ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Тиббиёт муассасалари /

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Низоми (ЎзР Президентининг 16.03.2017 й. ПҚ-2838-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 16 мартдаги

ПҚ-2838-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг Республика шошилинч

тиббий ёрдам илмий марказининг

НИЗОМИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатиш бўйича даволаш ва илмий-методик муассаса, шунингдек шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида ихтисослашиш турлари бўйича тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув база ҳисобланади.


2. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга амал қилади.


3. Марказ давлат муассасаси шаклида юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, Марказнинг тўлиқ номи кўрсатилган муҳрга эгадир.


4. Марказнинг тўлиқ номи:

давлат тилида - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази;

рус тилида - Республиканский научный центр экстренной медицинской помощи Министерства здравоохранения Республики Узбекистан.


5. Марказ Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Фарҳод кўчаси, 2-уй манзилида жойлашган.



2-БОБ. МАРКАЗНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳолига бепул асосда юқори малакали ихтисослаштирилган, юқори технологии шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамни ташкил этиш ва кўрсатиш;

тезкорликнинг замонавий жаҳон талабларига, юқори технологии ва самарадорликка мувофиқ бўлган шошилинч тиббий ёрдам тизими фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш;

шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, аҳолининг ногиронлиги ва ўлимини пасайтириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида илм-фанни ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантириш;

кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар профилактикаси, ташхис қўйиш ва даволашнинг янги, самарали технологияларини яратиш ва уларни соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш;

шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг илмий ва илмий-педагог кадрларини тайёрлаш;

шошилинч тиббиёт соҳасида етакчи хорижий ихтисослашган ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш ва икки томонлама муносабатларни ташкил этиш йўли билан тажриба алмашишни йўлга кўйиш.


7. Марказ юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

республика аҳолисининг шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишнинг энг самарали ва юқори малакали усулларига бўлган эҳтиёжини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бўлинмалари билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорликда табиий ва техноген ҳалокатларнинг тиббий оқибатларини бартараф этишда иштирок этади;

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда шошилинч ҳолатлар профилактикаси ва бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича аҳоли орасида санитария-маърифий иш олиб боришда қатнашади;

Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги филиаллари фаолиятига раҳбарлик қилади ва улар билан маслаҳат бериш юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилади, шунингдек улар мониторингини олиб боради ва назорат қилади;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимига кирадиган тиббиёт муассасалари фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилишни таъминлайди;

шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона стандартлари ишлаб чиқилиши ва тиббиёт муассасалари амалиётига жорий этилишида иштирок этади;

илғор хорижий тажриба ҳисобга олинган ҳолда шошилинч, тез ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамнинг илғор самарали усуллари ва технологияларини жорий этади;

шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида республика мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади;

шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббиёт соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўриб чиқиши учун киритади;

тиббиёт илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг тегишли бўлинмалари томонидан бажариладиган шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни мувофиқлаштиради (Диссертациялар ҳимояси бўйича ихтисослаштирилган кенгаш);

Марказнинг таркибий ва минтақавий бўлинмаларининг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

дори воситалари ва тиббиёт буюмларини, шунингдек шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш усулларини клиник синовлардан ўтказади;

ўзининг илмий ва технологик ютуқларини чет элда тиббиёт ҳамжамияти олдида намойиш қилади;

шошилинч ва тез тиббий ёрдам бўйича ўзининг илмий, ўқув-методик ва ахборот-маълумотнома материалларини тайёрлайди ва нашр этади;

илмий-тадқиқот ишлари натижаларини, шу жумладан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий усуллари ва технологияларини тиббий фаолиятга кенг жорий этади;

ўз ихтисослиги бўйича юқори малакали мутахассислар мактабини шакллантиради ва ривожлантиради;

шошилинч тиббиёт соҳасида тиббиёт кадрлари тайёрлаш, уларни ихтисослаштириш ва уларнинг малакасини ошириш учун ўз клиник базасини тақдим этади;

шу жумладан клиник ординатура, катта илмий ходимлар институти (стажерлар-изланувчилар) орқали тиббиёт кадрларини тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва малакасини оширади;

назарий билимларни ўзлаштириб олишнинг амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш билан мустаҳкам алоқаси асосида "шошилинч тиббий ёрдам" мутахассислиги бўйича тиббиёт таълим муассасаларида таълим сифатининг ошишига фаол кўмаклашади.



3-БОБ. МАРКАЗНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун:

Марказ фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, дори воситалари ва бошқа моддий-техник воситаларни мавжуд молиявий ресурслар доирасида, мустақил равишда, белгиланган тартибда харид қилиш;

Марказ фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган статистик ва таҳлилий ахборотни тегишли вазирликлар ва идоралардан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали сўраш ва олиш;

шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштиришга, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган оммавий ҳолатларига олиб келувчи фавқулодда вазиятлар пайдо бўлишининг олдини олиш ва хавфини камайтиришга йўналтирилган таклифларни Соғлиқни сақлаш вазирлигига киритиш;

шошилинч тиббий ёрдам бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан грантлар олиш учун танловларда қатнашиш;

ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида ташкил этилган интеллектуал мулк объектларига муаллифлик ҳуқуқини олиш ва ундан фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ етакчи хорижий ихтисослашган ташкилотлар билан илмий ва илмий-техник ҳамкорликни ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

илмий, методик ва амалий конференциялар, семинарлар ўтказиш;

шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этиш соҳасида масалаларни ҳал этиш учун хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, профессионал тиббий таълим соҳасидаги илмий-методик, ўқув ва ахборот материалларини чоп этиш ва тарқатиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бюджетдан ташқари маблағлар жамғармаларини шакллантириш;

ўз ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш чораларини кўриш ҳуқуқига эгадир.


9. Марказ:

шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида диагностика ва даволашнинг замонавий халқаро стандартлари даражасида даволаш-диагностика ишларининг тезкорлиги ва юқори сифати таъминланиши;

Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги филиалларига, шунингдек Тошкент шаҳридаги Тез тиббий ёрдам станциясига маслаҳат, методик ва техник ёрдам кўрсатилиши ташкил этилиши;

кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг янги технологияларини ташкил этиш бўйича илмий тадқиқотларнинг юқори даражаси таъминланиши;

шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг шифокорларини ва ўрта тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрланиши учун жавоб беради.



4-БОБ. МАРКАЗ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Марказга белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бош директор бошчилик қилади.

Марказни жорий бошқаришни бош директорнинг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор амалга оширади.


11. Бош директор:

Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Марказга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Илмий-методик кенгаш таркибини шакллантиради;

Марказ директорининг ўринбосарларини ва Тошкент шаҳридаги Тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокорини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Марказнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Марказ ходимларининг лавозим мажбуриятларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Бош директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


12. Директор:

Марказ номидан ўз фаолиятини амалга оширади, Марказнинг молия-хўжалик фаолиятига раҳбарлик қилади, Марказ номидан шартномалар тузади, Марказнинг жорий фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этади;

Марказ ишини ташкил этади ва бошқаради, ўз ваколатлари доирасида Марказ ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, уларни лавозимга тайинлайди ва эгаллаб турган лавозимидан озод этади;

республика аҳолисига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида ўз бўлинмалари ва филиалларининг фаолиятини тизимли равишда тиббий-статистик таҳлил қилади;

Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


13. Қуйидагилар Марказнинг мол-мулкини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

давлат мулкини ташкил этадиган асосий воситалар;

бюджет маблағлари ва ўз фаолиятини амалга ошириш учун жалб этиладиган бошқа маблағлар;

мурувват, хайрия, ҳомийлик, меценатлик, техник ва бошқа ёрдам йўналишида тушадиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа йўналишлар бўйича тушадиган маблағлар.


14. Марказнинг мол-мулки асосий ва айланма маблағлардан, шунингдек қиймати унинг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа бойликлардан иборат бўлади.


15. Асосий воситалар фойдаланиш ва тезкор бошқариш ҳуқуқи Марказга биркитиладиган бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа мол-мулкдан ҳосил бўлади.


16. Марказ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритади, уларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат статистика қўмитасига тақдим этади, ҳужжатлар сақлаши ва уларнинг келишилган рўйхат бўйича давлат томонидан сақланишга берилиши учун жавоб беради.


17. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 22 март, 11-сон, 159-модда































Время: 0.1940
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск