язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Йўл хўжалиги. Йўл жамғармаси/ Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 15.04.2017 й. 221-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 15 апрелдаги

221-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Автомобиль

йўллари давлат қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқларини ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Қўмита автомобиль йўллари соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


3. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.


4. Қўмита ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


5. Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


6. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, думалоқ муҳрга ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ўазначилигида банк ҳисоб рақамларига ва ғазначилик ҳисоб рақамларига эга.


7. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий органлар деб аталади), Қўмитанинг ташкилий тузилмасига кирадиган таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда идоравий мансуб ташкилотлар деб аталади) юридик шахслар ҳисобланадилар, думалоқ муҳрга ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган бланкаларга эга.


8. Ҳудудий органлар ўз фаолиятини низомларга, идоравий мансуб ташкилотлар эса - Қўмита раиси томонидан тасдиқланадиган уставларга мувофиқ амалга оширади.


9. Қўмита марказий аппарати, унинг ҳудудий бош бошқармалари, туман йўллардан фойдаланиш корхоналари, йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналари ва кўприклардан фойдаланиш корхоналарининг, шунингдек, "Ўзйўлкўкаламзорлаштириш" унитар корхонаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг таъминоти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


2-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш;

автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш;

автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш;

замонавий транспорт оқими шароитларида автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини таъминлаш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг юқори транспорт-фойдаланиш даражасида бўлишини таъминлаш;

илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш;

автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш;

автомобиль йўлларига туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбирлари ўтказилишини ташкил этиш;

стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари, йўлларда ҳаракатланишни тартибга солишнинг бошқа техник воситалари ишлаб чиқарилишини ташкил этиш.

11. Юкланган вазифаларга мувофиқ Қўмита қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш соҳасида:

йўл хўжалиги соҳасидаги замонавий технологияларни ва етакчи хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш ва такомиллаштиришда иштирок этиш;

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш, шунингдек йўл-қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларни ишлаб чиқиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таъминлаш;

автомобиль йўллари қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлашда участкаларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида автотранспорт воситалари ҳаракатини вақтинча чеклаш ёки тўхтатишни жорий этиш бўйича таклифлар киритиш;

сафарбарлик тайёргарлигини, шунингдек идоравий мансуб ташкилотларнинг сафарбарлик тайёргарлиги бўйича улар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат кадастрини юритиш;

автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларининг ҳисобини юритиш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бундан мустасно;

б) автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларнинг техник ҳолатини ҳар йили кўздан кечириш, текшириш;

автомобиль йўлларининг техник ҳолатига қараб автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашнинг ҳар йилги дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини таъмирлашнинг ҳар йилги дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

в) автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг автомобиль йўллари рўйхатини шакллантириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

иқтисодиёт ва аҳолининг эҳтиёжларидан ҳамда давлатнинг стратегик вазифаларини ҳал этишдан келиб чиқиб республика автомобиль йўллари тармоғини илмий асосланган истиқболли режалаштириш, такомиллаштириш ва ривожлантириш;

мамлакат минтақаларини боғловчи ва кеча-кундуз, узлуксиз ва хавфсиз автомобиль транспорт алоқасини таъминлайдиган транспорт коммуникацияларини ривожлантириш;

республика автомобиль йўллари тармоғини такомиллаштириш ва ривожлантириш;

г) автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш соҳасида:

автомобиль йўллари масалалари бўйича халқаро йўл ва транспорт ташкилотлари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш ва уларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш, Ўзбекистон Республикасининг автомобиль йўллари ва транспорт соҳасида халқаро шартномаларда иштирок этишини таъминлаш;

автомобиль йўллари ва транспорт соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, халқаро йўл ва транспорт ташкилотлари, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари, шунингдек хорижий компаниялар билан самарали ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш борасида таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа давлатларнинг автомобиль йўллари ва транспорт бўйича ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

махсус рухсатнома берган ҳолда, шу жумладан халқаро ташишларни амалга ошираётган йирик ўлчамли ва оғир юк кўтарадиган автотранспорт воситаларининг автомобиль йўллари бўйича ҳаракати йўналишларини белгилаш;

халқаро транспорт йўналишларидан фойдаланишда халқаро ташкилотлар ва минтақавий интеграциявий тузилмалар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш;

д) замонавий транспорт оқими шароитларида автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини таъминлаш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш соҳасида:

автомобиль йўлларини, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари, шу жумладан автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш объектларининг иш ҳужжатларини ва автомобиль йўлларини жиҳозлаш бўйича танлов ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича буюртмачи функцияларини амалга ошириш;

идоравий мансуб ташкилотларнинг муассиси функциясини амалга ошириш, улар фаолияти мониторингини олиб бориш ва иқтисодий таҳлил қилиш, шунингдек идоравий мансуб ташкилотларда молия-хўжалик фаолиятини ва мол-мулкдан фойдаланилишини текшириш;

қулай ва хавфсиз ҳаракатни таъминлаш учун автомобиль йўлларидан фойдаланиш, автомобиль йўлларидан фойдаланишда йўл ҳаракати хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

йўл қурилишининг йирик лойиҳаларини молиялаштиришга халқаро молия институтларини жалб этиш;

фуқароларни қабул қилишни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш, улар бўйича қарорлар қабул қилиш ва ариза берувчиларга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда жавоблар юбориш;

е) автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш соҳасида сифат назоратини амалга ошириш;

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш устидан техник кузатиш;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда қўлланадиган йўл-қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларнинг сифати устидан назорат қилиш;

ж) илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш соҳасида:

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғини таъмирлаш ва сақлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишини мувофиқлаштириш;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш юзасидан шаҳарлар ва туманларнинг бош режаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

з) илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш соҳасида:

автомобиль йўллари соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва ўз ваколатлари доирасида қабул қилиш;

автомобиль йўллари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

Қўмита фаолиятига тегишлилик юзасидан тармоқларни ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурлар, шунингдек бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш;

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва олиб бориш;

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида замонавий технологияларни ва янги материалларни жорий этиш бўйича тажриба ишлари олиб бориш;

и) автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш соҳасида:

тармоқда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича базавий таълим дастурларини келишиш;

йўл қурилишини прогнозлаштириш, мувофиқлаштириш ва амалга оширишнинг замонавий усуллари талабларига мувофиқ автомобиль йўллари соҳасида малакали кадрлар тайёрланишини таъминлаш;

ўқувчиларнинг олинган назарий билимларини ишлаб чиқариш амалиётида мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасаларининг идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

автомобиль йўллари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашни, шу жумладан хорижий таълим муассасаларида тажриба орттиришини таъминлаш;

к) автомобиль йўлларига туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбирлари ўтказилишини ташкил этиш соҳасида:

автомобиль йўлларининг ҳудудий архитектура-бадиий тузилиши ва ландшафт дизайни қисмида замонавий ёндашувларни шакллантириш ва амалга ошириш борасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш йўли билан автомобиль йўлларига ажратилган полосалардаги йўл бўйи ҳудудларни тегишли ҳолатда сақлаш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш ва тизимли асосда амалга ошириш;

республиканинг ҳар бир минтақасидаги иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда автомобиль йўлларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш соҳасида илғор замонавий технологиялар ва халқаро стандартларни кенг кўламда қўллаш орқали илмий-тадқиқот ишларини оқилона ташкил этиш;

автомобиль йўллари ва уларнинг конструктив элементларини ноқулай об-ҳаво- иқлим омилларининг таъсирдан ҳимоя қилиш бўйича илғор халқаро тажрибани синчиклаб ўрганиш натижаларига кўра автомобиль йўлларига туташ ҳудудларни транспортнинг булғаши ва ташланмаларидан муҳофаза қилишнинг энг самарали ва амалиётда муваффақиятли синовдан ўтган замонавий усул ва технологияларини жорий этиш;

замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, идоравий мансуб олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари негизида автомобиль йўлларини лойиҳалаш, архитектура-бадиий жиҳатдан тузиш ва ландшафт дизайни бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш;

л) стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари, йўлларда ҳаракатланишни тартибга солишнинг бошқа техник воситалари ишлаб чиқарилишини ташкил этиш соҳасида:

автомобиль йўлларини йўлларда ҳаракатланишни тартибга солишнинг техник воситалари билан жиҳозлаш соҳасида ягона техник сиёсатни амалга ошириш;

стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари, йўлларда ҳаракатланишни тартибга солишнинг бошқа техник воситаларини ишлаб чиқариш;

йўлларни белгилаш учун мустаҳкам материаллар ишлаб чиқариш, автомобиль йўлларида узоқ муддат фойдаланишни таъминловчи йўл белгилари чизиш;

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

12. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ҳудудий органлар ва идоравий мансуб ташкилотлар орқали бажаради.



3-БОБ. ҚЎМИТАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


13. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Қўмита ваколатига тегишли масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан ва бошқа ташкилотлардан ҳужжатлар, статистик маълумотлар, ҳисоботлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотни сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларга автомобиль йўллари соҳасидаги қонун бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар юбориш;

ўз ваколатлари доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш, шунингдек бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган шунга ўхшаш тадбирларда иштирок этиш;

Қўмита, ҳудудий органлар ва идоравий мансуб ташкилотларнинг мутахассисларини белгиланган тартибда хорижий мамлакатларга юбориш;

автомобиль йўллари соҳасидаги етакчи хорижий мутахассисларни Қўмитанинг марказий аппаратида ва идоравий мансуб ташкилотларда шартнома асосида ишлаш учун белгиланган тартибда жалб этиш;

автомобиль йўлларини босқичма-босқич ривожлантириш тартиб-таомилларини амалга ошириш;

мувофиқлаштирувчи, илмий-техник, идоралараро эксперт комиссиялари ва кенгашлар ташкил этиш, автомобиль йўллари соҳасидаги муаммоли масалалар бўйича махсус йиғилишлар чақириш, шунингдек маслаҳатлашиш, ушбу муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш учун маҳаллий ва хорижий олимлар ҳамда мутахассислар ва экспертларни жалб этиш;

автомобиль йўлларидан фойдаланувчилардан автомобиль йўллари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини талаб этиш;

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошираётган ташкилотлардан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, шунингдек автомобиль йўллари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этишни талаб қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда белгиланган тартибда иштирок этиш, автомобиль йўллари соҳасида халқаро шартномалар тузиш;

автомобиль йўллари соҳасида хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг вакиллари билан белгиланган тартибда музокаралар олиб бориш;

Қўмитанинг ташкилий тузилмасига кирадиган ташкилотлар ўртасида товарларни сотиш, харид қилиш ва етказиб бериш ҳамда хизматлар кўрсатишни танловлар ва тендер савдолари ўтказмасдан амалга ошириш;

юридик шахс ҳуқуқлари билан автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш билан шуғулланувчи унитар корхона шаклида қўшимча мустақил корхоналар ва бошқа корхоналарни ташкил этиш, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Қўмита тузилмасидаги корхоналарни бирлаштириш ва тугатиш.


14. Қўмита ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий ҳисобланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли.

Қўмита, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.


15. Қўмита:

автомобиль йўлларининг соз ҳолатини, уларда транспорт воситаларининг узлуксиз ва хавфсиз юришини таъминлашга;

автомобиль йўллари сифатли ва ўз вақтида қурилиши, реконструкция қилиниши, таъмирланиши ва сақланишини таъминлашга;

автомобиль йўлларидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга белгиланган тартибда қоплашга;

Қўмитанинг идоравий мансуб ташкилотлари томонидан молиявий маблағлар, энергия ресурслари, ишлаб чиқариш қувватлари ва йўл-қурилиш техникасидан самарали фойдаланилишини ташкил этишга мажбурдир.


16. Қўмита ўзига юкланган вазифа ва функциялар самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ҚЎМИТА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


17. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис бошчилик қилади.


18. Раиснинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган беш нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

19. Раис:

Қўмита фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда Қўмитага юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Қўмита марказий аппаратининг штат жадвалини тасдиқлайди;

Қўмитанинг марказий аппарати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармалари таъминоти бўйича харажатлар сметасини тасдиқлайди;

марказий аппарат бўлинмаларининг тузилмаси ва низомларини, Қўмитанинг ҳудудий органлари низомларини ва идоравий мансуб ташкилотларининг уставларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

марказий аппарат тузилмасига, Қўмитанинг ҳудудий органлари ва идоравий мансуб ташкилотлари аппарати тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритади;

марказий аппарат ходимларини, Қўмитанинг ҳудудий органлари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Қўмита ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, раиснинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, Қўмита марказий аппаратининг бошқа мансабдор шахслари ваколатлари, вазифалари ва жавобгарлиги даражасини белгилайди;

марказий аппарат, Қўмитанинг ҳудудий органлари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар беради;

марказий аппарат, Қўмитанинг ҳудудий органлари ва идоравий мансуб ташкилотлари мол-мулкини қонун ҳужжатларига белгиланган тартибда тасарруф этади;

идоравий мансуб ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган қарорларни (кўрсатмаларни) бекор қилади;

алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни белгиланган тартибда давлат мукофотларига тақдим этади.

Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


20. Қўмитада раис (ҳайъат раиси), унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари (лавозим бўйича), шунингдек Қўмита марказий аппарати бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда Қўмита фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Қўмита раисининг тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат:

ушбу Низомда белгиланган Қўмита фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Қўмита номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрлар танлаш, уларни жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида, Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни таъминлаш учун ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

Ҳайъат Қўмита ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин;

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади;

Ҳайъат қарорлари Қўмитанинг қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва Ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.


21. Қўмита ва унинг ҳудудий органлари эксперт ва техник кенгашлар ва бошқа маслаҳат органлари ташкил этишга ҳақлидир, улар тўғрисидаги низомлар тегишли равишда Қўмита раиси ва ҳудудий орган раҳбари томонидан тасдиқланади.


22. Ҳудудий органлар, "Минтақавий йўллар бўйича буюртмачи хизмати" ДУК раҳбарлари, раиснинг маслаҳатчиси, бош бошқарма бошлиғи, Қўмита марказий аппарати бошқармалари бошлиқлари Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбари билан келишган ҳолда Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланадилар.

23. Рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбари томонидан тасдиқланадиган Қўмита ҳузуридаги республика ташкилотларининг биринчи раҳбарлари Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбари билан келишган ҳолда Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланадилар.

24. Асосий воситаларни ҳудудий органларга ва идоравий мансуб ташкилотларга бириктириш, шунингдек асосий воситаларни қўмитанинг ҳудудий органлари ва идоравий мансуб ташкилотлари ўртасида бир-бирига бериш Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбари билан келишган ҳолда Қўмита раисининг буйруғи билан амалга оширилади.

25. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари Қўмитанинг ҳудудий органлари юритишида бўлади, уларни тегишли фойдаланувчи ташкилотларга бириктириш Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбари билан келишган ҳолда Қўмита раисининг буйруқлари билан амалга оширилади.


5-БОБ. ҚЎМИТА ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ

ТЎЛАШ ВА УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


26. Марказий аппарат, Қўмитанинг ҳудудий органлари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларида назарда тутилган лавозим маоши, қўшимча ҳақ ва устамалар, мукофотлар ва рағбатлантирувчи тўловлардан иборат.

Ходимларни моддий рағбатлантириш, бир марталик мукофот, моддий рағбатлантириш, меҳнат натижалари билан боғлиқ бўлмаган ижтимоий ва компенсация тўловлари жамоа шартномасига мувофиқ амалга оширилади.


27. Қўмита марказий аппарати, унинг ҳудудий органлари, туман йўллардан фойдаланиш корхоналари, йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналари ва кўприклардан фойдаланиш корхоналари, шунингдек, "Ўзйўлкўкаламзорлаштириш" унитар корхонаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш касаба уюшмаси органи ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг бошқарув Кенгаши томонидан тасдиқланадиган Низомга мувофиқ амалга оширилади.

28. Бошқа идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 24 апрель, 16-сон, 278-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 4-сон, 48-модда