язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.04.2014 й. ПҚ-2898-сон "Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори [Кўчирма]

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.04.2017 й.

N ПҚ-2898



ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИНИНГ

ЖИНОЯТЛАРНИ ТЕРГОВ ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ

ФАОЛИЯТИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек қонунийликни таъминлаш, жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини сўзсиз амалга оширишнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида:


1. Жиноятларни тергов қилиш самарадорлигини оширишнинг қуйидаги асосий йўналишларини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг энг муҳим вазифаси деб ҳисоблансин:

биринчидан, жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ва айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслигини кафолатловчи жиноят-процессуал нормасини қатъий таъминлаш;

иккинчидан, жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилиш, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширишда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлигига, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига сўзсиз риоя қилиш;

учинчидан, суриштирувчи ва терговчиларнинг чинакам процессуал мустақиллигини таъминлаш, уларга нисбатан ноқонуний таъсир кўрсатиш ҳамда фаолиятига асоссиз аралашишга йўл қўймаслик;

тўртинчидан, суриштирувчи ва терговчиларга юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, уларнинг моддий ва ижтимоий таъминоти масалаларини ҳал этиш;

бешинчидан, ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика бўлинмалари фаолиятига илғор криминалистик ва илмий-техник воситаларни, шунингдек ишлашнинг замонавий шакл ва услубларини кенг жорий этиш.


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти (кейинги ўринларда - Тергов департаменти) бевосита Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига ҳисобот берадиган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг мустақил бўлинмаси ҳисобланади;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари тизимига Тергов департаменти, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари), шунингдек транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимлари ҳузуридаги тергов бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари) киради;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармаларига тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқ ўринбосарлари бошчилик қилади;

туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) ҳузуридаги жами штатлар сони 10 тадан кам бўлмаган тергов бўлимларига - туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқ ўринбосарлари бошчилик қилади;

тергов бўлинмалари суриштирув ва дастлабки терговни ташкил этиш ва амалга ошириш масалаларида юқори турувчи тергов бўлинмаларига ва Тергов департаментига, ички ишлар органларида хизматни ўташ масалаларида эса - тегишинча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари), шунингдек транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимлари бошлиқларига бўйсунадилар ва ҳисобот берадилар;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари фаолиятига аралашиш, шунингдек уларнинг ходимлари томонидан ўз ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш мақсадида ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш ҳамда уларнинг бажарилиши шарт бўлган қарорларини бажармаслик қонунда ўрнатилган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади;

Тергов департаменти, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармаларининг терговчилари лавозимига тайинлаш терговчи сифатида уч йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлган тақдирда амалга оширилади;

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари суриштирувчилари, терговчилари ва бошлиқларига нисбатан жиноят ишлари Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Тошкент шаҳар, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан, Тергов департаментининг терговчилари, бўлинма бошлиқлари ва бошлиғига нисбатан эса - Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан қўзғатилади.


3. Қуйидагилар ташкил этилсин:

Тергов департаментининг тузилмасида суриштирув ишларини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўлими, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлимининг, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармаларининг тузилмаларида суриштирув ишларини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари);

туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) ҳузуридаги тергов бўлимлари (бўлинмалари)нинг, транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимларининг тузилмаларида суриштирув бўлинмалари (гуруҳлари).

Белгилансинки, суриштирув ишларини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўлимлари (бўлинмалари, гуруҳлари) ва суриштирув бўлинмалари (гуруҳлари) олий юридик маълумотга эга бўлган ходимлар билан жамланади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2017 йил якунлари бўйича суриштирув бўлинмалари (гуруҳлари) иш ҳажмининг таҳлили асосида уларнинг штат бирлигини мақбуллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритсин.


4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 1 январга қадар:

ички ишлар органларида сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек тергов ҳаракатларини аудио- ва видео- қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хоналар ташкил этилишини;

Тергов департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўртасида видеоконференцалоқа тизими жорий этилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда:

ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари ходимларига қўшимча устамалар тўланадиган махсус малака даражасини бериш тартиби тўғрисидаги низомни;

оғир ва ўта оғир жиноятларни намунали фош этганлик ва тергов қилганлик учун пул мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ташкилотларга пуллик асосда эксперт-криминалистика фаолияти соҳасида экспертлик, илмий-тадқиқот ва ахборот хизматларини кўрсатиш, кўрсатилган хизматлар учун келиб тушадиган маблағларни ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантиришга мақсадли йўналтирилган ҳолда рухсат этилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

икки ой муддатда Ўзбекистон Республика Бош прокуратураси билан биргаликда Тергов департаменти, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармаларига биринчи навбатда фош этилмаган оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича жиноят ишларини тергов қилиш юклатилишини назарда тутган ҳолда ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари ўртасида жиноят ишларини тақсимлаш мезонларини тасдиқласин;

икки ой муддатда ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари фаолиятини мониторинг қилиш тартибини, бунда уларни рағбатлантириш, юқори лавозимларга кўрсатиш, бошқа тергов бўлинмаларига ўтказишда фойдаланиладиган улар ишини баҳоловчи аниқ мезонларини назарда тутган ҳолда жорий этсин.

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

уч ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарор талабларига мувофиқлаштирсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б. Муродов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 1 май, 17-сон, 290-модда