язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Саноат/ Енгил саноат/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.12.2016 й. ПҚ-2687-сон "2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги Қарори [Кўчирма]

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

21.12.2016 й.

N ПҚ-2687



2017-2019 ЙИЛЛАРДА ТЎҚИМАЧИЛИК

ВА ТИКУВ-ТРИКОТАЖ САНОАТИНИ ЯНАДА

РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Келгусида иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришларни давом эттириш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини модернизациялаш, диверсификациялаш ва жадал ривожлантиришни таъминлаш, пахта толаси ва ипак хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш йўли билан рақобатбардошли, ташқи бозорларда талаб қилинадиган тайёр, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтириш мақсадида:


1. 2017-2019 йилларда пахта толаси ва ипак хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида юқори қўшилган қийматли, ташқи бозорларда талаб қилинадиган тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш топшириғи 1-иловага* мувофиқ белгилансин.

Пахта толаси ва ипак хом ашёсини чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли, ташқи бозорларда талаб юқори бўлган тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 1-иловада* назарда тутилган топшириқларнинг белгиланган муддатларда сифатли ва тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият "Ўзбекенгилсаноат" АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа акциядорлик жамиятлари ҳамда корхоналар раҳбарлари - масъул ижрочилар зиммасига юклансин.


2. 2016-2019 йилларда пахта толаси ва ипак хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида юқори қўшилган қийматли тайёр, экспортга йўналтирилган тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати 2-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

Ушбу рўйхатга киритилган барча инвестиция лойиҳалари "Ўзбекенгилсаноат" АЖ томонидан, салоҳиятли инвесторлар, ишлаб чиқариш майдончалари ва лойиҳаларни молиялаштириш манбалари аниқ белгиланганлигини ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда тайёрланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. "Ўзбекенгилсаноат" АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда ушбу қарорнинг 2-иловасида* кўрсатилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсинлар, уларда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, замонавий технологик талабларга жавоб берадиган лойиҳа ечимларини танлашнинг аниқ муддатларини назарда тутсинлар.


6. Белгилаб қўйилсинки, очилган кредит линиялари доирасида тижорат банклари билан биргаликда молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

тижорат банклари устав капиталига, шу жумладан шуъба инвестиция компаниялари орқали ёки модернизация қилинаётган ёхуд янгидан ташкил этилаётган корхоналарга қайта молиялаштирилаётган кредитлар бериш орқали лойиҳаларни молиялаштирадилар;

қайта молиялаштириш шартларида лойиҳани амалга оширишда тижорат банкининг иштироки лойиҳа қийматининг кўпи билан 75 фоизини ташкил қилади;

кредит линиялари хорижий валютада берилади, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни тўлаш ҳам қайта молиялаштирувчи тижорат банклари ва қарз олган ташкилотлар томонидан ана шу валютада амалга оширилади;

инвестиция лойиҳалари тармоқнинг илмий-техника кенгашида мажбурий экспертизадан ўтказилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Ўзбекенгилсаноат" АЖ лойиҳалаш ташкилотлари билан биргаликда тўқимачилик ишлаб чиқаришларини лойиҳалаш ва қуришнинг тармоқ нормаларини икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва киритсинлар, бунда қуйидагиларни назарда тутсинлар:

уларни қурилишнинг халқаро амалиётига ва замонавий технологияларига мувофиқлаштириш;

арзон, биринчи навбатда, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган материаллардан (темир-бетон ва металл конструкциялар, сэндвич-панеллар ва бошқалардан) фойдаланиш, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш хоналарининг ортиқчасини чиқариб ташлаган ҳолда оптималлаштириш йўли билан қурилиш-монтаж ишларига харажатларни камайтириш.


9. "Ўзстандарт" агентлиги, "Ўзбекенгилсаноат" АЖ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда тўқимачилик маҳсулотларига стандартларни халқаро нормалар ва асосий бозорлардаги талабларга мувофиқлаштиришга доир комплекс чора-тадбирларни бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ҳамда 2017-2018 йилларда босқичма-босқич амалга оширсинлар.


10. 2017-2019 йилларда республиканинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича Ишчи гуруҳ 5-иловага* мувофиқ ташкил этилсин.

Ишчи гуруҳ (З. Мирзаев) вазирликлар, идоралар, акциядорлик жамиятлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа масъул бажарувчиларнинг Дастурда назарда тутилган инвестиция лойиҳалари ва топшириқларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича фаолияти пухта мувофиқлаштирилишини ва мониторинги олиб борилишини таъминласин.


11. Кредит берувчи тижорат банкларига - ушбу Дастур доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича берилган кредитлар юзасидан инвестиция даврида ҳисобланган фоизларни капиталлаштириш ҳуқуқи берилсин.

13. Қуйидагилар божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) 2020 йил 1 январгача бўлган муддатга озод қилинсин:

республикада ишлаб чиқарилмайдиган, ушбу қарорнинг 2-иловасига* киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича четдан келтириладиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар;

хўжалик юритувчи субъектлар - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича республика ҳудудига четдан келтириладиган тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ўрнатилган технологик ускуналарига эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар учун.


14. 7-иловага** мувофиқ, тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарига 2020 йилнинг 1 январига қадар қуйидагилардан иборат солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилсин:

микрофирмалар ва кичик корхоналар учун фойда солиғи ва мулк солиғи тўлашдан, ягона солиқ тўловидан, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилиш;

ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ва материаллар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ, комиссия шартномалари асосида импорт қилинадиган ускуналар, бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлашдан озод қилиш (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно);

ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ўзида ишлаб чиқариш учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган юқоридаги рўйхатга киритилмаган хом ашё, материаллар ва фурнитурани импорт қилишда божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб божхона тўловларини 60 кунгача муддатга кечиктириш (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно).

7-иловага** мувофиқ ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашаётган корхоналар жумласига ҳисобот даври якунлари бўйича умумий сотиш ҳажмида шундай товарларни ишлаб чиқаришдан тушган тушумлар улуши камида 60 фоизни ташкил этадиган корхоналар киради.

15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда "Ўзбекенгилсаноат" АЖнинг "Ўзбекенгилсаноат" АЖ таркибида "Ўзтўқимачиликэкспорт" МЧЖ ихтисослаштирилган ташқи савдо ташкилотини (кейинги ўринларда "Ўзтўқимачиликэкспорт" МЧЖ ИТСТ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин, қуйидагилар унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

енгил саноат корхоналарига, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига маркетинг, ахборот ва консалтинг хизматлари кўрсатиш, кўргазмаларда ва матбуот нашрларида реклама тадбирларини амалга ошириш, экспорт салоҳиятини кенг ёритиш ҳисобига енгил саноат маҳсулотларини экспортга йўналтириш;

тўғридан-тўғри контрактлар бўйича, шунингдек хорижда ташкил этилаётган савдо уйлари орқали маҳсулотларни экспортга сотишда енгил саноат корхоналарига тизимли асосда кўмаклашиш;

республикада ишлаб чиқарилмаётган технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар, аксессуарлар ва фурнитураларни етказиб беришда (импорт қилишда), шунингдек тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш учун зарур бўлган тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотлари билан таъминлаш ҳисобига тармоқ ичидаги кооперацияни ривожлантиришда кўмаклашиш.


16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда ушбу қарорнинг 2-иловасида* кўрсатилган инвестиция лойиҳалари, уларнинг параметрлари, молиялаштириш ҳажмлари ва манбалари аниқлаштирилган ҳолда белгиланган тартибда унга киритилишини таъминласинлар.

17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқаро молиявий институтлар, ташкилотлар ва донор мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш, йирик ва стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича Идоралараро кенгаш экспортга йўналтирилган тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 2-иловага* киритилган инвестиция лойиҳаларига тайёрланган ва келишилган лойиҳа ҳужжатларининг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, зарурат бўлганда, тузатишлар ва қўшимчалар киритилишини таъминласин.


18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига 8-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


19. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                      Ш. Мирзиёев



*) 1, 2, 5-иловалар берилмайди.

**) 6 - 7-иловалар рус тилидаги матнда берилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2016 йил 21 декабрдаги

ПҚ-2687-сон қарорига

8-ИЛОВА



Мазкур Илова рус тилида тасдиқланган.

Ҳужжатнинг матни Норма газетаси  ва  ахборот-қидирув

тизими   экспертлари  томонидан  ўзбек  тилига  таржима

қилинган  ва ахборот  тусига  эга.   Ноаниқликлар   келиб

чиққанида  меъёрий-ҳуқуқий  ҳужжатнинг  рус   тилидаги

матнига қаранг.



Ўзбекистон Республикаси Президенти

ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


[Кўчирма]


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 13 ноябрдаги ПҚ-510-сон "2006-2008 йилларда тўқимачилик саноати корхоналарини модернизация қилиш ва техникавий қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида"ги қарорининг 3-банди ва қарорга 3-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 21 ноябрдаги ПҚ-733-сон "Пахта толасини республиканинг ички истеъмолчиларига сотишни такомиллаштириш ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 3-бандида:


учинчи хатбошида:

"60 фоиз ва ундан ортиқ фоиз" сўзлари "40 фоиз ва ундан ортиқ фоиз" сўзлари билан алмаштирилсин;

"2016 йилнинг 1 январигача" сўзлари "2020 йилнинг 1 январигача" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 28 январдаги ПҚ-1050-сон "Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг 3-банди учинчи хатбошиси "импорт қилинадиган," сўзларидан кейин ", шу жумладан воситачилик шартномалари асосида олиб келинадиган" сўзлари билан тўлдирилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 29 июндаги 245-сон "Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига 1-иловада:


4-банднинг в) кичик бандидаги "экспорт қилинадиган маҳсулотни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган" сўзлари чиқариб ташлансин;


10-банд қуйидаги мазмундаги янги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарларини экспорт қилишдан олинган хорижий валютадаги тушум тижорат банкларига мажбурий сотилмайди".


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 мартдаги 141-сон қарорининг 5-банди "чиқиндиларини" сўзи "чиқиндилари, аксессуарлар ва фурнитурани" сўзлари билан алмаштирилсин, кейинги ўринлар матн бўйича давом этиб кетсин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 26 декабрь, 51-сон, 584-модда