язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Соғлиқни сақлаш/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.04.2017 й. ПҚ-2863-сон "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

01.04.2017 й.

N ПҚ-2863



СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА ХУСУСИЙ

СЕКТОРНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, хусусий тиббиёт соҳасига хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш мақсадида:


1. Қуйидагилар соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ва вазифалари этиб белгилансин:

мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хусусий тиббиёт муассасалари тармоғи фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган масалаларни тизимли ҳал этиш;

хусусий тиббиёт муассасаларининг ташхис қўйиш ва даволаш бўйича замонавий юқори технологияли усулларни кенг қўллаган ҳолда, кенг аҳоли қатламлари, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган хизматлар кўлами ва турларини кенгайтиришни ҳар томонлама рағбатлантириш;

хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббиёт ускуналари, махсус инвентар ва асбоблар билан жиҳозлаш, тиббиёт ихтисосликлари турига мос келадиган ва санитария норма ҳамда қоидалари талабларига жавоб берадиган бино ва хоналар билан таъминлаш;

қулай кредит ва лизинг механизмларини фаол жалб этиш орқали хусусий тиббиёт муассасаларини молиявий қўллаб-қувватлаш кўлами ва ҳажмини тубдан ошириш, етакчи хорижий клиника ҳамда тиббиёт марказлари билан ҳамкорликда даволаш-ташхис муассасаларини ташкил этган ҳолда хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестициялар жалб қилишни кенгайтириш;

аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган кафолатли бепул тиббий ёрдам билан бирга тиббий суғурта тизимини кенг жорий этган ҳолда сифатли ва арзон маслаҳат-ташхис, даволаш, соғломлаштириш ва бошқа турдаги тиббий хизматлардан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратадиган пулли тиббий хизматлар бозорини жадал ривожлантириш;

илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, хусусий тиббиёт соҳаси учун тиббий таълимнинг замонавий усул ва технологияларидан фойдаланиш асосида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг сифатли ва самарали тизимини шакллантириш, хусусий тиббиёт муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш.


2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари уюшмасининг хусусий тиббиёт муассасалари учун рухсат этилган тиббий фаолият турларини, жумладан тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, эндокринология, кардиология, қон-томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик, урология ва тиббий фаолиятининг бошқа, аҳолининг ҳаёти, саломатлиги ва санитария-эпидемиологик ҳолатига катта хавф туғдириши мумкин бўлган турларидан ташқари, турларини тубдан кенгайтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин, бунда тиббиёт фаолиятнинг барча тиббиёт турлари қамраб олинсин.


3. Тиббий фаолиятнинг аҳоли ҳаёти, саломатлиги ва санитария-эпидемиологик ҳолатига катта хавф туғдириши мумкин бўлган ва хусусий тиббиёт муассасалари учун тақиқланган айрим турлари рўйхати 1-иловага* мувофиқ;

соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий вазифа ва йўналишларига мувофиқ ишлаб чиқилган Хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари дастури 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Белгилансинки, хусусий тиббиёт муассасаларида ташхис қўйиш ва даволаш, айниқса, жарроҳлик амалиётини ўтказиш билан боғлиқ ҳолларда янги юқори технологияли усулларни жорий этиш фақат тегишли тиббиёт ускуналари, юқори малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлганда ва санитария норма ҳамда қоидаларига қатъий риоя этилгандагина рухсат этилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат вазирлигининг 2017 йил 1 майдан соғлиқни сақлаш соҳасида кичик корхоналар ходимлари йиллик ўртача чекланган сонининг 100 кишигача бўлиши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


6. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фойдаланилмаётган бинолар, объект ва хоналарни, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида тугатилаётган муассасаларнинг давлат мулки бўлган объектларини аҳолига тиббий хизматлар кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига "ноль" қиймати бўйича белгиланган тартибда сотишни таъминласин, бунда янги мулкдорлар инвестиция киритиш ва ижтимоий мажбуриятларни зиммасига олишига эътибор қаратилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига "Ўзмед-лизинг" ихтисослаштирилган лизинг компанияси устав капиталини кўпайтириш орқали, жумладан, хорижий инвесторлар маблағларини жалб этиш ҳисобидан тиббиёт муассасаларига замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар харид қилиш ҳажмини кенгайтириш ва лизингга бериш чора-тадбирлари тўғрисида аниқ таклифлар киритсин.


8. Қуйидагилар 2022 йил 1 январгача:

а) аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари тиббий хизматлар қисмида, бўшайдиган маблағларни хусусий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш ва уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжуд бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга мақсадли йўналтирган ҳолда, барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

б) белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари (стоматология ва косметология асбоб-ускуналаридан ташқари) божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод этилсин.

Ушбу банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган солиқ имтиёзларини қўллаш мақсадида, ҳисобот даври якунлари бўйича тиббий хизматлар (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) кўрсатиш асосий фаолият тури ҳисобланган юридик шахслар хусусий тиббиёт муассасаларига киради. Бунда тиббий хизматлар кўрсатиш асосий фаолият тури ҳисобланганда, юқорида кўрсатиб ўтилган имтиёзлар бошқа даромадларга ҳам жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда юқорида қайд этилган солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

9. Қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида янгидан ташкил этиладиган (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга тиббий хизматлар қисмида ягона солиқ тўловидан озод этилсин.

10. Белгилаб қўйилсинки:

хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижий шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслар даромад солиғини тўлашдан озод этилади;

хорижий шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассисларга тузилган меҳнат шартномалари доирасида тўланадиган даромадлар ягона ижтимоий тўловдан озод этилади;

хусусий тиббиёт муассасаларининг хорижлик ходимлари бошқарув персонали сифатидаги фаолиятидан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиғидан озод этилади.


11. Тижорат банкларига:

хусусий тиббиёт муассасаларига замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарини, жумладан, хориждан сотиб олиш, бошланғич капитални шакллантириш, тиббий хизматлар кўрсатиш мақсадида бино ва иншоотлар харид қилиш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар;

аҳолига замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, банк кредит карталари билан ҳисоб-китоб қилиш асосида хусусий тиббиёт муассасаларининг тиббий хизматларидан фойдаланиш учун истеъмол кредитлари тақдим этиш тавсия этилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижий шифокорлар ва тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассисларга Ўзбекистон Республикасига келиш ва яшаш учун рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам кўрсатсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар киритсин;

идоравий меъёрий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштиришни таъминласин.


14. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусхўжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Халқ сўзи", 2017 йил 4 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 апрель, 14-сон, 217-модда