ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига Шарҳ

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

"2017-2021 йилларда ер ости сувлари

захираларидан оқилона фойдаланишни назорат

қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш

чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига

ШАРҲ



Узоқ муддатли истиқболда ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизациялашга доир комплекс чора-тадбирлар ва мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши асосида аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирга қадар республикамизнинг аксарият минтақаларида аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг 20 апрелида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим аҳамиятга эгадир.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бугунги кунда юртимиздаги 69 та шаҳар, 335 та посёлка ва 2902 та қишлоқ аҳоли пункти аҳолисининг эҳтиёжлари ер ости сувлари захиралари ҳисобига қондирилмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, кейинги ўн йилликларда саноат ва қишлоқ хўжалигининг жадал суръатда ривожланиши чучук ер ости сувлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатди. Бу эса ўз навбатида сув захиралари ҳажмининг сезиларли даражада қисқариши ҳамда сув олиш иншоотларининг рухсатсиз қурилишига, сувни назоратсиз олиш оқибатида эса айрим манбаларда сув захираларининг кескин камайиши ва тугашига олиб келди.

Республикамизнинг айрим ҳудудларида ер юзасидаги сувларни чиқариб ташлаш ва дренаж тизимларининг қониқарсиз ҳолати, ер ости сувлари сатҳининг интенсив кўтарилиши, шунингдек, режали тарзда гидрогеологик мониторинг олиб борилмагани оқибатида айрим шаҳарлар ва аҳоли пунктларида ер ости сувлари сатҳининг ер юзасига яқинлашиши кузатилмоқда.

Шу билан бирга, ер ости сувлари мониторингининг амалдаги тизими сув манбаларининг ифлосланишига, ер ости сувлари захираларининг камайишига ва баъзи аҳоли пунктларида ер ости сувлари сатҳининг кўтарилишига олиб келувчи салбий омилларни ўз вақтида ва тўлақонли баҳолаш имконини бермаяпти.

Бу ҳақда сўз борганда, ичимлик суви тақчил бўлган айрим ҳудудларда сувни чучуклаштириш бўйича замонавий қурилмалар етарли даражада жорий этилмаганини, сувни чучуклаштириш учун керак бўладиган ускуна ва қурилмаларни ишлаб чиқариш борасида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини ҳам таъкидлашга тўғри келади.

Муҳим жиҳати шундаки, шу йилнинг февраль-март ойларида 10 мингдан ортиқ сув қудуғи бўйича ўтказилган хатлов натижалари айтиб ўтилган салбий омилларнинг ер ости сувлари ҳолатига таъсири давом этаётганидан далолат беради. Хатлов натижалари:

60 фоиздан ортиқ қудуқлардан ер ости сувлари назоратсиз олинаётгани ҳамда уларнинг ифлосланиши ва захираларининг камайиши давом этаётганини;

59 фоиз ер ости сувлари тасдиқланмаган захиралардан олинаётганини;

яқин ўн йиллар мобайнида чучук ер ости сувлари мавжуд ресурсларининг ярмидан кўпини тиклаб бўлмас тарзда йўқотишнинг реал хавфи мавжудлигини яққол кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарори юқорида кўрсатиб ўтилган муаммоларни зудлик билан ҳал этиш заруратидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинди. У айни пайтда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш ва шу асосда мамлакатимиз аҳолисини сув билан таъминлаш сифатини яхшилашга ҳамда айрим шаҳарлар ва туманлар марказларида ер ости сувлари сатҳлари кўтарилишининг олдини олишга йўналтирилган.

Авваламбор, ушбу қарор билан 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилади:

белгиланган тартибда рухсат олинмасдан, бироқ техник талабларга риоя этилган ҳолда қазилган қудуқлардан фойдаланиш тегишли сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан келгусида белгиланган тартибда фойдаланиш учун расмийлаштирилиши лозим;

белгиланган тартибда рухсат олинмасдан ва техник талабларга риоя этилмасдан қазилган қудуқлар тегишли сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларини муқобил сув манбаларига улашни ҳисобга олган ҳолда белгиланган тартибда тугатилади;

юридик ва жисмоний шахсларга сув олиш учун қудуқ қазишга белгиланган тартибда гидрогеологик хулоса бериш фақат Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг гидрогеология корхоналари томонидан амалга оширилади;

сув олиш учун қудуқ қазишга рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат экологик экспертизаси хулосаси мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилади.

Ушбу ҳужжатда ер ости сувларини ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш юзасидан назорат ва ҳисоб-китобнинг таъминланиши учун ваколатли давлат органларининг ҳамда сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, олинаётган сув ҳажмини тўлақонли тарзда ҳисобга олиш, шунингдек, уларнинг ифлосланиши ва камайишига йўл қўймаслик бўйича вазифалари белгиланган.

Мазкур қарор билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари дастури соҳада муҳим ўрин тутади.

Дастур:

ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва уларни ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари комплексини;

чучук ер ости сувларининг тасдиқланган захираларини кўпайтиришнинг мақсадли параметрларини;

ер ости сувлари мониторинги бўйича кузатиш пунктлари тармоғини кенгайтириш параметрларини;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси гидрогеология корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудий гидрогеология станцияларининг ишлаб чиқариш базаларини қуриш ва жиҳозлаш чора-тадбирларини;

шаҳарлар ва туманлар марказларида дренаж ва кузатув қудуқларини ҳамда коллекторларни қуриш ва уларни мукаммал таъмирлаш параметрларини ўз ичига олади.

Дастурни молиялаштириш учун Давлат бюджети, халқаро молиявий институтлар ва маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан 396 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, мамлакатимизда чучуклаштириш қурилмаларини саноат усулида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва тегишли аҳоли пунктларини жиҳозлаш учун 2017 йилнинг охиригача Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида тажриба-синов ишларини ўтказиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги корхоналарини мутахассис кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ирригация ва мелиорация институтида "Мелиоратив гидрогеология" таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашни ташкил этиш кўзда тутилган.

Ушбу қарорнинг бажарилиши:

биринчидан, ер ости сувларидан фойдаланишни назорат қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни ҳисобга олишнинг самарали механизмини жорий этиш;

иккинчидан, ер ости чучук сувлари захираларини кўпайтириш бўйича гидрогеологик ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда қўшимча равишда 7 та шаҳар, 21 та посёлка ва 426 та қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминотини кафолатлаш;

учинчидан, ер ости сувларини кузатиш тармоғини яна 1155 та қудуққа кўпайтириш ва уларда 500 та замонавий автоматлаштирилган тизимлар ўрнатиш ҳисобига ер ости сувларининг ҳолати устидан самарали мониторинг олиб борилишини ташкил этиш;

тўртинчидан, дренаж қудуқлар сонини 715 тага, кузатиш дренаж қудуқлари сонини 1369 тага, коллекторлар узунлигини 280 километрга кўпайтириш ҳисобига 132 та шаҳарлар ва туманлар марказларида ер ости сувлари сатҳи кўтарилишининг олдини олиш ҳисобига мамлакатимизнинг кўплаб шаҳар ва қишлоқларида аҳоли яшаш шароитларини сифат жиҳатдан яхшилаш имконини беради.



"Халқ сўзи", 2017 йил 6 май

































Время: 0.2028
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск