язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя ҳилиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.05.2017 й. ПФ-5037-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

05.05.2017 й.

N ПФ-5037



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

ҲУЗУРИДАГИ ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ВАКИЛИ ИНСТИТУТИНИ

ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА*


Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти (кейинги ўринларда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил деб юритилади) таъсис этилсин.


2. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;

давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш;

тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш;

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишига таъсири самарадорлигини баҳолаш;

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдордир;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Президентига тизимли равишда давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил мақоми, меҳнат ҳақи, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ўринбосари эса - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудирига тенглаштирилади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фаолияти юридик шахс ҳисобланган Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан таъминланади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар, уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ходимлари учун белгиланган тиббий хизмат кўрсатиш, моддий рағбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шарт-шароитлари татбиқ этилади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимлари учун олдинги иш жойида берилган кўп йиллик хизматлари учун қўшимча ҳақ ва устамалар, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака даражалари, дипломатик даража ва бошқалар) сақланиб қолади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонидаги иш вақти навбатдаги ҳарбий ва махсус унвон бериш учун иш стажига киритилади ҳамда улар бўйича, шу жумладан кўп йиллик хизматлар учун устамалар ҳисобланади ҳамда тўланади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонида иш фаолияти даврида ҳарбий ва махсус унвонлар бериш олдинги иш жойи бўйича назарда тутилган тартибда тегишли ҳарбий ва махсус унвонлар бериш учун зарур бўлган муддатлар ўтгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий тузилмаси раҳбарининг ёки Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тавсияномаси асосида амалга оширилади.

3-1. Адлия органлари ва муассасаларининг мартаба даражаларига эга бўлган Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон қарорининг 12-банди иккинчи - тўртинчи хатбошиларининг амал қилиши, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонида амалда бўлган барча тўловлар сақланган ҳолда, татбиқ этилсин.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган тадбирлар ижроси билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

5. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга:

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилишга доир қонун ҳужжатлари давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари томонидан сўзсиз ижро этилишини ўрганиш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар амалга оширилиши қонунийлигининг мониторингини олиб бориш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолатларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклифлар киритиш;

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилиши мумкин эмаслиги тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда ижро этилиши мажбурий бўлган аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиш;

тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволар билан мурожаат қилиш;

давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ҳамда бошқа ахборот сўраш ва олиш;

давлат органларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишларида иштирок этиш;

зарур бўлган ҳолатларда ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб қилиш, ишчи гуруҳлар ташкил этиш ҳуқуқи берилсин;

тадбиркорлик субъектларига нисбатан қабул қилинган қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар бундан мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат органларининг тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларига зид бўлган ҳужжатларини тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритиш.

Белгилансинки, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимлари ўз ваколати доирасида маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ҳуқуқига эгадирлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш учун икки ой муддатда "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур ташкилий, молиявий ва моддий-техник масалалар ҳал этилишини;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девонини жойлаштириш учун қулай бино (хоналар) ажратилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг девонини зарур алоқа воситалари ва турлари, шу жумладан, ҳукумат алоқа воситалари билан жиҳозланишини, шунингдек, кенг полосали интернет тармоғига уланишини таъминласин.

10. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б. Муродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев


"Халқ сўзи", 2017 йил 6 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 15 май, 19-сон, 333-модда