язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат)/ Вазирлар Маҳкамасининг комиссиялари ва органлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.03.2017 й. ПҚ-2836-сон "Инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа олди ҳужжатларини ишлаб чиқиш сифатини ошириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

15.03.2017 й.

N ПҚ-2836



ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ

ЛОЙИҲА ОЛДИ ҲУЖЖАТЛАРИНИ ИШЛАБ

ЧИҚИШ СИФАТИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


Лойиҳа олди ҳужжатларини сифатли ишлаб чиқиш натижалари учун буюртмачиларнинг мансабдор шахслари - лойиҳаларнинг ташаббускорлари ва лойиҳалаш ташкилотларининг масъулиятини ошириш йўли билан инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш механизмини такомиллаштириш учун қулай шароитларни яратиш, уларни амалга ошира бошлаш учун тайёргарлик ишларини тезлаштириш, илғор хорижий тажриба асосида лойиҳа олди ҳужжатларини тайёрлаш сифатига путур етказмасдан уларни экспертизадан ўтказиш тартибини соддалаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни экспертизадан ўтказиб баҳолаш агентлиги тугатилсин.


2. Янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни экспертизадан ўтказиб баҳолаш агентлигини (кейинги ўринларда - Агентлик) Тугатиш комиссияси таркиби иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Тугатиш комиссияси (А.Ж. Раматов) Агентликни тугатиш билан боғлиқ бўлган чора-тадбирлар комплексининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилишини таъминласин.


3. Буюртмачи сифатида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган лойиҳа ташаббускорлари - соҳа вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлари икки ҳафта муддатда:

тармоқ илмий-техник кенгашларини (мавжуд бўлмаса) тузсин, уларнинг зиммасига таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларида соҳани ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, замонавий юқори технологияли, энергияни тежайдиган технологиялар ва ускуналарни жорий этиш вазифалари юклатилсин;

ихтисослаштирилган тармоқ эксперт кенгашларини тузсин, уларнинг зиммасига лойиҳалаш ташкилотлари томонидан тайёрланган тендер ва лойиҳа олди ҳужжатлари, технологиялар ва ускуналарни танлаш, таклиф қилинаётган технологиялар ва ускуналарни баҳолашни кўриб чиқиш вазифалари юклатилсин;

тармоқ илмий-техник кенгашлари ва ихтисослаштирилган тармоқ эксперт кенгашларини юқори малакали мутахассислар, шу жумладан тажрибали амалиётчилар, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари, мустақил компаниялар ва бошқа ташкилотларнинг мутахассислари билан тўлдирсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика "Ўзинжиниринг" лойиҳа институти, хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда - тармоқ илмий-техник кенгашлари ва ихтисослаштирилган тармоқ эксперт кенгашлари тузиш ва улар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини киритсин, унда ушбу кенгашларнинг ваколатлари ҳамда уларни тузиш шарт эканлиги назарда тутилаётган иқтисодиёт тармоқлари рўйхати қайд этилсин;

бир ой муддатда - Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини киритсин, унда лойиҳаларнинг буюртмачи - ташаббускорларининг қуйидагилар учун масъулиятини ошириш назарда тутилади:

инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа олди ҳужжатларини ишлаб чиқишда ишлаб чиқилаётган топшириқларни лойиҳалаштириш чоғида замонавий технологиялар, юқори технологияли ва энергия тежайдиган ускуналарни қўллаш;

лойиҳа олди ҳужжатларини ишлаб чиқишга, шу жумладан "тўлиқ тайёр" лойиҳалар бўйича шартнома тузиладиган энг малакали инжиниринг компаниялари ва/ёки лойиҳалаш ташкилотларини танлаб олиш;

лойиҳалаш ташкилотлари томонидан тайёрланган лойиҳа олди ҳужжатлари, иш ҳужжатлари ва иш лойиҳаси, таклиф этилаётган технологиялар ва ускуналарни баҳолаш қисмини ихтисослашган тармоқ эксперт кенгаши ёки жалб этилган мустақил компания томонидан синчиклаб экспертизадан ўтказишни таъминлаш.


5. Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлари - лойиҳа ташаббускорлари ва инвестиция лойиҳаларининг буюртмачилари лойиҳалаш ташкилотлари билан тузилаётган шартномаларда қуйидагиларни назарда тутишлари шарт:

лойиҳалаштиришда илғор ҳисобланган юқори технологияли, энергия тежайдиган технологиялар ва ускуналарни танлашда уларнинг моддий жавобгарлиги;

лойиҳа олди ҳужжатларининг лойиҳалаш ташкилотлари илмий-техник кенгашларида ва буюртмачиларнинг тармоқ илмий-техник кенгашларида кўриб чиқилиши мажбурийлиги.

7. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тугатилаётган Янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни экспертизадан ўтказиб баҳолаш агентлигидан бўшатилаётган ходимларни ишга жойлаштиришда кўмаклашсин.


8. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни экспертизадан ўтказиб баҳолаш агентлигини ташкил этиш тўғрисида" 2015 йил 30 сентябрдаги ПҚ-2413-сонли қарори;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Янгидан қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни экспертизадан ўтказиб баҳолаш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 19 ноябрдаги 332-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 йил, 11-сон, 101-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика "Ўзинжиниринг" лойиҳалаш институти ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 март, 12-сон, 185-модда