язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Саноат/ Саноат зоналари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.05.2017 й. ПҚ-2973-сон "Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.05.2017 й.

N ПҚ-2973



ТОШКЕНТ ШАҲРИДА КИЧИК САНОАТ

ЗОНАЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган изчил чора-тадбирлар доирасида Тошкент шаҳрида Юнусобод, Сергели ва Яккасарой туманларидаги фойдаланилмаётган корхоналар негизида кичик саноат зоналари барпо этилгани ва муваффақиятли фаолият юритаётгани, уларнинг ҳудудида тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат, электротехника маҳсулотлари, мебель, замонавий қурилиш материаллари ҳамда ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 513 та кичик корхоналар фаолият юритаётгани қайд этилсин.

2016 йилнинг ўзида ушбу корхоналар томонидан 1,1 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, 140 млн АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги товарлар экспорт қилинди, 11 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Янги рақобатдош ишлаб чиқаришлар ва кичик корхоналар ривожланишини янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг муҳандислик коммуникациялари ва зарур инфратузилма билан таъминланган алоҳида ҳудудларда тўпланишини таъминлаш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, илмий-техника ва инновацион салоҳиятни мустаҳкамлаш, шу асосда ишлаб чиқариш соҳасида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини ошириш мақсадида:


1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳрида 1-иловада келтирилган ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари негизида кичик саноат зоналарини (кейинги ўринларда - КСЗ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


2. Белгилансинки, КСЗ ҳудудидаги ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли 10 йиллик ижарага, кейинчалик ижара муддатини яна 10 йилга узайтириш имконияти билан (лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги келишувларни бажариш ҳамда барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш шарти билан) ижара тўловининг қуйидаги имтиёзли ставкалари асосида берилади:

ишлаб чиқариш майдонлари учун - ижарага олинган майдонда амалга оширилаётган фаолият туридан келиб чиқиб, ортиб борадиган коэффициентни қўлламасдан, давлат кўчмас мулкидан фойдаланиш учун ижара тўловининг энг кам ставкаси миқдорида;

ер участкалари учун - қўшимча коэффициентларни қўлламасдан, Тошкент шаҳридаги ер участкаларидан фойдаланганлик учун юридик шахсларга солинадиган ер солиғининг энг кам ставкаси миқдорида.


3. Белгилаб қўйилсинки:

КСЗ иштирокчиларига давлат хизматлари КСЗ ҳудудларида ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилади;

КСЗ иштирокчиларига улар маҳсулотларини экспорт қилишда кўмаклашиш мақсадида КСЗ ҳудудида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ваколатхоналари ташкил этилади;

ягона солиқ тўловини энг кам миқдордан - эгаллаб турган ер майдонидан келиб чиқиб ҳисобланадиган ер солиғининг уч бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлаш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талаб КСЗ дирекциясига татбиқ этилмайди;

КСЗнинг зарур ташқи муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилмасини қуриш унинг чегарасига тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳаларга мувофиқ, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети маблағлари, шунингдек, "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АКнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

КСЗ кўчмас мулкига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш давлат ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхоналари томонидан тўлов ундирилмасдан амалга оширилади;

КСЗ фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 378-сон қарори билан тасдиқланган Кичик саноат зоналарини барпо этиш ва уларнинг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда КСЗ ташкил этиш мақсадида бир ой муддатда 1-иловага мувофиқ, давлат мулки объектларининг белгиланган тартибда Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтказилишини, шунингдек таркибида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари бошқарув органлари ва хўжалик бошқаруви органлари мажлисларида фойдаланилмаётган объектларни уларнинг устав жамғармаларидаги давлат улуши ва хўжалик бошқаруви органлари улушини топширилаётган активларнинг баҳолаш қиймати суммасига тегишлича камайтирган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимияти тасарруфига ўтказиш масаласи кўриб чиқилишини таъминласин.


5. Тошкент шаҳар ҳокимлигига:

икки ой муддатда 1-иловага мувофиқ, ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари негизида КСЗ барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилсин ва улар фаолиятини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга оширсин;

лойиҳалаштириш ташкилотларини жалб қилган ҳолда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан КСЗдан ташқаридаги зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш, тегишли инфратузилмани барпо этиш, шаҳарсозлик, санитария, ёнғинга қарши, табиатни муҳофаза қилиш талабларига сўзсиз риоя этишни назарда тутадиган тегишли лойиҳа-режа ҳужжатларини ишлаб чиқишни ташкил этсин ва уларни белгиланган тартибда тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Адлия вазирлиги билан биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги келишув, ишлаб чиқариш майдонларини узоқ муддатли ижарага бериш шартномаси (балансда сақловчи номидан) ва КСЗ ҳудудида хизмат кўрсатиш шартномасининг намунавий шаклларини ишлаб чиқсин.


6. "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АК ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари зиммасига КСЗда жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларини уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ, электр энергияси, табиий газ (ресурс ва транспорт имкониятларини ҳисобга олган ҳолда) ва бошқа турдаги коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклансин.


7. Ушбу қарорга мувофиқ, ташкил этилаётган КСЗда иштирок этувчи ташкилотларни хўжалик юритувчи субъектни КСЗ ҳудудида жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан, икки йил муддатга юридик шахсларга солинадиган мулк солиғи ва фойда солиғи, шунингдек ягона солиқ тўловидан (солиққа тортишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаётган субъектлар учун) озод қилинсин.

Белгилансинки:

ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган имтиёзлар КСЗ иштирокчилари томонидан энг кам иш ҳақининг 3000 бараваридан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритилгандагина тақдим этилади;

КСЗ иштирокчисининг йиллик тушуми энг кам иш ҳақининг 2000 бараваридан кам бўлса, ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган имтиёзлар бекор қилинади, уларни тегишли ҳисобот йили учун қонунчиликда белгиланган тартибда тўлаш мажбурияти тикланади;

ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати ишлаб чиқарилган маҳсулот умумий ҳажмининг камида 30 фоизи экспортга реализация қилинганда яна икки йилга узайтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги икки ой муддатда қарорнинг ушбу банди билан тақдим этиладиган имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда КСЗ ҳудудида тадбиркорлик субъектларига "ягона дарча" тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказларни ташкил этсинлар.


9. Тижорат банкларининг КСЗда иштирок этувчи ташкилотларга банк хизматлари кўрсатиши учун Тошкент шаҳридаги КСЗ ҳудудида 2-иловага мувофиқ, мини-банклар ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

Тижорат банкларига КСЗ иштирокчи-ташкилотлари учун лойиҳанинг ўзини-ўзи қопланишига қараб, жумладан, имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда, узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия этилсин.


10. "Ўзстандарт" агентлиги КСЗда иштирок этувчи ташкилотларга стандартлаштириш, метрология, сифат менежменти тизимларини жорий қилиш, маҳсулотни сертификатлаштириш, маркировкалаш, қадоқлаш масалаларида белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатсин.

14. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, вазирликлар, идора ва хўжаликлар бирлашмалари:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан шакллантирилган КСЗда ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилиши учун тавсия қилинаётган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар рўйхати тадбиркорлик субъектларига етказишини;

икки ой муддатда КСЗда ўзлаштирилиши лозим бўлган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмларни ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича аниқ таклифлар - "йўл хариталари" ишлаб чиқаришини таъминласин.


15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан фаолият юритмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналар, бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган объектлар ва ер участкаларини аниқлаш бўйича ўтказилаётган таҳлил натижалари асосида тақдим этилган асосланган таклифлар асосида ушбу қарорнинг 1-иловасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.


16. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Тошкент шаҳар ҳокими Р.Ж. Усмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 18 майдаги

ПҚ-2973-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарида

ташкил этиладиган ишлаб чиқариш

майдонлари ва ер участкалари

РЎЙХАТИ

Т/р

Кичик саноат

зоналарининг номи


Ҳудуд ва майдонлар номи


Майдони

(га)*


Бино, иншоотлар

майдони

(минг кв. м)*


1.

Мирзо Улуғбек кичик саноат зонаси


Собиқ "ТТЗ" заводи ҳудудининг бир қисми**


38,8

117,15

2.

Олмазор кичик саноат зонаси

"ОНИКС" АЖ ишлаб чиқариш ҳудуди***


14,1

82

3.

Учтепа кичик саноат зонаси


"Аокс плюс бизнес" МЧЖ (собиқ "Сигнал" ИИБ) ишлаб чиқариш ҳудуди


5,1

25,6

4.

Чилонзор кичик саноат зонаси


"Sovplastital" МЧЖнинг "2-сон ишлаб чиқариш ва омборхона бинолари" бино ва иншоотлар (биноларнинг бир қисми)

2,6

21,4

"Реле ва автоматика" АЖ ишлаб чиқариш ҳудудининг бир қисми


1,0

5,5

5.

Бектемир кичик саноат зонаси


Собиқ "Мотор заводи" АЖ 2-ҳудудидаги бино ва иншоотлар


5,0

29

             

*) "Ергеодезкадастр" қўмитаси томонидан аниқлаштириши лозим.

**) Топшираётган объектлар ва ҳудудлар "Ўзагротехсаноатхолдинг" билан аниқлаштирилиши лозим.

***) Электр техника ва композит материаллар йўналишида маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун топширилаётган ҳудудлар бундан мустасно.





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 18 майдаги

ПҚ-2973-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналари ҳудудида

иштирок этувчи ташкилотларга банк хизматларини

кўрсатиш учун ташкил этиладиган мини-банклар

РЎЙХАТИ

N

Кичик саноат зонасининг номи


Тижорат банкининг номи


1.

Мирзо Улуғбек кичик саноат зонаси


"Ипотека-банк" АТИБ "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ


2.

Олмазор кичик саноат зонаси


"Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ


3.

Миробод кичик саноат зонаси


"Капиталбанк" АТБ


4.

Чилонзор кичик саноат зонаси


"Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ


5.

Бектемир кичик саноат зонаси


АТ "Халқ банки"


6.

Яккасарой кичик саноат зонаси


"Асака" АТБ


7.

Юнусобод кичик саноат зонаси


"Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ


8.

Сергели кичик саноат зонаси


"Асака" АТБ


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 29 май, 21-сон, 384-модда