ЎзР Конунчилиги
ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Алоҳида объектлар қурилиши ва реконструкцияси/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.05.2017 й. ПҚ-2964-сон "Тошкент шаҳрида кўп тармоқли муз комплексини қуришни ташкил этиш тўғрисида"ги ҚарориПолный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
11.05.2017 й.
N ПҚ-2964
ТОШКЕНТ ШАҲРИДА КЎП ТАРМОҚЛИ
МУЗ КОМПЛЕКСИНИ ҚУРИШНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
Халқаро талаб ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда, спортнинг олимпия турларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, шунингдек, жисмонан ва маънан ривожланган ўсиб келаётган авлодни шакллантиришнинг муҳим шарти сифатида, болаларнинг сифатли дам олишини таъминлаш ва болалар оммавий спортини ривожлантириш, уларга соғлом турмуш тарзи ва спортга муҳаббат ҳиссини сингдириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида қишки спорт турларини фаол тарғиб қилиш ва оммалаштириш мақсадида:
1. "Ўзбекнефтгаз" МХК, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2017-2019 йилларда Тошкент шаҳар Чилонзор туманининг Олмазор ва Бешёғоч кўчалари кесишувида жойлашган, халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган "Нumo Arena" кўп тармоқли муз комплексини қуриш бўйича лойиҳани (кейинги ўринларда - лойиҳа) амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Қатор ташкилотлар, жумладан, хорижий ташкилотларнинг Тошкент шаҳридаги "Нumo Arena" кўп тармоқли муз комплекси қурилишини ташкил қилишда иштирок этиш ҳақидаги ташаббуслари маъқуллансин.
3. Лойиҳани амалга ошириш доирасида:
"Wind Rose" МЧЖ (Ўзбекистон) - буюртмачи;
"Enter Engineering Pte.Ltd" компанияси (Сингапур) - бош пудрат ташкилоти;
"Нeerim Architects & Planners Co., Ltd" компанияси (Жанубий Корея) - бош лойиҳа ташкилоти;
буюртмачининг ўз маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалари - молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
4. Лойиҳани амалга ошириш доирасида, истисно тариқасида:
лойиҳа-смета ҳужжатларини бир босқичли тартибда (ишчи лойиҳа) ишлаб чиқиш;
лойиҳалаштириш билан бир вақтда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат этилсин.
5. Тошкент шаҳрида кўп тармоқли муз комплексини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича иловага мувофиқ таркибдаги Ишчи гуруҳи ташкил этилсин, унинг зиммасига лойиҳани амалга ошириш ва уни 2019 йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топшириш билан боғлиқ комплекс масалаларни ўз вақтида, тезкор ҳал этиш борасида вазирлик ҳамда идораларнинг иши ва ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш вазифаси юклансин.
6. Лойиҳани амалга ошириш доирасида:
буюртмачи - ҳомийлардан "Нumo Arena" кўп тармоқли муз комплексини қуриш учун олинган даромад солиғи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари - бош пудрат ташкилоти ва бош лойиҳа ташкилоти томонидан бажарилган ишлар (хизматлар) бўйича қўшимча қиймат солиғидан;
буюртмачи, бош пудрат ташкилоти ва субпудрат ташкилотлари истисно тариқасида, рўйхатларни тасдиқламасдан, товарларнинг илова ҳужжатларига мувофиқ, жумладан, "вақтинчалик олиб кириш" божхона режимида олиб келинадиган махсус техника, ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, материал ва механизмлар учун 2020 йил 1 январгача божхона тўловларидан;
Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган субпудратчилар ва етказиб берувчилар томонидан буюртмачи, бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилотларига сотиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) қўшимча қиймат солиғидан;
бош пудрат ва бош лойиҳа ташкилоти лойиҳани амалга ошириш доирасида доимий муассаса сифатида ва тўлов манбалари орқали олинадиган даромад солиғи (шу жумладан соф даромад солиғидан), шунингдек, лойиҳани амалга ошириш доирасида фойдаланиладиган мулк солиғидан озод этилсин;
буюртмачининг хорижий ходимлари, бош лойиҳа, бош пудратчи ва уларнинг субпудратчи ташкилотлари лойиҳани амалга ошириш доирасида жисмоний шахсларнинг даромад қисмидаги даромад солиғидан озод қилинсин.
7. Белгилансинки, лойиҳани амалга ошириш доирасида:
лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган жисмоний шахсларга бериладиган бепул овқат қиймати ижтимоий солиқ ва жисмоний шахслар даромад солиғини ҳисоблашда солиқ солинадиган объектга киритилмайди;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий муассасалар орқали фаолият юритадиган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари учун жисмоний шахслар даромад солиғини ҳисоблашда лойиҳани амалга ошириш доирасида тақдим этиладиган хайрия маблағлари миқдори ҳисоблаб чиқариладиган сарф-харажатларга киради.
8. "Нumo Arena" кўп тармоқли муз комплексини қуриш лойиҳасини амалга ошириш доирасида:
лойиҳани амалга оширишга жалб этилган хорижий фуқароларнинг яшаши (жойлашиши) учун кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни Ўзбекистон Республикаси валютасида тўлашга рухсат этилсин.
9. Буюртмачи хорижий ва Ўзбекистон Республикаси валютасида пул шаклидаги хайрия маблағларини, шунингдек, товарлар, ишлар ва хизматларни олиш ҳуқуқига эга эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.
10. Лойиҳани амалга ошириш даврида "Нumo Arena" кўп тармоқли муз комплекси қуриладиган ҳудудда лойиҳа доирасида вақтинчалик юкларни расмийлаштириш божхона омборидан фойдаланишни ташкил этишга истисно тариқасида рухсат этилсин.
11. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда "Нumo Arena" кўп тармоқли муз комплексини қуриш даврида, шунингдек, ундан кейинчалик фойдаланиш учун мавжуд муҳандислик тармоқларига (электр таъминоти, табиий газ, марказий иситиш тизими, иссиқ ва совуқ сув, марказлаштирилган канализация тизими) уланиш ва улардан тўлиқ ёки қисман фойдаланиш, шу жумладан, инфратузилма объектларига хизмат кўрсатиш учун табиий газдан фойдаланишни таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги буюртмачининг талабномаларига кўра, мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги буюртмачининг талабномаларига кўра, ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан, кўп марталик кириш визалари берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги буюртмачининг талабномаларига кўра, мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган юқори малакали хорижий мутахассисларни (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида бундай мутахассислар бўлмаган тақдирда) Ўзбекистон Республикасига жалб этишга рухсатномалар беришни (муддатини узайтиришни), шунингдек, уларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказсин ва объектни қуришда қурилиш-монтаж ишлари бажарилишининг сифати устидан тегишли архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2017 йил 29 май, 21-сон, 383-модда