язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар/ Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 14.03.2017 й. ПҚ-2833-сонли қарорига 3-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 14 мартдаги

ПҚ-2833-сонли қарорига

3-ИЛОВА



Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро

комиссиялар тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссия (кейинги ўринларда - Республика комиссияси), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар (кейинги ўринларда - минтақавий комиссиялар), туман (шаҳар) (кейинги ўринларда - туман (шаҳар) комиссиялари) идоралараро комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Республика комиссияси, шунингдек минтақавий комиссиялар, туман (шаҳар) комиссиялари (кейинги ўринларда - ҳудудий комиссиялар) ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи органлар ҳисобланиб, улар:

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, уларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш мақсадида тузилади.

Ҳудудий комиссиялар ўз фаолиятида юқори турувчи комиссияларга ҳисобдордир, ўз фаолияти тўғрисида ҳар чорак якунлари бўйича уларни хабардор қилиб турадилар ва ҳисобот бериб борадилар.


3. Республика комиссиясининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.


4. Ҳудудий комиссиялар раис (туман (шаҳар), вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси), раис ўринбосари ва 10 - 18 нафар аъзосидан иборат таркибда тузилади.

Ҳудудий комиссиялар аъзолари сони иш ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади.

Масъул котиб жорий ишларни ва ҳудудий комиссия қарорларининг бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади.

Ҳудудий комиссиялар таркибига тегишли равишда халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, меҳнат, маданият, спорт, ички ишлар органлари, шунингдек хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мудофаага кўмаклашиш ташкилоти, меҳнат жамоалари, маданий-маърифий ва бошқа муассасаларнинг вакиллари киритилиши мумкин.

Ҳудудий комиссиялар фаолияти изчил равишда ташкил этилишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари тизимида маҳаллий бюджет ҳисобидан ҳудудий комиссиялар масъул котиблари, шунингдек зарурият бўлганда вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича инспекторлар фаолият кўрсатади.

Ҳудудий комиссиялар таркибида: вояга етмаганлар ўртасида маданий-тарбиявий ишлар бўйича, таълим муассасалари ўқувчилари билан ишлаш бўйича, вояга етмаганларни ишга жойлаштириш ва уларнинг маиший турмуши шароитларини яхшилаш масалалари бўйича, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ва тарбия колонияларидан озод қилинган вояга етмаганларни назорат қилиш бўйича секциялар ташкил этилиши мумкин.

Комиссиялар ваколатига киритилган муҳим масалаларни таҳлил қилиш ва улар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш учун вақтинча ёки доимий ишловчи ишчи гуруҳлар ташкил этилиши мумкин.


5. Комиссияларнинг фаолияти кенг жамоатчилик иштирокида амалга оширилади. Комиссия ишига касаба уюшмалари, таълим муассасаларининг ота-оналар қўмиталари, васийлик кенгашлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг ҳамда бошқа фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари жалб этилиши мумкин.

Комиссиялар ишлашга жалб қилинган шахслар орасидан вояга етмаганлар билан ишловчи жамоатчи инспекторлар ва жамоатчи тарбиячилар ажратадилар.


6. Комиссиялар ўз ваколатларига киритилган масалалар бўйича давлат органлари ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қиладилар.

Давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари комиссия қарорларини бажариш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида комиссияга ўн кунлик муддат мобайнида хабар беришлари шарт.

Ҳудудий комиссияларни моддий-техник жиҳатдан таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича вазифалар тегишли равишда туманлар (шаҳарлар), вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юкланади.



2-БОБ. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини, шунингдек уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш;

давлат органлари ва ташкилотларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини уларнинг самарадорлигини, яқиндан ҳамкорлиги ва иш уйғунлигини таъминлаш мақсадида мувофиқлаштириш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш;

тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш йўли билан бартараф этиш;

давлат органлари ва ташкилотларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, шунингдек ҳуқуқбузарлик содир этиш сабаблари ва бунга имконият яратаётган шарт-шароитларни аниқлашдаги ўзаро ҳамкорлигини яхшилаш юзасидан чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид маълумотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда тегишли органлар ва муассасалар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланиш;

ҳудудий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш.


8. Республика комиссияси ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб:

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

ҳудудий комиссиялар ишини назорат қилади ва йўналтиради, уларнинг фаолиятини таҳлил қилади, уларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатади;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларнинг ижобий иш тажрибасини умумлаштиради ҳамда оммалаштиради, уларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатади;

давлат органлари ва ташкилотларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича чораларни кўради;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш, уларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликлари, ота-оналар қаровисиз қолган болаларни аниқлаш ва жойлаштириш билан боғлиқ масалаларни ўрганади ва умумлаштиради;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқади;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича тадбирлар комплексини ишлаб чиқади, шунингдек ушбу тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилади;

ўз ваколатига киритилган муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ мақсадли дастурлар лойиҳаларини ўрганади;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни таҳлил қилади;

давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, ижтимоий шерикликни ва фуқаролик жамияти институтлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш чораларини кўради;

вояга етмаганлар ўртасидаги назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасалар фаолиятини ўрганади, уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

давлат органлари ва ташкилотларнинг Республика комиссияси ваколатига кирувчи масалалар бўйича таклифларини кўриб чиқади.

Республика комиссияси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. МИНТАҚАВИЙ КОМИССИЯЛАРНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар минтақавий комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва тиклаш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ташкилотларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш;

тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш;

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда, шунингдек ҳуқуқбузарлик содир этиш сабаблари ва бунга имконият яратаётган шарт-шароитларни аниқлашда давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳамкорлигини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид маълумотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда тегишли органлар ва муассасалар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланиш;

туман (шаҳар) комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштириш.


10. Минтақавий комиссиялар ўзларига юкланган вазифалардан келиб чиқиб:

Тошкент шаҳар, тегишли вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, ушбу ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш, болаларни жойлаштириш ва уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

туманлар (шаҳарлар) комиссияларининг ишини назорат қилади ва йўналтиради, уларнинг фаолиятини таҳлил қилади, уларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатади;

давлат органлари ва ташкилотларнинг ижобий иш тажрибаларини умумлаштиради ва оммалаштиради, уларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатади;

вояга етмаганлар ўртасидаги назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича чораларни кўради;

туманлар (шаҳарлар) комиссияларининг қарорларини текширади, ноқонуний ёки асоссиз қарорларни бекор қилади.



4-БОБ. ТУМАНЛАР (ШАҲАРЛАР) КОМИССИЯЛАРИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


11. Қуйидагилар туманлар (шаҳарлар) комиссияларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва тиклаш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

вояга етмаганларни тарбиялаш, ўқитиш, сақлаш (парваришлаш) шароитлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги муассасаларида вояга етмаганлар билан муомалада бўлиш юзасидан назоратни ташкил этиш;

давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ташкилотларнинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш;

тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш;

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишда, шунингдек ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва бунга имконият яратаётган шарт-шароитларни аниқлашда давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳамкорлигини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид ахборотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда тегишли органлар ва ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ёхуд ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганларни ишга жойлаштириш ва уларнинг маиший яшаш шароитини яхшилашда ёрдам кўрсатиш, давлат ёрдамига муҳтож бўлган бошқа вояга етмаганларни жойлаштириш шаклларини аниқлашда кўмаклашиш, шунингдек вояга етмаганларни ижтимоий реабилитация қилишга доир қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ишларни амалга ошириш.


12. Туманлар (шаҳарлар) комиссиялари ўзларига юкланган вазифалардан келиб чиқиб:

халқ таълими, соғлиқни сақлаш, меҳнат, маданият, спорт, ички ишлар органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг болаларни тарбиялаш, уларни жойлаштириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;

туманлар (шаҳарлар) ҳудудидаги вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг келтириб чиқарувчи сабаблари ва шароитларини бартараф этиш, болаларни жойлаштириш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

вояга етмаганлар ўртасидаги назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

давлат ва жамоат ёрдамига муҳтож бўлган вояга етмаганларни аниқлаш ва ҳисобга олиш тадбирларини амалга оширади;

вояга етмаганлар, педагогик жамоалар ва жамоатчилик ўртасида ҳуқуқий тарғиботни амалга оширади;

вояга етмаганларнинг, уларнинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг, шунингдек бошқа шахсларнинг вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ шикоятлари ва аризаларини кўриб чиқади;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганларни ишга жойлаштиришга ва уларнинг маиший яшаш шароитларини яхшилашга, давлат томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаганларни жойлаштириш шаклларини аниқлашга ёрдам беради;

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ комиссиялар ваколатига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади;

вояга етмаганларга нисбатан таъсир кўрсатиш чораларини кўради.

Туманлар (шаҳарлар) комиссиялари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



5-БОБ. ТУМАН (ШАҲАР) КОМИССИЯЛАРИНИНГ

НАЗОРАТ ФУНКЦИЯЛАРИ


13. Туман (шаҳар) комиссиялари ички ишлар органлари билан биргаликда тарбиявий таъсир қилиш ёки маъмурий жазолаш чоралари кўрилган, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган, жазога шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган ёки тарбия колонияларида жазони ўтаган вояга етмаганларнинг хулқ-атворини кузатиб боришни ташкил этади, шунингдек ушбу тоифадаги вояга етмаганларнинг ҳисобини олиб боради.

Туман (шаҳар) комиссиялари, зарур бўлган ҳолларда, вояга етмаганларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишга жойлаштириш ёки уларни таълим муассасаларига юбориш чора-тадбирларини кўрадилар.


14. Туман (шаҳар) комиссиялари болаларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида ҳамда етим ва ота-она қаровисиз қолган болалар учун мўлжалланган таълим муассасаларида сақлаш, тарбиялаш ва таълим олиш шароитлари, болаларнинг истиқомат жойларида маданий дам олишлари уюштирилиши, шунингдек, зарур ҳолларда, умумтаълим мактабларида, бошқа таълим муассасаларида, маданий-маърифий муассасалар ва спорт ташкилотларида вояга етмаганлар билан тарбиявий ишлар олиб борилиши юзасидан назоратни амалга оширадилар.

Вояга етмаганни хорижий давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш муносабати билан умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасидан чиқариш фақат таълим муассасаси жойлашган туман (шаҳар) комиссиясининг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.


15. Туман (шаҳар) комиссиялари ташкилотларда вояга етмаганларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинаётганлиги, улар билан олиб борилаётган тарбиявий ишларнинг аҳволи, уларнинг умумтаълим, маданий ва касбий даражасини ошириш учун зарур моддий-маиший шароитлар яратиб берилганлиги юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назоратни амалга оширадилар.

Туман (шаҳар) комиссиялари, агар ишларни давом эттириш вояга етмаганларнинг соғлиғига хавф соладиган ёки улар учун бошқача зиён келтирадиган бўлса, вояга етмаганлар ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақлидир.


16. Туман (шаҳар) комиссиялари мазкур туман (шаҳар) ҳудудида жойлашган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида, тарбия колонияларида, ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлинмаларида ва вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида тарбиявий ишлар, умумий таълим ва касб-ҳунар ўқувларининг олиб борилиши, уларни сақлаш ва меҳнатининг тўғри ташкил этилиши юзасидан доимий назоратни амалга оширадилар, шунингдек ушбу муассасаларга кўрсатиб ўтилган ишларни амалга оширишда ёрдам кўрсатадилар.



6-БОБ. ТУМАН (ШАҲАР) КОМИССИЯЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


17. Туман (шаҳар) комиссиялари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари ва ташкилотларда вояга етмаганларни сақлаш, тарбиялаш ва ўқитиш шароитларини назорат қилиш;

етим ва ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун таълим муассасаларида, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида, тарбия колонияларида ҳамда ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида вояга етмаганларни сақлаш ва тарбиялаш шароитларини, шунингдек ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларидаги ишларнинг ҳолатини текшириш;

умумтаълим мактаблари ва бошқа таълим муассасаларида, маданий-маърифий муассасаларда, шунингдек вояга етмаганлар ишлаётган корхоналар, муассасалар, ташкилотларда вояга етмаганлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишларнинг аҳволини текшириш;

янги уй-жой мавзелари ва туманларни қуриш лойиҳалаштирилганда ўйин ва спорт майдончалари, болалар стадионлари ва болалар дам олиш зоналари қуриш учун ер майдонлари ажратилишини назорат қилиб бориш;

давлат органлари ва ташкилотлардан комиссиялар иши учун зарур бўлган маълумотларни олиш;

кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ахборот ва тушунтиришлар олиш учун ўз мажлисларига мансабдор шахсларни, мутахассисларни ва бошқа шахсларни таклиф этиш;

комиссия мажлисларида тегишли давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларининг вояга етмаганларни сақлаш ва тарбиялаш шароитларига оид масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш;

вояга етмаганларни, ота-оналарни шахсан қабул қилиш, уларнинг шикоят ва аризаларини кўриб чиқиш, уларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдлари билан танишиш;

зарур тайёргарликка, ҳаётий тажрибага ёки болалар билан ишлаш тажрибасига эга бўлган фуқароларни уларнинг розилиги билан ота-оналарга ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этган вояга етмаганларни қайта тарбиялашда ёрдам бериш учун жалб этиш;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги хабарлар юзасидан тегишли чоралар кўриш;

вояга етмаганлар билан тарбиявий иш олиб бориш, уларни ўқишга юбориш ва ишга жойлаштириш масалалари юзасидан давлат органлари ва ташкилотларга тақдимномалар киритиш;

вояга етмаганларни афв этиш тўғрисида илтимос қилиш, уларни жавобгарликдан озод қилиш, уларга анча енгилроқ бўлган жазони қўллаш, уларни шартли равишда ҳукм этиш, судланганликни муддатидан илгари олиб ташлаш тўғрисидаги тавсияномалар билан жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судига мурожаат қилиш; жазони ижро этувчи орган билан биргаликда вояга етмаганларни жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш тўғрисида жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судига тақдимномалар киритиш; ички ишлар органи билан биргаликда озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги ҳукмнинг ижросини кечиктиришни бекор қилиш ҳамда маҳкумни ҳукмда белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ учун юбориш тўғрисида жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судига тақдимнома киритиш; тарбия колониясининг маъмуриятига озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жазони ўташ вақтида сақлаб туриш шароитларини ўзгартириш ҳақида жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судига тақдимнома киритиш тўғрисида розилик бериш;

вояга етмаганлар билан тарбиявий иш олиб боришнинг, улар касб-ҳунар таълимининг, уларни ишга жойлаштириш ва ўқишга юборишнинг аҳволи тўғрисидаги масалаларни туман (шаҳар) ҳокимликларига кўриб чиқиш учун киритиш;

тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларга уларнинг комиссиялар қарорларини бажармаган, шунингдек комиссиянинг тақдимномасида кўрсатилган вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўрмаган мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритиш.

Республика комиссияси, минтақавий комиссиялар ўз функцияларини бажаришда ушбу бандда назарда тутилган ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.



7-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


18. Туман (шаҳар) комиссиялари таълим, меҳнат, соғлиқни сақлаш, ички ишлар органлари билан биргаликда ва жамоатчиликнинг фаол иштирокида етим ва ота-она қаровисиз қолган болаларни; вояга етмаганларни ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволдаги оилаларни; таълим муассасаларида машғулотларга узрли сабабсиз мунтазам бормайдиган вояга етмаганларни, шунингдек давлат ва жамоатчилик ёрдамига муҳтож бўлган бошқа вояга етмаганларни аниқлайдилар ва ҳисобга қўядилар ҳамда уларни жойлаштириш чора-тадбирларини кўрадилар.


19. Туман (шаҳар) комиссияларининг вояга етмаганларни жойлаштириш шакли кўрсатилган қарорлари:

1) таълим органларига:

болаларни умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларига жойлаштириш учун;

жисмоний ёки ақлий ривожланишида етишмовчилиги бор болаларни ихтисослаштирилган умумтаълим мактабларига ва бошқа тегишли ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш учун;

2) васийлик ва ҳомийлик органларига - етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни жойлаштириш учун;

3) соғлиқни сақлаш органларига - ногирон болаларни жойлаштириш, спиртли ичимликлар, гиёҳванд воситалар, психотроп ёки интеллектуал-ўзини идора қилиш фаолиятига таъсир этадиган бошқа моддаларни мунтазам истеъмол қиладиган вояга етмаганларни даволашни, ривожланишида ёки хулқ-атворида нуқсонлари бўлган вояга етмаганларга ихтисослаштирилган диагностика ва даволаш-тиклаш ёрдами кўрсатишни ташкил этиш учун;

4) ички ишлар органларига - вояга етмаганлар ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволдаги оилалар билан якка тартибда профилактика ишлари олиб боришни ташкил этиш учун;

5) корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига (меҳнат органларидан бўш иш жойлари ва бўш лавозимлар борлиги тўғрисида маълумотлар олингандан кейин) - ишга қабул қилиш учун юборилади.



8-БОБ. КОМИССИЯЛАР ТОМОНИДАН

КЎРИБ ЧИҚИЛАДИГАН ИШЛАР


20. Туман (шаҳар) комиссиялари зиммасига қуйидаги вояга етмаганлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш юкланади:

ўн тўрт ёшга тўлмасдан ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, ўн уч ёшга тўлгандан кейин оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдирган вояга етмаганлар бундан мустасно;

ўн тўрт ёшдан ўн олти ёшгача бўлган даврда жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган;

ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган даврда жиноят аломатлари бўлган қилмишлар содир этиб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатиш рад қилинган ёки жиноий иш тугатилган;

ўн олти ёшгача бўлган даврда йўл ҳаракати қоидаларини бузган;

бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этган;

умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим муассасаларида (умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида) ўқишдан бош тортган;

ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этганлиги учун қонунчиликка асосан жавобгарликдан озод қилинган;

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган.



9-БОБ. ТАЪСИР КЎРСАТИШ ЧОРАЛАРИ

ВА УЛАРНИ ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ


21. Туман (шаҳар) комиссиялари ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган ҳолларда вояга етмаганларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари сифатида қуйидагиларга ҳақли:

вояга етмаганга жабрланувчидан узр сўраш мажбуриятини юклаш тўғрисида туман (шаҳар) судига тақдимнома киритиш;

огоҳлантириш чиқариш;

ўн беш ёшга тўлган вояга етмаган зиммасига, агар у мустақил иш ҳақига эга бўлса ва зарар миқдори белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан ортиқ бўлмаса етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки уни бартараф этиш мажбуриятини юклаш ёки белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан ортиқ бўлмаган моддий зарарни ўз меҳнати билан қоплаш мажбуриятини юклаш тўғрисида туман (шаҳар) судига тақдимнома киритиш;

ўн олти ёшга тўлган ва мустақил иш ҳақига эга бўлган вояга етмаганга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган ҳолларда ва миқдорларда жарима солиш;

вояга етмаганни ўз ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд жамоат тарбиячилари назоратига, шунингдек уларнинг розилиги билан меҳнат жамоаси ёки нодавлат нотижорат ташкилоти кузатувига топшириш;

вояга етмаганни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш.

Ҳар бир аниқ ҳолат бўйича қабул қилинган таъсир кўрсатиш чоралари тўғрисида туман (шаҳар) комиссиялари вояга етмаганнинг яшаш, ўқиш ёки иш жойи бўйича ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлинмалари томонидан вояга етмаганлар ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда якка тартибда профилактика ишларини олиб бориш масаласини ҳал этиш учун тегишли ҳудудий ички ишлар органларига хабарнома юборишга мажбур.


22. Туман (шаҳар) комиссиялари вояга етмаганларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан, вояга етмаган шахсни сақлаш, тарбиялаш ва ўқитиш бўйича ўз вазифаларини бажаришдан бош тортганлиги ёки ўз вазифаларини зарур даражада бажармаганлиги ёхуд вояга етмаганларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатганлиги ёки улар билан шафқатсиз муомалада бўлганлиги учун, шунингдек вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги учун қуйидаги таъсир кўрсатиш чораларини қўллаши мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган миқдорларда жарима солиш;

истисно ҳолларда, боланинг ҳаётига ёки соғлиғига бевосита хавф мавжуд бўлганда иш суд томонидан ҳал этилгунга қадар болани вақтинча ота-онасидан ёки бола уларнинг васийлигида бўлган бошқа шахслардан олиб қўйиш тўғрисида васийлик ва ҳомийлик органларига илтимоснома киритиш.

Комиссия ота-оналарнинг муомала лаёқатини чекланган деб топиш, уларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш, болаларни ота-оналаридан уларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этмасдан олиб қўйиш, шунингдек агар болаларнинг ота-оналари ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлиб, шу болалари билан биргаликда яшашлари мумкин эмас деб топилса, уларни бошқа турар жой бермасдан кўчириб юбориш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига даъво билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


23. Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига юбориш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда комиссиянинг илтимосномаси асосида чиқарилган жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судининг ажрими бўйича амалга оширилиши мумкин.


24. Туман (шаҳар) комиссиялари ўз болаларини тарбиялашга нотўғри муносабатда бўлаётган ёки комиссия чиқарган қарорнинг бажарилишига тўсқинлик қилаётган ота-оналарга ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш ҳақида, шунингдек болаларнинг ҳуқуқбузарликлар қилишлари учун шароит яратиб бераётган ёхуд вояга етмаганларни жиноят ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар қилишга ундаётган ёки жалб этаётган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли давлат органларига тақдимнома киритадилар.


25. Ушбу Низомнинг 21-бандида назарда тутилган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилаётганда туман (шаҳар) комиссияси ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, даражаси ва сабабларини, вояга етмаганнинг ёшини ва унинг ҳаёт шароитларини, унинг ҳуқуқбузарлик қилишда қай даражада иштирок этганлигини, шунингдек унинг турмушидаги, таълим муассасасидаги ва ишдаги хулқ-атворини албатта ҳисобга олиши лозим.

Туман (шаҳар) комиссиясининг огоҳлантириш бериш тўғрисидаги қарори бир йил мобайнида амал қилади. Агар таъсир кўрсатиш чораси қўлланилган вояга етмаган шу муддат ичида янги ҳуқуқбузарлик содир этмаса таъсир кўрсатиш чораси тугалланган ҳисобланади. Таъсир кўрсатиш чорасини қўллаган комиссия ўз қарорига биноан, агар ана шундай таъсир кўрсатиш чораси қўлланилган вояга етмаган намунали ахлоқи билан ўзини кўрсатса, таъсир кўрсатиш чорасини бир йил ўтмасдан ҳам бекор қилиши мумкин.

Туман (шаҳар) комиссиясининг вояга етмаганни ўз ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд жамоат тарбиячилари назоратига ёки меҳнат жамоаси, нодавлат нотижорат ташкилоти кузатувига топшириш тўғрисидаги қарорининг амал қилиш муддати, агар вояга етмаган ўзининг намунали ахлоқи ва ишга ҳамда ўқишга бўлган ҳалол муносабати билан ўзининг тузалганлигини исботласа, мазкур шахслар ёки ташкилотлар илтимосномасига биноан исталган вақтда бекор қилиниши мумкин.

Танлаб олинган тарбиявий таъсир кўрсатиш чораси вояга етмаганга таъсир қилмаган тақдирда комиссия бундай вояга етмаганга нисбатан ушбу Низомнинг 21-бандида кўрсатилган таъсир кўрсатиш чораларидан қаттиқроғини қўллашга ҳақлидир.


26. Туман (шаҳар) комиссиясининг жарима солиш тўғрисидаги қарори шу қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун мобайнида ана шундай жарима солинган шахс томонидан тўланиши лозим, бундай қарор устидан шикоят ёки протест берилган тақдирда эса, мазкур шикоят ёки протест қондирилмаганлиги ҳақида маълумотнома олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай тўланади.

Туман (шаҳар) комиссиясининг қарори билан солинган жарима тегишли банк муассасасига тўланади.

Жарима муддатида тўланмаган тақдирда туман (шаҳар) комиссиясининг жарима солиш тўғрисидаги қарори жарима суммасини суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга мувофиқ жарима солинган шахснинг иш ҳақидан ёки бошқа маошидан, пенсияси ёки стипендиясидан мажбурий тартибда ушлаб қолиш учун юборилади.

Агар жарима солинган шахс ишламаётган бўлса ёки солинган жаримани бошқа сабабларга кўра унинг иш ҳақидан ёки бошқа маошидан, пенсияси ёки стипендиясидан ундириб олишнинг иложи бўлмаса, жарима туман (шаҳар) комиссиясининг жарима солиш тўғрисидаги қарори асосида ундирувни ҳуқуқбузарнинг мол-мулкига, шунингдек унинг умумий мулкдаги улушига қаратиш йўли билан давлат ижрочиси томонидан ундириб олинади.

27. Вояга етмаганлар ихтисослаштирилган мактабларда ўн олти ёшга етгунгача, ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларида эса, ўн саккиз ёшга етгунгача сақланадилар.

Истисно ҳолларда ўқувчиларни ихтисослаштирилган мактабларда сақлаш муддати улар ўн етти ёшга етгунгача узайтирилиши мумкин.

Вояга етмаганлар ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида ахлоқан тузалгунларигача сақланади, лекин бу муддат уч йилдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссияси ўқувчига кўрсатиб ўтилган муассасаларда жорий ўқув йилида ўрта умумтаълим мактаби ёки касб-ҳунар коллежининг тегишли синфини тугаллагунгача уч йил муддат ўтгандан кейин ҳам қолишга рухсат бериши мумкин.

Ихтисослаштирилган мактабларни тамомлаган, аммо ахлоқан тузалмаган ўқувчилари шу мактаблар жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссияси томонидан ихтисослаштирилган махсус касб-ҳунар коллежларига юборилиши мумкин.

Вояга етмаганларнинг ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида бундан кейин бўлишларининг мақсадга мувофиқ-номувофиқлиги масаласи вақти-вақти билан, лекин йилига камида бир марта шу муассасалар жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссиялари томонидан, мазкур туман (шаҳар) комиссияларининг ўз ташаббуси билан, ана шу муассасалар маъмуриятларининг тақдимномаси ёки вояга етмаганларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар илтимосномасига биноан кўриб чиқилади.


28. Вояга етмаганнинг ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасида бўлиши педагоглар кенгашининг шу муассаса раҳбари томонидан тасдиқланган қарори асосида мазкур муассаса жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссиясининг қарори билан тўхтатилади, бу ҳақда вояга етмаган шу муассасадан чиққунга қадар камида бир ой олдин унинг яшаб турган жойидаги комиссияга хабар берилади, комиссия вояга етмаганни ишга жойлаштириш ёки таълим муассасасига юбориш ҳамда унга зарур моддий-маиший шароитлар яратиш юзасидан чора-тадбирлар кўриши шарт.


29. Агар вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасидан, етим болалар ва ота-она қаровисиз қолган болалар учун мўлжалланган таълим муассасасидан чиқарилганидан кейин, уни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қонунда белгиланган тартибда ота-оналик ёки васийлик ҳуқуқларидан маҳрум этилганлиги туфайли улар ҳузурига юбориш мумкин бўлмаса, шунингдек унинг аввалги истиқомат жойига келиши бир қанча сабабларга кўра (ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар йўқлиги, турмуши ва меҳнат қилиши ҳамда бундан кейин тарбияланиши учун қулай шароитлар йўқлиги сабабли) мумкин бўлмаса, ушбу муассаса жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссияси вояга етмаганни мазкур шахснинг маиший яшаш шароитини яхшилаш, уни ўқиш ёки ишга жойлаштириш чора-тадбирларини кўради. Зарур ҳолларда туман (шаҳар) комиссияси вояга етмаган шахсга васий, ҳомий тайинлаш тўғрисидаги тақдимнома билан тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигига мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ушбу масалаларни ҳал қилишда мазкур бандда кўрсатилган муассасалар жойлашган жойдаги туман (шаҳар) комиссияси вояга етмаган илгари яшаб келган жойдаги ёки унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар турган жойдаги комиссиянинг тегишли хулосасини олиши лозим.


30. Тарбия колониясидан озод бўлган вояга етмаган истиқомат қилаётган жойдаги комиссия у ўн саккиз ёшга етгунгача уни ишга ёки ўқишга жойлаштириш чораларини кўради ва унинг ахлоқини назорат қилиб боради.

Озод бўлган вояга етмаганнинг ўз ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар ҳузурига қайтишига уларнинг йўқлиги ёхуд ота-оналик ҳуқуқидан ёки васийлик ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги муносабати билан имкони бўлмаса, озод бўлган вояга етмаганнинг илгари яшаб келган жойидаги комиссия тарбия колонияси маъмуриятининг тақдимномасига биноан уни ихтисосига мувофиқ келадиган ишга ёки ўқишга жойлаштириш, шунингдек унга тегишли уй-жой-маиший шароитлар яратиш чора-тадбирларини кўради.

Тарбия колониясидан озод бўлган вояга етмаганни тарбиявий мулоҳазалар сабабли илгариги истиқомат жойига юбориш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган истисно ҳолларда уни жойлаштириш тарбия колонияси маъмуриятининг тақдимномасига биноан шу тарбия колонияси жойлашган жойдаги комиссия томонидан амалга оширилади.

Туман (шаҳар) комиссияси озод бўлган вояга етмаганни у ёрдам сўраб мурожаат қилган кундан бошлаб ўн кун муддатдан кечиктирмай жойлаштириш масаласини ҳал қилиши шарт.



10-БОБ. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАР ТОМОНИДАН

ИШЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ ВА КЎРИБ ЧИҚИШ


31. Ҳудудий комиссиялар:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда топширилган ишларни;

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни;

ички ишлар органлари, таълим муассасалари тақдимномаси бўйича берилган ишларни;

касаба уюшмалари, таълим муассасалари ҳузуридаги ота-оналар қўмиталари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари тақдимномаси бўйича топширилган ишларни;

фуқароларнинг аризалари бўйича кўриладиган ишларни;

ўз ташаббуси билан кўриладиган ишларни кўриб чиқадилар.

Ҳудудий комиссиялар ишларни улар комиссияга тушган пайтдан бошлаб кўпи билан ўн беш кун муддатда кўриб чиқадилар.


32. Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқбузарликлари тўғрисидаги туман (шаҳар) комиссияси кўриб чиқиши лозим бўлган материаллар комиссиянинг раиси ёки унинг ўринбосари томонидан олдиндан ўрганиб чиқилади ва у томонидан:

ишни комиссия мажлисида кўриб чиқиш;

ишга оид материалларни қўшимча равишда текшириш ёки тушган аризалар, тақдимномалар бўйича текшириб чиқиш хусусида қарор қабул қилади.


33. Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш комиссияда кўриб чиқилгунга қадар вояга етмаган ўз ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар назоратига топширилиши мумкин, етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар учун таълим муассасаларида ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланувчи вояга етмаган эса, шу муассасалар маъмуриятининг назоратига берилиши мумкин.

Ишини ҳудудий комиссия кўриб чиқиши керак бўлган вояга етмаган унинг руҳий жиҳатдан соғлом эканлигига шубҳа туғилган тақдирда, тиббиёт текширувидан ўтиш учун юборилади.


34. Ҳудудий комиссия ишларни тайёрлаш ва кўриб чиқиш пайтида вояга етмаганнинг ёшини, машғулотини, яшаб турган ва тарбияланаётган шароитини, ҳуқуқбузарлик қилганлиги фактини ва унинг мазмунини тасдиқловчи маълумотларни, ҳуқуқбузарлик қилишга даъват этган катта ёшдаги кишилар ва бошқа қатнашчилар бўлган-бўлмаганлигини, вояга етмаганга илгари таъсир кўрсатиш чораси қўлланилган-қўлланилмаганлигини аниқлаши зарур.

Ҳудудий комиссия вояга етмаганнинг ҳуқуқбузарликлар содир этишига олиб келган сабаб ва шароитларни текшириб, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши шарт.


35. Ҳудудий комиссия зарур маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиб олиши, шунингдек ҳудудий комиссияда кўрилаётган масалалар юзасидан изоҳлар олиш учун мансабдор шахслар ва фуқароларни чақириши мумкин.

Мансабдор шахслар ва фуқаролар ҳудудий комиссия чақириғи бўйича узрсиз сабаблар билан келмаган тақдирда ҳудудий комиссия ишни кўриб чиқишни қолдириши, уларни ишлаётган ёки ўқиётган жойидаги маъмурият, нодавлат нотижорат ташкилотлари орқали келтиришни таъминлаш чораларини кўриши мумкин.

Иши кўрилаётган вояга етмаган, шунингдек унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳудудий комиссия мажлисига узрсиз сабаблар билан келишдан бош тортган тақдирда улар ички ишлар органлари орқали ҳудудий комиссиянинг асосланган қарори бўйича олиб келиниши мумкин.


36. Иш кўришга тайёр деб топилгач, шу ишни тайёрлаш вазифаси топширилган ҳудудий комиссия раиси, раис ўринбосари ёки аъзоси иш кўриб чиқилишидан олдин вояга етмаганни, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни, зарур ҳолларда эса таълим муассасаларининг вакилларини ҳам барча материаллар билан таништириб чиқади, ҳудудий комиссия мажлисига кимларни чақириш кераклигини аниқлаб олади ҳамда иш кўриладиган вақт ва жойни белгилайди.

Ҳудудий комиссия мажлиси бўладиган вақт ва жой ҳақида ишни кўриб чиқишда қатнашувчи шахсларга маълум қилинади.


37. Комиссиянинг мажлиси комиссия таркибининг ярмидан кўпи ҳозир бўлган тақдирда ҳақиқий ҳисобланади.

Комиссиянинг мажлисида иши кўрилаётган вояга етмаган, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, зарур ҳолларда эса таълим муассасаларининг вакиллари бўлиши шарт.

Ҳукм этилган вояга етмаганларни жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш, уларга тайинланган жазони енгилроқ жазо билан алмаштириш тўғрисидаги жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судига илтимосномаларни ва маҳкумлар хусусидаги бошқа илтимосномаларни қўзғатиш масалаларини кўриб чиқишда комиссия мажлисида тарбия колонияси маъмуриятининг вакили ва маҳкумнинг ўзи ҳозир бўлиши шарт.

Агар ҳолатларни текшириб чиқиш ва муҳокама қилиш вояга етмаганга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, комиссия материалларни мажлисда вояга етмаганнинг иштирокисиз кўриб чиқишга ҳақлидир.


38. Комиссиялар вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлари тўғрисидаги ўзларига тегишли ишларни Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган тартибда кўриб чиқадилар.


39. Ҳудудий комиссия иш юзасидан тўпланган материалларни кўриб чиқади, вояга етмаганнинг, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг, жабрланганнинг, гувоҳларнинг тушунтиришларини тинглайди ва ишнинг барча ҳолатларини ҳар томонлама кўриб чиққач, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

ушбу Низомнинг 21 ва 22-бандларида назарда тутилган таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш;

ишни тугатиш;

ишни кўришни қолдириб, қўшимча текширув ўтказиш;

ишни тергов, суриштирув ёки терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларга топшириш.

40. Ҳудудий комиссия мажлисида баённома тузилади, унда мажлис бўлган сана ва жой, кўриб чиқилаётган ишнинг мазмуни, ишни кўришда қатнашаётган шахсларнинг мажлисга келган-келмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар, улар берган изоҳларининг қисқача мазмуни, ишга оид бошқа маълумотлар, шунингдек қабул қилинган қарорни ўқиб эшиттириш ва унинг юзасидан шикоят бериш тартиби ва муддатларини тушунтириш тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Баённома раислик қилувчи ва ҳудудий комиссиянинг масъул котиби томонидан имзоланади.

Ҳудудий комиссия иши кўрилаётган шахсларнинг ўқиш ёки яшаш жойида сайёр мажлислар ўтказиши мумкин.


41. Ҳудудий комиссия қарорлари оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Ҳудудий комиссия қарори ёзма шаклда, далиллар билан асосланган бўлиши лозим.

Таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорда:

ҳудудий комиссиянинг номи; ишни кўриб чиқиш санаси; иши кўриб чиқилаётган шахс тўғрисидаги маълумотлар; ишни кўриб чиқиш чоғида аниқланган ҳолатлар; мазкур ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат, иш юзасидан қабул қилинган қарор кўрсатилади.

Қарор раислик қилувчи ва ҳудудий комиссиянинг масъул котиби томонидан имзоланади ва қабул қилингандан кейин эълон қилинади.

Ҳудудий комиссия қарорининг нусхаси уч кун мобайнида вояга етмаганга, унинг ота-онасига ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, зарур ҳолларда эса, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ва муассасаларга топширилади ёки почта орқали юборилади.

Қабул қилинган қарор тўғрисида ҳудудий комиссия вояга етмаган ҳуқуқбузарнинг ишлаб, ўқиб турган жойига ёки яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, шунингдек унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар яшаб турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига хабар беради.


42. Жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судининг вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига юбориш тўғрисидаги қарори бажарилишини таъминлаш учун вояга етмаган ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилиши мумкин, у бу ерда барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилгунгача, Халқ таълими вазирлиги ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан йўлланма олингунгача, кўпи билан ўттиз кун сақланади.

Истисно ҳолларда вояга етмаганнинг ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида туриш муддати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўпи билан ўн беш кунга узайтирилиши мумкин.

Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари вояга етмаган учун шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини расмийлаштиришни тугаллайдилар ҳамда Халқ таълими вазирлиги ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан йўлланма олинганидан кейин вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия материаллари бўйича жиноий ишлар бўйича туман (шаҳар) судининг чиқарилган ажрими асосида вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига келтирадилар.


43. Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи шароитлар ва сабабларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида ҳудудий комиссиялар ўз мажлисларида кўриб чиқилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ҳисобини юритадилар ва туман (шаҳар), вилоят, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси доирасида ушбу ҳисобга олиш маълумотларини ҳар чоракда умумлаштириб борадилар.


44. Ҳудудий комиссия қарори устидан мазкур қарор кимга нисбатан чиқарилган бўлса, ўша шахс, жабрланувчи, шунингдек уларнинг қонуний вакиллари ва адвокат томонидан юқори комиссияга ёки судга шикоят берилиши мумкин.

Ҳудудий комиссия қарори юзасидан шикоят юқори комиссияга у чиқарилган кундан бошлаб ўн кун муддатда берилиши мумкин. Юқори комиссиянинг шикоят бўйича қарори ўн беш кундан кечикмай қабул қилиниши керак ва у узил-кесил ҳисобланади.

Ҳудудий комиссия қарори юзасидан судга шикоят бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ҳудудий комиссиянинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича чиқарган қарори юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган тартибда шикоят берилиши мумкин.

Ҳудудий комиссиянинг қарори ва шикоят бўйича чиқарилган қарор юзасидан прокурор протест билдириши мумкин. Прокурорнинг протест билдириши шу протест кўриб чиқилгунга қадар комиссия қарорининг ва шикоят юзасидан чиқарилган қарорнинг ижросини тўхтатиб туради.


45. Республика комиссияси томонидан ишларнинг тайёрланиши ва кўриб чиқилиши ушбу бобда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 март, 12-сон, 184-модда