язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар/ Молия соҳасида бошқарув/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.03.2017 й. ПҚ-2847-сон "Молия органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.03.2017 й.

N ПҚ-2847



МОЛИЯ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Республика молия органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг солиқ-бюджет сиёсатига қатъий риоя этилишини таъминлаш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларини ҳамда ижтимоий соҳани барқарор, мутаносиб ва жадал ривожлантириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланишга йўналтирилган вазифалари, функциялари, иш шакллари ва услубларини қайта кўриб чиқиш мақсадида:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда унинг бўлинмалари фаолиятининг устувор вазифалари ҳамда йўналишлари этиб белгилансин:

иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг молиявий мутаносиблигини таъминлашда, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида бажаришда, йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда молия органларининг ролини оширишга йўналтирилган ягона давлат солиқ-бюджет сиёсатини амалга ошириш;

иқтисодиёт ва аҳолига солиқ юкини камайтириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлаш, минерал-хом ашё, ер-сув ҳамда бошқа ресурслар ва ускуналардан оқилона фойдаланишда солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловларнинг рағбатлантирувчи ролини кучайтириш йўли билан солиқ тизимини изчил такомиллаштириб бориш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш ва тўлаш тартибини соддалаштириш, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ йиғилишини таъминлаш мақсадида уларнинг ставкаларини оптималлаштириш;

бюджетлараро муносабатларни тубдан такомиллаштириш, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромад базасини барча чоралар билан кенгайтириш, вилоятлар ва туманларни субвенциядан чиқариб, уларнинг мутаносиблиги ва ўзини ўзи қоплай олишини таъминлаш, ҳудудлар ҳокимликлари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрини комплекс ва интенсив ривожлантириш асосида Давлат бюджетига қўшимча манбалар жалб этиш юзасидан тизимли ишларни амалга ошириш, табиий ва иқтисодий салоҳиятдан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, ҳудудлар иқтисодиётини модернизациялаш ва диверсификациялаш;

молиявий ресурсларни иқтисодий тараққиётнинг энг устувор йўналишларига, ижтимоий соҳани, айниқса қишлоқ жойларида, жадал ривожлантиришга, мақсадли инвестиция дастурларини молиялаштиришга, белгиланган меъёрларга мувофиқ уларни реал молиялаштириш манбалари билан мустаҳкамлашга, ушбу асосда кредиторлик ва дебиторлик қарзларини камайтиришга жамлаш;

иқтисодиёт базавий тармоқларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалигини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали усул ва механизмларини жорий этиш, товарлар ва хизматларнинг айрим турларига нарх ва тарифлар белгилаш тартибини такомиллаштириш ҳамда тўлов интизомини мустаҳкамлаш;

бюджет тизимидаги бюджет маблағларидан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланиш устидан давлат молиявий назоратини амалга ошириш, қатъий иқтисод қилиш, ишлаб чиқариш ва муомала харажатларини камайтириш, нобудгарчилик ва талон-торожликни, мақсадга номувофиқ чиқимларни тугатиш юзасидан вазирликлар, идоралар, хўжалик субъектлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда кенг қамровли профилактика ишларини олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва бошқа валюта назорати органлари билан биргаликда валюта-молия сиёсатининг асосий тамойиллари ва усулларини шакллантириш, давлатнинг валюта ресурсларини кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

фуқароларнинг пенсия таъминоти соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари ва харажатларининг мутаносиблигини таъминлаш, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан унинг зиммасига юкланган вазифалар ва функциялар, хусусан пенсиялар ҳамда бошқа тегишли тўловларни тайинлаш ва ўз вақтида тўлаш бўйича ўрнатилган қоидаларнинг қўлланилишини мувофиқлаштириш ҳамда уларни назорат қилиш;

суғурта ташкилотларининг суғурта муносабатлари барча қатнашчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган фаолиятини назорат қилиш, бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботининг ягона методологиясини шакллантириш ва амалга ошириш, аудиторлик фаолиятини тартибга солиш, мамлакатнинг молия бозорларини ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;

давлат молия сиёсати соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш, Молия вазирлиги, унинг марказий аппарати ҳамда таркибий бўлинмаларининг иш шаклларини ва усулларини тубдан такомиллаштириш, молия органлари фаолиятида бюрократизм ва сансалорлик ҳолларига йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига ўз вақтида эътибор қаратиш, зиммага юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун молия органлари ходимларининг масъулиятини ошириш.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги таркибидан:

Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси ҳамда Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси - Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплекси бўйсунувига;

Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари зиммасига эҳтиёжманд оилалар ва фуқароларга ижтимоий нафақалар ҳамда моддий ёрдам тайинланиши ва тўланиши устидан мониторингни амалга ошириш вазифалари юклатилган ҳолда эҳтиёжманд оилалар ва фуқароларга ижтимоий нафақалар ҳамда моддий ёрдам тайинланиши ва тўланиши устидан мониторингни амалга ошириш бўйича молия органлари туман ва шаҳар бўлинмаларидаги шўъбалар - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига белгиланган тартибда ўтказилсин.

Вазирлар Маҳкамаси Комплексининг раҳбари (З.Т. Мирзаев), Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўз бошқарувига топширилаётган юқоридаги жамғармалар ва инспекциянинг самарали фаолиятини ташкил этишни таъминласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқни қишлоқ хўжалиги техникаси билан жиҳозлашни давлат томонидан рағбатлантириш жамғармаси тугатилсин ва унинг функциялари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси зиммасига юклатилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида:

Бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси, шунингдек Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси негизида Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси;

Бюджетдан ташқари Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинсин.


5. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда вазирлик марказий аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган сони 336 нафардан иборат янги ташкилий тузилмаси 1-, 2-, 2а-иловаларга* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг тузилмаси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармаларининг, вилоят марказлари - шаҳар ҳокимликлари молия бўлимларининг, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари молия бўлимларининг намунавий тузилмалари 3 - 6-иловаларга* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тўғрисидаги низом 7-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси молия вазирига, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги марказий аппаратининг ҳамда молия органлари таркибий бўлинмаларининг, шунингдек, идоравий ташкилотларнинг тасдиқланган тузилмаларига бошқарув ходимларининг белгилаб қўйилган чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорлари 8-иловага* мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси билан биргаликда бюджет маблағларидан, энг аввало ижтимоий соҳа муассасаларида самарали фойдаланилиши устидан назоратни тубдан кучайтириш, давлат молия назорати тизимини янада такомиллаштириш, унинг халқаро стандартлар даражасида мустақиллиги, ишончлилиги ва холислигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига таклифлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги билан биргаликда Молия вазирлиги марказий аппаратининг, Ғазначилик, ҳудудий молия органлари ва Бош назорат-тафтиш бошқармаси ҳудудий бошқармаларининг бўшаётган ходимларини иш билан таъминлашга белгиланган тартибда кўмаклашсин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 3 апрель, 13-сон, 201-модда