язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Коммунал хўжалик/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.04.2017 й. ПҚ-2899-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.04.2017 й.

N ПҚ-2899



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ИЧИМЛИК

СУВДАН ФОЙДАЛАНИШНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

ДАВЛАТ ИНСПЕКЦИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 18 апрелдаги ПФ-5018-сонли Фармонига мувофиқ ва ичимлик сувдан фойдаланишда самарали давлат назоратини таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг ташкилий тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг бошқарув ходимлари чекланган сони 17 нафардан иборат бўлган марказий аппарати тузилмаси 2-иловага* мувофиқ;

ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияларининг намунавий тузилмаси 3-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси тўғрисидаги низом 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда - "Давсувинспекция") бошлиғига, зарурат бўлганда, "Давсувинспекция" ва ҳудудий инспекциялар тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


2. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар - "Давсувинспекция" ва ҳудудий инспекциялар таъминоти бўйича харажатларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.


3. "Давсувинспекция" марказий аппарати Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Ниёзбек йўли кўчаси, 1-уйдаги маъмурий биносида бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда ҳудудий инспекцияларни бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бинолар ва хоналарга жойлаштирсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги "Давсувинспекция"ни ўрнатилган тартибда телефон алоқаси, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан таъминласин.


6. Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

сувдан фойдаланиш тартибини бузган шахсларнинг масъулиятини оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



*) 1-4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 24 апрель, 16-сон, 271-модда