язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд хокимияти. Одил судлов/ Суд ва суд тизилишининг умумий масалалари/ Ўзбекистон Республикасининг 06.04.2017 й. ЎРҚ-427-сон "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 18.03.2017 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.03.2017 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

06.04.2017 й.

N ЎРҚ-427



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

СУДЬЯЛАР ОЛИЙ КЕНГАШИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 18 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2017 йил 28 мартда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.

Кенгаш юридик шахсдир, у Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



3-модда. Ўзбекистон Республикаси Судьялар

олий кенгаши тўғрисидаги

қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.


4-модда. Кенгаш фаолиятининг асосий принциплари

Кенгаш фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, коллегиаллик, холислик, ўз аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги ва очиқликдан иборатдир.

Кенгаш ва унинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.

Кенгаш ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширади. Кенгашнинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Кенгаш қарорлари унинг мажлисида коллегиал равишда қабул қилинади.

Кенгаш аъзолари қарорлар қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини ифодалайди.

Кенгашнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлидир ва унинг ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда биттадан овозга эгадир.

Кенгаш ўз фаолиятини очиқ тарзда, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.



5-модда. Кенгашнинг таркиби ва уни шакллантириш тартиби

Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан - жами йигирма бир нафар кишидан иборат таркибда судьялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади.

Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тайинланади.

Кенгаш раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан тасдиқланади.

Кенгаш котиби ва унинг етти нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан тасдиқланади.

Кенгашнинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади, Кенгашнинг қолган етти нафар аъзоси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

Кенгашнинг судьялар орасидан тасдиқланган ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи ўн бир нафар аъзоси Кенгаш томонидан унинг раиси тақдимига биноан Кенгашнинг шўъбаси ҳамда Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси таркибига, шу жумладан мазкур тузилмаларнинг раҳбарлари лавозимларига сайланади.


2-БОБ. КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ВАКОЛАТЛАРИ


6-модда. Кенгашнинг асосий вазифалари

Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

судьялик лавозимларига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия этиш орқали судьялар корпусини шакллантириш;

судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятини бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқиш ва принципиал баҳолаш;

Кенгашнинг ҳамда суд тизимининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

судьяларни касбий жиҳатдан тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьялар фаолияти самарадорлигини замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш;

раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун муносиб судья кадрларни танлаб олиш, шунингдек уларни рағбатлантириш ва мукофотлаш масаласи юзасидан ташаббус кўрсатиш;

оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш;

суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ҳамда уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш.



7-модда. Кенгашнинг ваколатлари

Кенгаш ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун:

судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлашни ташкил этади;

раҳбар судьялик лавозимларига номзодлар захирасини шакллантиради;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раислари ва раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси ва раис ўринбосари лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раисларини, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьяларини, туманлараро маъмурий судларнинг раисларини, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяларини, ҳудудий ҳарбий судларнинг раисларини лавозимга тайинлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьялик лавозимларига тавсия этиладиган номзодлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига қонунга мувофиқ хулосалар (тақдимномалар) киритади;

Судьялар олий малака ҳайъатининг хулосасига кўра судьяларни уларнинг ваколатлари муддати даврида ўз аризаларига асосан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьялари, туманлараро маъмурий судларнинг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьялари, ҳудудий ҳарбий судларнинг раислари лавозимларига ўтказади;

Судьялар олий малака ҳайъатининг хулосасига кўра судьяларни ўз аризаларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маъмурий судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига ўтказиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдимномалар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини судьянинг розилиги билан беш йилгача узайтириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимнома киритади;

Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, туманлараро, туман, шаҳар судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, туманлараро маъмурий судларнинг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини судьянинг розилиги билан беш йилгача узайтиради;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ёхуд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан сайланадиган судьяларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар (таклифлар) киритади;

қонунда назарда тутилган ҳолларда, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари судьяларини, туманлараро маъмурий судларнинг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяларини, ҳудудий ҳарбий судларнинг раисларини лавозимидан озод қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маъмурий судларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьяларининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига хулосалар киритади;

судьяларга нисбатан хизмат текширувини ўтказиш тартибини белгилайди;

судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;

судьяларга ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи Кенгаш аъзоларига нисбатан хизмат текширувлари ўтказади;

судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади ва материалларни судьяларнинг тегишли малака ҳайъатларига юборади;

ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи Кенгаш аъзоларини интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;

судьяларни жиноий жавобгарликка тортиш масалалари юзасидан хулоса беради;

суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ҳамда уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича, шунингдек қонунчиликни қўллаш масалалари юзасидан тушунтиришлар бериш тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми кўриб чиқиши учун киритади;

судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, уларнинг фаолиятини текширади, Судьялар олий малака ҳайъати қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқади, судьялар малака ҳайъатлари раисларининг ҳисоботларини эшитади;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг Судьялар олий малака ҳайъатининг қарорлари, хулосалари юзасидан тақдимномаларни кўриб чиқади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади;

судьяларнинг фаолиятини уларнинг касбига муносиблиги нуқтаи назаридан ўрганади;

Судьялар одоби кодексини тасдиқлайди;

судьялар фаолиятини очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳолаш мезонларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради;

судьяларни касбий тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этишга доир дастурни тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директорининг мазкур департамент фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳар йили эшитади;

судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларнинг, янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига номзодларнинг шахсий ва касбий сифатлари даражасини ўрганиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;

давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек мансабдор шахслардан ҳамда фуқаролардан Кенгаш фаолияти билан боғлиқ зарур ахборотни, ҳужжатларни ва бошқа материалларни сўраб олади;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг Регламенти ҳамда ваколатига тааллуқли масалалар бўйича низомларни тасдиқлайди.

Кенгаш қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



8-модда. Кенгашнинг ижро этувчи девони

Кенгашнинг ижро этувчи девони ўз фаолиятида Кенгашга ҳисобдордир.

Кенгашнинг ижро этувчи девони тузилмаси ва ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.



9-модда. Кенгаш раисининг ваколатлари

Кенгаш раиси:

Кенгаш фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва Кенгаш зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан масъул бўлади;

Кенгашнинг мажлисларини чақиради ва унда раислик қилади;

Кенгаш ваколатига тааллуқли масалаларни унинг кўриб чиқиши учун киритади;

давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан муносабатларда Кенгаш номидан иш кўради;

Кенгашнинг тегишли аъзолари лавозимига тавсия қилинаётган номзодлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади;

суд ҳокимияти мустақиллигини, судьялар дахлсизлигини таъминлашга ва одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳақида, шунингдек суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якунлари бўйича ахборот тақдим этади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади;

Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;

Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимларига мансаб даражаларини беради;

Кенгашнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди ва молия-хўжалик фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади;

Кенгаш номидан қарорларни, тақдимномаларни, мажлислар баённомаларини ва бошқа ҳужжатларни имзолайди.

Кенгаш раиси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


10-модда. Кенгаш раиси ўринбосарининг ваколатлари

Кенгаш раисининг ўринбосари:

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун жавобгар бўлади;

ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир ишларни ташкил этади;

жисмоний шахсларни, юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади;

Кенгаш раиси йўқлигида унинг вазифасини бажаради.

Кенгаш раисининг ўринбосари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


11-модда. Кенгаш котибининг ваколатлари

Кенгаш котиби:

Кенгаш аъзоларини мажлислар ўтказиладиган сана ва вақт тўғрисида хабардор қилади;

Кенгаш аъзоларини мажлис кун тартибига киритилган масалалар бўйича зарур ҳужжатлар билан таъминлайди;

Кенгаш мажлисларини тайёрлаш бўйича ташкилий масалаларни амалга оширади;

Кенгаш мажлисларининг баённомасини юритади;

Кенгаш қарорларининг кўчирма нусхалари манфаатдор шахсларга ва ташкилотларга юборилишини таъминлайди;

Кенгаш қарорларининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ишларини ташкил этади;

Кенгашда иш юритилишини назорат қилади;

Кенгаш раисининг топшириқларини бажаради.

Кенгаш котиби йўқлигида унинг вазифаларини бажариш Кенгаш раисининг топшириғига биноан Кенгашнинг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи аъзоларидан бири зиммасига юклатилади.



12-модда. Кенгаш аъзосининг ҳуқуқлари

Кенгаш аъзоси қуйидагиларга ҳақли:

Кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этилган материаллар билан танишиш, уларни ўрганиш ва кўриб чиқишда иштирок этиш;

кўриб чиқилаётган масалалар бўйича Кенгашга илтимосномалар киритиш, ўз далил-асосларини баён қилиш ва қўшимча материалларни тақдим этиш;

электрон рейтинг дастури орқали судьялар фаолиятининг самарадорлигини мониторинг қилиш;

Кенгашнинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур ахборот ва ҳужжатларни давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан сўраш ҳамда бепул асосда олиш;

Кенгашнинг ваколатига тааллуқли бўлган масалаларни мажлисларда кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

Кенгашнинг қарорларини қабул қилишда иштирок этиш ва ўзининг алоҳида фикрини баён этиш.

Кенгаш аъзоси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


13-модда. Кенгаш аъзосининг мажбуриятлари

Кенгаш аъзоси:

ўз фаолиятини қонунга мувофиқ амалга ошириши;

суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципи асосида одил судловни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришда иштирок этиши;

судьялик лавозимларига номзодларни холис ўрганиши;

судьялар орасида коррупциявий ҳолатларнинг оқибатлари ва сабабларини, шунингдек уларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига аралашиш ҳолатларининг олдини олишга, уларни аниқлашга, чек қўйишга, уларни бартараф этишга доир чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиши ҳамда бу ҳаракатлар тўғрисида Кенгашга хабар бериши;

Кенгаш мажлислари маслаҳатлашувини сир тутиши ва ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши туфайли судьяларнинг ва судьялик лавозимларига номзодларнинг шахсий ҳаёти тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларнинг махфийлигига риоя қилиши;

Кенгашнинг нуфузига путур етказиши, унинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиши;

ўз фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги ва бу юзага келганда ушбу Қонун 16-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган асосларга кўра ўзини ўзи рад этиши;

Кенгаш томонидан кўрилаётган масалалар бўйича овоз бериши шарт.

Кенгаш аъзосининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


3-БОБ. КЕНГАШНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14-модда. Кенгаш мажлиси

Кенгаш фаолиятининг асосий ташкилий шакли Кенгаш мажлисидир. Кенгаш мажлиси ўз ваколатига кирадиган масалаларнинг тайёрланишига қараб ўтказилади. Кенгаш мажлиси ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Кенгашнинг қарори очиқ овоз бериш орқали мажлис иштирокчиларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Раислик қилувчи охирида овоз беради. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи бўлади.

Кенгашнинг қарорига рози бўлмаган Кенгаш аъзоси хулосани имзолайди ва у ўзининг алоҳида фикрини ёзма тарзда баён қилишга ҳақли бўлиб, ушбу фикр мажлис баённомасига қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди. Ўзига нисбатан мазкур қарор қабул қилинган шахс Кенгаш аъзосининг алоҳида фикри билан таништирилмайди.



15-модда. Кенгаш мажлислари

маслаҳатлашувининг сир тутилиши

Кенгаш аъзоларининг овоз бериши ёпиқ мажлисда ўтказилади. Овоз бериш чоғида Кенгаш аъзоларидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.

Кенгаш аъзоси маслаҳатлашув сирини ошкор этишга ҳақли эмас. Кенгаш аъзоларининг овози ва уларнинг фикри сир сақланади ҳамда унинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Кенгаш аъзолари кўрсатилган ахборотни ошкор этганлик учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



16-модда. Кенгаш аъзосини рад этиш

ва унинг ўзини ўзи рад этиши

Кенгаш аъзоси, агар у:

Кенгаш мажлисида номзоди кўрилаётган шахсга хизмат жиҳатидан, моддий ёки бошқа томондан қарам бўлса ёхуд унинг яқин қариндоши бўлса;

Кенгаш мажлисининг натижасидан ва унда қабул қилинадиган қарордан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, Кенгаш мажлисида иштирок этиши мумкин эмас ва у рад этилиши керак.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, Кенгаш аъзоси ўзини ўзи рад этиши шарт. Агар у бундай қилмаса, айни шу асослар бўйича Кенгашнинг бошқа аъзолари томонидан, шунингдек судьялик лавозимига номзод томонидан рад этилиши мумкин.

Рад этиш ҳақидаги баёнот асослантирилган бўлиши керак.

Рад этиш билдирилган Кенгаш аъзоси рад этиш тўғрисидаги масала кўрилишидан олдин ўз тушунтиришларини беришга ҳақли.

Рад этиш тўғрисидаги масала рад қилинаётган шахснинг йўқлигида Кенгашнинг қолган аъзолари томонидан оддий кўпчилик овоз билан ҳал этилади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Кенгаш аъзоси рад этилган ҳисобланади.

Билдирилган рад этиш қаноатлантирилганлиги ёки рад қилинганлиги тўғрисида Кенгаш мажлисининг баённомасига белги қўйилади.



17-модда. Кенгаш қарорлари

Кенгаш ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар, хулосалар қабул қилади ва тақдимномалар киритади.

Кенгаш мажлисида қуйидаги қарорлар қабул қилиниши мумкин:

номзоднинг кўрсатилган судьялик лавозимига муносиблиги ёки муносиб эмаслиги ҳақида ёхуд номзоднинг такрорий танловда иштирок этиши учун рухсат бериш ҳуқуқини қолдириш тўғрисида;

судьялик лавозимига тайинлаш, ўтказиш ҳақида;

судьяларни рағбатлантириш ташаббуси билан чиқиш ҳақида;

судьяга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш тўғрисида;

судьяни жиноий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақида;

судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш тўғрисида.

Кенгаш ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан бошқа қарорлар ҳам қабул қилиши мумкин.

Кенгашнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинадиган қарорлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар учун мажбурийдир.



18-модда. Кенгашнинг давлат органлари

ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги

Кенгаш судьялик лавозимига биринчи марта, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг кейинги муддатсиз даврига тайинланадиган (сайланадиган) номзоднинг муносиблигини аниқлашда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раҳбарлик лавозимларига номзодни тайинлашда (сайлашда) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан зарур ахборотни сўраб олиши мумкин. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Кенгашнинг сўрови олинган кундан эътиборан бир ойлик муддатда тегишли хулосани тақдим этиши керак.

Кенгаш номзоднинг судьялик лавозимига муносиблигини ўрганаётганда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ва бошқа ташкилотларнинг номзоднинг ушбу ташкилотларда ишлаган даврда шахсий ва касбий сифатлари ҳақидаги фикрини сўраб олади. Кенгашнинг сўровига сўров келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай жавоб юборилиши керак.

Кенгаш раиси судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга оширишга аралашганлик ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига тақдимнома киритиши мумкин.

Прокуратура органларига киритилган тақдимнома бир ой муддатда кўриб чиқилади ва Кенгаш жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисида ёки уни қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабардор қилинади.

Судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, судья ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига бу ҳақда ушлаб туриш учун асос бўлган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда хабар қилиниши шарт.


4-БОБ. СУДЬЯЛАР КОРПУСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


19-модда. Судьялар корпусини шакллантириш чоғида

судьялик лавозимларига номзодлар ҳуқуқларининг тенглиги

Судьялар корпусини шакллантириш судьялик лавозимларига номзодларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқлари тенглиги асосида амалга оширилади.



21-модда. Биринчи марта тайинланадиган

судьяларни танлашнинг асосий мезонлари

Бенуқсон обрў-эътибор, ҳалоллик, лаёқатлилик, етарли ҳаётий тажрибага эгалик, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ёки жисмоний нуқсонларнинг мавжуд эмаслиги биринчи марта тайинланадиган судьяларни танлашнинг асосий мезонларидир.



22-модда. Судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа

судьялик лавозимларига танлашнинг асосий мезонлари

Судьяларнинг судьялик фаолияти даврида бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлиши, ҳалоллиги, холислиги, адолатлилиги ва лаёқатлилиги судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлашнинг асосий мезонларидир.

Кенгаш янги ваколат муддатига тайинланадиган судьялик лавозимига номзодни кўриб чиқишда ушбу номзод томонидан қабул қилинган суд қарорларининг барқарорлигини, одил судловни амалга ошириш ва қонунчилик нормаларини қўллаш борасида етарли тажрибага эга эканлигини, шунингдек жамоатчиликнинг унинг касбий фаолияти ҳақидаги фикрини инобатга олади.


23-модда. Судьялик лавозимига номзоднинг

тиббий текширувдан ўтказилиши

Судьялик лавозимига номзодда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар мавжуд эмаслигини тасдиқлаш учун у дастлабки тиббий текширувдан ўтказилади. Одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ва жисмоний нуқсонларнинг рўйхати Кенгашнинг ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланади. Одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар йўқлиги ҳақидаги ҳужжатнинг шакли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.



24-модда. Судьялик лавозимларига биринчи марта

тайинланадиган номзодларни танлаш тартиби

Бўш судьялик лавозимлари тўғрисидаги ахборот Кенгашнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга оширилади.

Судьяликка номзод бўш судьялик лавозимларини тўлдириш учун танловда иштирок этиш тўғрисида бевосита Кенгашга ариза бериш ҳуқуқига эга.

Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларни, янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига номзодларни танлашда Кенгаш томонидан белгиланадиган тартибда турли ўрганиш усулларидан - суҳбат ўтказишдан, мустақил экспертлар томонидан тест синовидан ўтказишдан, берилган муаммолар бўйича мавзуга оид рефератлар тайёрлашдан, билим даражасини аниқлаш учун электрон сўров дастуридан фойдаланилиши мумкин.

Судьялик лавозимига номуносиблиги туфайли рад этилган номзод бир йил ўтгач, бўш судьялик лавозимини тўлдириш учун эълон қилинган танловда иштирок этиши тўғрисидаги ариза билан Кенгашга такроран мурожаат қилиши мумкин.



24-1-модда. Судьянинг ваколатлари муддати тугаганидан

кейин уни судьялик лавозимига ва бошқа судьялик

лавозимига тайинлаш тартиби

Янги ваколат муддатига ўз номзодини кўрсатиш истагини билдирган судья ваколатлари муддати тугашига камида олти ой қолганда аризани ва зарур ҳужжатларни тегишли судьяларнинг малака ҳайъатига беради.

Бошқа судьялик лавозимига ўз номзодини кўрсатиш истагини билдирган судья, бунинг сабаблари ва асосларини кўрсатган ҳолда Кенгашга ариза беради.

Судьялар олий малака ҳайъати судьяни янги муддатга ёки бошқа судьялик лавозимига тайинлаш мумкинлиги ҳақида Кенгашга хулоса тақдим этади.

Кенгаш вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари, раис ўринбосарлари, туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари, туманлараро маъмурий судлар раислари, раис ўринбосарлари ва судьялари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раиси, раис ўринбосари ва судьялари, ҳудудий ҳарбий судларнинг раислари лавозимларига номзодлар бўйича жамоатчилик фикрини Кенгаш томонидан тасдиқланадиган тартибга кўра ўрганади.

Судьянинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин Кенгаш уч ой ичида номзоднинг судьялик лавозимига муносиблиги ёки номуносиблиги ҳақидаги масалани кўриб чиқиши керак.

Агар судья ўзи даъвогар бўлган лавозим талабларига жавоб бермаса, Кенгаш уни қуйи турувчи судьялик лавозимига кўриб чиқиш масаласини кун тартибига киритишга ҳақли.

Илгари судьялик лавозимида ишлаган шахсларни судьялик лавозимига кўрсатиш тўғрисидаги масала янги ваколатлар муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига тақдим этилган судьялар учун қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



25-модда. Судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш

Судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш судьяларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек судьяларни қонунчиликдаги охирги ўзгартишлар ҳамда замонавий ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан таништириш мақсадида амалга оширилади.

Кенгаш судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Адлия вазирлиги, Ўзбекистон судьялар ассоциацияси, илмий муассасалар, жамоатчилик вакиллари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Судьялар малакасини ошириш тадбирлари судьялар фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш натижаларига кўра, одил судловни амалга оширишда аниқланган тизимли камчиликлар ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилади.



5-БОБ. КЕНГАШ АЪЗОСИНИНГ

МУСТАҚИЛЛИГИ КАФОЛАТЛАРИ ВА МАҚОМИ.

МОДДИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ


26-модда. Кенгаш аъзосининг мустақиллигини таъминлаш

Кенгаш аъзосининг мустақиллиги қуйидагилар орқали таъминланади:

унинг қонунда белгиланган тартибда тайинланиши (тасдиқланиши);

унинг дахлсизлиги;

Кенгаш мажлислари маслаҳатлашувининг сир тутилиши;

унинг юксак мақомига мувофиқ унга давлат ҳисобидан моддий ва ижтимоий таъминот берилиши.



27-модда. Кенгаш аъзосининг ваколатлари муддати

Кенгаш аъзоси беш йил муддатга тайинланади (тасдиқланади).

Кенгашнинг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи аъзоси сурункасига икки муддатдан ортиқ тайинланиши (тасдиқланиши) мумкин эмас.



28-модда. Кенгаш аъзосининг дахлсизлиги

Судьялар орасидан тасдиқланган Кенгаш аъзосига нисбатан ушбу модданинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда, "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида судьялар учун назарда тутилган дахлсизлик кафолатлари татбиқ этилади.

Кенгаш аъзоси Кенгашнинг розилигисиз жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек қамоққа олиниши мумкин эмас.

Кенгаш аъзосига нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.



29-модда. Кенгашнинг ўз фаолиятини доимий асосда

амалга оширувчи аъзоси моддий ва ижтимоий таъминоти

Кенгашнинг ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи аъзосининг иш ҳақи лавозим маоши, малака даражаси (мансаб даражаси ва бошқалар), кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устамалар ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловлардан иборатдир.

Судьялар орасидан тасдиқланган Кенгаш аъзоларининг судьялик мақоми ва судьялар учун белгиланган барча имтиёзлари Кенгаш аъзоси лавозимида бўлиши даврида сақланиб қолади.



30-модда. Кенгаш аъзосининг ваколатларини

муддатидан илгари тугатиш

Кенгаш аъзосининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:

ваколатини зиммасидан соқит қилиш ҳақида ариза берганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

ўз фаолиятини амалга оширишига тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар пайдо бўлганда;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганда;

вафот этганда ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинганда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

ўзининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган хатти-ҳаракатлар содир этганда.



31-модда. Кенгаш аъзосининг ваколатлари тугаганидан

кейин уни иш билан таъминлаш кафолатлари

Кенгаш раиси, унинг ўринбосари ва котибининг ваколатлари тугаганидан кейин уларга лавозимга тайинланишига (тасдиқланишига) қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Судьялар орасидан тасдиқланган Кенгаш аъзолари ўз ваколатлари муддати тугаганидан кейин судьялик фаолиятини аввалги лавозимида ёки шунга тенг бўлган бошқа судьялик лавозимида давом эттиради.



32-модда. Кенгашнинг ижро этувчи девони

ходимларининг моддий ва ижтимоий таъминоти

Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимининг иш ҳақи лавозим маоши, мансаб даражалари, кўп йиллик хизмат муддати учун тўланадиган устамалар ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловлардан иборатдир.

Кенгаш раисининг қарорига биноан Кенгаш ижро этувчи девонининг ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ходимлари учун белгиланган тартибда мансаб даражалари берилади, мансаб даражалари учун қўшимча ҳақ, кўп йиллик хизмат муддати учун устамалар тўланади.

Кенгашнинг ижро этувчи девони ходимларига мансаб даражаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


33-модда. Ўзбекистон Республикаси

Судьялар олий кенгашининг Регламенти

Кенгаш ўз ишини ўзи тасдиқлайдиган Регламентга мувофиқ ташкил этади.



34-модда. Кенгаш фаолиятини моддий-техника

ва молиявий жиҳатдан таъминлаш

Кенгаш фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


35-модда. Кенгаш аъзосининг ва Кенгаш ижро

этувчи девони ходимининг гувоҳномаси

Кенгаш раисига ва унинг ўринбосарига гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Кенгашнинг бошқа аъзолари ва ижро этувчи девони ходимларига эса, Кенгаш раиси томонидан берилади.



36-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминласин.



37-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



38-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                         Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2017 йил 7 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 апрель, 14-сон, 214-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2017 йил, 4-сон, 135-модда