язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар/ Фуқаролик/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.03.2017 й. ПФ-4990-сон "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш киритиш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

17.03.2017 й.

N ПФ-4990



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИГИ БИЛАН БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА

ЎЗГАРТИШ КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 23 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-411-сонли Қонунига мувофиқ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 20 ноябрдаги ПФ-500-сонли Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиш киритилсин.


2. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О. Муродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 17 мартдаги

ПФ-4990-сонли Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги

билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби

тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиш


IV бобнинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1. "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги қуйидаги ҳолларда йўқотилиши мумкин:

а) Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан унинг чет эл давлати армиясига ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизматига, шунингдек полициясига, адлия органларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органларига ишга кирганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёхуд бошқа ишончли маълумотлар мавжуд бўлганда.

Консуллик муассасалари ҳужжатларни Ташқи ишлар вазирлигига юборадилар, Ташқи ишлар вазирлиги олинган маълумотларни ва Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизматининг хулосаларини ўзининг ҳужжатлари ва хулосаси билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этади.

б) агар чет элда доимий яшовчи шахс уч йил мобайнида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса.

Ташқи ишлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ҳамда консуллик муассасаларининг ҳужжатлари асосида ҳужжатлар ва хулосани кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга юборади.

Уч йиллик муддат тартиби фақатгина 16 ёшга тўлган шахсларга нисбатан қўлланилади, уларнинг ота-оналари ёки улардан бирининг илтимоснома берганлиги ҳоллари бундан мустасно. Илтимосномага 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг нотариал тасдиқланган розилиги илова қилинади.

Консуллик муассасаси раҳбари ҳолатга қараб объектив маълумотларга асосланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўз вақтида консуллик ҳисобига турмаганлик сабабларининг узрли эканлигига мустақил баҳо беради;

в) агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги олдиндан била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинган бўлса.

Ички ишлар органлари ёки консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги олдиндан била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинганлиги ҳақида маълумотлар ёки аризалар келиб тушган тақдирда, шахснинг ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигини аниқлаш учун зарур текширувларни олиб борадилар. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги олдиндан била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинганлиги ҳолати тасдиқланган тақдирда, Ички ишлар вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлиги ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этадилар;

г) агар шахс чет эл давлати фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса.

Шахснинг чет давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Махсус қисми иккинчи бўлимида назарда тутилган тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятларни содир этиш натижасида жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказганлигини тасдиқлайдиган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳужжатлар шахснинг фуқаролигини йўқотиш юзасидан ташаббускор органнинг асослантирилган тақдимномаси билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборилади.

Ички ишлар вазирлиги фуқароликни йўқотиш ташаббуси юзасидан ҳужжатлар нусхаларини Ташқи ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматига тақдим этади. Ушбу ташкилотлар келиб тушган ҳужжатлар асосида ўзларининг хулосаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этадилар.

Ички ишлар вазирлиги фуқароликни йўқотиш ҳақидаги хулосани тегишли ҳужжатларни илова қилган холда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этади;

д) агар шахс чет эл давлати фуқаролигини олган бўлса.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар чет элда доимий яшовчи фуқароларга нисбатан ҳужжатларни Ташқи ишлар вазирлигига юборадилар. Ташқи ишлар вазирлиги ҳужжатларни ва Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизматининг хулосасини қабул қилиб, уларни ўзининг ҳужжатлари ва хулосаси билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этади.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқароларга нисбатан ҳужжатларни Ички ишлар вазирлигига юборадилар. Ички ишлар вазирлиги ҳужжатларни ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизматининг хулосасини қабул қилиб, уларни ўзининг ҳужжатлари ва хулосаси билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этади.

2. Манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга кўриб чиқишга тақдим этиладиган хулосалар асослантирилган бўлиши керак.

Хулосаларда қуйидаги маълумотлар алоҳида кўрсатилиши керак:

шахснинг давлат олдидаги бажарилмаган (ижро этилмаган) мажбурияти ёки фуқаролар ёхуд давлат ва жамоат ташкилотларининг жиддий манфаатлари билан боғлиқ бўлган мулкий мажбурияти мавжудлиги;

шахснинг айбланувчи сифатида жиноий жавобгарликка тортилганлиги;

шахснинг қидирувда эканлиги;

шахсга нисбатан қонуний кучга кирган ва ижро қилиниши лозим бўлган суд ҳукмининг мавжудлиги;

шахснинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида озодликдан маҳрум қилиш жойларида эканлиги;

шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлигининг манфаатларига номувофиқ эканлиги.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссия тақдим этилган ҳужжатларни ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг хулосаларини кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қарор қабул қилиш учун таклиф киритади.

4. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотишни расмийлаштириш масалаларига оид ҳужжатларни тайёрлашда фуқароликни йўқотган деб топилаётган шахсни бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида хабардор қилиш чоралари кўрилади.

Хабардор қилиш ўрнатилган тартибда шахснинг яшаш жойи бўйича амалга оширилади. Шахснинг турар жойи ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, унинг охирги яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини ёки яқин қариндошларини хабардор қилиш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони чиққан кундан бошлаб йўқотилади.

5. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг йўқотилганлиги факти "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31, 32-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахснинг доимий яшаш жойи бўйича ички ишлар органлари томонидан, чет элда доимий яшовчи шахслар учун эса, консуллик муассасалари томонидан рўйхатга олинади.

6. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотишни расмийлаштириш масалаларига оид ҳужжатларни тайёрлаш тартиби Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда белгиланади".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 22 март, 11-сон, 153-модда