язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Соғлиқни сақлаш/ Тиббиёт муассасалари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.03.2017 й. ПФ-4985-сон "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

16.03.2017 й.

N ПФ-4985



ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Қайд этилсинки, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат дастурларини амалга ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида аҳолига давлат томонидан кафолатли бепул тиббий ёрдам беришни таъминлайдиган шошилинч кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими ташкил этилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази, унинг ҳудудий филиаллари, шунингдек, марказий туман ва шаҳар касалхоналари ҳузурида шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари, шу жумладан, тез тиббий ёрдам ва санитария авиацияси хизмати ташкил этилди ва фаолият кўрсатмоқда. Шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасаларини юқори технологик тиббиёт ускуналари ва ихтисослаштирилган автотранспорт билан жиҳозлаш бўйича комплекс кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар ҳар йили 600 минг нафардан ортиқ беморни шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасаларида стационарда даволашни, 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулаторияда тиббий ёрдам беришни таъминлаш, тез тиббий ёрдам хизмати томонидан бир йилда 7 миллиондан ортиқ чақириқни бажариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг самарадорлиги ҳали замонавий талабларга жавоб бермайди, тез тиббий ёрдам хизматларининг малакали кадрлар, дори воситалари, тиббиёт ускунаси, ихтисослаштирилган автотранспорт ва алоқа воситалари билан таъминланганлиги даражаси етарли эмаслигича қолмоқда. Кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг замонавий механизмларини, шунингдек, шошилинч тиббиёт соҳасида маҳаллий илмий-амалий ишланмаларни жорий этишга етарлича эътибор берилмаяпти.

Шошилинч тиббий ёрдамнинг тезкорлигини, технологиклиги ва самарадорлигини тубдан кучайтиришга, аҳолига ўз вақтида малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича даволаш, илмий-методик ва таълим ишларининг бутун комплексини энг юқори даражада ташкил этишга йўналтирилган аҳолига шошилинч тиббий ёрдам бериш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида:


1. Қуйидагилар шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари этиб белгилансин:

мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва малакали кадрлар билан бутланган шошилинч тиббий ёрдам беришнинг замонавий, юқори технологик ва самарали тизимини шакллантириш;

шошилинч тиббиёт соҳасида илмий, методологик ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, ушбу мақсадларда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда тез тиббий ёрдамнинг республика хизматлари фаолиятига илғор технологияларни ва иш услубларини жорий этиш;

шошилинч тиббий ёрдам тизимида аҳоли орасида ўлим ва ногиронликни пасайтиришга йўналтирилган замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини, диагностика воситалари ва усулларини, бирламчи тиббий-санитария ёрдамни ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларни даволашни кенг қўллаш;

шошилинч тиббиёт соҳасида профилактика, диагностика ва даволаш усуллари ва технологияларини кучайтириш ва самарадорлигини ошириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, тавсияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш асосида шошилинч тиббий ёрдам хизматларининг бошқа вазирликлар ва идораларнинг шошилинч хизматлари билан тезкор ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизмларини жорий этиш;

шошилинч тиббий ёрдам соҳасида тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.


2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг тезкорликнинг замонавий жаҳон талабларига, юқори технологиклиги ва самарадорлигига мувофиқ кечиктириб бўлмайдиган ва тез тиббий ёрдам хизматини ўз ичига оладиган ягона ташкилий тузилмасини ташкил этиш;

тез тиббий ёрдамнинг кўчма бригадалари фаолиятини тезкорлик билан мувофиқлаштиришни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг шошилинч хизматлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлайдиган маълумотлар узатишнинг ягона базасини ва тармоғини ташкил этган ҳолда шошилинч тиббий ёрдамни бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш;

Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг маълумотларни узатишнинг ягона тармоғига бирлаштирилган ҳамда республиканинг барча ҳудуди бўйича тез тиббий ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматларини ташкил этиш;

2017-2020 йилларда 240 та объектни мукаммал таъмирлаш ва 369 та объектни жорий таъмирлаш йўли билан тез тиббий ёрдам хизмати бинолари ва хоналарининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш;

тез тиббий ёрдам кўчма бригадаларини тасдиқланган нормативларга мувофиқ дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва сарфлаш материаллари билан босқичма-босқич таъминлаш, шу жумладан, ушбу мақсадлар учун 2017 йилда молиялаштириш ҳажмини камида 2 баравар кўпайтириш;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг тез тиббий ёрдам кўчма бригадаларини Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг ҳудудий филиаллари орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан марказлаштирилган тартибда таъминлаш;

2017 йилда 1200 та ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари сотиб олиш йўли билан тез тиббий ёрдам хизмати, шу жумладан, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг автопаркини янгилаш;

2017 йил 1 апрелдан бошлаб тез тиббий ёрдам хизматининг ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларига техник ва сервис хизмати кўрсатишни уларни тегишли ҳудудий ихтисослаштирилган автобазага бериш йўли билан ҳудудий даражада марказлаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) деб қайта номлансин.


4. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

аҳолига бепул асосда юқори малакали ихтисослаштирилган, юқори технологик шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатиш;

тезкорликнинг замонавий жаҳон талабларига, юқори технологик ва самарадорликка мувофиқ бўлган шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати тизими фаолиятига ташкилий-методик ва амалий раҳбарлик қилиш;

шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини, унинг бирламчи тиббий ёрдам тизими билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, аҳолининг ногиронлиги ва ўлимини пасайтириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

янги, самарали технологияларни яратиш, кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар диагностикаси ва даволашнинг устувор йўналишларида илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, уларни соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш;

шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг шифокорларини ва ўрта тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш;

етакчи хорижий ихтисослашган ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш, тажриба алмашиш, шошилинч тиббиёт соҳасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш.


5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Хонобод шаҳарчасидаги 5-уй манзилида жойлашган Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказини Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига айлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни белгиланган тартибда таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ушбу Фармон билан белгиланган вазифалардан келиб чиқиб тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази тўғрисидаги низомни бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин;

2017 йил 1 июлгача бўлган муддатда Марказнинг ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Марказнинг ва унинг ҳудудий филиалларининг мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари 2019 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатишини, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг шошилинч хизматлари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмлари жорий этилишини таъминласин;

2017 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг тез тиббий ёрдам станциясини унинг туманлардаги кичик станциялари билан биргаликда юридик шахс мақомини сақлаб қолган ҳолда таркибий бўлинма сифатида Марказга берсин.


8. Белгилаб қўйилсинки:

"Соғлиқни сақлаш" тармоғи бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Тез тиббий ёрдам станцияси ва унинг туманлардаги кичик станциялари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

Марказнинг Тез тиббий ёрдам станциясига автотранспорт хизмати кўрсатиш "Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси" давлат корхонаси томонидан таъминланади.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик хизматлари эҳтиёжлари учун олиб келинадиган технологик ва телекоммуникация ускунаси, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва дастурий таъминлаш 2020 йил 31 декабргача бўлган даврда божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона йиғимлари бундан мустасно).


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг иловага мувофиқ айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


11. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2017 йил 17 март






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 16 мартдаги

ПФ-4985-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида" 1998 йил 10 ноябрдаги ПФ-2107-сон Фармонининг 2-банди иккинчи - тўртинчи хатбошилари, шунингдек Фармонга 8 ва 9-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида" 2009 йил 21 майдаги ПҚ-1114-сон қарорида:


а) 2-илова қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:


"Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий

маркази ва унинг филиалларини жиҳозлаш

учун санитария автомашиналарини

ТАҚСИМЛАШ

      

Минтақаларнинг номи


Муассасалар


Автомашиналар

сони (та)


Қорақалпоғистон Республикаси

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Нукус филиали


7

Андижон вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон филиали


7

Бухоро вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали


7

Жиззах вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиали


7

Қашқадарё вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қашқадарё филиали


8

Навоий вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Навоий филиали


7

Наманган вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган филиали


8

Самарқанд вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиали


7

Сурхондарё вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Термиз филиали


6

Сирдарё вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Гулистон филиали


6

Тошкент вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиали (Хонобод шаҳарчаси)


3

Бекобод шаҳар касалхонаси


1

Ангрен марказий шаҳар касалхонаси


2

Бўстонлиқ марказий шаҳар касалхонаси


1

Фарғона вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Фарғона филиали


6

Қўқон шаҳар касалхонаси


1

Марғилон марказий шаҳар касалхонаси


1

Хоразм вилояти

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Хоразм филиали


6

Тошкент шаҳри

Тошкент шаҳри Тез тиббий ёрдам хизмати


14

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази


2

Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасалари


3

Жами



110

".


б) 3-илованинг номига "ёрдам" сўзидан кейин "илмий" сўзи қўшилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолининг ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида" 2016 йил 24 февралдаги ПҚ-2499-сон қарорида:


а) 1-илова "Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази" ва "Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг вилоят филиали" блокида "ёрдам" сўзидан кейин "илмий" сўзи қўшилсин;


б) 2-иловада:

"Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази, филиаллар, клиникалар ва республика бўйсунишидаги касалхоналар билан биргаликда, Республика суд-тиббий экспертизаси бюроси, Республика патологоанатомик маркази, дори воситалари ва тиббиёт техникаси сифатини назорат қилиш бош бошқармаси, Дори сиёсати маркази, тиббиёт илмий-текшириш институтлари, олий таълим муассасалари ва ўрта махсус ўқув юртлари, тиббиёт кутубхонаси, Саломатлик ва тиббиёт статистикаси институти, "Сиҳат-саломатлик" журнали, "Саломатлик-3" лойиҳасини амалга ошириш марказий бюроси" блокида "Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази" сўзлари "Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази" сўзлари билан алмаштирилсин;


в) 3-илова "Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг филиали, республика кўп тармоқли тиббиёт маркази, республика диагностика маркази, республика ихтисослаштирилган касалхоналари ва маркази, санаторийлар, диспансерлар, республика қон қуйиш маркази, саломатлик ва тиббиёт статистика институтининг филиали, республика суд-тиббий экспертизаси бюроси, республика патологоанатомик бюроси, республика ихтисослаштирилган автобазаси, ихтисослаштирилган тиббиёт базалари ва омборлари, лепрозорийлар, даврий нашрлар" блокида "Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш маркази филиали" сўзлари "Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг филиали" сўзлари билан алмаштирилсин;


г) 4-илова "Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят диагностика маркази, вилоят ихтисослаштирилган касалхоналари ва марказлари, санаторийлар, диспансерлар, вилоят қон қуйиш станцияси, саломатлик ва тиббиёт статистикаси институтининг филиали, вилоят суд-тиббий экспертизаси бюроси, вилоят патологоанатомик бюроси, вилоят ихтисослаштирилган автобазаси, ихтисослаштирилган тиббиёт базалари ва омборлари, лепрозорийлар, даврий нашрлар" блокида "Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг филиали" сўзлари "Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг филиали" сўзлари билан алмаштирилсин.


д) 5-иловада:

"шаҳар кўп тармоқли клиник касалхоналари, "Нуроний" касалхонаси, тез тиббий ёрдам клиник касалхонаси, тез ёрдам станцияси, ихтисослаштирилган касалхоналар ва диспансерлар (ўринлар билан ва ўринларсиз) шаҳар диагностика маркази, стоматология ва ихтисослаштирилган поликлиникалар, "Қон препарати" илмий-ишлаб чиқариш корхонаси, саломатлик ва тиббиёт статистикаси институтининг филиали, шаҳар суд-тиббий экспертизаси бюроси, шаҳар патологоанатомик бюроси, шаҳар ихтисослаштирилган автобазаси" блокида:

"тез ёрдам станцияси" сўзлари чиқариб ташлансин;

"шаҳар ихтисослаштирилган автобазаси" сўзлари "ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси" ДК" сўзлари билан алмаштирилсин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 22 март, 11-сон, 152-модда