажига қўшилади.

Ижтимоий суғурта бўйича нафақалар ва пенсиялар тайинлаш ҳамда тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда амалга оширилади.



VIII. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ

МАБЛАҒЛАРИ ВА ҲИСОБ-КИТОБЛАРИ


32. Фермер хўжалиги пул муомаласини юритиш ҳамда пул маблағларини сақлаб туриш ва бу маблағларни эркин тасарруф этиш учун банк муассасасида ҳисоб рақамлари очиш ҳуқуқига эга. Фермер хўжалигининг ҳисоб рақамидан маблағларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш мумкин.


33. Қишлоқ хўжалиги экинлари, шу жумладан пахта ва ғалла ҳосили учун сарфланган барча харажатлар фермер хўжалигининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишдан олинган даромадлари ҳисобига қопланади.


34. Фермер хўжаликлари электр энергияси, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар етказиб берувчилар ва фермер хўжаликларига хизматлар кўрсатувчилар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилишлари шарт.



IX. ДАРОМАД (ФОЙДА)НИ ТАҚСИМЛАШ

ВА ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


35. Фермер хўжалигининг ишлаб чиқариш ва бошқа фаолияти натижасида олинган даромад (фойда) солиқлар, йиғимлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан, электр энергияси, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари етказиб берувчилар ва хизматлар кўрсатувчилар билан ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилингандан кейин бутунлай фермер хўжалигининг ихтиёрига ўтади.

Фермер хўжалигига етказилган зарар унинг мол-мулки ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.



X. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИНИНГ

БИРГАЛИКДАГИ ФАОЛИЯТИ


36. Фермер хўжаликлари ихтиёрийлик асосида бирлашиш, шу жумладан улуш (пай) асосида қўшилиш, маҳсулот етиштириш, харид қилиш, уни қайта ишлаш ва сотиш, моддий-техника таъминоти, қурилиш, техникавий, сув хўжалиги, ветеринария, агрокимё, маслаҳат бериш йўсинидаги ва бошқа хил хизмат кўрсатиш бўйича жамиятларга, иттифоқларга, уюшмаларга ҳамда бошқа бирлашмаларга кириш ҳуқуқига эга.

Фермер хўжалигининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурий ҳисобланади.


XI. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ФАОЛИЯТИ

НАТИЖАЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


37. Фермер хўжалиги ўз фаолиятининг натижаларини ҳисобга олиб боради ҳамда маҳаллий статистика ва солиқ органларига белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.

Фермер хўжалиги текшириш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳужжат кўрсатилишини талаб қилиш, текширувчиларнинг ўз ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича талабларини бажармаслик ва уларни текшириш мавзусига тегишли бўлмаган материаллар билан таништирмасликка ҳақлидир.



XII. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИ

ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


38. Фермер хўжалигини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


39. Фермер хўжалиги қуйидаги ҳолларда тугатилади:

фермер хўжалиги давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида ўз устав фондини уставда назарда тутилган миқдорда шакллантирмаслик, шу жумладан устав фондига фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаси бериш бўйича танловда фермер хўжалиги бошлиғи томонидан берилган аризада кўрсатилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари киритилмаслиги;

ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечиш;

фермер хўжалиги банкрот деб эътироф этилиши, шу жумладан моддий-техника ресурслари етказиб берувчилар, ишлар ва хизматлар кўрсатувчилар билан ҳисоб-китоблар мунтазам равишда амалга оширилмаслиги;

фермер хўжалиги бошлиғининг вафот этиши ва хўжалик фаолиятини давом эттиришни хоҳлайдиган меросхўрнинг йўқлиги;

ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши зарур бўлганда ёхуд ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги, шу жумладан фермер хўжалиги томонидан ер участкасидан бошқа мақсадда фойдаланилганда, шу жумладан контрактация шартномасида назарда тутилгандан бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари экилганда белгиланган тартибда ер участкасининг ижара шартномаси бекор қилиниши.

Фермер хўжалиги:

фермер хўжалиги бошлиғи (фермер)нинг;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда суднинг қарори билан тугатилади.

40. Фермер хўжалигини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2003 йил, 20-сон, 200-модда.