язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Саноат/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.12.2016 й. ПҚ-2692-сон "Саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини жадал янгилаш, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

22.12.2016 й.

N ПҚ-2692



САНОАТ ТАРМОҚЛАРИ КОРХОНАЛАРИНИНГ

ЖИСМОНИЙ ИШДАН ЧИҚҚАН ВА МАЪНАВИЙ

ЭСКИРГАН МАШИНА-УСКУНАЛАРИНИ ЖАДАЛ

ЯНГИЛАШ, ШУНИНГДЕК, ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

ХАРАЖАТЛАРИНИ КАМАЙТИРИШГА ОИД

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Корхоналарда замонавий ва жаҳон даражасида муваффақиятли синовдан ўтган технологияларни илдам суръатлар билан ўзлаштириш, мамлакатимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатдошлигини янада ошириш, шу асосда саноат тармоқларининг барқарор ривожланишини ва экспорт салоҳиятининг ўсишини таъминлаш, шунингдек, энергия самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги стандартларининг иқтисодиётга фаол татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, саноат тармоқлари корхоналари технологик жиҳозлари ва технологияларининг техник аудитини ўтказиш давомида асосий ишлаб чиқариш фондларининг замон талабларига қай даражада мослиги борасидаги техник ҳолати 1-иловага* мувофиқ ўрганиб чиқилди.


2. Вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда ўтказилган техник аудит натижаларини ўрганиш асосида 2017-2020 йиллар даврида саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган асбоб-ускуналарини замонавий, жаҳон даражасида синовдан ўтганлари билан алмаштирган ҳолда уларни эксплуатациядан олиб ташлаш ва янгилаш бўйича ишлаб чиқилган мақсадли параметрлари 2- ва 3-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Давлат мулки улушига эга бўлган хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига саноат ташкилотлари учун ушбу қарорнинг 2-ва 3-иловаларига* мувофиқ тасдиқланган мақсадли параметрларга биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ставка бўйича эксплуатациядан чиқариб ташланувчи ускуна ва жиҳозлар ўрнига янгиларини харид қилишга 12 ойлик имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга узоқ муддатли кредитлар ажратиш тавсия этилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банки 2017-2020 йиллар даврида, мазкур қарор доирасида, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган замонавий ускуналар ва бутловчи буюмларни харид қилиш учун баланс ҳисоб-китобларида валюта маблағларини асосланган ҳисоб-китоблар бўйича ҳисобга олсин.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

техник аудит ўтказиш натижаларига кўра ҳисобдан чиқарилаётган, жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган технологик ускуна ва жиҳозлар фақат "Ўзметкомбинат" АЖ ва "Ўзбекистон лом, рангли металлар парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи" АЖ бўлинмаларига қора ва рангли металлар парчалари тарзида эркин шартномавий нархда мажбурий тартибда сотилиши, тушган маблағлар замонавий ускуналар харид қилишга мақсадли йўналтирилиши лозим;

ҳисобдан чиқарилаётган технологик ускуна ва жиҳозларнинг қора ва рангли металлар парчалари тарзида сотилишидан тушган даромадлар солиққа тортилмайди.


7. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича, ушбу қарорга мувофиқ, жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган ускуналар ва жиҳозларни эксплуатациядан олиб ташлаш ҳамда янгилаш доирасида олиб келинадиган технологик ускуналар, материаллар ва бутловчи буюмлар 2021 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона йиғимлари бундан мустасно).


8. Вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларга саноат тармоқлари корхоналари бошқарув органларининг йиғилишида, ўтказилган техник аудит натижаларига кўра уларда аниқланган жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган технологик ускуна ва жиҳозларини белгиланган тартибда қолдиқ қиймати бўйича ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш тавсия қилинсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплексларининг раҳбарлари вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда:

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг таркибига кирувчи саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини эксплуатациядан олиб ташлаш ва янгилашнинг тегишли календарь йили бўйича ҳар чоракдаги тармоқ жадваллари ва манзилли рўйхатлари 10 январга қадар тасдиқланишини;

2018-2020 йиллар даврида саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини замонавий, жаҳон даражасида синовдан ўтганлари билан алмаштирган ҳолда уларни эксплуатациядан олиб ташлаш ва янгилашнинг тасдиқланган мақсадли параметрлари бажарилишини мониторинг қилсин ва комплексларнинг йиғилишларида ҳар чоракда кўриб чиқилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг келгуси йил Инвестиция дастурини шакллантиришда унинг манзилли қисмига саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган асбоб-ускуналарини замонавий, жаҳон даражасида синовдан ўтганлари билан алмаштирган ҳолда, уларни янгилаш лойиҳалари киритилишини назарда тутсин.


11. Саноат тармоқлари корхоналари томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2017-2021 йилларда саноат тармоқлари корхоналари бўйича ишлаб чиқариш харажатларини, биринчи навбатда, жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган асбоб-ускуналарни тўлиқ модернизациялаш ва янгилаш, ишлаб чиқаришда энергия ресурслари истеъмолини камайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш, технология жараёнларини ва моддий-хом ашё ресурслари сарфланиши меъёрларини рационаллаштириш ҳисобига камайтириш, эксплуатация ва ноишлаб чиқариш сарф-харажатларини ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш йўли билан қисқартириш бўйича ишлаб чиқилган йиғма ва мақсадли параметрлари 4-ва 5-иловаларга* мувофиқ маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплексларининг раҳбарлари вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда:

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар таркибига кирувчи саноат тармоқлари корхоналарининг ишлаб чиқариш харажатларини ушбу қарор билан маъқулланган 2017-2021 йилларда тармоқ бўйича тегишли календарь йилида ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришнинг мақсадли параметрлари асосида қисқартириш юзасидан комплекс чора-тадбирларнинг 10 январга қадар тасдиқланишини;

саноат тармоқлари корхоналарида 2017-2021 йилларда ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш юзасидан қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг мониторинг қилиниши ҳамда комплексларнинг йиғилишларида ҳар чоракда кўриб чиқилишини;

ўтказилаётган мониторинг якунларига кўра, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш бўйича мақсадли параметрларга эришиш тўлиқлиги ва самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда саноат тармоқлари корхоналари раҳбарларини моддий рағбатлантириш ёки шахсий жавобгарлигини ошириш юзасидан чоралар қўлланилишини таъминласин.


12. Белгилансинки, тасдиқланган меъёрий-техник ҳужжатлар доирасида технология жараёнларини рационаллаштириш ҳамда моддий-хом ашё ва энергия ресурсларини сарфлаш меъёрларини оптималлаштириш, бир йилга ҳисоблаганда эксплуатация ва қўшимча харажатларни камайтириш, ходимлар сонини оптималлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобига ишлаб чиқариш сарф-харажатларининг қисқариши натижасида маҳаллийлаштириш даражасининг пасайиши 2017-2021 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 21 июлдаги 154-сонли қарори билан тасдиқланган Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом талабларини бузиш ҳисобланмайди.


13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўздавэнергоназорат" ДИ, "Ўздавнефтгазинспекция" ДИ, Давлат рақобат қўмитаси мазкур қарор билан тасдиқланган мақсадли параметрлар бажарилишини ўрганиш бўйича тизимли ишни ташкил қилсин ҳамда ўтказилаётган иш якунлари бўйича ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этиб турсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплексларининг раҳбарларига жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган ускуналарни эксплуатациядан олиб ташлаш ва янгилашнинг ҳар чоракдаги тармоқ жадваллари ва манзилли рўйхатини тасдиқлашда саноат тармоқлари корхоналарининг асосли таклифлари бўйича ушбу қарор билан тасдиқланган мақсадли параметрларга ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                       Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 февраль, 8-сон, 110-модда