язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Таълим/ Бизнес-мактаб тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.12.1996 й. 439-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 11 декабрдаги

439-сон қарорига

3-ИЛОВА


Бизнес-мактаб тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Бизнес-мактаб кичик бизнеснинг, фермер хўжаликларининг менежмент, маркетинг, хўжалик хуқуқи, молияни бошқариш, бухгалтерлик ҳисоби ва аудит асосларини, амалий тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўлган билимлар ва кўникмаларни етарли ҳажмларда эгаллаган ташкилотчиларини тайёрлайди.

2. Бизнес-мактаб ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Таълим тўғрисидаги Қонунга, мазкур Низомга ва таълим органларида рўйхатдан ўтказилган уставга мувофиқ амалга оширади.


3. Бизнес-мактабга тегишли даражадаги касб-ҳунар ўқув юртлари учун назарда тутилган барча имтиёзлар жорий этилади.


4. Бизнес-мактаб юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банкларда ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа счётларга, Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. БИЗНЕС-МАКТАБНИНГ МАҚСАД

ВА ВАЗИФАЛАРИ


1. Кичик бизнес соҳасида ёшларда фаол тадбиркорлик фаолияти уқуви ва кўникмаларини шакллантириш, бозор иқтисодиёти шароитларида бизнес билан шуғулланиш учун зарур бўлган касблар ва мутахассисликларга эга бўлиш имкониятларини таъминлаш асосида ёшларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши функциясини амалга ошириш бизнес-мактаб фаолиятининг мақсади ҳисобланади.

2. Қуйидагилар бизнес-мактабнинг вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

давлат таълим стандартларига мувофиқ кичик бизнесни ташкил этиш ва олиб бориш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш;

фермер хўжаликлари, фирмалар, компаниялар, корхоналар, муассасаларга ва алоҳида тадбиркорларга бизнесни ташкил этиш юзасидан маслаҳат хизматлари кўрсатиш;

минтақада тадбиркорликни, кичик бизнесни ривожлантириш учун бизнес-лабораториялар, инкубаторлар ва шунга ўхшаш муассасаларни ташкил этиш;

тадбиркорлик соҳасида банд бўлган амалиётчи ходимлар учун тайёрлов, қайта тайёрлов ва малака оширищ курслари ташкил этиш.


3. Бизнес-мактаб унинг асосий функцияларини муваффақиятли амалга оширишга кўмаклашувчи ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган исталган бошқа фаолият билан шуғулланишга ҳақлидир.



III. ЎҚУВ ЖАРАЁНИ


1. Бизнес-мактабда ўқитиш ишлари белгиланган тартибда ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади.


2. Ўқиш тамом бўлгандан кейин бизнес-мактабнинг ўқитишнинг тўлиқ курсини тамомлаган ва фанлар бўйича якуний ижобий баҳоларга эга бўлган ўқувчилари битирув малака имтиҳонлари топширадилар ёки ишлаб чиқилган бизнес-режаларни ҳимоя қиладилар.

Имтиҳонларни муваффақиятли топширган ёки лойиҳаларни муваффақиятли ҳимоя қилган битирувчиларга тегишли малака берилади ва таълимнинг тегишли даражасининг белгиланган намунадаги дипломи (сертификати) топширилади.



IV. БИЗНЕС-МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ


1. Бизнес-мактабга ўқувчилар қабул қилиш бизнес-мактабнинг уставига мувофиқ амалга оширилади.


2. Бизнес-мактаб ўқувчиларига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тегишли ўқув юртларининг ўқувчилари учун назарда тутилган моддий таъминот шартлари жорий этилади.


3. Ўқувчилар:

бизнес-мактабнинг ўқув-моддий базасидан фойдаланиш;

бизнес-мактабнинг тадбиркорлик фаолиятида қатнашиш;

бизнес-мактабнинг фаолиятини, ўқувчилар таркибини яхшилаш юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўладилар.


4. Бизнес-мактаб ўқувчилари:

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига;

ахлоқ ва этика нормаларига, бизнес-мактабнинг устави ва ички тартиб-қоидаларига риоя қилишга;

фанга асос бўлувчи билимларни мунтазам ва теран эгаллашга, ўз қобилиятларини ривожлантиришга, ўз билимларини мустақил бойитиб бориш уқувини ишлаб чиқишга ва уларни амалиётда қўллашга мажбурдирлар.



V. БИЗНЕС-МАКТАБНИНГ

ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРИ


1. Бизнес-мактабда ўқитувчи сифатида ишлашга тегишли касб-ҳунар тайёргарлигига эга бўлган шахслар қўйиладилар.

Бизнес-мактаб ўқитувчиларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Бизнес-мактабнинг педагог ходимларига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тегишли ўқув юртларининг ўқитувчилари учун назарда тутилган имтиёзлар жорий этилади.


2. Бизнес-мактабнинг педагог ходимлари:

бизнес-мактаб фаолиятининг энг муҳим масалаларини муҳокама қилиш ва ҳал этишда қатнашиш;

машғулотларни олиб бориш шаклини, ўқувчиларни ўқитиш ва тарбиялаш воситалари ва усулларини мустақил белгилаш;

ўқув-тарбия ва услубий ишларни такомиллаштиришга оид таклифлар тайёрлаш ва киритиш ҳуқуқига эга бўладилар.


3. Бизнес-мактабнинг педагог ходимлари:

ўқув ва услубий ишларни касб жиҳатидан юқори савияда олиб боришга, таълим мазмунини такомиллаштиришда фаол қатнашишга;

педагогик меҳнатни ташкил этишнинг юксак маданиятини таъминлашга, ўқувчилар томонидан ўқув материалининг сифатли ўзлаштирилиши учун жавоб беришга;

ўзларининг назарий савияларини, педагогик маҳоратларини, касбий малакаларини узлуксиз ошириб боришга мажбурдирлар.


4. Бизнес-мактабга педагогика ишларига жалб қилинадиган олий ўқув юртлари ўқитувчилари учун олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари учун назарда тутилган иш ҳақи ставкалари сақ-лаб қолинади.



VI. БИЗНЕС-МАКТАБНИ БОШҚАРИШ


1. Бизнес-мактабни бошқариш яккабошчилик ва коллегиаллик асосларида амалга оширилади. Бизнес-мактабнинг бутун фаолиятига раҳбарлик қилишни унинг директори амалга оширади. Директор бизнес-мактаб бевосита бўйсунишида бўлган орган томонидан олий маълумотгга эга бўлган, одатда, камида 5 йиллик педагогик иш стажига эга бўлган шахслардан тайинланади.

Бизнес-мактабнинг директори бизнес-мактабнинг бутун фаолиятига раҳбарлик қилади, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этади, унинг бориши ва натижаларини назорат қилишни амалга оширади, бизнес-мактаб ишининг сифати ва самарадорлиги учун шахсан жавоб беради.


2. Ўқув-тарбиявий, услубий ишларнинг асосий масалаларини коллегиал кўриб чиқиш учун бизнес-мактабда тажрибали педагог ходимлардан, корхоналар ва ташкилотларнинг вакилларидан иборат педагогика кенгаши, илмий-услубий кенгаш ташкил этилади.



VII. БИЗНЕС-МАКТАБНИ МАБЛАҒ БИЛАН

ТАЪМИНЛАШ ВА УНИНГ МОДДИЙ-

ТЕХНИКА БАЗАСИ


1. Бизнес мактабни 2006/2007 ўқув йилигача (ушбу ўқув йили ҳам киради) ўқишга қабул қилинган ўқувчилар бўйича молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бундан ташқари, бюджетдан ташқари маблағлар тушумлари молиялаштириш манбалари бўлиши мумкин, шу жумладан:

тадбиркорлар ва мутахассислар тайёрланганлиги, қайта тайёрланганлиги ва малакаси оширилганлиги учун харажатларни қоплаш тартибида шартномалар бўйича маблағлар тушуми;

белгиланган тартибда бериладиган ва тўланадиган банкларнинѓ кредитлари;

бизнес-мактабнинг ишлаб чиқариш фаолиятидан, пулли хизматлар кўрсатиш ва хўжалик ҳисобидаги бошқа фаолиятидан тушадиган маблағлар;

мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, ташкилотлардан, жамоат ташкилотлари, хусусий шахслар, ҳокимликлардан тушадиган ихтиёрий тушумлар ҳам бўлиши мумкин.

Бизнес-мактабларда 2007/2008 ўқув йилидан бошлаб ўқишга қабул қилинган ўқувчиларни ўқитиш бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

2. Маблағларни сарфлаш ва улардан фойдаланиш "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидалари ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг амалдаги йўриқнома ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


VIII. ТУГАТИШ ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


Бизнес-мактабни ташкил этиш, тугатиш ва қайта ташкил этиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.