Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси Президенти /

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 01.03.2017 й. ПФ-4974-сонли Фармонига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 1 мартдаги

ПФ-4974-сонли Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Президенти девони тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг асосий вазифалари, фаолияти йўналишлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек фаолиятини ташкил этишни белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони (бундан буён матнда Девон деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ахборот-таҳлил ва ташкилий-назорат органи ҳисобланади.


2. Девон Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилади, Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва бевосита унга ҳисобдордир.


3. Девон ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. Девон ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси, суд ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



II. ДЕВОННИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Девоннинг асосий вазифалари қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;

аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан кадрларга оид давлат сиёсатини, шунингдек давлат мукофотлари ва геральдика соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлаш;

давлатнинг ички ва ташқи сиёсати асосий йўналишларини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини муҳофаза қилиш, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

олий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлашда кўмаклашиш;

мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишини таъминлашда кўмаклашиш;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши, уларга ўз уставларида белгиланган мақсад ва вазифаларини амалга оширишларига тенг имкониятлар ва шароитлар яратилиши кафолатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан уларнинг демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуришдаги ролини ошириш борасида самарали ҳамкорлик қилиш;

давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш ҳолати ҳамда тенденциясини таҳлил қилиш, унинг натижалари бўйича самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсатини ўтказиш, илм-фанни, маданиятни, таълимни, соғлиқни сақлашни, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тузилмаларнинг, шунингдек унинг ваколатларини амалга оширишга кўмаклашувчи маслаҳат ва кенгаш органларининг фаолиятини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ҳамда протокол жиҳатидан таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқларининг ижросини ташкил этиш ва уларнинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш.

Девон юклатилган вазифаларни ўзининг таркибий тузилмалари орқали ҳал этади.



III. ДЕВОН ТУЗИЛМАСИ


6. Девон таркибига қуйидагилар киради:

Ташкилий-кадрлар хизмати;

Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизмати;

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати;

Ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш хизмати;

Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари хизмати;

Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш хизмати;

Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари хизмати;

Ишлар бошқармаси;

Ижро этувчи аппарат.

Девон таркибига, шунингдек асосий вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарори билан белгиланадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати ҳам киради.



IV. ДЕВОН ТАРКИБИЙ ТУЗИЛМАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


7. Ташкилий-кадрлар хизмати:

кадрларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларни шакллантириш, давлат хизмати институтини такомиллаштириш ва маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Девон номенклатурасига кирувчи кадрларни (бундан буён матнда бошқарув кадрлари деб юритилади) танлаш, жой-жойига қўйиш, лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек ушбу лавозимларга кадрлар захирасини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга оширади;

давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотларнинг бошқарув кадрлари фаолияти самарадорлиги мониторингини ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, шунингдек бошқарув кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича бошқа муассасалар фаолиятини мувофиқлаштиради ва йўналтиради;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш бўйича конституциявий ваколатларини амалга оширилишига кўмаклашади, геральдика соҳасидаги ягона давлат сиёсатини юритилишини таъминлайди.


8. Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизмати:

давлат бошқаруви тизими, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳаракатларини бирлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий масалалар бўйича фаолиятини таъминлайди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги конституциявий ваколатларини амалга оширишга кўмаклашади;

Парламент, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органлари билан самарали ҳамкорликни ташкил этади;

давлат бошқаруви тизимининг самарали фаолият юритишига, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига, қонунларнинг сўзсиз ижро этилишига тўсқинлик қилувчи, шунингдек, расмиятчилик, сансалорлик ҳамда коррупция кўринишлари учун шарт-шароит яратувчи тизимли муаммолар ва камчиликларни, ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлайди;

давлат бошқаруви тизимини, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича илғор хорижий тажрибани комплекс таҳлил қилади ҳамда уни татбиқ этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, судлар фаолиятида ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва барқарорлигини, бир хил ва тўғри ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошқаруви тизими, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича қарорларининг ижроси устидан тизимли мониторинг ҳамда назоратни амалга оширади;

Ҳукуматнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, унинг ижро этувчи аппаратини оптималлаштириш, вазирликларнинг ишониб топширилган соҳалар учун масъуллигини кучайтириш, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида ваколатлар ва жавобгарлик соҳаларини аниқ белгилаб бериш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини таҳлил қилади, уларнинг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, ҳудудларда ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш борасидаги жавобгарлиги ва мустақиллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, унинг фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашдаги ролини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

адлия, прокуратура ва ички ишлар органларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш борасидаги фаолиятини такомиллаштиради ва мувофиқлаштиради, улар фаолиятини тизимли таҳлил ва мониторинг қилади;

судлар, адлия, прокуратура ва ички ишлар органларида кадрларга оид давлат сиёсати олиб борилишини таъминлайди, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Президентини мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳолати тўғрисида хабардор қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги, сиёсий бошпана бериш, шунингдек, амнистия актини қўллаш ва Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этиш масалалари бўйича конституциявий ваколатлари амалга оширилишини таъминлайди.

9. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари (бундан буён матнда Халқ қабулхоналари деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини самарали ташкил этади ва мувофиқлаштиради, шунингдек уларнинг фаолиятини меъёрий-услубий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (бундан буён матнда мурожаатлар деб юритилади) билан ишлаш борасидаги фаолиятини, шу жумладан жойларга сайёр чиқишларни ташкил этиши ҳамда келиб тушаётган мурожаатлар бўйича тезкорлик билан тегишли чора-тадбирларни кўриш орқали назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

Халқ қабулхоналарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш, қайта ишлаш, кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиниши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга оширади;

мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси, айбдор шахслар жавобгарлигининг муқаррарлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

мурожаатларга асос бўлган тизимли қонун бузилишларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш юзасидан доимий таҳлиллар ўтказади, мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

мурожаатлар билан ишлашни янада такомиллаштириш, фуқаролар билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.


10. Ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш хизмати:

мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш ҳолати ва тенденциясининг чуқур ва комплекс таҳлилини, макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси, иқтисодиёт, унинг тармоқлари, ижтимоий соҳа ва республика ҳудудларида сифат кўрсаткичларининг тизимли мониторингини амалга оширади;

макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга, иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ўсишини сақлаб қолишга, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштиришга, иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификация қилишга йўналтирилган иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг муҳим устувор йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, иқтисодиёт тармоқларида институционал ўзгаришларни амалга ошириш, замонавий бозор инфратузилмасини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

иқтисодиётда давлат иштироки даражасини стратегик ва иқтисодий жиҳатдан асосланган миқдорларгача қисқартириш, хусусийлаштириш ва акциялаштириш, хусусий мулкнинг устувор мавқеини таъминлаш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш ва фонд бозорини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишини мувофиқлаштиради;

иқтисодиётнинг реал соҳаларини диверсификациялаш, модернизация қилиш ва техник янгилаш, хом ашёни тўлиқ қайта ишлаш ҳамда рақобатдош, ички ва ташқи бозорларда талабгир бўлган, юқори қўшилган қийматга эга, импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт ўрнини босиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни чуқур маҳаллийлаштириш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани жадал янгилаш бўйича мақсадли дастурларини ҳамда инвестиция дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни мувофиқлаштиради;

инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, хорижий, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб этиш, апробация қилинган илғор хорижий технологияларни жорий этиш, халқаро молия институтлари, нуфузли хорижий компаниялар ва банклар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ташқи савдо айланмаси мутаносиблигини мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ошириш ва ундан максимал фойдаланиш, экспорт таркиби ва географиясини янада диверсификациялаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг табиий ва иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, минтақалар иқтисодиётини изчил ривожлантириш ва модернизациялашни таъминлаш, унинг таркибини диверсификациялаш ва мавжуд номутаносибликни бартараф этиш, маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлаш, аҳоли пунктлари қиёфасини тубдан ўзгартириш, қулай уй-жой қуриш, шу асосда шаҳар ва қишлоқ жойларда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради;

молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш, инвестиция жараёнлари ва тадбиркорликка молиявий кўмак кўрсатишда банкларнинг ролини ошириш, банкдан ташқари молия институтлари ва молия бозори инфратузилмасини кенг ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради;

ижтимоий сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги ишлар аҳволини, аҳолининг моддий фаровонлиги ва энг муҳим эҳтиёжларининг қондирилиши даражасини, зарур ҳолларда, жойларга чиққан ҳолда тизимли таҳлили ва ўрганилишини амалга оширади, аҳоли бандлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлиги ва манзилли бўлишини кучайтириш ҳамда шу асосда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини мувофиқлаштиради.


11. Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари хизмати:

Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолияти, давлат раҳбарининг олий даражадаги учрашувлари ва расмий қабуллари миллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларида холис, сифатли ва тезкор ёритилишини таъминлайди, халқаро ва етакчи миллий эксперт-таҳлил муассасаларининг вакиллари иштирокидаги матбуот-конференция, интервью ва бошқа тадбирларни ташкиллаштиради, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатларга ва мамлакатимиз бўйича ташрифларини юксак даражада ёритиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

оммавий ахборот воситаларининг давлат ва жамият ҳаётини демократлаштириш ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришдаги ролини оширишга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

мустақилликнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятлар, анъана ва урф-одатларни асраш, ёш авлоднинг қалби ва онгида Ватанга муҳаббат, мустақиллик ғояларига садоқатни чуқур сингдириш, уларни истиқлолимизга, мамлакатимизнинг тинч ва осойишта ҳаётига хавф солувчи турли ахборот ва мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ўзбекистон халқининг маданий меросини сақлаш ва кўпайтириш, аҳолининг маданий ва эстетик талабларини қаноатлантириш, театр, кинематография, мусиқа, хореография, эстрада, тасвирий санъат, цирк, халқ амалий санъат ҳамда санъатнинг бошқа йўналишларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

мамлакатнинг ижодий ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, ижодкор зиёлилар - адабиёт, маданият ва санъат арбобларини миллий мустақиллигимиз ғояларини кенг тарғиб этиш, маънавият ва маърифат соҳасидаги ишларга фаол жалб қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маъруза ва чиқишлари, табрик ва хатлари лойиҳаларини тайёрлашни ташкил қилади, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг асарлари, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётидаги муҳим саналар муносабати билан юбилей фото-альбомлари ва китоблари чоп этилишини таъминлайди.


12. Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш хизмати:

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини қуришдаги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ролини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;

қатъий ҳаётий позиция ва мустаҳкам маънавий иммунитетга эга бўлган, жамият ҳаётида муносиб ўринни эгаллашга ва мамлакатимизнинг ҳал этувчи кучи ва таянчи бўлишга қодир баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади;

маҳалла институтини, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларни янада такомиллаштириш, фуқаролар йиғинларининг халқ билан мулоқот қилишда, жамоатчилик назоратини амалга оширишда, оилалар ва маҳаллаларда маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришда, ёшларни тарбиялашда, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг бошқа долзарб масалаларини ҳал қилишдаги роли ва аҳамиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва амалга оширади;

миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, Ўзбекистон Республикасидаги турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро тенг ҳуқуқли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга кўмаклашади, давлат органларининг миллий маданий марказлар ва Дўстлик жамиятлари кенгаши билан самарали ҳамкорлигини таъминлайди;

мамлакатимиздаги диний вазиятни, виждон ва эътиқод эркинлиги бўйича қонунчиликка риоя этилишининг тизимли мониторингини амалга оширади, жамиятда диний бағрикенглик муҳитини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади, диний-маърифий меросни сақлаш, диний экстремизм ғоялари ва миссионерлик фаолиятининг тарқалишига қарши кураш ишларининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.


13. Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари хизмати:

таълимнинг узлуксизлигини таъминлашга ва юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалда самарали ижро этилиши бўйича ишларни ташкил қилади;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари, замонавий фан ютуқларини ҳисобга олган ҳолда илм-фанни ривожлантириш ва илмий-техник тараққиётнинг устувор йўналишларини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, илмий-тадқиқот ишлари натижаларини иқтисодиёт, ижтимоий, таълим ва бошқа амалий фаолият соҳаларига жорий қилишни кенгайтириш, илмий кадрларни тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширилишини таъминлайди;

соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш, соғлом авлодни тарбиялаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш, Олимпия ўйинларида, жаҳон биринчиликларида, Осиё чемпионатларида, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоалари спортчиларининг натижадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади.


14. Ишлар бошқармаси:

Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказиладиган тадбирларни молиявий, моддий-техник ва бошқа жиҳатлардан таъминлайди, шунингдек, Девон фаолиятини моддий-техника жиҳатидан таъминлашни амалга оширади;

Девонда иш юритишни ташкил этади;

Девон фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилишини таъминлайди;

Ишлар бошқармаси бўйсунувидаги таркибий бўлинмаларга раҳбарлик қилади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради, Ишлар бошқармасига қарашли бўлган бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни талаб даражасида сақлайди.


15. Ижро этувчи аппарат:

Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятини ташкилий-техникавий, ахборот-таҳлилий ҳамда протокол жиҳатидан таъминлашни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериш учун тушаётган ёзишмалар, маълумотлар, таҳлилий ва бошқа материалларни қайта ишлаш, тизимлаштириш ва таҳлил қилишни таъминлайди, шунингдек, улар бўйича берилган топшириқларнинг бажарилишини назорат қилади;

мамлакатни ривожлантириш ва ислоҳ қилиш, шунингдек, ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича ахборот-таҳлилий материаллар ва маърузалар тайёрланишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказиладиган йиғилиш ва музокараларга оид, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Вазирлар Маҳкамаси раҳбарлари ва аъзоларининг, хўжалик бирлашмаларининг, барча даражадаги ҳокимларнинг ҳисоботларини эшитишга доир маълумотларни тайёрлаш ишларини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланадиган хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари номига юбориладиган табрик хатлари ва телеграммалар лойиҳаларини тайёрлашни таъминлайди.


16. Девоннинг таркибий тузилмалари улар тўғрисидаги низомларга мувофиқ бошқа вазифа ва функцияларни амалга оширади.



V. ДЕВОННИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


17. Девон ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлардан кўриб чиқилаётган масалаларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

зарурат бўлганда, ахборот-таҳлилий материаллар, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассисларини жалб қилиш, шу мақсадларда ишчи комиссиялар ва гуруҳлар тузиш;

қонунчиликка мувофиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар фаолиятини улар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқлари бажарилиши ҳолатини ўрганиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарларига ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича материалларни аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш учун юбориш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлардан улар томонидан киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини қайта ишлашни белгиланган тартибда талаб қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарларига Девонга юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича белгиланган тартибда топшириқлар бериш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар мажлисларида қатнашиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш.

Девоннинг таркибий тузилмалари қонунчиликка ва улар тўғрисидаги низомларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18. Девоннинг таркибий тузилмалари қуйидагилар бўйича жавобгар ҳисобланади:

ўзларига юклатилган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш;

Ўзбекистон Республикаси Президентига таклиф ва масалаларни киритишда уларнинг эксперт жиҳатдан сифатли ишланишини ташкиллаштириш, миллий ва давлат манфаатларини таъминлаш;

ижро интизомини таъминлаш.



VI. ДЕВОН ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


19. Девоннинг иш фаолияти мазкур Низом, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, шунингдек, Девон таркибий тузилмаларининг иш режалари асосида ташкил қилинади.


20. Девон ва унинг бўлинмалари тузилмалари, Девон ва унинг бўлинмалари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


21. Девоннинг бошқарув ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ёрдамчи ходимлар Девоннинг Ишлар бошқарувчиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Ахборот-ресурс маркази ходимлари ҳамда Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизматининг ёрдамчи ходимлари мазкур Хизмат раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Девон ходимларининг функционал мажбуриятлари Девоннинг тегишли тузилмалари раҳбарлари томонидан белгиланади.


22. Девон ходимлари учун аввалги иш жойида берилган узоқ муддатли хизматлари, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун қўшимча тўлов ва устамалар сақлаб қолинади.

Девон ходимлари аввалги иш жойида ходимлар учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чораларидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида амалда бўлган меҳнат шароитларини ҳисобга олган ва лавозим маоши ҳамда бошқа тўловлар сақланган ҳолда, фойдаланади.

Девонда ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.

Девонда ишланган даврда ҳарбий ва махсус унвонларни бериш тегишли ҳарбий ва махсус унвонларни олиш учун зарур бўлган вақт ўтгандан сўнг аввалги иш жойида белгиланган тартибда Девоннинг тегишли таркибий тузилмаси раҳбарининг тавсияномаси асосида амалга оширилади.

Девон ходимларига уларнинг меҳнат фаолияти тугатилгандан сўнг, аввалги иш жойида эгаллаган лавозими ёки шунга тенг лавозим тақдим этилиши кафолатлари таъминланади, бундан ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолганлиги ёхуд меҳнат вазифаларини бузганлиги учун меҳнат фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно.


23. Девон юридик шахс бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга.

Девоннинг юридик манзили: Тошкент ш., Мустақиллик майдони, 6 уй.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 13 март, 10-сон, 144-модда




























Время: 0.1689
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск