язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Йўловчилар ва юкларни ташиш. Транспорт экспедицияси/ Ўзбекистон Республикасида автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир Талаблар (ЎзР ВМ 04.11.2003 й. 482-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 4 ноябрдаги

482-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида автобусларда

йўловчилар ташиш хавфсизлигини

таъминлашга доир

ТАЛАБЛАР


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Талаблар автобусларда йўловчилар ташишда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш тартибини белгиловчи ҳужжат ҳисобланади.

2. Мазкур Талаблар:

янги автобус йўналишлари очиш ва ишлаб турганларидан фойдаланишни давом эттириш тўғрисида қарорлар қабул қилувчи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари;

вазирликлар ва идоралар, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ўз транспорти билан автобусда ташишларни амалга оширувчи ёки ўз тизимига кирмайдиган корхоналар (ташкилотлар) билан ташиш шартномалари тузган ташувчилар;

Ўзбекистон Республикасининг саёҳат-экскурсия ташкилотлари;

автомобиль йўллари, кўчалар, сунъий иншоотлар, темир йўлдан ўтиш жойлари, паромларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлашни таъминловчи вазирликлар, идоралар;

йўл ҳаракатини бошқаришнинг техник воситаларини ўрнатувчи ва улардан фойдаланувчи йўл, коммунал ташкилотлар, бошқа ташкилотлар;

ташувчилар ва йўл ташкилотларини, йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматларини об-ҳаво шароитларининг ноқулай ўзгаришлари тўғрисида хабардор қилувчи гидрометеорология тизими ташкилотлари;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида нормативлар ва қоидаларга риоя қилиниши устидан назорат қилувчи, йўл ҳаракатини бошқариш ва ташкил этиш тадбирларини амалга оширувчи Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати;

ҳайдовчиларни қатновдан олдин ва қатновдан кейин тиббий кўрикдан ўтказишни таъминловчи Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими ташкилотлари;

бошқарув органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан автомобилда ташиш хавфсизлигини ташкил этиш ва таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилинишини назорат қилувчи Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги (Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари) учун татбиқ этилади ва мажбурий кучга эгадир.

Мазкур Талаблар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга ошириладиган автобусларда йўловчилар ташишга татбиқ этилмайди.

3. Автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлиги бевосита йўналишларда:

автобуснинг ҳайдовчилари;

мулкчилик шаклларидан қатъи назар автобусларда йўловчилар ташишни амалга оширувчилар;

тасарруфида автомобиль йўллари, кўчалар, сунъий иншоотлар, темир йўл кесишмалари, паромлар, йўл ҳаракатини тартибга солишнинг техник воситалари бўлган йўллардан фойдаланиш, коммунал ва бошқа ташкилотлар (корхоналар);

Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги давлат хизмати (ЙҲХДХ) бўлинмалари томонидан таъминланади.


4. Қуйидагилар мулкчилик шаклларидан қатъи назар автобусларда йўловчилар ташишни амалга оширувчиларнинг хавфсизликни таъминлашдаги асосий вазифалари ҳисобланади:

автобусларни тегишли малакага эга бўлган ҳайдовчилар билан бутлаш;

Йўл ҳаракати қоидалари бўйича машғулотларни белгиланган муддатларда ўтказиш ва ҳайдовчиларнинг касб маҳоратини ошириш;

ҳайдовчиларнинг ўз вақтида тиббий қайта текширишдан ва йўлга чиқишдан олдин мунтазам тиббий кўрикдан ўтиши устидан назоратни ташкил этиш;

ҳайдовчиларнинг стажировкаси ўз вақтида ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши;

ҳайдовчиларни автобус йўналишлари схемалари, шунингдек йўналишдаги об-ҳаво шароитлари йўл ҳолатининг ўзгариши ва йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш;

ҳайдовчилар томонидан иш вақтининг йўл қўйиладиган муддатига риоя этилиши, шунингдек уларнинг дам олиши ва овқатланиши ташкил этилишини назорат қилиш;

автобусларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш;

йўловчилар ташишни оқилона ташкил этиш;

хавфсизлик таъминланишини, ҳайдовчилар меҳнати ва дам олишини ҳисобга олган ҳолда йўловчилар оқимини, ҳаракат тезликларини нормалаш ва ҳаракат жадвалини тузиш;

автобуслардан фойдаланиш, ҳайдовчилар томонидан йўналиш бўйича ҳаракат жадвалига ва Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

фойдаланишда бўлган ҳар бир автотранспорт воситасида лицензия карточкаси мавжуд бўлишини таъминлаш;

йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш.


5. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг (Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармаларининг) автобусларда йўловчилар ташишда хавфсизликни таъминлашдаги асосий вазифалари ҳисобланади:

автомобилларда ташишни ташкил этиш ва ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини назорат қилиш;

автомобилларда ташишни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган автомобиль транспорти соҳасидаги халқаро битимлар ва конвенцияларнинг асосий шартлари ва қоидаларига хорижий ва миллий ташувчилар томонидан риоя этилишини назорат қилиш;

ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш тартибига, автомобиль транспортида йўловчилар ва юкларни ташиш қоидаларига, оғир ва ҳажми катта ўлчамдаги автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларга риоя этишлари устидан назорат;

ташиш йўналишларини тендер асосида амалга ошириш механизмини жорий этиш, тендер контрактларига риоя этилишини назорат қилиш, мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташувчилар учун фаолият кўрсатишнинг тенг шарт-шароитларини яратиш.


6. Қуйидагилар йўллардан фойдаланиш, коммунал, темир йўл ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар (корхоналар)нинг автобусларда йўловчилар ташишда хавфсизликни таъминлашдаги асосий вазифалари ҳисобланади:

ўзларининг тасарруфидаги автомобиль йўллари, кўчалар, сунъий иншоотлар, темир йўл кесишмалари, паромлар, йўл белгилари, йўл ҳаракатини тартибга солишнинг бошқа воситаларини тўсиқлариз ва хавфсиз ҳаракатланишни таъминловчи техник соз ҳолатда сақлаш;

йўлларнинг хавфли участкаларини тезкорлик билан аниқлаш, хавф манбаларини белгиланган муддатларда бартараф этиш, бунинг имконияти бўлмаганда автобус йўналишини ёпиш чора-тадбирларини кўриш;

автомобиль йўллари, кўчалар, сунъий иншоотлар, темир йўл кесишмалари, паромларни жиҳозлаш ва сақлашга доир автобус йўналишларини текшириш комиссиялари томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тадбирларни ўз вақтида бажариш.


7. Қуйидагилар автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашда ҳаракат қатнашчилари томонидан:

йўл ҳаракати қатнашчиларининг хулқ-атвори ва ўзаро муносабатларини;

автобусларнинг ҳайдовчилари малакасини;

автобусларнинг техник ҳолатини;

автомобиль йўллари, кўчалар, йўл иншоотлари ва темир йўл кесишмаларини сақлашни;

йўл белгилари, йўл ҳаракатини тартибга солиш бошқа воситаларини ўрнатиш ва сақлаш тартибини;

автомобиль йўллари, кўчалардаги хавфли участкаларни тезкорлик билан аниқлаш ва уларни бартараф этиш тартибини;

йўл-транспорт ҳодисаларини аниқлаш ва уларни бартараф этишни тартибга солувчи нормативлар ва қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги давлат хизмати бўлинмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади.

Автобусларда йўловчилар ташишни тартибга солувчи кўрсатиб ўтилган нормативлар ва қоидалар бажарилмаган тақдирда, Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги давлат хизмати томонидан уларни бартараф этиш, зарур ҳолларда автобус ҳаракатини тўхтатиш чора-тадбирлари кўрилади.


8. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар автобусларда йўловчилар ташишни амалга оширувчи ёки таъминловчи ташувчилар раҳбарлари мазкур Талаблар бажарилмаганлиги учун амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ шахсан жавоб берадилар.



II. АВТОБУСДА ЙЎЛОВЧИЛАР ТАШИШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШДА ҲАЙДОВЧИЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


9. Йўловчилар ташишга мўлжалланган автобусларни бошқаришга тегишли тоифага (малакага) эга бўлган, 21 ёшга тўлган ва тиббий кўрикдан ўтган ҳайдовчилар қўйилади.


10. Шаҳарлараро, тоғ йўналишларига, шунингдек бир марталик буюртмалар бўйича сайёҳат-экскурсия ташишларига ва болаларни ташишга кейинги уч йилда автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган ҳайдовчилар қўйилади.


11. Халқаро йўналишларга кейинги уч йилда автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган ва халқаро автомобилларда йўловчилар ташиш соҳасида касб ваколати тўғрисида гувоҳномага эга бўлган шахслар қўйилади.


12. Автобуснинг ҳайдовчиси DST 974/2000 Ўзбекистон Давлат стандартлари талабларига, Автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.



III. АВТОБУСЛАРНИНГ ТЕХНИК

ҲОЛАТИ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


13. Автобусларнинг техник ҳолати ва уларнинг жиҳозлари тегишли стандартлар талабларига, техник фойдаланиш қоидаларига, автомобиль транспорти ҳаракатдаги қисмига техник хизмат кўрсатиш ва уни тузатиш тўғрисидаги Низомга, тайёрловчи корхоналарнинг йўриқномаларига ва бошқа норматив-техник ҳужжатларга жавоб бериши керак.

Тунги вақтларда вилоятлараро, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар, туристик йўналишнинг қатнов йўли схемалари бўйича ҳаракатланаётган автобусларга ҳамроҳлиқ қилишни ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати бўлинмаларини ёки хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларини хабардор қилиш ташувчи томонидан жўнаб кетишдан камида 12 соат олдин амалга оширилади.

14. I-III тоифадаги автомобиль йўлларида барча тур ва русумдаги автобуслар ишлашига рухсат берилади.

IV-V тоифадаги автомобиль йўлларида ўқ нагрузкаси 6 тоннагача бўлган автобуслар ишлашига рухсат берилади.


15. Тоғ йўналишларида ва уларга тенглаштирилган йўналишларда фойдаланадиган автобуслар олдинги туманга қарши чироқлар ва орқа чироқлар, ғилдиракнинг остига ташлаш учун камида 2 та таянчга эга бўлиши керак.

Саёҳат-экскурсияларга ажратилган автобусларнинг олд томонида "саёҳатчи" ва "экскурсия" деган кўрсаткич, бир марталик буюртмалар бўйича махсус ташишлар учун эса "буюртма" деган кўрсаткич ўрнатилади.

Болаларни ташийдиган барча автобусларда йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган танитиш белгиси ўрнатилиши керак.

Йўловчиларни шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро ташувчи автобуслар сервис устахонаси пломбаси бўлган назорат приборлари (тахограф) билан жиҳозланган, халқаро ташишларда эса Ўзбекистон Республикасининг танитиш белгисига ҳам эга бўлишлари керак.


IV. ЙЎЛОВЧИЛАР ТАШИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


16. Автобусда йўловчилар ва багажни ташиш Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидаларига ва бошқа қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.


17. Йўловчиларни мунтазам (йўналишли) ташиш йўналишлари мулкчилик шаклларидан қатъи назар ташувчилар ўртасида тендер асосида жойлаштирилади.


18. Йўловчиларни мунтазам (йўналишли) ташиш йўналишларида ишлаш ҳуқуқига Йўловчилар ташишни ташкил этиш бўйича ҳудудий комиссия ёхуд бошқа ваколатли орган билан тендер контракти тузган ташувчи эга бўлади.

Йўловчиларни мунтазам (йўналишли) ташиш йўналишларида тендер контракти тузмасдан ишлашга йўл қўйилмайди.


19. Автобусларда йўловчи ташиш ташкилотчилари (автокорхоналар раҳбарлари) автомобилда ташишлари соҳасида касб ваколати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан белгиланган тартибда берилган тегишли гувоҳномага эга бўлишлари керак.

20. Шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишлар ҳайдовчиларининг йўл қўйиладиган бошқариш, танаффуслар, ҳар кунлик ва ҳафталик дам олиш вақти халқаро нормаларга мувофиқ белгиланади.


21. Автобусларда йўловчилар ташиш жадвали автоташувчи томонидан йўналишларнинг айрим босқичларида норматив тезликлар асосида, ушбу тезликлар йўл ҳаракати қоидаларида, йўл белгиларида рухсат берилган тезликка мувофиқ бўлиши шарти билан тузилиши керак.


22. Шаҳар ва шаҳар атрофидаги йўналишларда йўловчилар ташишда автобусдаги йўловчилар сони автобусларнинг тўлиқ сиғимидан ортиқ бўлмаслиги, шаҳарлараро, тоғ, саёҳат-экскурсия йўналишларида, болаларни ташишда ва бир марталик ташишларда эса - ўтириш учун белгиланган жойлар сонидан ортиқ бўлмаслиги керак.


23. Шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишларда ишлаш учун фақат багаж бўлимлари мавжуд бўлган автобусларгина қўйилади.

Ҳайдовчининг автобусни бошқариш вақти 9 соатдан ортиқ бўлганда ёки йўналиш узоқлиги 400 км ва ундан ортиқни ташкил этганда автобусда йўловчилар ташишни ташкил этишда автомобилда ҳайдовчининг дам олиши учун жой жиҳозланиши ва қатновга икки ҳайдовчи юборилиши керак.

Шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишларда 400 км ва ундан узоқ йўналишларда автобусда йўловчилар ташишни бир ҳайдовчи билан.

24. Шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишларда, саёҳат-экскурсия йўналишларида автобуслар ҳаракати жадвалида автобусни ҳар 1,5 соат бошқаришдан кейин ҳайдовчининг камида 15 минут ёхуд 4,5 соат бошқаришдан кейин 45 минут дам олиши мажбурий тартибда назарда тутилади.


25. Автобус ҳайдовчиси назорат пунктларида (автовокзаллар, автостанцилар, диспетчерлик пунктлари), ҳаракат жадвалида назарда тутилган ҳолларда, чипта-ҳисобга олиш варақасида келган ва жўнаб кетган вақти тўғрисида белги қўйдириши керак.


26. Автобусда ҳаракат хавфсизлигига хавф туғдирувчи носозликлар пайдо бўлганда, шунингдек ҳайдовчи ўзини ёмон ҳис этганда автобус ҳаракати дарҳол тўхтатилиши керак. Бу ҳақда энг яқин автовокзал (автостанция) диспетчерига ёхуд автобус ёки ҳайдовчини алмаштириши, ташишнинг бажарилишини таъминлаш чораларини кўриши мажбурий бўлган ташувчига хабар қилинади.


27. Йўналиш ҳужжатлари:

вилоят (шаҳар) ҳокимлигида;

йўналиш ҳудуди орқали ўтадиган вилоятлар ЙҲХДХ органларида;

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида (Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармаларида) ташувчиларда бир нусхадан сақлаш учун етарли бўлган нусхаларда тузилади.

Мунтазам халқаро автобус йўналиши ҳужжатлари йўналиш ҳудудлари орқали ўтадиган давлат ваколатли органларида ҳамда ташувчиларда бир нусхадан сақлаш учун етарли бўлган нусхаларда тузилади.

28. Йўналиш ҳужжатлари заруриятга кўра, йўловчи оқимларини ўрганиш асосида, ҳаракат схемаси ва автобусларнинг техник тавсифи ўзгарганда қайта кўриб чиқилади ва тасдиқланади.



V. САЁҲАТ-ЭКСКУРСИЯ, МАХСУС

ТАШИШЛАР ВА БИР МАРТАЛИК

БУЮРТМАЛАР БЎЙИЧА ТАШИШЛАР


29. Саёҳат-экскурсия, махсус ёки бир марталик ташишлар учун ташкилотлар, корхоналар ва фуқароларга автобуслар ажратишга шартномаларни ва бир марталик буюртмаларни расмийлаштириш автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларига, бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ ташувчилар томонидан амалга оширилади.

Шартномалар ва буюртмалар буюртмачидан бориш жойи, бориш йўналиши, тўхташ жойи, ташилаётган йўловчилар сони, ташиш учун масъул шахс (гуруҳ раҳбари, экскурсовод) тўғрисидаги маълумотлар олингандан кейин расмийлаштирилади. Автобуснинг буюртмачида бўлиши муддати, ташиш учун масъул шахснинг фамилияси йўл варақасига киритилиши керак.


30. Ҳар бирига 30 кишидан ортиқ одам сиғадиган икки ёки ундан ортиқ автобусларда, ҳар бирига 30 кишидан кам одам сиғадиган йўловчилар ташилганда уларнинг ҳаракати колонна билан амалга оширилади. Ташувчи томонидан йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларига, автобуслардан фойдаланиш қоидаларига, бошқа норматив ҳужжатларга, ҳаракат хавфсизлиги ва хавфсизлик техникаси талабларига риоя қилиниши устидан назорат қилиш учун масъул бўлган шахс белгиланади.

Колонналарни Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги давлат хизмати транспорт воситалари билан кузатиб бориш ҳақидаги қарор ички ишлар бошқармалари раҳбарлари, ҳаракат хавфсизлиги хизмати автомобиллари билан кузатиб бориш ҳақидаги қарор эса - ташувчилар томонидан қабул қилинади.

Туристлар автобуслари хавфсизлик талабларига (GPS, мажбурий ва (ёки) ихтиёрий суғурта полислари, ёруғлик қайтарувчи махсус мослама (линия), икки нафар ҳайдовчи ва уларда мобил алоқа мавжудлиги) жавоб берган тақдирда кузатиб борилмайди.

31. Ташувчи автобуслари ҳаракатининг тасдиқланган йўналишларига мувофиқ келмайдиган махсус ташишлар (вахта, меҳнаткашларни ишлаб чиқариш объектларига, қишлоқ хўжалиги ишларига ташиб бориш) ЙҲХДХ ҳудудий органлари рухсати билан амалга оширилади.

Бир марталик ташишларга буюртмалар ташувчида мўлжалланаётган йўналишнинг йўл шароитлари ҳақида ахборот мавжуд бўлган ёки бундай ахборот буюртмачидан олингандан кейин қабул қилинади. Буюртмачи берилган маълумотларнинг ишончлилиги учун тўлиқ жавоб беради.

Агар йўналишдаги йўл шароитлари йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминламаса, автобуслар ажратилмайди.


32. Бир марталик буюртмалар бўйича саёҳат-экскурсия ташишларида буюртмачи ташкилот раҳбарлари:

гуруҳ раҳбарини танлаш, тайёрлаш ва ҳаракат хавфсизлиги ва техника хавфсизлиги масалалари бўйича йўл-йўриқ берилишини;

сайёҳлар, болалар гуруҳлари билан йўлда ўзини тутиш ва автобусдан фойдаланиш қоидалари бўйича йўл-йўриқ берилишини;

гуруҳ раҳбарини йўловчиларнинг тасдиқланган рўйхати, ЙҲХДХни болалар ташилиши тўғрисидаги билдиришнома нусхаси билан;

ҳайдовчиларни жой билан (гуруҳ хусусий секторда жойлаштирилганда алоҳида хона билан);

автобусни унинг сақланишини таъминловчи шароитларда тўхташ жойи билан таъминлашлари шарт.

Кўрсатиб ўтилган шартлар бажарилмаганда ташишларга рухсат берилмайди.


33. Вилоят (республика) ташқарисига саёҳат-экскурсияларга мунтазам олиб борилган ҳолларда буюртмачи ташкилот (ташувчи) автобуснинг сақланишини, орқага қайтишга тайёр эканлигини, бошқа вилоятлар (республикалар) ҳудудида автобусга техник хизмат кўрсатиш имкониятини назарда тутиши керак.


34. Гуруҳларнинг раҳбарлари автобус ҳаракати, унга чиқиш ва тушиш пайтида ҳамда бекатларда йўловчилар орасида, айниқса болалар орасида зарур тартибни таъминлашга мажбурдирлар.


35. Ташувчи:

ҳайдовчиларга йўналиш хусусиятлари тўғрисида йўл-йўриқ беришга, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, саёҳат-экскурсияга ташишга - шунингдек саёҳлар ва экскурсиячиларга хизмат кўрсатиш қоидалари, болаларни ташишда - бундай ташишларни амалга ошириш қоидалари тўғрисида йўл-йўриқ беришга, бу ҳақда йўл варақаси ҳамда ҳайдовчилар таркибига йўл-йўриқ бериш журналида қайд этишга;

автобуснинг корхонага қайтишининг назорат вақтини тайинлашга, назорат вақти тамом бўлгандан кейин икки соатдан сўнг автобус қаерда эканлигини аниқлаш чора-тадбирларини кўришга мажбурдир.


36. Саёҳат экскурсияларга олиб борувчи ёки бир марталик буюртмалар бўйича ташишларни амалга оширувчи ҳайдовчилар, агар улар йўловчилар ташиш қоидаларига, йўл ҳаракати қоидаларига зид бўлмаса, йўналиш ўзгариши билан боғлиқ бўлмаса, ташиш учун масъулларнинг (гуруҳ раҳбарларининг) кўрсатмаларини бажаришга мажбурдир.


37. Махсус ташишларни ташкил этишда ташувчи:

йўналишни танлашга (имкони борича қаттиқ қопламали йўллар бўйича);

буюртмачи билан биргаликда ташиш учун автобус моделини танлашга, йўналиш масофасини белгилашга ва ҳаракат тезлигини нормаллаштиришга, хавфсизлик таъминланишини, ҳайдовчиларнинг меҳнати ва дам олиши белгиланган режимини ҳисобга олган ҳолда автобуслар ҳаракати жадвалини тузишга ва тасдиқлашга;

мазкур Талабларни ҳисобга олган ҳолда ташиш учун зарур бўлган автобуслар сонини аниқлашга;

буюртмачи билан биргаликда йўналиш ҳужжатларини тузишга, уларни давлат автомобиль назорати билан келишишга мажбурдир.



VI. БОЛАЛАРНИ ТАШИШ


38. Болаларни (16 ёшгача бўлган) ташишни ташкил этиш Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидаларига ҳамда мазкур Талабларга мувофиқ равишда амалга оширилади.


39. Болаларни автобусларда ташиш сутканинг ёруғ пайтида яқин масофани ёритадиган чироқлар ёқилган ҳолда амалга оширилиши керак. Ҳаракат тезлиги йўл, метеорология ва бошқа шароитларга кўра ҳайдовчи (кузатиб борилганда - унинг таъминланиши учун масъул бўлган шахс) томонидан танланади. Бунда барча ҳолларда ҳаракат тезлиги соатига 60 километрдан ошмаслиги керак.


40. Саёҳат-экскурсияларга олиб боришга ва болаларни ташишга бир марталик буюртмаларга шартномалар ташувчилар томонидан гуруҳга ўқитувчилар ёки махсус тайинланган катта ёшдаги кишилар ҳамкорлик қилиши шарти билан тузилади. Автобуслар колоннаси билан ташилаётган болаларга ҳамроҳлик қилиш учун тиббий ходимлар ажратиш тўғрисидаги масала жойларда соғлиқни сақлаш органлари томонидан қабул қилинади.

Болалар, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларининг экскурсия қилиш, туристик-экскурсия қилиш сафарларини ташкил этиш учун таълим муассасаси маъмурияти (ташкилотчи) жўнаб кетиш санасини, йўналишни ва жўнаб кетувчилар сонини кўрсатган ҳолда тегишли равишда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига ёки ўрта махсус таълим бошқармасига мурожаат қилади.

Болалар, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчиларининг экскурсия қилиш, туристик ва бошқа гуруҳлари жўнаб кетиши тўғрисида қарорлар қабул қилиш, қоидага кўра, жўнаб кетиш санасигача 3 суткадан кечикмай қабул қилинади.

Жўнаб кетиш учун туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ёки ўрта махсус таълим бошқармасининг рухсатномаси олингандан кейин таълим муассасаси маъмурияти (ташкилотчи) ташувчи билан шартнома тузади.

Таълим муассасаси маъмурияти (ташкилотчи) ташувчи билан шартнома тузилганидан кейин жўнаб кетиш санасигача уч иш кунидан кечикмай ҳаракатланиш санаси ва қатнов йўлини, шунингдек, барча йўловчилар рўйхатини, автобуслар тўғрисидаги (мансублилиги, маркаси, давлат рўйхатдан ўтказиш рақами белгиси) тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда ҳамроҳлиқни ташкил этиш учун буюртманомани Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати томонидан бориладиган қатнов йўлида об-ҳаво ёки йўл шароитларининг номувофиқлиги, шу жумладан, бориш пунктига ҳаракатланишда чекланишлар мавжудлиги, шунингдек, транспорт воситалари ва ҳайдовчилар малакасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига номувофиқлиги ҳолатларида ҳамроҳлиқ қилиш рад этилиши ҳақида қарор қабул қилиниши мумкин.

41. Мактаб ёшигача бўлган болаларни шаҳарлараро саёҳат-экскурсияларга олиб бориш тақиқланади.


42. Қишлоқ жойларда мунтазам равишда болаларни автобусларда ташишни ташкил этишда ташувчилар:

болаларни бориш жойига ўз вақтида етказишни таъминловчи махсус қатновларни назарда тутишга, ушбу қатновлар кўп бўлишига йўл қўймасликка мажбурдир. Бундай ташишлар бажарилишини, автомобиль йўллари ҳолатини, болаларни тушириш ва чиқариш пунктларини мунтазам назорат қилишга;

йўналишларда болаларни ташиётган автобусларнинг ўтиш вақти кўрсатилган махсус тўхташ белгилари ўрнатишга мажбурдир.



VII. АВТОБУС ЙЎНАЛИШЛАРИДАГИ

АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ, КЎЧАЛАР,

СУНЪИЙ ИНШООТЛАР, ТЕМИР ЙЎЛДАН

ЎТИШ ЖОЙЛАРИ, ПАРОМЛАР,

БЕКАТЛАР ВА БОШҚА ИНШООТЛАР


43. Автобус йўналишлари ўтадиган автомобиль йўллари, кўчалар, сунъий иншоотлар, темир йўлдан ўтиш жойлари, паром орқали ўтиш жойларининг техник ҳолати, уларнинг муҳандислик жиҳозланиши қурилиш нормалари ва қоидалари, автомобиль йўлларини тузатиш ва сақлашнинг техник қоидалари, бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган ҳаракат хавфсизлиги талабларини қаноатлантириши керак.

45. Йўл, коммунал ташкилотлари, бошқа ташкилотлар транспорт ҳаракатини қийинлаштирувчи автомобиль йўллари, кўчалар, сунъий иншоотлар ва бошқаларни қуриш, реконструкция қилиш ва тузатиш бўйича режали тадбирларни ўтказишда:

бу ҳақда 10 кундан кечикмай тегишли давлат автомобиль назорати органларини хабардор қилишга, уларга тузатиш-қурилиш ишларини бажариш даврида айланиб ўтишнинг келишилган вариантларини тақдим этишга;

айланиб ўтиш йўлини йўл ҳаракатини ташкил этишнинг зарур техник воситалари билан жиҳозлаб, уларни хавфсиз ҳаракат учун яроқли ҳолга келтиришга мажбурдир.


46. Автобус йўналишлари ўтадиган автомобиль йўлларини ёпиш билан боғлиқ тузатиш ишлари ва ишларнинг бошқа турларини бажаришга рухсатномалар ҳокимликлар томонидан берилади. Рухсатнома бундай ишларни бажариш жойи, вақти, ҳаракатни тартибга солишнинг вақтинчалик техник воситаларини жойлаштириш давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари билан келишилган схемаси мавжуд бўлган тақдирда берилади.


47. Автобуслар мунтазам ҳаракат қиладиган автомобиль йўллари, кўчаларни тузатиш ва сақлаш йўл, коммунал ташкилотлар ва ушбу йўллар тасарруфида бўлган бошқа ташкилотлар томонидан автомобиль йўлларини тузатиш ва сақлашнинг техник қоидаларига, йўллардан фойдаланиш қоидаларига, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларининг норматив ҳужжатларига, шунингдек ҳокимликлар томонидан белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.

Автомобиль йўллари, кўчаларни қишда сақлаш (уларни қордан тозалаш, яхмалакка қарши кураш) тартибга солувчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади.


48. Автомобиль йўлларининг қиш давридаги ҳолати ва қатновга яроқлилиги тўғрисида ушбу йўллар тасарруфида бўлган йўл ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар йўл ҳаракати қатнашчиларини тегишли йўл белгилари ўрнатилганлиги ҳақида ўз вақтида хабардор қилишга мажбурдирлар.


49. Йўл ҳаракатини тартибга солишнинг техник воситаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш йўллар тасарруфида бўлган тегишли йўл ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек ички ишлар органларининг ихтисослаштирилган монтаж-фойдаланиш бўлинмалари (шаҳарларда ва бошқа аҳоли пунктларида) томонидан амалга оширилади. Бошқа ҳолларда бундай иш ички ишлар органларининг кўрсатиб ўтилган бўлинмалари томонидан ушбу йўллар балансида бўлган ташкилотлар ва идораларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.

Тартибга солишнинг техник воситаларини ўрнатиш йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг ёзма кўрсатмаси ёки рухсатномасига кўра давлат стандартлари талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак.


50. Ташувчилар, вокзаллар ва автостанциялар, автобусларнинг ҳайдовчилари йўл, коммунал органлари ва бошқа органларга тасарруфида автомобиль йўллари, кўчалар, темир йўлдан ўтиш жойлари, паром билан ўтиш жойларининг ҳолатидаги, муҳандислик ускуналаридаги ҳаракат хавфсизлигига хавф солувчи камчиликлар тўғрисида тасарруфида улар бўлган органларга ҳамда давлат автомобиль назоратларига дарҳол маълум қилишлари керак.

Автобусларда йўловчилар ташишни амалга оширувчи ташувчиларда ҳайдовчиларнинг йўл шароитларини, йўналишдаги ҳаракатни ташкил этиш тизимини яхшилашга оид таклифларини рўйхатдан ўтказиш учун махсус журналлар юритилиши керак.


Автобус бекатлари


51. Автобус бекатларининг жойлашини танлаш қурилиш нормалари ва қоидалари талабларидан келиб чиқиб ташиш буюртмачиси ва йўл ташкилотлари тегишли хизматлари томонидан амалга оширилади. Бунда йўловчиларга энг кўп қулайликни таъминлаш, автобус бекатлари кўриниб туриши зарурлиги ҳамда уларнинг ҳудудида транспорт воситалари ҳаракати ва пиёдалар хавфсизлиги шартларига риоя этилиши керак. Автобус бекатлари жойлашган жой шаҳар (туман) бош меъмори, йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати билан, темир йўлдан ўтиш жойлари ҳудудида эса - темир йўл бўлинмалари билан келишилади ва ҳокимликлар томонидан тасдиқланади.

Шаҳарларда автобус бекатларини ободонлаштириш ҳокимликлар томонидан, автомобиль йўлларида йўл ташкилотлари томонидан норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилади.


52. Ҳокимликлар ва йўл органлари қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ шаҳарларда ва аҳоли пунктларида сутканинг қоронғи вақтида автобус бекатлари ҳамда уларнинг атрофи ёритилишини ташкил этишни таъминлаши керак.


53. Автобус бекатларини сақлаш ва тозалаш тартиби ҳокимликлар, шунингдек ушбу ишни амалга оширувчи корхона ва ташкилотлар томонидан белгиланади.

Тўхташ павильонлари ва чиқиш майдонларини, ўтиш-тезлик полосалаларини қордан тозалаш шарт.


Темир йўлдан кесиб ўтиш


54. Автобус йўналишларини белгилашда йўлнинг темир йўлни кесиб ўтишини истисно этувчи ечимлар қидирилиши керак.

Бундай ечимга келиш имкони бўлмаган истисно ҳолларда шлагбаумли ва глагбаумсиз амалдаги ўтиш жойларида автобус ҳаракатини (доимий ёки вақтинча) очишга ҳар бир алоҳида ҳолатда йўл бўлими бошлиғининг ёки ўтиш жойи бўйсунишида бўлган бошқа ташкилотнинг рухсати билан йўл қўйилади. Бунда шлагбаумсиз ўтиш жойларида автобус ҳаракатига улар автоматик светофор сигнализацияси билан жиҳозлангандан кейин рухсат берилади. Шлагбаумсиз, автоматик светофор сигнализацияси ўрнатилмаган ўтиш жойлари бўйича автобус йўналишларини жорий этиш тақиқланади.


55. Темир йўлдан кечиб ўтиш йўллари кесиб ўтиш жойларини қуриш ва уларга хизмат кўрсатиш йўриқномасига қатъий мувофиқ ҳолда сақланади ва жиҳозланади.


56. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси темир йўллари умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари билан кесишган кесиб ўтиш йўллари умумий фойдаланиладиган кесиб ўтиш йўллари ҳисобланади ва компания маблағлари ҳисобига сақланади.

Идоравий кесиб ўтиш темир йўллари умумий фойдаланиладиган йўллар ёки алоҳида корхоналарнинг йўллари билан кесиб ўтиш йўллари кесиб ўтиш темир йўллари қарашли бўлган ташкилотлар ҳисобига ёхуд улардан фойдаланувчи ташкилотлар ҳисобига сақланади.


57. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси ва унинг бўлинмалари, тасарруфида темир йўллар бўлган вазирликлар ва идоралар автобусда йўловчилар ташишни амалга оширувчи бошқа вазирликларни, шунингдек давлат автомобиль назоратини автобусда йўловчилар ташиш йўналишларида транспорт воситалари ўтиши қоидалари бузилаётган ёки қийинлашаётган темир йўлни кесиб ўтиш йўллари ёки йўлларни реконструкция ва тузатиш бўйича режали тадбирлар тўғрисида 5 кун олдин хабардор қилишлари керак.


58. Темир йўлдан кесиб ўтиш йўллари орқали ёки уларда транспорт воситалари ўтиши бузилганда ёки қийинлашганда тузатиш ишларини бажариш вақтида уларни айланиш ўтишдаги ҳаракат тартиби тузатишни амалга оширувчи ташкилотлар, давлат автомобиль назорати билан ўтиш жойининг пиёдалар юрадиган қисмини тузатишда эса тегишли йўл ташкилотлари билан келишилади. Темир йўлдан кесиб ўтиш йўллари орқали автобуслар ҳаракати Йўл ҳаракати қоидалари талабларини қатъий бажарган ҳолда алоҳида эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши керак.


59. Темир йўлдан кесиб ўтиш йўллари ҳудудида тўхташ пунктлари энг яқин темир йўл рельсидан камида 100 м масофада жойлаштирилиши, уларнинг техник ечими эса автобус тўхтаган тақдирда транспортнинг асосий ҳаракат йўли бўйлаб тўсиқсиз ҳаракатини таъминлаши керак.


Кўприклар, кесишган йўл устидан

ўтказилган кўндаланг йўллар,

эстакадалар ва бошқа сунъий иншоотлар


60. Автобус йўналишларидаги кўприклар, кесишган йўл устидан ўтказилган кўндаланг йўллар, эстакадалар ва бошқа сунъий иншоотлар қурилиш нормалари ва қоидалари ҳамда бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган ҳаракат хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлиши керак.



VIII. ЙЎЛЛАРНИ ТЕКШИРИШ


61. Янги очилган автобус йўналишларининг ҳаракат хафсизлиги талабларига мувофиқлигини аниқлаш ҳокимликлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари томонидан тасдиқланадиган манфаатдор ташкилотлар (транспорт, йўл, коммунал ва бошқа), шунингдек давлат автомобиль назорати вакилларидан иборат комиссия томонидан амалга оширилади.

Йўналишларни текшириш улар очилишидан олдин, кейинчалик эса 1 йилда камида бир марта ўтказилади.

Комиссия аъзолари ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича ишлаб турган ва янгидан очилаётган автобус йўналишларининг ҳаракат хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун шахсан жавоб берадилар.


62. Йўналишларнинг ҳаракат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги:

транспорт ташкилоти ёки йўловчилар ташишни амалга оширувчи бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган йўналиш тўғрисидаги ахборот;

йўл, коммунал ташкилотлар ҳамда ихтиёрида йўллар, сунъий иншоотлар, темир йўлдан кесиб ўтиш йўллари ва бошқалар бўлган бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган йўналишдаги йўл шароитлари ҳақидаги маълумотлар (йўл четлари ўтиш жойлари параметрлари ва уларнинг ҳолати, йўл режаси ва профили элементлари, ҳаракат тиғизлиги ва таркиби, сунъий иншоотлар, темир йўлдан кесиб ўтиш йўллари, паром ва музликлар орқали ўтиш йўлларининг ҳолати, ҳаракатни ташкил этиш воситалари мавжудлиги ва бошқалар);

давлат автомобиль назоратининг йўл-транспорт ҳодисалари кўп бўладиган жойлар, уларнинг сабаблари тўғрисидаги маълумотлари;

йўналишда ишловчи ҳайдовчилардан сўраб-суриштириш;

йўналишни бевосита текшириш асосида баҳоланади.

Тегишли ташкилот раҳбарлари кўрсатиб ўтилган ахборотни комиссияларга ўз вақтида тақдим этишга мажбурдир.


63. Текшириш давомида ҳаракат шароитларига кўра йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив ҳужжатлар талабларини қониқтирмайдиган участкаларни аниқлашда ҳаракат учун хавф туғдирувчи аниқ йўл омиллари аниқланади, йўлнинг параметрлари, унинг техник тоифаси аниқланиши керак, йўналишнинг ва унинг айрим босқичларининг узунлиги ўлчанади.


64. Текшириш натижалари далолатномада акс эттириладиган автобус йўналишининг ҳаракат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида комиссиянинг хулосаси берилади. Далолатномага шунингдек ҳаракат шароитларини яхшилашга ва йўналишда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган ва истиқболдаги тадбирларни ўтказиш бўйича комиссиянинг хулосалари ҳам киритилади. Текшириш далолатномаси йўналиш ҳужжатлари билан биргаликда ташувчида сақланади.


65. Текшириш далолатномалари йўналишни очиш ёки йўналишдан фойдаланишни давом эттириш масаласини ҳал этиш, йўловчилар ташишни такомиллаштириш ва уларнинг хавфсизлигини ошириш чора-тадбирларини кўриш, автомобиль йўллари, кўчалар, сунъий иншоотлар ҳолатидаги асбоб-ускуналаридаги ва сақланишидаги камчиликларни бартараф этиш устидан назоратни ташкил этиш учун тегишли ҳокимликларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига (Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармаларига), Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси бўлинмалари ва ЙҲХДХга берилади.

66. Далолатнома нусхалари камчиликларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш ва ишларни режалаштиришда ҳисобга олиш йўл, коммунал ташкилотларга ҳамда ихтиёрида автомобиль йўллари, кўчалар, сунъий иншоотлар, темир йўлдан кесиб ўтиш йўллари мавжуд бўлган бошқа ташкилотларга юборилади. Далолатномалар нусхалари шунингдек ҳаракатланадиган таркибнинг йўл шароитларига мувофиқлигини таъминлаш, ҳайдовчиларга йўл-йўриқ беришда фойдаланиш, автобуслар ҳаракати тезлигини нормалаш учун автокорхонага ҳамда назорат учун ЙҲХДХга берилади.


67. Зиммаларига далолатномада қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юкланган ташкилотлар раҳбарлари йўналишни очиш ёки ундан фойдаланишни давлат эттириш тўғрисида қарор қабул қилган органларга мўлжалланган ишларнинг бажарилиши тўғрисидаги ахборотни мунтазам тақдим этишлари керак.



IX. УМУМИЙ ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН

АВТОБУС ЙЎНАЛИШЛАРИНИ ОЧИШ ВА ЁПИШ


68. Янги автобус йўналишларини очишда йўл ҳаракати хавфсизлиги мақсадида темир йўлдан кесиб ўтишни инкор қилувчи ечим изланиши керак. Агар бунинг иложи бўлмаган тақдирда автобусларнинг темир йўл кесишмаси орқали ҳаракатланишига йўналишни текширувчи комиссия тақдимномасига кўра, темир йўл бошлиғи ёки темир йўлларни кесиб ўтиш йўллари тасарруфида бўлган ташкилот раҳбарининг рухсати билан йўл қўйилади.


69. Вақтинчалик (мавсумий) автобус маршрутлари агар:

паст қопламали йўллар бўйлаб автобус ҳаракатини очиш талаб этилса;

автобусларнинг оғирлик параметрлари ва ҳажмларининг автомобиль йўллари ҳақиқий тоифаларига мувофиқлигини таъминлаш имконияти бўлмаса;

автомобиль йўллари, кўчалар участкалари бўйлаб, сунъий иншоот, темир йўлдан кесиб ўтиш йўллари ва паром орқали ўтиш бўйича уларнинг техник ҳолати, муҳандислик ускуналари, сақлаш даражаси норматив ҳужжатлар талабларидан четга чиқилганда автобус ҳаракатини очиш зарур бўлганда ташкил этилиши мумкин.


70. Вақтинчалик (мавсумий) автобус йўналишини очишда йўналишнинг амал қилиш муддати (даври), шунингдек автобуслар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташувчилар, йўл, коммунал ва бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар комплекси аниқ кўрсатилиши керак.


71. Автобус йўналишини ёпиш унинг ҳаракат хавфсизлиги талабларига ёхуд фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқ бўлмаган тақдирда амалга оширилади.


72. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда (табиий ҳодисалар сабабли йўллар, йўл иншоотлари бузилиши, йўл ёки метеорология шароитларининг ҳаракат хавфсизлиги таъминланмайдиган даражагача ёмонлашиши, иссиқлик, газ, электр коммуникацияларида ва бошқа коммуникациялардаги авариялар) ташувчилар, йўл, коммунал ташкилотлар ЙҲХДХ бўлинмалари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ёки улар томонидан махсус ваколат берилган Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари автобус ҳаракатини дарҳол тўхтатиш ҳуқуқига эгадирлар, айни пайтда бу ҳақда тегишли ташувчилар, йўл, коммунал ташкилотларига, ЙҲХДХ бўлинмаларига хабар берилади.

Автобуслар ҳаракатини вақтинча тўхтатиш тартиби йўналишларни очиш ва ёпиш ваколатлари берилган органлар томонидан белгиланади.


73. Йўл, коммунал ташкилотлар, автокорхоналар, давлат автомабиль назоратлари, гидрометерология хизматлари, ЙҲХДХ бўлинмалари, йўловчилар автовокзаллари, автостанциялари ҳаракат учун хавфли бўлган табиий офатлар тўғрисидаги огоҳлантириш олинганлиги тўғрисида дарҳол бир-бирларига хабар қиладилар.

Довуллар тўғрисида огоҳлантириш олингач ташувчилар, автовокзаллар, автостанциялар табиий офат минтақасида автобусларда йўловчилар ташишни амалга оширувчи барча автокорхоналарни, хусусий шахсларни ҳаракатнинг вақтинча тўхтатилганлиги тўғрисида зудлик билан хабардор қилиш чора-тадбирларини кўришлари шарт.


74. Янги автобус йўналишларининг очилганлиги, ишлаб турганлари ?пилганлиги, уларнинг ўзгартирилганлиги, автобуслар ҳаракати вақтинча тўхтатиб турилиши тўғрисида ташувчилар, автовокзаллар, автостанциялар аҳолини, манфаатдор ташкилотларни хабардор қилади.


75. Автобус йўналишларини текширииш бўйича комиссия таркиби йўналишни очиш (ёпиш) ҳуқуқига эга бўлган органнинг қарори билан тасдиқланади. Қоидага кўра ушбу органнинг вакили бошчилик қиладиган комиссия таркибиган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги (Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари), ташувчилар, ЙҲХДХ бўлинмалари, йўл, коммунал ташкилотлар, темир йўл ва темир йўллар тасарруфида бўлган бошқа тузилмалар вакиллари киради.

Халқаро автобус йўналишини очишга тайёргарлик кўриш ишлари ҳудудидан йўналиш ўтиши мўлжалланаётган давлатлар ваколатли органларининг шундай вакилларидан иборат таркибда тузиладиган комиссия томонидан бажарилади. Комиссияга Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари бошчилик қилади.