ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд ва бошқа органлар актларини амалга ошириш / Мажбурий ижро бюроси /

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида хизматни ўташ тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 30.05.2017 й. ПҚ-3016-сон қарорига 5-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 30 майдаги

ПҚ-3016-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

Мажбурий ижро бюросида хизматни ўташ тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда - Бюро) хизматга қабул қилиш ва хизматни ўташ, ходимларга даражали унвонлар бериш ва улардан маҳрум қилиш, рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари Бюронинг даражали унвонлар берилиши назарда тутилган лавозимларда хизмат қилаётган ходимларига (кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) татбиқ этилади.

3. Бюрода хизматни ўташнинг ҳуқуқий асосларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Прокуратура тўғрисида"ги Қонуни, ушбу Низом, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори (кейинги ўринларда Бош прокурор деб юритилади) ва Бюро директорининг буйруқлари ташкил қилади.

4. Бюрода хизмат қилиш қонунийлик, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ҳамда уларга риоя этиш, очиқлик, назорат қилиниш ва ҳисобот бериш тамойилларига мувофиқ амалга оширилади.

5. Ходимлар прокуратура органларининг ўқув муассасалари ва бошқа ўқув муассасаларида Бош прокурор томонидан белгиланган тартибда тайёргарлик, қайта тайёргарлик ва малака оширишни ўтайдилар.



2-БОБ. ХИЗМАТГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УНИ ЎТАШ

6. Бюрода хизмат қилиш учун юриспруденция, молия, иқтисодиёт, ва бошқа соҳаларда олий ёки ўрта махсус маълумотли, соғлиғига кўра хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган, зарур касб-кор ва маънавий фазилатларга эга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинадилар.

Бунда Бюронинг давлат ижрочилари лавозимларига олий ёки ўрта махсус юридик маълумотга эга, айрим ҳолларда бошқа мутахассисликдаги олий маълумотга эга шахслар, Бюронинг бошқа лавозимларига - олий ёки ўрта махсус маълумотли бошқа мутахассисликка (иқтисодчи, молиячи, муҳандислар ва бошқалар) эга шахслар ҳам тайинланади.

Юридик маълумотга эга бўлмаган шахсларни давлат ижрочиси лавозимига хизматга қабул қилиш, алоҳида ҳолларда Бюро директорининг ёзма рухсати ва Бюронинг марказий аппаратида тузилган махсус комиссиянинг номзодни давлат ижрочиси хизмат вазифаларини бажаришга малакаси, касб маҳорати ва иш тажрибаси мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси асосида рухсат этилади.

Ушбу банднинг учинчи хатбошисида белгиланган тартиб тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув ва маъмурий амалиёт фаолияти билан шуғулланадиган Бюро тузилмаларида хизматни ўташ учун номзодларга ҳам татбиқ этилади.

Бюро органларида лавозимларни (шу жумладан раҳбар лавозимларни) эгаллаш учун мутахассислик, маълумот даражаси ва минимал иш тажрибага қўйиладиган талаблар Бюро директори томонидан тасдиқланади.

7. Бюрога хизматга қабул қилиш, таркиби Бюро директори томонидан тасдиқланадиган конкурс комиссияси томонидан номзодларнинг ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиш, шу жумладан билим даражаси, зарур касб малакаси ва ишчанлик қобилиятини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган конкурс асосида амалга оширилади.

Бюрога хизматга қабул қилишда зиммаларига юкланадиган хизмат вазифаларини бажаришга соғлиғи имкон беришини аниқлаш мақсадида номзодлар мажбурий тартибда тиббий кўрикдан ўтказилади.

8. Ходимларни хизматга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш Бош прокурор, Бюро директори ёки Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) бошлиқларининг буйруқлари билан расмийлаштирилади.

Хизматга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ ходимга имзо қўйдириб эълон қилинади.


9. Агар шахс:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;

суднинг қарори билан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган бўлса;

судланган бўлса;

ножўя хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суд ёки бошқа давлат органларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан бўшатилган шахслар бўлса, Бюрога хизматга қабул қилиниши мумкин эмас.

Бюрога хизматга қабул қилинганда ходимлар ўз хизмат даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб турадилар.

10. Ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган Бюро ходимларининг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, биргаликда хизмат қилишлари тақиқланади.

11. Ходимлар илмий, педагогик ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган фаолиятнинг бирор-бир тури билан шуғулланиши мумкин эмас. Улар бундай фаолият билан фақат асосий иш вақтидан бўш пайтда шуғулланишлари мумкин.


12. Ходимларнинг лавозимлари рўйхати Бюро директори томонидан тасдиқланадиган штат жадвали билан белгиланади.

Бюро фаолиятининг ички тизимини ташкил этиш тегишлича Бюро директори томонидан тасдиқланадиган Регламент ҳамда ҳудудий бошқармаларнинг Намунавий регламенти билан белгиланади.

13. Ходим биринчи маротаба хизматга қабул қилинаётганда прокуратура ходимларининг қасамёдини қабул қилади. Қасамёд Бюронинг раҳбарлари ҳозирлигида тантанали вазиятда қабул қилинади.

Қасамёд якка тартибда қабул қилинади. Қасамёд қабул қилувчи шахс қасамёд матнини овоз чиқариб ўқийди ва унга имзо чекади.

Имзоланган қасамёд матни варағи ходимнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдида сақланади.


13-1. Давлат ижрочиси лавозимига илк бор ёки давлат ижрочиси мақомидаги бошқа лавозимга (бош давлат ижрочиси ёки унинг ўринбосари лавозими бундан мустасно) тайинланаётган шахс (Бюро органларида фаолият юритаётган ходимлар бундан мустасно) ишлашига Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида махсус ўқув курсини ўтаганидан кейин рухсат берилади.

14. Ходимлар хизматни ўташ даврида Бош прокурор томонидан тасдиқланадиган прокуратура органлари ходимларининг касб одобномасига риоя қилишлари шарт.

Прокуратура органлари ходимларининг касб одобномаси талабларини бузиш белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради. Мазкур қоидалар бузилишининг ҳар бир ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказилади.

Хизмат текширувни ўтказиш даврида Бюро ходими вақтинчалик, лекин бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиниши мумкин.

Хизмат текширувини ўтказиш ва Бюро ходимини вақтинчалик хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиш тартиби Бош прокурор томонидан белгиланади.

15. Ходимларининг хизмат поғоналарида юқорилаб бориши уларнинг ишчанлик, профессионал ва шахсий сифатлари, топширилган соҳада эришган натижаларига мувофиқ равишда амалга оширилади. Бунда ходимнинг юқори лавозимга тайинланишга розилиги талаб қилинмайди.


16. Коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликларнинг профилактикаси ва уларга йўл қўймаслик, ходимнинг шахсий ва ишчанлик фазилатларини, унинг фаолияти самарадорлигини мунтазам ўрганиш, шунингдек Бюро фаолиятининг турли йўналишларида малака ва иш тажрибасига эга бўлган кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ходимларнинг ротацияси ўтказилади.

Бюро ходимларининг ротацияси, қоида тариқасида, эгаллаб турган лавозимида уч йил ўтиши билан ўтказилади.

Ходимларни ротация қилиш тартиби Бош прокурор томонидан белгиланади.

17. Бюро ходимларига Бюро директори томонидан белгиланган шаклда ва тартибда хизмат гувоҳномалари берилади.

Бюро директори хизмат гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Президенти имзоси қўйилган ҳолда берилади.

Гувоҳнома Бюро ходимининг айби билан йўқотилиши лавозимдаги ножўя хатти-ҳаракат ҳисобланади ва интизомий жавобгарликни келтириб чиқаради. Гувоҳнома йўқотилишининг ҳар бир ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказилади.

18. Ходимларни эгаллаб турган лавозимларига хизмат бўйича мувофиқлигини аниқлаш мақсадида Бюро директори томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда аттестация ўтказилади.

Лавозимига Бош прокурорнинг буйруқлари билан тайинланадиган ходимлар Бош прокуратуранинг аттестация комиссияси томонидан, лавозимига Бюро директори, Бюронинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг буйруқлари билан тайинланадиган ходимлар эса - тегишлича Бюро ва унинг ҳудудий бошқармаларининг аттестация комиссиялари томонидан аттестациядан ўтказилади.

19.

Даражали унвонга эга бўлган ходимлар хизмат вазифаларини бажариш даврида прокуратура органлари ходимлари учун тасдиқланган намунадаги алоҳида белгили хизмат кийими кийиб юрадилар.

Даражали унвонга эга бўлган ходимлар бепул хизмат кийими билан таъминланади.

Ходимларнинг хизмат кийимини кийиб юриш тартиби Бош прокурор томонидан белгиланади.

Даражали унвонларга эга бўлиб, пенсияга чиқиши муносабати билан хизматдан бўшаган ходимлар, шунингдек прокуратура органларининг амалдаги кадрлар резервига олинган ва ҳисобида турган ходимлар ўтказиладиган тантаналар ва расмий тадбирларда алоҳида белгили хизмат кийимини кийиб юриш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Хизмат кийими билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



3-БОБ. ДАРАЖАЛИ УНВОНЛАРНИ

БЕРИШ ВА МАҲРУМ ҚИЛИШ


20. Даражали унвонлар бериш ходимларнинг ишчанлик ва шахсий фазилатларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда эгаллаб турган лавозими ва иш стажига мувофиқ изчил тартибда амалга оширилади.


21. Ходимларга қуйидаги даражали унвонлар берилади:

3-даражали юрист;

2-даражали юрист;

1-даражали юрист;

адлия кичик маслаҳатчиси;

адлия маслаҳатчиси;

адлия катта маслаҳатчиси;

3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси;

2-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси;

Ўрта махсус маълумотга эга ходимларга 3, 2 ва 1-даражали юрист даражали унвонлари берилади.


22. Ходимларга эгаллаб турган лавозимига мутаносиб равишда қуйидаги даражали унвонлар берилади:

2-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси - Бюро директори;

3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси - Бюро директори ўринбосарлари;

адлия катта маслаҳатчиси - Бюро марказий аппарати бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Бюронинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази директори (кейинги ўринларда - Марказ), Бюронинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари;

адлия маслаҳатчиси - Бюро директори ёрдамчиси, бошқарма ва бўлим бошлиқлари ўринбосарлари, Бюронинг марказий аппарати бош суриштирувчиси, бош тафтишчиси, бош инспекторлари, Марказ директори ўринбосари, бўлим бошлиқлари, Бюронинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ўринбосарлари, Бюро ҳудудий бошқармаларининг бўлим бошлиқлари, жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспекторлари, ички хавфсизликни таъминлаш шўъбаси катта инспекторлари, Бюро туман (шаҳар) ва туманлараро бўлим бошлиқлари - катта давлат ижрочилари;

адлия кичик маслаҳатчиси - Бюро марказий аппарати катта суриштирувчилари, катта инспекторлари, Марказ дастурчилари, маъмурлари, муҳандислари, шўъба мудирлари, ахборот технологиялари мутахассиси, Бюро ҳудудий бошқармаларининг катта суриштирувчилари, суриштирувчилари, катта инспекторлари, инспекторлари, бош тафтишчилари, катта тафтишчилари, ахборот технологиялари мутахассислари, туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари ўринбосарлари;

1 ва 2-даражали юрист - Бюро туман (шаҳар) бўлимлари давлат ижрочилари, суриштирувчилари, қидирув бўйича катта инспекторлари, мурожаатлар билан ишлаш катта инспекторлари;

3-даражали юрист - биринчи марта аттестациядан ўтган ва лавозимга тайинланган ходимларга берилади.

Ушбу Низомнинг 67-бандида санаб ўтилган ходимларга лавозимидан қатъи назар, даражали унвонлар ўз вақтида берилади.

23. Ҳар бир даражали унвонда бўлишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

3-даражали юрист - 2 йил;

2-даражали юрист - 2 йил 6 ой;

1-даражали юрист - 3 йил;

адлия кичик маслаҳатчиси - 3 йил;

адлия маслаҳатчиси - 3 йил 6 ой;

2 ва 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси ҳамда адлия катта маслаҳатчиси даражали унвонларда бўлишнинг муддатлари белгиланмайди.


24. 2 ва 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси даражали унвонлари Бош прокурорнинг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.

Бошқа даражали унвонлар Бюро директорининг тақдимномасига асосан Бош прокурор томонидан берилади.

3-даражали юрист унвони биринчи марта Бюрога хизматга қабул қилинган ва даражали унвонга эга бўлмаган ходимларга аттестациядан ўтганидан сўнг берилади.

25. Навбатдаги адлия катта маслаҳатчиси даражали унвони, қоидага кўра, прокуратура органлари ва бошқа давлат органларининг ўқув муассасаларини раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада турувчи кадрларни касбий қайта тайёрлаш дастури бўйича ёки магистратурасини муваффақиятли тамомлаган ходимларига берилади.

Адлия катта маслаҳатчисининг даражали унвони, истисно тариқасида фидокорона меҳнати ва намуна кўрсатган ходимларига алоҳида хизматлари учун ҳам берилиши мумкин.


26. Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ва ўзга ташкилотлардан Бюрога хизматга ўтган ходимларга даражали унвонлар уларнинг Бюрода тайинланган лавозими, олдинги даражали унвони ёки иш тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда берилади, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Уларга навбатдаги даражали унвон ушбу Низомда назарда тутилган тартибда берилади.


27. Бош прокурор, истисно тариқасида, қуйидаги ҳуқуқларга эга:

алоҳида ҳолларда ходимларига хизмат мажбуриятларини намунали бажарганлиги учун навбатдаги даражали унвонларни белгиланган муддатидан аввал бериш;

юқорироқ лавозимга тайинлаганда даражали унвонни навбатдан ташқари, лекин ходим эгаллаб турган даражали унвондан кўпи билан икки поғона юқори даражали унвон бериш.

ушбу Низомда белгиланган тартибда даражали унвонлар берилиши назарда тутилмаган лавозимларда ишлаётган ходимларга ишда ўрнак кўрсатганлиги учун даражали унвонлар бериш.


28. Даражали унвонлар берилган ходимлар мазкур унвонга умрбод эга бўлиб қоладилар. Ходим ўзини бадном қиладиган қилмиши учун Бюродан бўшатилганда даражали унвондан маҳрум этилиши мумкин. Ходим ўз хизмат бурчини қўпол равишда бузган тақдирда ёки нолойиқ хулқ-атвори учун унинг унвони пасайтирилиши мумкин.

29. Ходимларни олий даражали унвонлардан маҳрум этиш ёки уларнинг олий даражали унвонларини пасайтириш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, бошқа даражали унвонлардан маҳрум этиш ёки унвонни пасайтириш Бош прокурор томонидан амалга оширилади.

Ходимларни даражали унвонлардан маҳрум этиш суднинг ҳукми бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.


30. Даражали унвонларга эга бўлган ходимларга лавозим маошларига ойлик қўшимча ҳақ тўланади.



4-БОБ. РАҒБАТЛАНТИРИШ


31. Ходимлар хизматдаги ташаббускорлиги, тезкорлиги, хизмат вазифаларини виждонан ва намунали бажарганликлари учун рағбатлантириладилар.


32. Рағбатлантиришнинг қуйидаги турлари мавжуд:

ташаккурнома;

пул мукофоти;

илгари берилган интизомий жазони амал қилиш муддати тугашидан аввал олиб ташлаш;

фахрий ёрлиқ;

совға;

қимматбаҳо совға;

навбатдан ташқари даражали унвон ёки навбатдаги даражали унвонни белгиланган муддат тугагунга қадар ёхуд эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, бериш;

I, II, III-даражали "A`lo xizmatlari uchun" кўкрак нишони билан тақдирлаш;

"Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг Фахрий ходими" кўкрак нишони билан тақдирлаш.

Ходимлар, шунингдек:

Бош прокурор ҳамда давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фахрий ёрлиғи;

тегишлича Бош прокурор, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан прокуратура органлари ходимлари учун назарда тутилган рағбатлантириш турлари билан рағбатлантирилиши мумкин.

Ходимлар алоҳида хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.

Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди.


33. Интизомий жазоси бўлган ходимлар фақат берилган интизомий жазони олиб ташлаш тариқасида рағбатлантирилишлари мумкин.


34. Рағбатлантириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ташаккурнома эълон қилиш, пул мукофоти ёки совға билан тақдирлаш, муқаддам берилган интизомий жазони амал қилиш муддатидан аввал олиб ташлаш тегишлича Бош прокурор, Бюро директори, Бюронинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари томонидан амалга оширилади;

қимматбаҳо совға, Фахрий ёрлиқ билан тақдирлаш, навбатдан ташқари даражали унвон ёки навбатдаги даражали унвонни белгиланган муддатдан олдин ёхуд эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар бериш, "Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг Фахрий ходими", I, II, III даражали "Alo xizmatlari uchun" кўкрак нишони, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳамда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотлаш Бош прокурор томонидан амалга оширилади.


35. Рағбатлантириш ҳақида буйруқ чиқарилиб, ходим ишлаётган Бюро тузилмаси ходимларига эълон қилинади, зарур ҳолларда эса барча ходимлар эътиборига етказилади.

Рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқ нусхаси ходимнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдига қўшилади.


35-1. Бюро директори истисно тариқасида, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ходимларини рағбатлантириш ҳуқуқига эга.


5-БОБ. ИНТИЗОМИЙ ЖАЗОЛАР


36. Ходимларга нисбатан интизомий жазолар ўз хизмат вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, Бюро ходими деган номга доғ туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун қўлланилади.

37. Қуйидагилар интизомий жазолар ҳисобланади:

ҳайфсан;

ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдордаги жарима;

лавозимда пасайтириш;

даражали унвонни бир поғонага пасайтириш;

хизмат вазифаларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги учун хизматдан бўшатиш.

Қуйидагилар хизмат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳисобланади:

узрли сабабларсиз прогул қилиш (шу жумладан, иш куни мобайнида уч соатдан ортиқ хизматда бўлмаслик);

хизматга маст ҳолда келиш, шунингдек иш жойида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш;

жиноий жазоланадиган қилмиш ёки ножўя хатти-ҳаракат содир этиш;

қасамёдни бузиш.


38. Бош прокурор барча интизомий жазо турларини қўллашга ҳақлидир, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган даражали унвонларда пасайтириш бундан мустасно.

Бюро директори, Бюронинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари бўйсунувидаги ходимларга нисбатан ҳайфсан ва жарима шаклидаги интизомий жазоларни қўллашлари мумкин. Бундан ташқари, улар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлардаги келишиш тартибига риоя қилган ҳолда хизматга қабул қилиш ва лавозимига тайинлаш ўз ваколатига кирувчи ходимларнинг лавозимини пасайтириши ёхуд хизматдан бўшатиши мумкин.

39. Интизомий жазо қўллаш масаласини ҳал этаётган раҳбар содир этилган хатти-ҳаракатни шахсан ўзи ўрганиб чиқиши шарт. Зарур ҳолларда, хизмат текшируви ўтказилиши мумкин.

Интизомий жазо қўллашдан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиб олиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.

Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо қўлланиши мумкин.

Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмаган ҳолда узоғи билан бир ой ичида қўлланилади.

Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтганидан, хизмат текшируви натижасида аниқланганда эса, - содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтганидан кейин жазо қўллаб бўлмайди. Жиноят иши бўйича ўтказилган дастлабки тергов ва суд даври бу муддатга кирмайди.

Интизомий жазо буйруқ билан берилади ва у ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади ҳамда унинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади. Интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ тегишли тузилма ходимларига, зарур ҳолларда эса Бюронинг барча ходимларига ҳам эълон қилиниши мумкин.

Бош прокурор томонидан лавозимга тайинланган ходим интизомий жавобгарликка тортилган ҳолларда, интизомий жазо қўллаш ҳақидаги буйруқ нусхаси Бош прокуратурага юборилади.


40. Бош прокурор, шунингдек, ўз ваколати доирасида Бюро директори интизомий жазони бекор қилиш, қаттиқроқ интизомий жазо қўллаш ёки уни енгиллаштириш ҳуқуқига эгадирлар. Агар интизомий жазо сифатида хизматдан асоссиз бўшатиш қўлланилган бўлса, Бош прокурор ёки Бюро директори хизматдан бўшатишни асоссиз деб топиб, ходимни илгариги лавозимига тиклаш ёки унга тенг бошқа лавозимга тайинлаш ва мажбурий прогул вақти учун, бироқ кўпи билан бир йилдан ортиқ бўлмаган даврга ҳақ тўланиши тўғрисида буйруқ чиқарадилар.

41. Ходим интизомий жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йил мобайнида қайта интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади.

Қўлланилган интизомий жазо бу ҳақдаги буйруқ қабул қилинган кундан камида олти ой ўтгач, ушбу жазони қўллаган раҳбар, Бюро директори ёки Бош прокурор томонидан, ходим ўз хизмат вазифасини виждонан бажариб, хизматда ўрнак кўрсатса, муддатидан илгари олиб ташланиши мумкин.

42. Интизомий жазо мавжудлиги ходимнинг лавозим бўйича юқори кўтарилишига ёки унга даражали унвон берилишига, шунингдек, раҳбарлик лавозимлари учун захирага киритилишига (бўлишига) тўсқинлик қилувчи ҳолат ҳисобланади.


43. Интизомий жазони қўллаш борасида ваколат доирасидан четга чиққан ёки лозим бўлган ҳолларда жазо қўлламаган Бюро директори ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

44. Ходим қўлланилган интизомий жазо устидан Бош прокурорга ёки Бюро директорига буйруқ эълон қилингандан кейин икки ҳафталик муддатда шикоят қилиши мумкин.

Шикоят келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда, қўшимча текширув ўтказиш зарур бўлган ҳолларда эса бир ойдан кечикмай кўриб чиқилади.

Шикоят билан мурожаат қилиниши интизомий жазо ижросини тўхтатиб қўймайди.


44-1. Бюро директори ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари қўлланилиши асослилиги ва қонунийлиги устидан назоратни амалга оширади ҳамда асосланмаган ва ноқонуний буйруқларни бекор қилиш чораларини кўради.

45. Ходимлар давлат ҳимоясида бўлади.

Хизмат вазифасини бажариш вақтида ходимни ушлаб туришга, шахсий тинтув ўтказишга, унинг нарсаларини ва фойдаланаётган транспортини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ходимларга, шунингдек хизматдан бўшатилган шахсларга нисбатан уларнинг Бюрода хизмат вазифаларини бажариш жараёнида содир этган қилмишлари учун жиноят иши қўзғатиш масаласи Бош прокурор, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан ваколатлари доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


6-БОБ. КАДРЛАР ЗАХИРАСИ

46. Бюрода кадрлар захираси шакллантирилади.

Кадрлар захирасини шакллантиришдан асосий мақсад Бюрога зарур касбий фазилатларга эга бўлган шахсларнинг хизматга қабул қилиниши, раҳбарлик лавозимларига юклатилган вазифаларни профессионал ва самарали амалга ошириш учун бошқарувчилик қобилиятига эга ходимлар тақдим этилишини таъминлаш, шунингдек уларни тарбиялаш, ўқитиш ва жой-жойига қўйишдан иборат.

Кадрлар захирасини шакллантириш ва у билан ишлаш коллегиаллик ва холислик тамойилларига асосан амалга оширилади.


47. Қуйидагилар кадрлар захирасини шакллантириш ва у билан ишлаш фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади:

Бюрога ушбу Низом билан белгиланган талабларга жавоб берадиган шахсларни хизматга қабул қилиш;

ходимларнинг назарий билимлари, амалий ва ахборот-таҳлил кўникмаларини юксалтириш, ишчанлик ва профессионал сифатларини такомиллаштириш, уларни юридик, молия, иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, техникавий таълим, тезкор-қидирув фаолияти ва ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий ютуқлари билан таништириш;

юқори лавозимлар учун масъулиятли, малакали ҳамда касбий тайёргарликка эга ходимларни танлаб олиш ва уларни кадрлар захирасига киритиш;

кадрлар захирасига киритилган ходимларни қайта тайёрлаш ва тарбиялаш, шунингдек уларда бошқарувчилик қобилиятларини шакллантириш;

ходимларнинг хизмат поғоналарида юқорилаб боришини тизимли режалаштириш ва ташкил этиш.

Бюро тизимидаги юқори лавозимларга, қоида тариқасида, кадрлар захирасида турган ходимлар тайинланади.

48. Раҳбар кадрлар захирасига киритиш учун мезон бўлиб, Бюро тизимидаги раҳбарлик лавозимларида юклатилган вазифаларни бажара олиш учун зарур кўникма ва сифатларга эгалиги ҳисобланади.

Бунда Бюро директори ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, шунингдек Бюронинг марказий аппарати таркибий тармоқлари раҳбарлари лавозимлари учун кадрлар захирасига юклатилган хизмат вазифаларини виждонан бажараётган, кенг дунёқарашга, назарий билимга, ижобий шахсий ва ишчанлик сифатларига, турли лавозимларда амалий иш тажрибасига, ташкилий-таҳлилий қобилиятга, қатъиятлилик, принципиаллик ва масъуллик ҳиссига эга ходимлар киритилади.

49. Кадрлар захирасига номзодлар Бюро директори, унинг ўринбосарлари, Бюро марказий аппарати таркибий тармоқлари раҳбарлари ва ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, шунингдек прокуратура органлари, Бюро аттестация комиссиялари томонидан тақдим этилади.

Масъулиятли, малакали ва тажрибали ходимларнинг хизмат поғонасида юқорилаб боришини таъминлаш мақсадида Бюронинг кадрлар бошқармаси томонидан ички хавфсизликни таъминлаш бошқармалари ва Бюронинг бошқа тузилмалари билан биргаликда кадрлар захирасига номзодларни холисона танлаш, уларни ўрганиш ҳамда касбга тизимли равишда тайёрлаш амалга оширилади.

50. Кадрлар захираси билан ишлаш тизимли асосда, мавжуд вакансиялардан қатъи назар, олиб борилади. Раҳбарлик лавозимларига захира таркиби йилига камида бир маротаба шакллантирилади.

Бюро ва унинг ҳудудий бошқармаларининг раҳбар лавозимларига кадрлар захираси тегишлича Бюро ва унинг ҳудудий бошқармаларининг ҳайъатларида тасдиқланади.

51. Кадрлар захирасини шакллантиришга масъул бўлган шахслар кадрлар захирасига номзодларни тақдим этиш бўйича ишларнинг тўғри ташкиллаштирилиши ва унинг холисона шакллантирилиши учун тўлиқ жавобгардирлар.


52. Кадрлар захирасини шакллантириш ва у билан ишлаш ушбу Низом ва Бош прокурорнинг буйруқларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



7-БОБ. ХОДИМЛАРНИНГ МОДДИЙ

ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ


53. Хизмат вазифаларини бажаришда Бюро ходимлари хизмат, шу жумладан махсус автотранспорт ҳамда махсус воситалар билан таъминланадилар.

Хизмат, шу жумладан, махсус автотранспорт ва махсус воситалар билан таъминлаш меъёрлари Бош прокурор томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


54. Ходимларнинг пул таъминоти мансаб маоши, даражали унвон учун ҳар ойлик қўшимча тўловлар, кўп йиллик хизмат учун тўланадиган устамалардан ҳамда қонунчилик ва идоравий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.

Кўп йиллик хизмати учун устамани ҳисоблаш ҳуқуқини берувчи махсус стаж Бош прокурорнинг буйруғи билан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг даражали унвонга эга бўлган ходимларга кўп йиллик хизмати учун устамалар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилади.


55. Бюро ходимларини моддий рағбатлантириш бюджетдан ажратиладиган маблағлар, Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан Бош прокурор томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

56. Ходимларга давомийлиги ўттиз календарь кундан иборат ҳақ тўланадиган йиллик таътил берилади. Ўн йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимларга давомийлиги беш календарь кун, ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганларга давомийлиги ўн календарь кун, йигирма йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганларга эса давомийлиги ўн беш календарь кун ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Ходимларни навбатдаги йиллик таътилдан чақириб олишга хизмат бўйича ўта зарур ҳолларда ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми кейинги вақтга ўтказилади.

Ходимлар сони ёки штати қисқарганлиги муносабати билан (ташкилий-штат тадбирлари), касаллиги туфайли ёки пенсияга чиқиши сабабли ишдан бўшатилган ходимларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳақ тўланадиган навбатдаги йиллик меҳнат таътили берилади, ундан фойдаланилмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ пуллик компенсация тўланади.

Хизмат ўташни тугатган ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.


57. Ходимларга оилавий шароит, шунингдек, бошқа узрли сабабларга кўра иш ҳақи сақланмаган ҳолда, навбатдаги йиллик таътил ҳисобига кирмайдиган, қисқа муддатли таътил берилиши мумкин.


58. Яшаш шароитини яхшилашга муҳтож бўлган ходимларга белгиланган тартибда ижтимоий-моддий ёрдам берилади.


59. Ходимларнинг пенсия таъминоти қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.


60. Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, пенсияга чиқиши муносабати билан хизматдан бўшатилган ходимлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тиббий муассасаларида тиббий хизматдан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.


61. Ходимлар хизмат сафарларига юборилганида барча турдаги транспорт воситаларига йўл чипталари ҳамда меҳмонхонада жойларни банд қилиш ва навбатсиз олиш ҳуқуқидан фойдаланадилар.


62. Ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғининг мажбурий давлат суғуртаси, белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



8-БОБ. ХИЗМАТ ЎТАШНИ ТУГАТИШ

63. Бюрода хизматни ўташ ходим ишдан бўшатилганда тугатилади.

Хизматни ўташ:

Бош прокурор, Бюро директори ва ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг ташаббуси билан;

ходимнинг ташаббуси билан;

тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолларда тугатилади.

Бош прокурор, Бюро директори ва ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг ташаббуси билан хизмат ўташни тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

хизматни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар (штатлар) сонининг қисқариши ёки хизмат хусусиятининг ўзгариши;

ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли;

ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини мунтазам равишда бузилиши. Хизмат вазифаларини мунтазам равишда бузиш деб ходим илгари содир этган хизмат вазифаларининг бузганлиги учун интизомий жазога тортилган кундан эътиборан бир йил мобайнида интизомий қоидабузарликни такроран содир этиши ҳисобланади (агар жазо муддатидан илгари олиб ташланган бўлмаса);

ходим томонидан хизмат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузиш;

ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган фаолиятни ходимга огоҳлантириш қилинганидан кейин ҳам давом эттириши;

ходимнинг Бюрода хизматда бўлишининг энг юқори ёшига етиши;

ходимнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши;

ходимнинг шаъни ва обрўсига путур етказувчи номуносиб ёхуд ножўя хатти-ҳаракат содир этиши.

Хизматни ўташни тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилинишига қуйидагилар асос бўлади:

ходимнинг бошқа ишга, шу жумладан сайлаб қўйиладиган лавозимга ўтиши;

ходим ҳарбий хизматга чақирилиши;

шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг хизматга тикланиши;

ходимнинг вафот этиши, уни бедарак йўқолган деб топилиши ёки вафот этган деб эълон қилиниши;

қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатлар.


64. Ходимларнинг хизматда бўлиш ёшининг чегараси эркаклар учун 60 ва аёллар учун 55 ёш этиб белгиланади.

Хизматда бўлиш ёшининг чегарасига етган, юқори касбий тайёргарлик ва эгаллаб турган лавозимида катта амалий иш тажрибасига эга, зиммасига юкланадиган хизмат вазифаларини бажаришга соғлиғи имкон берадиган ходим ўз ваколатлари доирасида Бош прокурор ёки Бюро директорининг розилиги билан Бюрода хизматни давом эттириши мумкин.

65. Ходим эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганда охирги хизмат жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда кадрлар тармоқлари ихтиёрида қолади. Уни келгусида лавозимга тайинлаш ёки бўшатиш масаласи, эгаллаб турган лавозимдан озод қилиш ҳақидаги буйруқ чиқарилган вақтдан бошлаб бир ойдан кеч бўлмаган муддат ичида ҳал этилиши лозим (ходимнинг меҳнатга вақтинча қобилиятсизлик даври бу муддатга кирмайди).


66. Пенсияга чиққан ходимларга Бош прокурор томонидан белгиланадиган шакл бўйича пенсия гувоҳномаси берилади.

67. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланган (тайинланган) ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимга тайинлаш ёки тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ёки тақдимномасига асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ўтган ёхуд Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, раис ўринбосари, вилоят, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокими ёки ҳоким ўринбосари лавозимига тайинланган ва тасдиқланган ходим Бош прокурорнинг буйруғи билан прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилиши мумкин.

Алоҳида ҳолларда, бошқа ишга ўтган ходим Бош прокуратуранинг аттестация комиссияси таклифига асосан Бош прокурор томонидан прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилиши мумкин.

Ходимнинг ушбу бандда кўрсатилган фаолият муддати навбатдаги даражали унвонни бериш ҳуқуқини берувчи, кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устамани тўлаш, пуллик таъминот окладини белгилаш ёки пенсия тайинлаш учун Бюродаги хизмат стажига қўшилади.

68. Ушбу Низомнинг 67-бандида кўрсатилган прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимлар, улар сайланган ёки тайинланган органлардаги меҳнат шароитларини ҳисобга олган ҳолда, Бюро ходимлари учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий муҳофаза қилиш чораларидан фойдаланадилар.

Ушбу Низомнинг 67-бандида кўрсатилган прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимларга ушбу Низомнинг 3-бобида белгиланган тартибда даражали унвонлар, шунингдек Бош прокурор томонидан белгиланган шаклда прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захираси ходими гувоҳномаси берилади.

Солиқ ва молиявий имтиёзлар, шунингдек, бошқа моддий афзалликларнинг қўлланилиши Бюро ходими сайланган ёки тайинланган орган томонидан унда амалда бўлган лавозим бўйича маоши ва бошқа тўловлар миқдори сақланган ҳолда амалга оширилади.

Шу билан бирга, бундай ходимларга даражали унвонлари, кўп йиллик хизмат стажи ҳамда Бюро ходимлари учун белгиланган меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳисобланадиган ўртача ойлик устамалар тўланади.

69. Амалдаги кадрлар захирасига ўтказилган хизмат ўташни тугатган ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари бевосита Бюрода хизмат ўташни тугатган шахслар ва уларнинг оила аъзолари каби ҳуқуқлар, имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланадилар.


69-1. Ушбу Низомнинг 67-69-бандларининг амал қилиши ходимларга улар прокуратура органларининг амалдаги кадрлар захирасига киритилган пайтдан бошлаб татбиқ этилади.

70. Амалдаги кадрлар захирасига киритилган ва унда бўлган ходимларга уларнинг бошқа давлат органларидаги ваколат муддатлари тугаганидан сўнг, муқаддам Бюрода эгаллаган ёки унга тенг лавозим берилиши кафолатлари таъминланади, ходимнинг эгаллаб турган лавозимига нолойиқлиги ёки соғлиғи ҳолатига ёхуд меҳнат (хизмат) мажбуриятларини бажармаганлиги учун меҳнат фаолияти тугатилган ҳоллар бундан мустасно.

71. Бюронинг ва Инспекциянинг ишдан ноқонуний бўшатилган, бошқа лавозимга ўтказилган, даражали унвондан маҳрум этилган ходимлари муқаддам эгаллаган лавозимига ва даражали унвонида қайта тикланади ёки бошқа тенг лавозимга тайинланади.

72. Бюро ва унинг ходимлари ўртасидаги меҳнат низолари Бош прокурор ва Бюро директори томонидан кўриб чиқилиши мумкин.





Низомга

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

Мажбурий ижро бюросининг даражали унвонларга эга

бўлган ходимлари мансаб маошларига алоҳида меҳнат

шароитлари учун ҳар ойлик устамалар

МИҚДОРЛАРИ

      

Бўлинмаларнинг номланиши

Мансаб маошига устамаларнинг миқдори (фоизларда)

Марказий аппарат

50

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқармалари

50

Туман (шаҳар) ва туманлараро бўлимлари

50

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 5 июнь, 22-сон, 425-модда































Время: 0.1819
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск