язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд хокимияти. Одил судлов/ Суд ва бошқа органлар актларини амалга ошириш/ Мажбурий ижро бюроси/ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида ва Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясида хизматни ўташ тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 30.05.2017 й. ПҚ-3016-сон қарорига 5-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 30 майдаги

ПҚ-3016-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси

ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида ва Агросаноат

мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан

назорат қилиш инспекциясида хизматни ўташ тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда - Бюро) ва Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясига (кейинги ўринларда - Инспекция) хизматга қабул қилиш ва хизматни ўташ, ходимларга даражали унвонлар бериш ва улардан маҳрум қилиш, рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари Бюронинг ва Инспекциянинг даражали унвонлар берилиши назарда тутилган лавозимларда хизмат қилаётган ходимларига (кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) татбиқ этилади.

3. Бюрода ва Инспекцияда хизматни ўташнинг ҳуқуқий асосларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Прокуратура тўғрисида"ги Қонуни, ушбу Низом, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори (кейинги ўринларда Бош прокурор деб юритилади) ва Бюро директорининг ва Инспекция бошлиғининг буйруқлари ташкил қилади.

4. Бюрода ва Инспекцияда хизмат қилиш қонунийлик, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ҳамда уларга риоя этиш, очиқлик, назорат қилиниш ва ҳисобот бериш тамойилларига мувофиқ амалга оширилади.

5. Ходимлар прокуратура органларининг ўқув муассасалари ва бошқа ўқув муассасаларида Бош прокурор томонидан белгиланган тартибда тайёргарлик, қайта тайёргарлик ва малака оширишни ўтайдилар.



2-БОБ. ХИЗМАТГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УНИ ЎТАШ

6. Бюрода ва Инспекцияда хизмат қилиш учун юриспруденция, молия, иқтисодиёт, қишлоқ ва сув хўжалиги ва бошқа соҳаларда олий ёки ўрта махсус маълумотли, соғлиғига кўра хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган, зарур касб-кор ва маънавий фазилатларга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинадилар.

Бунда Бюронинг ва Инспекциянинг давлат ижрочилари лавозимларига олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга, айрим ҳолларда бошқа мутахассисликдаги олий маълумотга эга шахслар, Бюронинг ва Инспекциянинг бошқа лавозимларига - олий ёки ўрта махсус маълумотли бошқа мутахассисликка (иқтисодчи, молиячи, муҳандислар ва бошқалар) эга шахслар ҳам тайинланади.

7. Бюрога ва Инспекцияга хизматга қабул қилишда номзодларнинг ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиш мақсадида текшириш ҳамда махсус комиссия томонидан билим савияси, зарур касб малакаси ва ишчанлик қобилиятини аниқлашга қаратилган мажбурий суҳбат ўтказилади.

Бюрога ва Инспекцияга хизматга қабул қилишда зиммаларига юкланадиган хизмат вазифаларини бажаришга соғлиғи имкон беришини аниқлаш мақсадида номзодлар мажбурий тартибда тиббий кўрикдан ўтказилади.

8. Ходимларни хизматга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш Бош прокурор, Бюро директори, Инспекция бошлиғининг ёки Бюронинг ва Инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) бошлиқларининг буйруқлари билан расмийлаштирилади.

Хизматга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ ходимга имзо қўйдириб эълон қилинади.


9. Агар шахс:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;

суднинг қарори билан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган бўлса;

судланган бўлса;

ножўя хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суд ёки бошқа давлат органларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан бўшатилган шахслар бўлса, Бюрога ва Инспекцияга хизматга қабул қилиниши мумкин эмас.

Бюрога ва Инспекцияга хизматга қабул қилинганда ходимлар ўз хизмат даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб турадилар.

10. Ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган Бюро ва Инспекция ходимларининг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, биргаликда хизмат қилишлари тақиқланади.

11. Ходимлар илмий, педагогик ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган фаолиятнинг бирор-бир тури билан шуғулланиши мумкин эмас. Улар бундай фаолият билан фақат асосий иш вақтидан бўш пайтда шуғулланишлари мумкин.


12. Ходимларнинг лавозимлари рўйхати тегишлича Бюро директори ва Инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланадиган штат жадвали билан белгиланади.

Бюро ва Инспекция фаолиятининг ички тизимини ташкил этиш тегишлича Бюро директори ва Инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланадиган Бюро ва Инспекция Регламентлари ҳамда ҳудудий бошқармаларнинг Намунавий регламенти билан белгиланади.

13. Ходим биринчи маротаба хизматга қабул қилинаётганда прокуратура ходимларининг қасамёдини қабул қилади. Қасамёд Бюронинг ва Инспекциянинг раҳбарлари ҳозирлигида тантанали вазиятда қабул қилинади.

Қасамёд якка тартибда қабул қилинади. Қасамёд қабул қилувчи шахс қасамёд матнини овоз чиқариб ўқийди ва унга имзо чекади.

Имзоланган қасамёд матни варағи ходимнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдида сақланади.


14. Ходимлар хизматни ўташ даврида тегишлича Бюро директори ва Инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланадиган Бюро, Инспекция ходимларининг касбий одобномасига риоя қилишлари шарт.

Бюро ва Инспекция ходимининг касб одобномаси талабларини бузиш белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради. Мазкур қоидалар бузилишининг ҳар бир ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказилади.

Хизмат текшируви ўтказилиши даврида Бюро ходими вақтинчалик, лекин бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиниши мумкин.

Хизмат текширувини ўтказиш ва Бюро ва Инспекция ходимини вақтинчалик хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиш тартиби Бюро директори ва Инспекция бошлиғи томонидан белгиланади.

15. Ходимларининг хизмат поғоналарида юқорилаб бориши уларнинг ишчанлик, профессионал ва шахсий сифатлари, топширилган соҳада эришган натижаларига мувофиқ равишда амалга оширилади. Бунда ходимнинг юқори лавозимга тайинланишга розилиги талаб қилинмайди.


16. Коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликларнинг профилактикаси ва уларга йўл қўймаслик, ходимнинг шахсий ва ишчанлик фазилатларини, унинг фаолияти самарадорлигини мунтазам ўрганиш, шунингдек Бюро ва Инспекция фаолиятининг турли йўналишларида малака ва иш тажрибасига эга бўлган кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ходимларнинг ротацияси ўтказилади.

Бюро ходимларининг ротацияси, қоида тариқасида, эгаллаб турган лавозимида уч йил ўтиши билан ўтказилади.

Ходимларни ротация қилиш тартиби Бюро директори ва Инспекция бошлиғи томонидан белгиланади.

17.

Бюро ва Инспекция ходимларига Бюро директори, Инспекция бошлиғи томонидан белгиланган шаклда ва тартибда хизмат гувоҳномалари берилади.

Бюронинг давлат инспекторларига Бюро директори томонидан ўрнатилган шаклда ва тартибда жетонлар берилади.

Бюро директори ва Инспекция бошлиғига хизмат гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси Президенти имзоси қўйилган ҳолда берилади.

Бюро ва Инспекциянинг Бош прокурор томонидан лавозимга тайинланадиган ходимларига хизмат гувоҳномалари Бош прокуратура томонидан берилади

Гувоҳнома ва жетоннинг Бюро ходимининг айби билан йўқотилиши лавозимдаги ножўя хатти-ҳаракат ҳисобланади ва интизомий жавобгарликни келтириб чиқаради. Гувоҳнома ва жетон йўқотилишининг ҳар бир ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказилади.


18. Ходимларни эгаллаб турган лавозимларига хизмат бўйича мувофиқлигини аниқлаш мақсадида тегишинча Бош прокурор ва Бюро директори ва Инспекция бошлиғи томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда аттестация ўтказилади.

Лавозимига Бош прокурорнинг буйруқлари билан тайинланадиган ходимлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг (кейинги ўринларда Бош прокуратура деб юритилади) аттестация комиссияси томонидан, лавозимига Бюро директори, Инспекция бошлиғи, Бюро ва Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг буйруқлари билан тайинланадиган ходимлар эса - тегишлича Бюро, Инспекция ва уларнинг ҳудудий бошқармаларининг аттестация комиссиялари томонидан аттестациядан ўтказилади.

19.

Даражали унвонга эга бўлган ходимлар хизмат вазифаларини бажариш даврида прокуратура органлари ходимлари учун тасдиқланган намунадаги алоҳида белгили хизмат кийими кийиб юрадилар.

Даражали унвонга эга бўлган ходимлар бепул хизмат кийими билан таъминланади.

Ходимларнинг хизмат кийимини кийиб юриш тартиби тегишлича Бюро директори ва Инспекция бошлиғи томонидан белгиланади.

Даражали унвонларга эга бўлиб, пенсияга чиқиши муносабати билан хизматдан бўшаган ходимлар, шунингдек прокуратура органларининг амалдаги кадрлар резервига олинган ва ҳисобида турган ходимлар ўтказиладиган тантаналар ва расмий тадбирларда алоҳида белгили хизмат кийимини кийиб юриш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Хизмат кийими билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



3-БОБ. ДАРАЖАЛИ УНВОНЛАРНИ

БЕРИШ ВА МАҲРУМ ҚИЛИШ


20. Даражали унвонлар бериш ходимларнинг ишчанлик ва шахсий фазилатларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда эгаллаб турган лавозими ва иш стажига мувофиқ изчил тартибда амалга оширилади.


21. Ходимларга қуйидаги даражали унвонлар берилади:

3-даражали юрист;

2-даражали юрист;

1-даражали юрист;

адлия кичик маслаҳатчиси;

адлия маслаҳатчиси;

адлия катта маслаҳатчиси;

3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси;

2-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси;

Ўрта махсус маълумотга эга ходимларга 3, 2 ва 1-даражали юрист даражали унвонлари берилади.


22. Ходимларга эгаллаб турган лавозимига мутаносиб равишда қуйидаги даражали унвонлар берилади:

2-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси - Бюро директори, Инспекция бошлиғи;

3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси - Бюро директори, Инспекция бошлиғи ўринбосарлари;

адлия катта маслаҳатчиси - Бюро ва Инспекциянинг марказий аппарати бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Бюронинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази директори (кейинги ўринларда - Марказ), Бюро ва Инспекциянинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари;

адлия маслаҳатчиси - Бюро директори ва Инспекция бошлиғи ёрдамчилари, бошқарма ва бўлим бошлиқлари ўринбосарлари, Бюронинг марказий аппарати бош суриштирувчиси, бош ревизори, бош инспекторлари, Марказ директори ўринбосари, бўлим бошлиқлари, Инспекциянинг марказий аппарати бошқарма бошлиқлари ўринбосарлари, Бюро ва Инспекциянинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ўринбосарлари, Бюро ҳудудий бошқармаларининг бўлим бошлиқлари, жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспекторлари, ички хавфсизликни таъминлаш бўйича катта инспекторлари, Инспекция ҳудудий бошқармаларининг бўлим бошлиқлари, бош инспекторлари, Бюро туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари - катта давлат ижрочилари, Инспекциянинг туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари бошлиқлари;

адлия кичик маслаҳатчиси - Бюро марказий аппарати катта суриштирувчилари, катта инспекторлари, катта криминалисти ва криминалисти, Марказ дастурчилари, маъмурлари, муҳандислари, шўъба мудирлари, веб-дизайнери, ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассиси, ахборот технологиялари мутахассиси, Бюро ҳудудий бошқармаларининг катта суриштирувчилари, суриштирувчилари, катта инспекторлари, инспекторлари, бош ревизорлари, катта ревизорлари, ахборот технологиялари мутахассислари, туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари ўринбосарлари, Инспекция марказий аппаратининг бош инспекторлари, катта инспекторлари, Инспекция ҳудудий бошқармаларининг катта инспекторлари, инспекторлари, туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари бошлиқ ўринбосарлари;

1 ва 2-даражали юрист - Бюро туман (шаҳар) бўлимлари давлат ижрочилари, суриштирувчилари, шунингдек, катта инспекторлари, инспекторлари, тезкор шўъбалар криминалистлари, қидирув бўйича катта инспекторлари, инспекторлари, Инспекциянинг туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари бош инспекторлари, катта инспекторлари, инспекторлари;

3-даражали юрист - биринчи марта аттестациядан ўтган ва лавозимга тайинланган ходимларга берилади.

Мазкур Низомнинг 67-бандида санаб ўтилган ходимларга даражали унвонлар, улар эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, белгиланган муддатларда берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг прокуратура органларининг амалдаги кадрлар резервига олинган ва ҳисобида турган ходимларига даражали унвонлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмаси раҳбарининг тавсиясига асосан берилади.

23. Ҳар бир даражали унвонда бўлишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

3-даражали юрист - 2 йил;

2-даражали юрист - 2 йил 6 ой;

1-даражали юрист - 3 йил;

адлия кичик маслаҳатчиси - 3 йил;

адлия маслаҳатчиси - 3 йил 6 ой;

2 ва 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси ҳамда адлия катта маслаҳатчиси даражали унвонларда бўлишнинг муддатлари белгиланмайди.


24. 2 ва 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси даражали унвонлари Бош прокурорнинг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.

Бошқа даражали унвонлар Бош прокурор томонидан тегишлича Бюро директорининг ва Инспекция бошлиғининг тақдимномасига асосан берилади.

3-даражали юрист унвони биринчи марта Бюро ва Инспекцияга хизматга қабул қилинган ва даражали унвонга эга бўлмаган ходимларга аттестациядан ўтганидан сўнг берилади.

25. Навбатдаги адлия катта маслаҳатчиси даражали унвони, қоидага кўра, прокуратура органлари ва бошқа давлат органларининг ўқув муассасаларини раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада турувчи кадрларни касбий қайта тайёрлаш дастури бўйича ёки магистратурасини муваффақиятли тамомлаган ходимларига берилади.

Адлия катта маслаҳатчисининг даражали унвони, истисно тариқасида фидокорона меҳнати ва намуна кўрсатган ходимларига алоҳида хизматлари учун ҳам берилиши мумкин.


26. Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ва ўзга ташкилотлардан Бюрога, Инспекцияга хизматга ўтган ходимларга даражали унвонлар уларнинг Бюрода, Инспекцияда тайинланган лавозими, олдинги даражали унвони ёки иш тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда берилади, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Уларга навбатдаги даражали унвон ушбу Низомда назарда тутилган тартибда берилади.


27. Бош прокурор, истисно тариқасида, қуйидаги ҳуқуқларга эга:

алоҳида ҳолларда ходимларига хизмат мажбуриятларини намунали бажарганлиги учун навбатдаги даражали унвонларни белгиланган муддатидан аввал бериш;

юқорироқ лавозимга тайинлаганда даражали унвонни навбатдан ташқари, лекин ходим эгаллаб турган даражали унвондан кўпи билан икки поғона юқори даражали унвон бериш.

ушбу Низомда белгиланган тартибда даражали унвонлар берилиши назарда тутилмаган лавозимларда ишлаётган ходимларга ишда ўрнак кўрсатганлиги учун даражали унвонлар бериш.


28. Даражали унвонлар берилган ходимлар мазкур унвонга умрбод эга бўлиб қоладилар. Ходим ўзини бадном қиладиган қилмиши учун Бюродан, Инспекциядан бўшатилганда даражали унвондан маҳрум этилиши мумкин. Ходим ўз хизмат бурчини қўпол равишда бузган тақдирда ёки нолойиқ хулқ-атвори учун унинг унвони пасайтирилиши мумкин.

29. Ходимларни олий даражали унвонлардан маҳрум этиш ёки уларнинг олий даражали унвонларини пасайтириш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, бошқа даражали унвонлардан маҳрум этиш ёки унвонни пасайтириш Бош прокурор томонидан амалга оширилади.

Ходимларни даражали унвонлардан маҳрум этиш суднинг ҳукми бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.


30. Даражали унвонларга эга бўлган ходимларга лавозим маошларига ойлик қўшимча ҳақ тўланади.



4-БОБ. РАҒБАТЛАНТИРИШ


31. Ходимлар хизматдаги ташаббускорлиги, тезкорлиги, хизмат вазифаларини виждонан ва намунали бажарганликлари учун рағбатлантириладилар.


32. Рағбатлантиришнинг қуйидаги турлари мавжуд:

ташаккурнома;

пул мукофоти;

илгари берилган интизомий жазони амал қилиш муддати тугашидан аввал олиб ташлаш;

фахрий ёрлиқ;

совға;

қимматбаҳо совға;

навбатдан ташқари даражали унвон ёки навбатдаги даражали унвонни белгиланган муддат тугагунга қадар ёхуд эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, бериш;

I, II, III-даражали "A`lo xizmatlari uchun" кўкрак нишони билан тақдирлаш;

"Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг Фахрий ходими" кўкрак нишони билан тақдирлаш.

Ходимлар, шунингдек:

Бош прокурор ҳамда давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фахрий ёрлиғи;

тегишлича Бош прокурор, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан прокуратура органлари ходимлари учун назарда тутилган рағбатлантириш турлари билан рағбатлантирилиши мумкин.

Ходимлар алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.

Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди.


33. Интизомий жазоси бўлган ходимлар фақат берилган интизомий жазони олиб ташлаш тариқасида рағбатлантирилишлари мумкин.


34. Рағбатлантириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ташаккурнома эълон қилиш, пул мукофоти ёки совға билан тақдирлаш, муқаддам берилган интизомий жазони амал қилиш муддатидан аввал олиб ташлаш тегишлича Бош прокурор, Бюро директори, Инспекция бошлиғи, Бюро ва Инспекциянинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан амалга оширилади;

фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совға билан тақдирлаш Бюро директори ва Инспекция бошлиғи томонидан амалга оширилади.

фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо совға, навбатдан ташқари даражали унвон ёки навбатдаги даражали унвонни белгиланган муддатдан олдин, ёхуд эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, бериш, Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг Фахрий ходими, I, II, III-даражали "A`lo xizmatlari uchun" кўкрак нишони билан тақдирлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тақдим этиш Бош прокурор томонидан амалга оширилади.

35. Рағбатлантириш ҳақида буйруқ чиқарилиб, ходим ишлаётган Бюро, Инспекция тузилмаси ходимларига эълон қилинади, зарур ҳолларда эса барча ходимлар эътиборига етказилади.

Рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ нусхаси ходимнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдига қўшилади.


35-1. Бюро директори, Инспекция бошлиғи истисно тариқасида, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ходимларини рағбатлантириш ҳуқуқига эга.


5-БОБ. ИНТИЗОМИЙ ЖАЗОЛАР


36. Ходимларга нисбатан интизомий жазолар ўз хизмат вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, Бюро ва Инспекция ходими деган номга доғ туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун қўлланилади.

37. Қуйидагилар интизомий жазолар ҳисобланади:

ҳайфсан;

ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдордаги жарима;

лавозимда пасайтириш;

даражали унвонни бир поғонага пасайтириш;

хизмат вазифаларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги учун хизматдан бўшатиш.

Қуйидагилар хизмат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳисобланади:

узрли сабабларсиз прогул қилиш (шу жумладан, иш куни мобайнида уч соатдан ортиқ хизматда бўлмаслик);

хизматга маст ҳолда келиш, шунингдек иш жойида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш;

жиноий жазоланадиган қилмиш ёки ножўя хатти-ҳаракат содир этиш;

қасамёдни бузиш.


38. Бош прокурор барча интизомий жазо турларини қўллашга ҳақлидир, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган даражали унвонларда пасайтириш бундан мустасно.

Бюро директори, Инспекция бошлиғи, Бюро ва Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари бўйсунувидаги ходимларга нисбатан ҳайфсан ва жарима шаклидаги интизомий жазоларни қўллашлари мумкин. Бундан ташқари, улар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлардаги келишиш тартибига риоя қилган ҳолда хизматга қабул қилиш ва лавозимига тайинлаш ўз ваколатига кирувчи ходимларнинг лавозимини пасайтириши ёхуд хизматдан бўшатиши мумкин.

39. Интизомий жазо қўллаш масаласини ҳал этаётган раҳбар содир этилган хатти-ҳаракатни шахсан ўзи ўрганиб чиқиши шарт. Зарур ҳолларда, хизмат текшируви ўтказилиши мумкин.

Интизомий жазо қўллашдан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиб олиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.

Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.

Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмаган ҳолда узоғи билан бир ой ичида қўлланилади.

Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтганидан, хизмат текшируви натижасида аниқланганда эса, - содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтганидан кейин жазо қўллаб бўлмайди. Жиноят иши бўйича ўтказилган дастлабки тергов ва суд даври бу муддатга кирмайди.

Интизомий жазо буйруқ билан берилади ва у ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади ҳамда унинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади. Интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ тегишли тузилма ходимларига, зарур ҳолларда эса Бюронинг, Инспекциянинг барча ходимларига ҳам эълон қилиниши мумкин.

Бош прокурор томонидан лавозимга тайинланган ходим интизомий жавобгарликка тортилган ҳолларда, интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ нусхаси Бош прокуратурага юборилади.


40. Бош прокурор, шунингдек, ўз ваколати доирасида Бюро директори, Инспекция бошлиғи интизомий жазони бекор қилиш, қаттиқроқ интизомий жазо қўллаш ёки уни енгиллаштириш ҳуқуқига эгадирлар. Агар интизомий жазо сифатида хизматдан асоссиз бўшатиш қўлланилган бўлса, Бош прокурор ёки Бюро директори, Инспекция бошлиғи хизматдан бўшатишни асоссиз деб топиб, ходимни илгариги лавозимига тиклаш ёки унга тенг бошқа лавозимга тайинлаш ва мажбурий прогул вақти учун, бироқ кўпи билан бир йилдан ортиқ бўлмаган даврга ҳақ тўланиши тўғрисида буйруқ чиқарадилар.

41. Ходим интизомий жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йил мобайнида қайта интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади.

Қўлланилган интизомий жазо бу ҳақдаги буйруқ қабул қилинган кундан камида олти ой ўтгач, ушбу жазони қўллаган раҳбар, Бюро директори, Инспекция бошлиғи ёки Бош прокурор томонидан, ходим ўз хизмат вазифасини виждонан бажариб, хизматда ўрнак кўрсатса, муддатидан илгари олиб ташланиши мумкин.

42. Интизомий жазо мавжудлиги ходимнинг лавозим бўйича юқори кўтарилишига ёки унга даражали унвон берилишига, шунингдек, раҳбарлик лавозимлари учун захирага киритилишига (бўлишига) тўсқинлик қилувчи ҳолат ҳисобланади.


43. Интизомий жазони қўллаш борасида ваколат доирасидан четга чиққан ёки лозим бўлган ҳолларда жазо қўлламаган Бюро директори, Инспекция бошлиғи ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

44. Ходим қўлланилган интизомий жазо устидан Бош прокурорга ёки Бюро директорига, Инспекция бошлиғига буйруқ эълон қилингандан кейин икки ҳафталик муддатда шикоят қилиши мумкин.

Шикоят келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда, қўшимча текширув ўтказиш зарур бўлган ҳолларда эса бир ойдан кечикмай кўриб чиқилади.

Шикоят билан мурожаат қилиниши интизомий жазо ижросини тўхтатиб қўймайди.


44-1. Бюро директори, Инспекция бошлиғи ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари қўлланилиши асослилиги ва қонунийлиги устидан назоратни амалга оширади ҳамда асосланмаган ва ноқонуний буйруқларни бекор қилиш чораларини кўради.

45. Ходимлар давлат ҳимоясида бўлади.

Хизмат вазифасини бажариш вақтида ходимни ушлаб туришга, шахсий тинтув ўтказишга, унинг нарсаларини ва фойдаланаётган транспортини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ходимларга, шунингдек хизматдан бўшатилган шахсларга нисбатан уларнинг Бюрода, Инспекцияда хизмат вазифаларини бажариш жараёнида содир этган қилмишлари учун жиноят иши қўзғатиш масаласи Бош прокурор, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан ваколатлари доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Ходимларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик масаласи Бюро директори, Инспекция бошлиғи ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан ваколатлари доирасида ҳал этилади.


6-БОБ. КАДРЛАР ЗАХИРАСИ

46. Бюрода ва Инспекцияда кадрлар захираси шакллантирилади.

Кадрлар захирасини шакллантиришдан асосий мақсад Бюрога, Инспекцияга зарур касбий фазилатларга эга бўлган шахсларнинг хизматга қабул қилиниши, раҳбарлик лавозимларига юклатилган вазифаларни профессионал ва самарали амалга ошириш учун бошқарувчилик қобилиятига эга ходимлар тақдим этилишини таъминлаш, шунингдек уларни тарбиялаш, ўқитиш ва жой-жойига қўйишдан иборат.

Кадрлар захирасини шакллантириш ва у билан ишлаш коллегиаллик ва холислик тамойилларига асосан амалга оширилади.


47. Қуйидагилар кадрлар захирасини шакллантириш ва у билан ишлаш фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади:

Бюрога, Инспекцияга ушбу Низом билан белгиланган талабларга жавоб берадиган шахсларни хизматга қабул қилиш;

ходимларнинг назарий билимлари, амалий ва ахборот-таҳлил кўникмаларини юксалтириш, ишчанлик ва профессионал сифатларини такомиллаштириш, уларни юридик, молия, иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, техникавий таълим, тезкор-қидирув фаолияти ва ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий ютуқлари билан таништириш;

юқори лавозимлар учун масъулиятли, малакали ҳамда касбий тайёргарликка эга ходимларни танлаб олиш ва уларни кадрлар захирасига киритиш;

кадрлар захирасига киритилган ходимларни қайта тайёрлаш ва тарбиялаш, шунингдек уларда бошқарувчилик қобилиятларини шакллантириш;

ходимларнинг хизмат поғоналарида юқорилаб боришини тизимли режалаштириш ва ташкил этиш.

Бюро ва Инспекция тизимидаги юқори лавозимларга, қоида тариқасида, кадрлар захирасида турган ходимлар тайинланади.

48. Раҳбар кадрлар захирасига киритиш учун мезон бўлиб, Бюро ва Инспекция тизимидаги раҳбарлик лавозимларида юклатилган вазифаларни бажара олиш учун зарур кўникма ва сифатларга эгалиги ҳисобланади.

Бунда Бюро директори ўринбосарлари, Инспекция бошлиғининг ўринбосарлари, Бюро ва Инспекция ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, шунингдек Бюронинг, Инспекциянинг марказий аппаратлари таркибий тармоқлари раҳбарлари лавозимлари учун кадрлар захирасига юклатилган хизмат вазифаларини виждонан бажараётган, кенг дунёқарашга, назарий билимга, ижобий шахсий ва ишчанлик сифатларига, турли лавозимларда амалий иш тажрибасига, ташкилий-таҳлилий қобилиятга, қатъиятлилик, принципиаллик ва масъуллик ҳиссига эга ходимлар киритилади.

49. Кадрлар захирасига номзодлар Бюро директори, Инспекция бошлиғи, уларнинг ўринбосарлари, Бюро, Инспекция марказий аппаратлари таркибий тармоқлари раҳбарлари ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, шунингдек, прокуратура органлари, Бюро ва Инспекция аттестация комиссиялари томонидан тақдим этилади.

Масъулиятли, малакали ва тажрибали ходимларнинг хизмат поғонасида юқорилаб боришини таъминлаш мақсадида Бюронинг, Инспекциянинг кадрлар бошқармалари томонидан ички хавфсизликни таъминлаш бошқармалари ва Бюронинг, Инспекциянинг бошқа тузилмалари билан биргаликда кадрлар захирасига номзодларни холисона танлаш, уларни ўрганиш ҳамда касбга тизимли равишда тайёрлаш амалга оширилади.

50. Кадрлар захираси билан ишлаш тизимли асосда, мавжуд вакансиялардан қатъи назар, олиб борилади. Раҳбарлик лавозимларига захира таркиби йилига камида бир маротаба шакллантирилади.

Бюро, Инспекция ва уларнинг ҳудудий бошқармаларининг раҳбар лавозимларига кадрлар захираси тегишлича Бюро, Инспекция ва уларнинг ҳудудий бошқармаларининг ҳайъатларида тасдиқланади.

51. Кадрлар захирасини шакллантиришга масъул бўлган шахслар кадрлар захирасига номзодларни тақдим этиш бўйича ишларнинг тўғри ташкиллаштирилиши ва унинг холисона шакллантирилиши учун тўлиқ жавобгардирлар.


52. Кадрлар захирасини шакллантириш ва у билан ишлаш ушбу Низом ва Бош прокурорнинг буйруқларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



7-БОБ. ХОДИМЛАРНИНГ МОДДИЙ

ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ


53. Хизмат вазифаларини бажаришда Бюро ходимлари хизмат, шу жумладан махсус автотранспорт ҳамда махсус воситалар билан, Инспекция ходимлари хизмат автотранспорти ва махсус воситалар билан таъминланадилар.

Хизмат, шу жумладан, махсус автотранспорт ва махсус воситалар билан таъминлаш меъёрлари Бош прокурор томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


54. Ходимларнинг пул таъминоти мансаб маоши, даражали унвон учун ҳар ойлик қўшимча тўловлар, кўп йиллик хизмат учун тўланадиган устамалардан ҳамда қонунчилик ва идоравий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.

Кўп йиллик хизмати учун устамани ҳисоблаш ҳуқуқини берувчи махсус стаж Бош прокурорнинг буйруғи билан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг даражали унвонга эга бўлган ходимларга кўп йиллик хизмати учун устамалар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилади.


55. Бюро ва Инспекция ходимларини моддий рағбатлантириш бюджетдан ажратиладиган маблағлар, тегишлича Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш Жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Бош прокурор томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

56. Ходимларга муддати ўттиз календарь кунидан иборат ҳақ тўланадиган йиллик таътил берилади. Ўн беш йилдан ортиқ умумий иш стажига эга бўлган ходимларга беш календарь кун, йигирма беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганларга эса ўн календарь кун қўшимча таътил берилади.

Ходимларни навбатдаги йиллик таътилдан чақириб олишга хизмат бўйича ўта зарур ҳолларда ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми кейинги вақтга ўтказилади.

Ходимлар сони ёки штати қисқарганлиги муносабати билан (ташкилий-штат тадбирлари), касаллиги туфайли ёки пенсияга чиқиши сабабли ишдан бўшатилган ходимларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳақ тўланадиган навбатдаги йиллик меҳнат таътили берилади, ундан фойдаланилмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ пуллик компенсация тўланади.

Хизмат ўташни тугатган ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.


57. Ходимларга оилавий шароит, шунингдек, бошқа узрли сабабларга кўра иш ҳақи сақланмаган ҳолда, навбатдаги йиллик таътил ҳисобига кирмайдиган, қисқа муддатли таътил берилиши мумкин.


58. Яшаш шароитини яхшилашга муҳтож бўлган ходимларга белгиланган тартибда ижтимоий-моддий ёрдам берилади.


59. Ходимларнинг пенсия таъминоти қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.


60. Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, пенсияга чиқиши муносабати билан хизматдан бўшатилган ходимлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тиббий муассасаларида тиббий хизматдан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.


61. Ходимлар хизмат сафарларига юборилганида барча турдаги транспорт воситаларига йўл чипталари ҳамда меҳмонхонада жойларни банд қилиш ва навбатсиз олиш ҳуқуқидан фойдаланадилар.


62. Ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғининг мажбурий давлат суғуртаси, белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



8-БОБ. ХИЗМАТ ЎТАШНИ ТУГАТИШ

63. Бюро ва Инспекцияда хизматни ўташ ходим ишдан бўшатилганда тугатилади.

Хизматни ўташ:

Бош прокурор, Бюро директори, Инспекция бошлиғи, Бюро ва Инспекция ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг ташаббуси билан;

ходимнинг ташаббуси билан;

тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда тугатилади.

Бош прокурор, Бюро директори, Инспекция бошлиғи, Бюро ва Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг ташаббуси билан хизмат ўташни тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

хизматни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар (штатлар) сонининг қисқариши ёки хизмат хусусиятининг ўзгариши;

ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли;

ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини мунтазам равишда бузилиши. Хизмат вазифаларини мунтазам равишда бузиш деб ходим илгари содир этган хизмат вазифаларининг бузганлиги учун интизомий жазога тортилган кундан эътиборан бир йил мобайнида интизомий қоидабузарликни такроран содир этиши ҳисобланади (агар жазо муддатидан илгари олиб ташланган бўлмаса);

ходим томонидан хизмат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш;

ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган фаолиятни ходимга огоҳлантириш қилинганидан кейин ҳам давом эттириши;

ходимнинг Бюрода ва Инспекцияда хизматда бўлишининг энг юқори ёшига етиши;

ходимнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши;

ходимнинг шаъни ва обрўсига путур етказувчи номуносиб ёхуд ножўя хатти-ҳаракат содир этиши.

Хизматни ўташни тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилинишига қуйидагилар асос бўлади:

ходимнинг бошқа ишга, шу жумладан сайлаб қўйиладиган лавозимга ўтиши;

ходим ҳарбий хизматга чақирилиши;

шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг хизматга тикланиши;

ходимнинг вафот этиши, уни бедарак йўқолган деб топилиши ёки вафот этган деб эълон қилиниши;

қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатлар.


64. Ходимларнинг хизматда бўлиш ёшининг чегараси эркаклар учун 60 ва аёллар учун 55 ёш этиб белгиланади.

Хизматда бўлиш ёшининг чегарасига етган, юқори касбий тайёргарлик ва эгаллаб турган лавозимида катта амалий иш тажрибасига эга, зиммасига юкланадиган хизмат вазифаларини бажаришга соғлиғи имкон берадиган ходим ўз ваколатлари доирасида Бош прокурор ёки Бюро директорининг ёхуд Инспекция бошлиғининг розилиги билан Бюрода ва Инспекцияда хизматни давом эттириши мумкин.

65. Ходим эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганда охирги хизмат жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда кадрлар тармоқлари ихтиёрида қолади. Уни келгусида лавозимга тайинлаш ёки бўшатиш масаласи, эгаллаб турган лавозимдан озод қилиш ҳақидаги буйруқ чиқарилган вақтдан бошлаб бир ойдан кеч бўлмаган муддат ичида ҳал этилиши лозим (ходимнинг меҳнатга вақтинча қобилиятсизлик даври бу муддатга кирмайди).


66. Пенсияга чиққан ходимларга Бюро директори, Инспекция бошлиғи томонидан белгиланадиган шакл бўйича пенсия гувоҳномаси берилади.

67. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланган (тайинланган) ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимга тайинлаш ёки тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ёки тақдимномасига асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ўтган ёхуд Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, раис ўринбосари, вилоят, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокими ёки ҳоким ўринбосари лавозимига тайинланган ва тасдиқланган ходим Бош прокурорнинг буйруғи билан прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилиши мумкин.

Алоҳида ҳолларда, бошқа ишга ўтган ходим Бош прокуратуранинг аттестация комиссияси таклифига асосан Бош прокурор томонидан прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилиши мумкин.

Ходимнинг ушбу бандда кўрсатилган фаолият муддати навбатдаги даражали унвонни бериш ҳуқуқини берувчи, кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устамани тўлаш, пуллик таъминот окладини белгилаш ёки пенсия тайинлаш учун Бюродаги ва Инспекциядаги хизмат стажига қўшилади.

68. Ушбу Низомнинг 67-бандида кўрсатилган прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимлар, улар сайланган ёки тайинланган органлардаги меҳнат шароитларини ҳисобга олган ҳолда, Бюро ва Инспекция ходимлари учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий муҳофаза қилиш чораларидан фойдаланадилар.

Ушбу Низомнинг 67-бандида кўрсатилган прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимларга ушбу Низомнинг 3-бобида белгиланган тартибда даражали унвонлар, шунингдек Бош прокурор томонидан белгиланган шаклда прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захираси ходими гувоҳномаси берилади.

Солиқ ва молиявий имтиёзлар, шунингдек, бошқа моддий афзалликларнинг қўлланилиши Бюро ва Инспекция ходими сайланган ёки тайинланган орган томонидан унда амалда бўлган лавозим бўйича маоши ва бошқа тўловлар миқдори сақланган ҳолда амалга оширилади.

Шу билан бирга, бундай ходимларга даражали унвонлари, кўп йиллик хизмат стажи ҳамда Бюро ва Инспекция ходимлари учун белгиланган меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳисобланадиган ўртача ойлик устамалар тўланади.

69. Амалдаги кадрлар захирасига ўтказилган хизмат ўташни тугатган ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари бевосита Бюрода хизмат ўташни тугатган шахслар ва уларнинг оила аъзолари каби ҳуқуқлар, имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланадилар.


69-1. Ушбу Низомнинг 67-69-бандларининг амал қилиши ходимларга улар прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган пайтдан бошлаб татбиқ этилади.

70. Амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимларга уларнинг бошқа давлат органларидаги ваколат муддатлари тугаганидан сўнг, муқаддам Бюрода ва Инспекцияда эгаллаган ёки унга тенг лавозим берилиши кафолатлари таъминланади, ходимнинг эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги ёки соғлиғи ҳолатига ёхуд меҳнат (хизмат) мажбуриятларини бажармаганлиги учун меҳнат фаолияти тугатилган ҳоллар бундан мустасно.

71. Бюронинг ва Инспекциянинг ишдан ноқонуний бўшатилган, бошқа лавозимга ўтказилган, даражали унвондан маҳрум этилган ходимлари муқаддам эгаллаган лавозимига ва даражали унвонида қайта тикланади ёки бошқа тенг лавозимга тайинланади.

72. Бюро, Инспекция ходимларининг меҳнат низолари Бош прокурор ва Бюро директори, Инспекция бошлиғи томонидан кўриб чиқилади.





Низомга

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

Мажбурий ижро бюросининг ва Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат

хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш Инспекциясининг

даражали унвонларга эга бўлган ходимлари мансаб маошларига

алоҳида меҳнат шароитлари учун ҳар ойлик устамалар

МИҚДОРЛАРИ

      

Бўлинмаларнинг номланиши

Мансаб маошига устамаларнинг

миқдори (фоизларда)

Марказий аппарат

50

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқармалари

50

Туман (шаҳар) бўлимлари

50

 

Изоҳ: алоҳида меҳнат шароитлари учун ҳар ойлик устама қонун ҳужжатларида белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда ходимларнинг мансаб маоши таркибига киритилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 5 июнь, 22-сон, 425-модда