ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2015 йилда кассация инстанциясида ишларни кўриш билан боғлиқ суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида маълумот (2016 йил 28 январь)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик

судининг 2015 йилда кассация инстанциясида

ишларни кўриш билан боғлиқ суд амалиётини

умумлаштириш натижалари ҳақида

МАЪЛУМОТ

28.01.2016 й.


[Кўчирма]



Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2016 йил иш режасига асосан Олий хўжалик судининг 2015 йилда кассация инстанциясида кўрилган ишлар юзасидан суд амалиёти таҳлил қилинди.


1. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъекти манфаатида хўжалик судига киритилган даъво аризаси бўйича иш қўзғатилган бўлса, тарафлар низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этган-этмаганлигидан қатъи назар, у мазмунан кўриб чиқилади.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) ОАТБ "Mikrokreditbank" (бундан буён матнда банк деб юритилади) манфаатида Сурхондарё вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Жануб давр миришкор" фермер хўжалиги (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ва "Сурхондарёдонмаҳсулотлари" АЖдан (бундан буён матнда кафил деб юритилади) 2 700 000 сўм кредит қарзи ва 411 194 сўм кредит фоизини ундиришни, кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, банк ва жавобгар ўртасида 2013 йил 18 мартда ғалла ҳосилини етиштириш учун минерал ўғит сотиб олиш мақсадида кредит шартномаси тузилган. Унга кўра, банк ўн икки ой муддатга йиллик 18 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан жами 2 704 320 сўм кредит ажратиши, жавобгар эса кредит ва унга ҳисобланган фоизларни белгиланган миқдорда ва муддатда қайтариш мажбуриятини олган.

Кредит маблағи қайтарилишининг таъминоти сифатида 2013 йил 18 мартда банк, жавобгар ва кафил ўртасида кафиллик шартномаси имзоланган.

Банк шартномада белгиланган миқдордаги кредитни ажратган. Бироқ, жавобгар кредит қарзини қайтармаган. Кредит қарзи ва кредит фоизини шартномада белгиланган муддатларда тўлаб бериш тўғрисидаги талабномалар жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Шу сабабли, Палата банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ва кафилдан 2 700 000 сўм кредит қарзи ва 411 194 сўм кредит фоизини ундиришни, кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанцияси судининг ҳал қилув қарори билан даъво аризасидаги кредит қарзини ундириш талаби жавобгар томонидан кредит қарзи тўлиқ тўлаб берилганлиги учун қаноатлантирилмасдан рад этилган, шартномани бекор қилиш талаби кўрмасдан қолдирилган. Суднинг шартномани бекор қилиш талабини кўрмасдан қолдиришига бу талаб бўйича низони судгача ҳал қилиш тартибига, яъни шартномани бекор қилиш юзасидан жавобгарга талабнома юборилмаганлиги асос қилиб келтирилган.

ХПК 6-моддасининг иккинчи қисмига кўра агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан сўнггина хўжалик судида иш қўзғатиш мумкин. Бунда прокурор, давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатиш тарафлар юқоридаги чораларни кўрган-кўрмаганликларидан қатъи назар, амалга оширилади.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги "Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги 203-сонли қарорнинг 19-бандига асосан, ушбу тоифадаги низоларни ҳал этишда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ХПК 6-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, низо мазкур тартибга риоя этилганидан сўнггина судга кўриб чиқиш учун топширилиши мумкин. Шу сабабли бундай тоифадаги низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этилмаганлиги ХПК 88-моддасининг 5-бандига мувофиқ даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос ҳисобланади. Бунда прокурор, давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатилган бўлса, тарафлар юқоридаги чораларни кўрган-кўрмаганликларидан қатъи назар, у мазмунан кўриб чиқилиши лозим.

Ушбу ҳолатда, кредит шартномасини бекор қилиш ҳақидаги даъво Палата томонидан берилган бўлсада, суд мазкур даъво талаби билан мурожаат қилишдан олдин талабнома юбориш тартибига риоя қилинмаганлигига асосланиб, даъвонинг ушбу талабини кўрмасдан қолдириб хатоликка йўл қўйган.

Шу сабабли, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорининг кредит шартномасини бекор қилиш талабини кўрмасдан қолдириш қисмини бекор қилиб, ушбу талабни қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилган.


2. Суд буйруғи апелляция, кассация инстанцияларида, назорат тартибида ва янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилмайди. Шу боис суд буйруғи устидан берилган апелляция ёки кассация шикояти, янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар шикоят ёки ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.


"Мафтун-Мухлис" МЧЖ (бундан буён матнда кредитор деб юритилади) ва "Юггазспецмонтаж" унитар корхонаси (бундан буён матнда қарздор деб юритилади) ўртасида 2015 йил 29 январда шартнома тузилган. Мазкур шартнома шартларига мувофиқ кредитор ўз мажбуриятларини бажариб, қарздорга 100 507 661 сўмлик маҳсулот етказиб берган. Лекин, қарздор томонидан маҳсулотлар ҳақи тўлаб берилмаган ва натижада кредитор олдида 100 507 661 сўм дебиторлик қарзи вужудга келган. Ушбу дебиторлик қарзи та??ослаш далолатномаси билан тасдиқлаган.

Шу боис кредитор хўжалик судига ариза бидан мурожаат қилиб, қарздордан 100 507 661 сўм дебиторлик қарзини ундириш ҳақида суд буйруғи беришни сўраган.

Биринчи инстанция суди кредиторнинг аризасини қаноатлантириб, қарздордан кредитор фойдасига 100 507 661 сўм дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида суд буйруғи берган.

Қарздор хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, суд буйруғини бекор қилишни сўраган. Аризада 2015 йил 30 июнь ҳолатига қарздорнинг кредитор олдида 100 507 661 сўм қарздорлиги мавжуд бўлганлиги, бироқ 2015 йил 25 июлдаги 682-сонли тўлов топшириқномаси билан 15 000 000 сўм, 2015 йил 17 августдаги 732-сонли тўлов топшириқномаси билан 25 000 000 сўм кредиторга тўлаб берилганлиги, 2015 йил 4 сентябрь ҳолатига 60 507 661 сўм қарзи қолганлиги, бироқ суд ижрочилари томонидан суд буйруғи берилган кунга қадар тўланган 40 000 000 сўм инобатга олинмаётганлиги билдирилган.

Суднинг ажрими билан қарздорнинг аризасини қаноатлантириш рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Қарздор суд буйруғидан норози бўлиб, кассация шикояти билан мурожаат қилган.

Бироқ, ХПКда хўжалик суди томонидан берилган суд буйруғи устидан кассация тартибида шикоят (протест) қилиниши назарда тутилмаган.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2013 йил 5 декабрдаги "Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги 254-сон қарорининг 17-бандига кўра, суд буйруғи апелляция, кассация инстанцияларида, назорат тартибида ва янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилмайди. Шу боис, суд буйруғи устидан берилган апелляция ёки кассация шикояти, янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар шикоят ёки ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.

Шу сабабли, кассация инстанцияси суди кассация шикояти бўйича иш юритишни тугатишни лозим топган.


3. Юридик ва жисмоний шахслар суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан хўжалик судига қилган шикоятлари бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинади.


"Қашқадарё махсус монтаж-КМУС" МЧЖ (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатдан ва молиявий таъминлаш Департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) Яшнаобод туман бўлими суд ижрочиларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни ноқонуний деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2015 йил 9 мартдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Биринчи инстанция суди арз қилинган талабни асосли равишда қаноатлантиришни рад этган. Аммо, даъвогардан Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасига 1 184 000 сўм давлат божи ундиришда хатоликка йўл қўйган.

Чунки, Солиқ кодекси 330-моддасининг 25-бандига асосан юридик ва жисмоний шахслар суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан хўжалик судларига қилган шикоятлари бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинган.

Шу боис, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорининг даъвогардан 1 184 000 сўм давлат божи ундириш қисмини бекор қилиб, унинг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топган.


4. Ҳокимият бюджет ташкилоти бўлганлиги сабабли, унга ажратиладиган бюджет маблағларидан у фақат харажатлар сметасида кўрсатилган мақсадлардагина фойдаланиши мумкин. Шу боис, ҳокимият учинчи шахслар ўртасидаги фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича кафил бўла олмайди.


Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар бошқармаси (бундан буён матнда Палата деб юритилади) "Асакабанк" ДАТ (бундан буён матнда Банк деб юритилади) манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар "Замин коммунал сервис" ХУЖМШ (бундан буён матнда Ширкат деб юритилади) ва Юнусобод туман хокимиятидан (бундан буён матнда Ҳокимият деб юритилади) солидар тартибда 5 249 998 сўм кредит қарзини, 1 750 002 сўм муддати келган қарзни ва 315 745 сўм кредит фоизини ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, Ширкат ва Ҳокимиятдан Банк фойдасига солидар тартибда 5 249 998 сўм кредит қарзи, 1 750 002 сўм муддати келган қарзи ва 315 745 сўм кредит фоизи ундирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, Банк ва Ширкат ўртасида 2013 йил 22 ноябрда кредит шартномаси тузилган бўлиб, унга кўра, Банк Ширкатга 7 000 000 сўм кредитни уй-жойларни жорий ва капитал таъмирлаш, зарур жиҳоз ва материаллар сотиб олиш учун йиллик 8% устама тўлаш шарти билан икки йил муддатга ажратиш, Ширкат эса ажратилган кредит суммасини қайтариш ва унга ҳисобланган фоизларни шартномада белгиланган муддатларда тўлаб бериш мажбуриятини олган.

Банк, Ширкат ва Ҳокимият ўртасида кредит таъминоти сифатида 2013 йил 22 ноябрда кафиллик шартномаси тузилган.

Кафиллик шартномасига кўра, Ҳокимият (кафил) кафиллик билан таъминланган мажбуриятлар қарздор томонидан бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда кредиторнинг биринчи талабига асосан кредит тўловларини, фоизларни ва бошқа тўловларни кредит шартномасидаги қарздорнинг мажбуриятлари билан белгиланган муддат ва миқдорда тўлаш мажбуриятини олган.

Банк томонидан Ширкатга 7 000 000 сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган.

Кредит шартномасининг 7.1-бандида ўз вақтида кредит бўйича асосий қарз ва фоизлар тўланмаганда, Банк кредит бўйича асосий қарз ва фоизларни муддатидан олдин ундириши мумкинлиги белгиланган.

Кредит шартномаси шартлари Ширкат томонидан тегишли равишда бажарилмасдан, кредит маблағи ва фоиз тўловлари шартномада белгиланган муддатларда қайтарилмаган.

Шу сабабли, Палата Банк манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

ФКнинг 744-моддасига биноан кредит шартномаси бўйича бир тараф - банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Биринчи инстанция суди Ширкатдан Банк фойдасига 5 249 998 сўм кредит қарзи, 1 750 002 сўм муддати келган кредит қарзи ва 315 745 сўм кредит фоизини ундириш тўғрисида қонуний тўхтамга келган.

Адлия вазирлигида 2014 йил 15 декабрда 2634-сон билан рўйхатга олинган Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1 ва 9-бандларига кўра, бюджет ташкилоти ва бюджет маблағлари олувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан харажатлари бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида ва уларнинг харажатлар сметаларида кўрсатилган мақсадларда амалга оширилади. Харажатлар сметаси бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан уларга тегишли молия йили учун етказилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳажми доирасида тузилади.

Бундан кўриниб турибдики, Ҳокимият бюджет ташкилоти бўлганлиги учун унга ажратилган бюджет маблағларидан фақат харажатлар сметасида кўрсатилган мақсадларда фойдаланиши мумкин. Шу боис, учинчи шахслар ўртасидаги фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар юзасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича ҳокимиятнинг кафил бўлиши қонун ҳужжатларига зиддир.

ФКнинг 116-моддасига биноан қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Бироқ, биринчи инстанция суди моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, қарздорликни Ширкат ва Ҳокимиятдан солидар тартибда ундириш ҳақида нотўғри тўхтамга келган.

Шу боис, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириб, 5 249 998 сўм кредит қарзи, 1 750 002 сўм муддати келган қарз ва 315 745 сўм кредит фоизини Ширкатдан Банк фойдасига ундиришини лозим топган.


5. Кафил кредитор олдидаги қарздорнинг мажбуриятлари бўйича кафиллик шартномасида кўрсатилган қиймат миқдорида жавобгар бўлади.


"Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" акциядорлик лизинг компанияси Жиззах вилоят филиали (бундан буён матнда лизинг компанияси деб юритилади) ва "Қутолибой" фермер хўжалиги (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2006 йил 10 январда лизинг шартномаси тузилган. Унга кўра, лизинг компанияси 2-ПТС-4-793А-03 русумли 1 дона тиркамани жавобгарнинг буюртмаси асосида "Тошкент трактор заводи" акциядорлик жамиятидан сотиб олиш ва лизинг шартномасида белгиланган тартибда ҳақ эвазига эгалик қилиш, фойдаланиш учун келгусида сотиб олиш ҳуқуқи билан жавобгарга бериш, жавобгар эса лизинг компаниясига лизинг тўловларини шартномада белгиланган муддатларда тўлаб бериш мажбуриятини олган.

Лизинг шартномасининг таъминоти сифатида лизинг компанияси, жавобгар ва "Жамилахон Турсунова" фермер хўжалиги (бундан буён матнда кафил деб юритилади) ўртасида кафиллик шартномаси тузилган.

Лизинг компанияси томонидан шартнома мажбуриятлари тўлиқ бажарилиб, қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида жавобгарга лизинг объекти топширилган. Бироқ, жавобгар томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даража бажарилмаган ва натижада 2013 йил 1 ноябрь ҳолатига, уни лизинг компанияси олдидаги қарзи 10 881 436 сўмни ташкил этган.

Шу сабабли, лизинг компанияси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ва кафилдан 10 881 436 сўм асосий қарз ва 5 440 718 сўм пеня ундиришни сўраган.

Суднинг ажрими билан ишга "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" акциядорлик лизинг компанияси даъвогар сифатида жалб этилган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгар ва кафилдан "Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг" акциядорлик лизинг компанияси фойдасига солидар тартибда 10 881 436 сўм асосий қарз ва 816 107 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

ФК 292-моддасининг биринчи қисмига асосан кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

Биринчи инстанция суди кафиллик шартномасининг 3-бандида даъвони қисман қаноатлантириб, жавобгар ва кафилдан лизинг компанияси фойдасига солидар тартибда 10 881 436 сўм асосий қарз, 816 107 сўм пеня ундириб нотўғри хулосага келган. Чунки, тарафлар ўртасида тузилган кафиллик шартномасининг 3-бандида кафил жавобгар ўз мажбуриятларини бажармаганда, мажбуриятларнинг 3 195 452 сўмлик қисмини бажаришни ўз зиммасига олган.

Шу сабабли, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириб, унинг "кафилдан даъвогар фойдасига 10 881 436 сўм асосий қарз ва 816 107 сўм пеня ундирилсин" сўзларни, "кафилдан даъвогар фойдасига 3 195 452 сўм ундирилсин" деган сўзларга ўзгартиришни лозим топган.

Суд амалиётини умумлаштириш натижалари бўйича қуйидаги тавсиялар берилади.

Хўжалик суди судьялари:

суд ижрочиларига нисбатан суд ҳужжатларини ижро этмаганлиги учун жавобгарлик масаласини ҳал этиш тўғрисидаги низолар хўжалик судига тааллуқли эмас. Шу сабабли, бундай талаб билан мурожаат қилинганда, даъвони қаноатлантириш рад этилмаслигига, балки низо бўйича иш юритиш тугатилишига;

жамият директори, жамият бошқаруви аъзолари, ишончли бошқарувчи ҳамда жамият ўртасида тузилган шартнома бўйича юзага келадиган низо жамият фаолиятидан келиб чиқсада, низо меҳнат муносабатларидан келиб чи??анлиги сабабли, хўжалик судига тааллуқли эмаслигига;

жавобгар зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклаш ҳақидаги талаблар хўжалик суди судловига тааллуқлилигига;

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъекти манфаатида хўжалик судига киритилган даъво аризаси бўйича иш қўзғатилган бўлса, тарафлар низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этган-этмаганлигидан қатъи назар, у мазмунан кўриб чиқилишига;

агар давлат солиқ хизмати органи томонидан Солиқ кодекси 54-моддасининг учинчи қисмига асосан молиявий жаримани бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган бўлса, муддат тугамасдан давлат солиқ хизмати органи судга молиявий жарима қўллаш ҳақида ариза билан мурожаат қилганда, ариза ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига мувофиқ қайтарилади, ушбу ҳолат ариза иш юритувга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ХПК 88-моддасининг 5-бандига мувофиқ ариза кўрмасдан қолдирилишига;

суд буйруғи апелляция, кассация инстанцияларида, назорат тартибида ва янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилмайди. Шу боис суд буйруғи устидан берилган апелляция ёки кассация шикояти, янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар шикоят ёки ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилишига;

юридик ва жисмоний шахслар суд ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан хўжалик судларига қилган шикоятлари бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинишига;

мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисида даъво аризаси берилган бўлиб, даъвогарда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни бошқача тарзда олишнинг имконияти мавжуд бўлса, бундай даъво аризасини қаноатлантириш рад этилишига;

даъво аризаси механик ёки бошқа нусха кўчириш воситалари орқали имзоланишига қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, йўл қўйилмайди. Акс ҳолда, даъво аризаси ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан қайтарилишига, агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, у ХПК 88-моддасининг 3-бандига асосан кўрмасдан қолдирилишига;

агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкинлигига, аммо қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустаснолигига;

ҳокимият бюджет ташкилоти бўлганлиги сабабли, унга ажратиладиган бюджет маблағларидан у фақат харажатлар сметасида кўрсатилган мақсадлардагина фойдаланиши мумкин. Шу боис, ҳокимият учинчи шахслар ўртасидаги фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича кафил бўла олмаслигига;

кафил кредитор олдидаги қарздорнинг мажбуриятлари бўйича кафиллик шартномасида кўрсатилган қиймат миқдорида жавобгар бўлишига;

ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилинганда, даъвогар қурилган иморатлар архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларига жавоб бериши, иморатнинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг бузилишига сабаб бўлмаслиги ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслигини исботлаб бериши лозимлигига;

юридик шахс ФК 53-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида кўрсатилган ҳоллардагина суднинг қарорига мувофиқ тугатилиши мумкинлигига;

давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш тўғрисида шартнома тузилганда, бундай шартномалар нотариал тасдиқланиши кераклигига;

банклар томонидан қонунларда назарда тутилган эҳтиёжлар учун ўз вақтида нақд пул бермаганлик учун мижозларга улар ҳисобварақларида маблағ бўлганида банк устав сармояси белгиланган энг кам миқдорининг 0,005 фоизи миқдорида жарима тўлашига;

давлатга тегишли бино ва иншоотлар инвестиция мажбуриятлари киритиш эвазига сотилганда, сотиб олувчи томонидан киритилган инвестиция бўйича мажбурият бажарилганлиги махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиб ҳамда унинг ижобий хулосаси олингандан сўнг давлат мулкини бошқариш органининг мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи Давлат ордерини бериш мажбурияти вужудга келишига;

ФКнинг 333-моддасига кўра, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради. Қарздор мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлигини исботласа, у айбсиз деб топилишига алоҳида эътибор қаратишлари керак.


































Время: 0.0115
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск