язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.05.2017 й. ПҚ-3003-сон "Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.05.2017 й.

N ПҚ-3003



ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ТАРМОҚЛАРИ

УЧУН МУҲАНДИС-ТЕХНИК КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ

ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Кейинги йилларда республикамизнинг олий таълим муассасаларида "қишлоқ хўжалигини механизациялаш", "гидромелиорация ишларини механизациялаш", "мелиорация ва сув хўжалиги", "гидротехника иншоотларидан фойдаланиш" ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларининг бошқа йўналишлари бўйича 8 минг нафардан ортиқ муҳандис-техник кадрлар тайёрланди.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тармоқлари учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини ўрганиш ва таҳлиллар кадрлар тайёрлашга реал эҳтиёжни аниқлаш, ўқув жараёни билан ишлаб чиқаришнинг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, илмий-методик базани ишлаб чиқишда олий таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўқитувчилар таркиби малакасини ошириш масалаларида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, тармоқ корхоналари ва ихтисослашган олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда, бу эса кадрлар тайёрлаш, айниқса қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасида кадрлар тайёрлаш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тармоқлари учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш, ихтисослашган олий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси ва илмий-техник салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, илмий-педагог кадрлар ва мутахассисларнинг тизимли равишда малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлашни ташкил этиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Тошкент ирригация ва мелиорация институтини Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига айлантириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб, қуйидагилар белгилансин:

аграр соҳасида замонавий қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаси, машина ва механизмлари, сув тежайдиган технологияларни кенг қўллаш ва жорий этиш бўйича стратегик вазифаларни самарали ечишга қодир, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида юқори малакали, талаб юқори бўлган муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш;

илғор халқаро тажрибани ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва модернизация қилишнинг стратегик вазифаларини ҳисобга олган ҳолда, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасининг муҳандис-техник йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари, илмий-методик адабиётларини ишлаб чиқиш;

замонавий техника ва технологияларни жорий этиш ҳисобига ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражасини ошириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга оид илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион илмий изланишлар ва ишланмаларни олиб бориш, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва битирувчиларни ишга жойлаштиришда тармоқ корхоналари билан ҳамкорлик қилиш;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими таълим дастурларининг узлуксизлигини ва изчиллигини таъминлаш, академик лицейларни ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун техник мутахассислар тайёрловчи касб-ҳунар коллежларини ўқув-методик материаллар билан таъминлаш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш;

ўзаро ҳамкорликдаги илмий ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш, ўқув-илмий жараёнга хорижий давлатларнинг ўқитувчи ва мутахассисларини жалб этиш, илмий-педагог кадрларнинг хорижда малакасини ошириш ва стажировкасини ташкил этиш мақсадида соҳа бўйича етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий марказлари, жумладан А.Н. Костяков номидаги Қулай табиий муҳит яратиш институти, К.А. Тимирязев номидаги Россия давлат аграр университети ҳузуридаги В.П. Горячкин номидаги механика ва энергетика институти, Москва давлат ер тузиш университети билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш;

мамлакатимиз ва ривожланган хорижий давлатларнинг таниқли олим ва мутахассисларини жалб этган ҳолда, ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, ўқув жараёнига замонавий таълим технологияларини ва масофадан ўқитиш усулларини жорий этиш;


3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Мирзаев З.Т. зиммасига қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларига умумий раҳбарлик қилиш юклатилсин.

4. Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш бўйича олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши 1-иловага* мувофиқ таркибда ташкил қилинсин.

Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг асосий функциялари этиб, қуйидагилар белгилансин:

қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш бўйича олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг, шунингдек, педагогик кадрлар ва соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларининг илмий-методик базаларини шакллантиришни мувофиқлаштириш ва ўқув-методик раҳбарликни амалга ошириш;

қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги талаб ва илғор хорижий тажриба, ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни ҳисобга олган ҳолда, таянч олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштиришни амалга ошириш;

қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида илмий-техник вазифалар, жумладан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, гидротехник иншоотлар ва сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлаши ва хавфсизлигини таъминлаш, ресурстежамкор қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаси, машина ва механизмлардан фойдаланиш ва лойиҳалаш бўйича фундаментал, амалий ва инновацион илмий изланишлар олиб боришни мувофиқлаштириш;

ихтисослашган олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, жумладан олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни мақсадли тайёрлаш асосида, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришнинг стратегик вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, раҳбар ходимлар ва мутахассислар малакасини сифатли ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширилишини таъминлаш.

Белгилаб қўйилсинки, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш соҳасида муҳандис-техник кадрлар, шунингдек, илмий-педагог кадрлар ва мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси ва Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.


5. Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Гулбаҳор қўрғони, Самарқанд кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институти (Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш ИТИ) Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази (Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ИИМ) тасарруфидан, Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш ИТИнинг давлат илмий-техник дастурларини амалга ошириш ва илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш ҳуқуқини Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ИИМда сақлаган ҳолда, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтига ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий тадқиқот институтини Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институти тасарруфига ўтказишни таъминлаш учун ташкилий чора-тадбирлар бўйича қарор қабул қилсин.


6. Қуйидагилар:

қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш бўйича олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий схемаси 3-иловага* мувофиқ;

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти таянч олий таълим муассасаси ҳисобланадиган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг асосий йўналишлари ва мутахассисликлари рўйхати 4- ва 4а-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар комплекси (кейинги ўринларда Чора-тадбирлар комплекси деб аталади) 5-иловага* мувофиқ маъқуллансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

2017/2018 ўқув йили бошланишига қадар Тошкент давлат аграр университетида таълим олаётган "Қишлоқ хўжалигини механизациялаш", "Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш" бакалавриат йўналишларининг 1 - 3-босқич ҳамда магистратуранинг тегишли мутахассисликлари бўйича талабалар контингентини Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ўтказсин;

2017 йилнинг 1 августигача Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг "Қишлоқ хўжалигини механизациялаш", "Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш" факультетларида янги 2017/2018 ўқув йилини тўлақонли ўқув жараёни бошланишини таъминлаш, шу жумладан факультетларни жойлаштириш, шунингдек, янгидан ташкил этилаётган кафедраларни профессор-ўқитувчилар билан тўлдириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан биргаликда бир ой муддатда институтнинг низомини тасдиқласин, шунингдек, унинг ходимлари сонини тасдиқланган ташкилий тузилмага мувофиқлаштирсин.


10. Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (А.Н. Арипов) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг олий таълим муассасалари бўйича 2017/2018 ўқув йилида ўқишга қабул қилиш квоталарига тегишли ўзгартиришлар киритсин, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги ПҚ-2955-сонли қарори билан тасдиқланган қабул параметрлари доирасида республикамиз минтақалари бўйича 6-иловага* мувофиқ мақсадли қабул квоталари ажратилишини назарда тутсин.


11. Фан ва технологиялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги билан келишган ҳолда, бир ой муддатда:

давлат илмий-техник дастурлари доирасида Тошкент давлат аграр университетида қишлоқ ва сув хўжалигини механизациялаш ҳамда электрлаштириш соҳасида бажарилаётган лойиҳаларни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ўтказиш юзасидан, хатловдан ўтказсин;

ихтисосликлар бўйича докторантларни Тошкент давлат аграр университетидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ўтказиш чораларини кўрсин.


12. 2017-2021 йилларда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 7-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

17. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда:

Жамғарманинг 2017 йилнинг иккинчи ярим йиллик даромадлари ва харажатларининг 2017 йилги Дастур параметрлари билан ўзаро боғланган балансини икки ҳафта муддатда тасдиқлаш учун Жамғарма кенгашига киритсин;

бир ой муддатда Жамғарма даромадлари ва харажатларини шакллантириш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда уни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

19. Белгилансинки, Дастурни амалга ошириш доирасида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги олий таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш бўйича буюртмачи Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тегишли "Сувқурилишинвест" ДУК, "Ўзагросаноатлойиҳа" акциядорлик жамияти эса - бош лойиҳалаштириш ташкилоти ҳисобланади.

20. Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги олий таълим муассасаларини ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, ахборот-коммуникация техникаси, мебель ва анжомлар билан жиҳозлаш бўйича буюртмачи функцияси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига юклансин.


21. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳар йили, молиявий харажатларнинг умумий тасдиқланган параметрлари доирасида, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли рўйхатларини ишлаб чиқсин.


22. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси билан биргаликда таълим муассасалари объектларининг техник топшириқлари ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда мавжуд майдонлардан оптимал фойдаланишни, ҳар бир минтақанинг иқлим шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда, замонавий ресурслар ва энергия тежайдиган технологияларни қўллашни, шу жумладан асосан маҳаллий қурилиш материаллари ва бутловчи буюмлардан фойдаланишни назарда тутсин;

буюртмачи ва бош лойиҳалаштириш ташкилоти билан биргаликда жорий йилда қурилиши назарда тутилган таълим муассасалари объектлари бўйича 2017 йилнинг 1 сентябригача лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва танлов савдолари ўтказилишини таъминласин, шунингдек, ҳар йили 1 декабргача келгуси йилнинг манзилли дастурига киритиладиган объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ва бош пудрат ташкилотларини танлаш юзасидан танлов савдолари ўтказилишини таъминласин.


23. Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги олий таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг ўз вақтида давлат экспертизасидан ўтказилишини ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши сифатига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини таъминласин.


24. Дастур доирасида олиб кириладиган ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари (бутловчи материаллар, реактивлар, кимёвий идишлар, биологик материаллар ва объектлар) ҳамда ахборот-коммуникация техникасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2909-сонли қарорининг 14-бандида белгиланган имтиёзлар татбиқ этилсин.


25. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги республика бюджети харажатлари параметрларига зарур ўзгартиришлар киритсин.


26. Ушбу қарор билан тасдиқланган республика қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш учун 9-иловага* мувофиқ таркибда Ишчи гуруҳ ташкил этилсин.

Ишчи гуруҳ (З.Т. Мирзаев):

бир ой муддатда Чора-тадбирлар комплексининг ҳар бандини амалга ошириш бўйича "йўл хариталари" ни тасдиқласин, шунингдек, қабул қилинган Чора-тадбирлар комплексининг ҳамда "йўл хариталари"нинг сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминласин;

ушбу қарор билан тасдиқланган чора-тадбирларнинг бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин ҳамда ҳар чорак якунлари бўйича уларнинг бажарилиши натижалари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот киритсин.


27. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


28. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                         Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 5 июнь, 22-сон, 421-модда