язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Умумий қоидалар/ Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини ташкил этиш ва уларнинг ягона реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 27.04.2017 й. 246-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 27 апрелдаги

246-сон қарорига

1-ИЛОВА



Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар

бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини

ташкил этиш ва уларнинг ягона реестрини юритиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ бозорнинг профессионал иштирокчилари фаолиятини ташкил этиш тартибини, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган талабларни, шунингдек уларнинг ягона реестрини юритиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


меҳнатни муҳофаза қилиш - меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ҳамда воситалари тизими;


меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари - меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида шартнома асосида хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар.


меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати - ташкилотнинг тузилмасидаги мустақил бўлим бўлиб, белгиланган тартибда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш ва ташкил қилиниши, уларнинг бажарилишини назорат қилади.


иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси - иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси меҳнат шароитларининг, иш ўринларидаги меҳнат жараёни оғирлиги ва тиғизлигининг ҳамда уларнинг жароҳатланиш жиҳатидан хавфлилигининг меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш, зарарли ишлаб чиқариш омилини ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш омилини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тадбирлар тизими;


меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасида малака ошириш - меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида билим ва кўникмаларни, касбий билимларни тизимли равишда янгилаб бориш ва чуқурлаштириш;


меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлаш - меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ишлаш учун зарурий ва етарли ҳажмда янги касбий билимлар ва кўникмаларни эгаллаш;


ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити (кейинги ўринларда меҳнатни муҳофаза қилиш аудити деб аталади):

ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг ишлаш сифатини, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга, унинг даражасини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш;

аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олиш.


ишлаб чиқариш омили - ходимга меҳнат жараёнида таъсир этувчи кимёвий, биологик, жисмоний ва ижтимоий омиллар йиғиндиси.


3. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини ташкил этиш тартиби ва уларнинг ягона реестрини юритиш ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

Назорат қилиш хамда манфаатлар ўртасида низолар келтириб чиқариши мумкин бўлган бошқа вазифаларни амалга оширувчи ташкилотларга, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар кўрсатишга йўл қўйилмайди.


4. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари:

ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизмат вазифасини амалга ошириши;

меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаши;

ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида аудит ўтказиши мумкин.



2-БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

СОҲАСИДАГИ ХИЗМАТЛАР БОЗОРИНИНГ

ПРОФЕССИОНАЛ ИШТИРОКЧИЛАРИГА МЕҲНАТНИ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДА ВА УЛАРНИНГ

КЎРСАТАДИГАН ХИЗМАТЛАРИГА ТАЛАБЛАР


5. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларига белгиланадиган талаблар қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматларни ташкил этиш бўйича ваколатга эгалигини тасдиқлаш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматларни ташкил этувчи ташкилотларнинг ваколатини, шу жумладан уларда мавжуд бўлган зарур моддий-техника базасини тасдиқлаш;

манфаатдор шахслар - меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматдан фойдаланувчилар олдида ташкилотлар жавобгарлигининг кафолатларини таъминлаш.


6. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиси меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўз фаолиятини амалга ошириши учун қуйидаги умумий талабларга жавоб бериши керак:

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида профессионал хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг бевосита хизмат кўрсатиш жараёнида иштирок этувчи ходимлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда бериладиган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида малакавий сертификатига эга бўлиши керак. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида профессионал хизмат кўрсатувчи ташкилот раҳбаридан сертификат талаб этилмайди;

ташкилот штатида меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассисининг малакавий сертификатига эга бўлган ходимлар сони уч кишидан кам бўлмаслиги керак;

ташкилот рўйхати Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) томонидан белгиланадиган ва унинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатлар базасига эга бўлиши керак.

7. Меҳнат шароитлари бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказиш бўйича хизмат кўрсатувчи меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг малакали иштирокчилари ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган умумий талабларга қўшимча равишда ўз эгалигида, хўжалик юритуви ёки оператив бошқарув ҳуқуқи ёхуд бошқа қонуний асосда қонунчиликда белгиланган тартибда аккредитацияланган ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёни омилларини ўлчашга мўлжалланган лабораторияга (кейинги ўринларда аккредитацияланган синов лабораторияси деб аталади) эга бўлишлари керак.

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида профессионал хизмат кўрсатувчиларнинг аккредитацияланган синов лабораторияси раҳбари фақат меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассисининг малакавий сертификатига эга шахс бўлиши мумкин.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассислари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш масалалари бўйича хизмат кўрсатувчи меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган умумий талабларга қўшимча равишда:

ташкилотда штат асосида ишловчи ўқитувчиларнинг умумий сонининг 30 фоиздан кам бўлмаган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассисининг малакавий сертификатига эга бўлган ўқитувчилар билан тўлдирилишини таъминлаши;

давлат таълим муассасалари учун - тегишли таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиши;

нодавлат таълим муассасалари учун - нодавлат таълим муассасаларининг тегишли фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлиши;

тегишли ваколатли орган томонидан тасдиқланган ўқув-тематик режалар ва ўқув дастурлари асосида ишлаб чиқилган таълим дастурлари бўйича таълим жараёнини амалга ошириши керак.


9. Иш жойларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш ва ташкилот-буюртмачига нисбатан меҳнат муҳофазасининг аудити бўйича хизмат кўрсатувчи меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари тармоқ, идоравий ва молиявий мустақилликка эга бўлиши керак.


10. Иш жойларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш ва меҳнат муҳофазасининг аудити меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг малакали иштирокчилари томонидан қуйидаги ҳолатларда амалга оширилиши мумкин эмас:

ваколатли шахслари буюртмачининг таъсисчилари (иштирокчилари) ёки раҳбарлари, шунингдек буюртмачининг таъсисчиси (иштирокчиси) ёки раҳбарлари билан қариндош бўлса;

ушбу ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифасини амалга ошириш бўйича хизмат кўрсатувчи бўлса;

буюртмачи билан умумий таъсисчига эга бўлса.

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида профессионал хизмат кўрсатувчи ташкилотга суғурта хизмати кўрсатувчи ташкилотда меҳнат шароитлари бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказишга, меҳнатни муҳофазаси қилиш бўйича аудит ўтказишга йўл қўйилмайди.



3-БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

СОҲАСИДАГИ ХИЗМАТЛАР БОЗОРИНИНГ

ПРОФЕССИОНАЛ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ

ЯГОНА РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


11. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг ягона реестрига (кейинги ўринларда Ягона реестр деб аталади) киритилган бўлиши керак.


12. Ягона реестр меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизмат кўрсатувчи юридик шахслар ҳақидаги маълумотларга эга бўлган ахборот банки ҳисобланади.


13. Ягона реестрни юритиш Ваколатли орган томонидан таъминланади.


14. Ягона реестрни юритиш қуйидагиларни назарда тутади:

Ахборотлар базасига мазкур Низомга 2-иловада назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ҳақидаги маълумотни ахборотлари базасига киритиб, ўз реестр рақамини бериш;

ташкилотлар ҳақидаги маълумотларни вақти-вақти билан янгилаш ёки уларни Ягона реестрдан чиқариш.


15. Ягона реестр электрон ва қоғоз манбаларда юритилади.


16. Ягона реестр ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар турлари бўйича шакллантирилади.


17. Ягона реестрдаги маълумотлар очиқ ва ҳамма учун тушунарли ва ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.


18. Мазкур Низомда назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларига қўйиладиган талабларга жавоб берувчи ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар кўрсатмоқчи бўлган ташкилот (кейинги ўринларда аризачи деб аталади) ваколатли органга мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шакл бўйича Ягона реестрга киритиш тўғрисида ариза тақдим этади.

Ариза ташкилот бланкасида тўлдирилади, ташкилот раҳбари томонидан имзоланади ва ташкилот муҳри билан (тадбиркорлик субъектларидан муҳр билан тасдиқлаш талаб қилинмайди) тасдиқланади.

19. Аризага қуйидагиларнинг нусхаси илова қилинади:

аризачининг давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳномаси;

аризачи ходимларининг малакавий сертификати;

лабораториянинг аккредитацияси бўйича ҳужжатлар (лаборатория мавжуд бўлганда);

меҳнат муҳофазаси ва меҳнат хавфсизлиги масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ва норматив ҳужжатларнинг ахборотлар базаси мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.

Ишончсиз ва нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун ташкилот раҳбари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


20. Меҳнат муҳофаза соҳасида малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича хизмат кўрсатмоқчи бўлган аризачилар Низомнинг 19-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари аризага қуйидагиларни илова қилади:

таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

таълим дастурларининг нусхаси;

таълим берувчи ташкилотнинг кадрлар таркиби ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан таълим берувчи ташкилотда штат асосида ишловчи ўқитувчиларнинг умумий сонидан 30 фоиздан кам бўлмаган ҳолда меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассиснинг малакавий сертификатига эга бўлган ўқитувчилар ҳақидаги маълумотлар;

таълим беришнинг техник воситалари ҳақидаги маълумотлар.


21. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида меҳнат шароитлари бўйича аттестация хизматлари кўрсатмоқчи бўлган аризачи Низомнинг 19-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари аризага аккредитацияланган аттестация лабораторияси ва унинг раҳбарлари ҳақидаги маълумотларни илова қилади.


22. Низомнинг 19 - 21-бандларида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари бошқа ҳужжатларни аризачидан талаб қилишга йўл қўйилмайди.


23. Ариза ушбу Низомда назарда тутилган ҳужжатлар нусхалари билан бирга ваколатли органга аризачи томонидан тақдим этилади ёки юборилаётган ҳужжатлар рўйхати билан почта орқали юборилади.

Ҳужжатлар шунингдек электрон шаклда юборилиши мумкин. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар аризачининг электрон рақамли имзоси билан имзоланади.


24. Ваколатли орган аризани қабул қилган кундан бошлаб 5 иш куни давомида келиб тушган ҳужжатларни кўриб чиқади.

Аризачи ушбу Низомда белгиланган талабларга жавоб берса меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларига ушбу Низомнинг 4-иловасидаги шакл бўйича Ягона реестрга киритиш ҳақидаги гувоҳнома берилиши таъминланади ва уларга реестр рақами берилади.


25. Аризачи ушбу Низомда назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларига талабларга номувофиқ бўлса ваколатли орган аризани қабул қилган кундан бошлаб 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатда Ягона реестрга аризачини киритиш имкони йўқлигини ҳамда аниқ қайси талабларга аризачи жавоб бермаслигини кўрсатган ва аризачи камчиликларни бартараф этган ҳолда ҳужжатларни қайта тақдим этиш муддатларини кўрсатиб ёзма равишда хабарнома юборади.


26. Аризачи рад этиш сабабларини бартараф этиши ва қайта кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддат Ягона реестрга киритилиши мумкин эмаслиги тўғрисида ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

Ҳужжатларни қайта кўриб чиқишда аризачига аввал ёзма шаклда келтирилмаган рад этиш сабаблари келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабабларни бартараф этишни тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари бундан мустасно.


27. Ягона реестрга киритиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги ёзма хабарномада кўрсатилган муддат ўтгач аризачи томонидан берилган ариза янги тақдим этилган, деб ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.


28. Ягона реестрга киритиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш ва гувоҳнома бериш учун тўлов ундирилмайди.


29. Ягона реестрга киритилган маълумотлар ўзгарган тақдирда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари 7 иш куни мобайнида ваколатли органга ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни илова қилган ҳолда хабар беришлари шарт.

Ҳужжатлар меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар тадбиркорлик субъектининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Ҳужжатни қайта расмийлаштириш ва гувоҳнома бериш тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ҳужжатни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза олинган кундан эътиборан ваколатли орган томонидан беш кундан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Ваколатли орган гувоҳнома берилган кундан эътиборан 3 иш куни мобайнида Ягона реестрга қўшимча ва ўзгартиришлар киритади.


30. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари қуйидаги ҳолатларда Ягона реестрдан чиқарилади:

улар томонидан ушбу Низомнинг 5-иловасига асосан Ягона реестрдан ихтиёрий равишда чиқариш тўғрисидаги ариза берилганда;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиси - ташкилот тугатилганда;

ушбу Низомда кўзда тутилган талабларни мунтазам бузиш ҳолатлари мониторинг қилиш чоғида аниқланганда.

Ташкилот Ягона реестрдан чиқарилганда ваколатли орган Ягона реестрга ёзувлар киритади ва ушбу маълумотни ўзининг расмий сайтига жойлаштиради.

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиси томонидан мониторинг чоғида аниқланган камчиликларни бартараф этишда у Ягона реестрга киритиш бўйича қайта ариза бериши мумкин.


31. Гувоҳнома яроқсиз ҳолга келганда ёки йўқолганда аризачининг аризасига биноан гувоҳноманинг дубликати берилади.


32. Ваколатли орган аризани, гувоҳнома яроқсиз ҳолга келганда эса - унинг асл нусхасини олган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда гувоҳноманинг дубликатини бериши шарт.


33. Гувоҳномани қайта расмийлаштириш бўйича аризани кўриб чиқиш ва дубликат бериш учун тўловлар амалга оширилмайди.



4-БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

СОҲАСИДАГИ ХИЗМАТЛАР БОЗОРИ

ПРОФЕССИОНАЛ ИШТИРОКЧИЛАРИ ТОМОНИДАН

ТАЛАБЛАРГА РИОЯ ЭТИЛИШИ МОНИТОРИНГИ


34. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг фаолияти ҳамда ушбу Низомда назарда тутилган талабларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг ваколатли орган томонидан амалга оширилади.


35. Мониторинг ўтказиш мақсади:

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари томонидан меҳнат хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси бўйича техник бошқариш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизмат сифатига таъсир этиши мумкин бўлган бузилишлар фактларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг (уларнинг мутахассисларининг) меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатига таъсир этувчи салбий хулқ-атворини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг мансабдор шахслари томонидан лавозим йўриқномалари ва бошқа ички ҳужжатларда назарда тутилган талаблар ва қоидаларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш;

Ягона реестрга киритилган, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш.


36. Мониторинг ўтказиш йўналишлари:

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар буюртмачиларининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширадиган хизматлари сифати юзасидан анкета сўровларини шакллантириш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг амалга оширилган ишлари тўғрисидаги маълумотлари ва ҳисоботларини танлов асосида жойларга бориб ўрганиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда янгилаб бориш;

Ушбу Низомда назарда тутилган талабларнинг бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда ваколатли орган томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиси номига аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш муддатлари тўғрисида кўрсатма юборилади.


37. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг хизмат кўрсатиш турлари бўйича мониторинг якунларига асосан рейтинги ваколатли орган томонидан ҳар йили расмий веб-сайтда чоп этилади. Рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш учун мустақил аудит ташкилотлари жалб этилиши мумкин.


38. Ваколатли орган меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари фаолиятини ва мазкур Низомда белгиланган талабларнинг бажарилишини мониторинг қилиш мақсадида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколати доирасида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларидан ўз ваколатлари бажарилишини таъминлаш мақсадида зарур маълумотларни талаб қилиш ва қабул қилиб олиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ва бошқа материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрганиш;

давлат экспертизасини ўтказишда танлов асосида ҳақиқатдаги меҳнат шароитларини меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари томонидан ўтказилган иш ўринлари аттестацияси натижалари билан солиштириб кўриш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Ваколатли орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



5-БОБ. ВАКОЛАТЛИ ОРГАН ВА МЕҲНАТНИ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ ХИЗМАТЛАР

БОЗОРИ ПРОФЕССИОНАЛ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


39. Ваколатли орган қуйидагиларга мажбур:

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари ходимларининг билим ва малакасини оширишга ёрдам берадиган профилактик ва тушунтириш ишларини, мастер-класслар, тренинглар ва бошқа тадбирларни ўтказишни ташкиллаштириш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларини меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга киритилган ўзгартиришлар ҳақида хабардор қилиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш.

Ваколатли орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга.


40. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари қуйидагиларга мажбур:

фаолиятини "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга ошириш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматларни бажаришда маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;

меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизмат кўрсатиш бўйича келишилган мажбуриятларни ўз вақтида ва сифатли бажариш;

иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказишда ҳамда меҳнатни муҳофаза қилишни аудитида манфаатсизликни таъминлаш;

кўрсатилган хизматлар натижалари бўйича ташкилотларга ишончли маълумотларни тақдим этиш.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


41. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчилари фаолияти юзасидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


42. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар

бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини

ташкил этиш ва уларнинг ягона реестрини юритиш

СХЕМАСИ


Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари


1-босқич


Аризачи


Қуйидаги ҳужжатларни тақдим этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигига мурожаат қилиш:

1. Аризачининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

2. Аризачи ишчилари малака сертификатининг нусхаси;

3. Лаборатория аккредацияланганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (лаборатория мавжуд бўлганда);

4. Меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича ёрдамчи маълумотлар базаси мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.


Аризачи хоҳишига кўра










2-босқич


Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги


Тақдим этилган маълумотларни кўриб чиқиш натижасига кўра:

1) Аризачи Низомда белгиланган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда - Ягона реестрга маълумотлар киритади;

2) Аризачи Низомда белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда - аризачига Ягона реестрга киритиш имкони йўқлиги тўғрисида хабарнома юборади.


Ариза қабул қилинган кундан бошлаб 5 кун мобайнида











3-босқич


Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги


Аризачига меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ягона реестрига киритилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани юборади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини мониторинг қилади.


Ариза қабул қилинган кундан бошлаб 5 кун мобайнида


доимий











4-босқич


Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиси


"Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига асосан меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизмат кўрсатади (Ягона реестрга киритилганлиги тўғрисида олинган Гувоҳномага мувофиқ)


Аризалар тушишига кўра





  






Низомга

2-ИЛОВА



Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар

бозорининг профессионал иштирокчилари

ягона реестрига киритиладиган

МАЪЛУМОТЛАР


1. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчисининг тўлиқ ва қисқартирилган номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли.


2. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчисининг почта манзили (жойлашган жойи).


3. Солиқ тўловчининг Идентификация рақами.


4. Аризачининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича малакали мутахассис сертификатига эга бўлган ходимлари ҳақида маълумот.


5. Аккредитация қилинган лаборатория ҳақида маълумот (лаборатория бўлганда).


6. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизмат(лар) тур(лар)и.


7. Берилган реестр рақами.






Низомга

3-ИЛОВА



Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар

бозорининг профессионал иштирокчилари

ягона реестрига киритиш учун

АРИЗА



20___ йил ___ ________________

  

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида



(меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар турларини кўрсатинг)

                         

турлари бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилотчи сифатида


           

                 

(ташкилотнинг тўлиқ номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли)

             

ни меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ягона реестрига киритишингизни сўрайман.


Ташкилотнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларига белгиланган талабларга мувофиқ эканлигини тасдиқлаймиз.


Ташкилотнинг почта манзили (жойлашган ўрни):

        

            

(почта индекси ва манзили тўлиқ кўрсатилади)

             

Солиқ тўловчининг Идентификация рақами:

               

               

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

           

1.

               

              

2.

               

          

3.

               

                    

      

Раҳбар

          

       

    

(Ф.И.О., имзо)

           

М.Ў. (тадбиркорлик субъектларидан муҳр билан тасдиқлаш талаб қилинмайди)


"____" __________ 20___ й.






Низомга

4-ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ВАЗИРЛИГИ


Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар

бозорининг профессионал иштирокчилари

ягона реестрига киритилганлиги тўғрисида

ГУВОҲНОМА



Серияси ______ N _________________

        

Берилди

          

      

(аризачининг тўлиқ номи)

      

                      

(аризачининг жойлашган жойи (почта адреси))

                

шу ҳақдаки, унинг 20___ йил "____" _____________ N _______ -сон аризасига биноан

ташкилот

      

         

(меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматлар турлари кўрсатилади)

 

турлари бўйича Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ягона реестрига киритилди.

    

Ташкилотга ______________ реестр рақами берилди.

             

Берилган вақти 20___ йил"___" ______________

           

Вазирнинг биринчи ўринбосари

     


М.Ў.

            

             

(имзо)


        

(Ф.И.О.)

      





Низомга

5-ИЛОВА



АРИЗА



Қуйидаги сабабларга кўра


            

рақами билан Ягона реестрга киритилган

(Ягона реестрдан чиқаришни асослайдиган ҳолатлар ҳужжат билан тасдиқланиши лозим)

             

       

,

(аризачининг - ташкилотнинг тўлиқ номи), (жойлашган жойи (почта манзили)


        

ни меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари ягона реестридан чиқаришингизни сўрайман.

               

               

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

      

1.

                

      

2.

                

    

3.

                

        



Раҳбар

           

   

      

(Ф.И.О., имзо)

         

М.Ў. (тадбиркорлик субъектларидан муҳр билан тасдиқлаш талаб қилинмайди)


20___ йил "____" ____________

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 1 май, 17-сон, 305-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 4-сон, 55-модда