язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.06.2017 й. ПҚ-3031-сон "Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.06.2017 й.

N ПҚ-3031



ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА ОММАВИЙ

СПОРТНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА*


Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она-Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Юртимиз вакилларининг Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари ва чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришаётгани, дунёда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ва спорт салоҳияти янада ошаётгани, республикамиз ҳудудларида жаҳон андозаларига мос муҳташам спорт иншоотлари барпо этилаётгани, ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида уч босқичдан иборат "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада спорт ўйинлари оммалашиб бораётгани, айниқса, эътиборлидир.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканини тарғиб-ташвиқ қилиш, ҳаётга катта умид билан кириб келаётган ёшларни зарарли одатлардан асраш, уларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида муҳим ва долзарб вазифалар турибди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, мамлакатимизда бу борада яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш натижадорлигини ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар Дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ташкил этиш ва бошқариш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган қонунчиликни янада такомиллаштириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт комплексларини қуриш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда спорт мактабларини юқори малакали мураббийлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш;

таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этиш, комплекс спорт мусобақаларини ўтказиш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва уларни мақсадли тайёрлаш;

оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғининг имкониятларидан фаол фойдаланган ҳолда, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, Дастурнинг мазмун-моҳияти ҳамда уни амалга ошириш жараёни тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш.


2. Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури бажарилишини мувофиқлаштирувчи республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика комиссияси (А.Н. Арипов) вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Дастурда назарда тутилган барча чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилиши юзасидан масъул вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарларда Дастур ижросини таъминлаш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилишини таъминлаш;

икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ҳокимликлари томонидан ушбу қарор ва дастурдан келиб чиққан ҳолда, ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилишини таъминлаш;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига киритилган барча спорт турлари бўйича тегишли республика ва ҳудудий спорт федерацияларига (уюшмаларига) бириктириладиган ҳомий ташкилотларнинг амалий ёрдам бериш бўйича таклифлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир барча масалалар ҳал этилишини таъминлаш;

икки ой муддатда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, уларни мақсадли тайёрлаш ишларини тизимли ташкиллаштириш ва назорат қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Республика комиссияси томонидан амалга оширилган ишларнинг натижалари мунтазам равишда ҳукуматнинг ярим йиллик мажлисларида муҳокама қилиб борилсин.


3. Дастурнинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, жамғармалар, спорт федерациялари (уюшмалари), клублари, хорижий инвесторлар, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари аҳоли, ўқувчи ва талабаларни спорт мусобақаларига, республика спорт тадбирларига юбориш учун маблағлар Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутилган маблағлар доирасида асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ажратилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

спорт иншоотларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин;

Дастурни амалга ошириш доирасида бажариладиган лойиҳавий ва қурилиш-монтаж ишлари сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин ҳамда буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан тузилган шартномалар шартлари бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб борсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан билдирилган ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида спорт тиббиёти бўлимларини ташкил этиш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисидаги таклифлар маъқуллансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига:

Дастур ва унинг асосида ишлаб чиқилган ҳудудий дастурларда белгиланган барча чора-тадбирлар ижроси ўз муддатида сифатли амалга оширилиши юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ҳудудий ишчи гуруҳларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиш;

Ўзбекистон терма жамоалари спортчиларининг ўқув-машғулот йиғинлари, жаҳон биринчиликлари, Осиё ўйинлари ва чемпионатлари, халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишларини таъминлаш мақсадида мусобақалар якунларида эришилган натижаларни чуқур таҳлил қилиш ва тизимли мониторингини олиб бориш;

ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, жисмоний тарбия ва спортга ихтисослашган спорт мактабларига, таълим муассасалари ва спорт клубларига иқтидорли спортчиларни қабул қилиш жараёнларининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш юзасидан доимий равишда таъсирчан чоралар кўриш ҳамда ҳар чорак якунлари бўйича қўмитанинг мажлисларида танқидий-таҳлилий муҳокамадан ўтказиш вазифалари юклансин.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

спорт иншоотлари йил давомида узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш, улардан самарали фойдаланиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, эҳтиёжга кўра спорт иншоотларини муқобил энергия манбалари билан жиҳозлаш чораларини кўрсин;

тегишли ҳудудда спорт федерацияларига (уюшмаларига) бириктириладиган ҳомий ташкилотларнинг амалий ёрдам бериш турлари (бино ва иншоотлардан бепул фойдаланиш, маблағлар ҳамда спорт анжомлари билан таъминлаш ва ҳ.к.) бўйича таклифлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир барча масалалар ҳал этилишини таъминласин;

спорт таълим муассасалари ва мажмуалари ихтиёридаги ер майдонларини (очиқ ва ёпиқ турдаги спорт иншоотларини) тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида амалга оширилишига қатъий риоя қилинсин.


9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Дастурнинг мазмун-моҳияти ҳамда унинг доирасида ташкиллаштириладиган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, интернет тармоғи орқали аҳоли орасида мунтазам ва кенг ёритилишини таъминласин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                       Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 3 июндаги

ПҚ-3031-сон қарорига

2-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия

ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури

бажарилишини мувофиқлаштирувчи республика комиссияси

ТАРКИБИ

1. Арипов А.Н.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Республика комиссияси раҳбари

  

2. Абдувахитов А.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Комиссия раҳбарининг ўринбосари

3. Раматов А.Ж.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси, Комиссия раҳбарининг ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси

  

4. Абдухакимов А.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Комиссия раҳбарининг ўринбосари

  

5. Султанов Ш.Ф.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бош консультанти

  

6. Исроилов Ш.Х.

-

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири

  

7. Ахмаджанов У.М.

-

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти

  

8. Усмонов М.З.

-

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси фахрий президенти

  

9. Сафоев С.С.

-

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон регби федерацияси раиси

  

10. Мирзаев З.Т.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон эшкак эшиш федерацияси раиси

  

11. Холмуродов С.Р.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари- Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси

  

12. Отажонов Н.С.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари

  

13. Нарбаева Т.К.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси

  

14. Иноятов Р.Р.

-

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон теннис федерацияси раиси

  

15. Куранбаев К.К.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари - Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси

  

16. Муродов О.Б.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон кураш федерацияси раиси

  

17. Бобожонов П.Р.

-

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясига масъул

  

18. Азизов А.А.

-

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, Ўзбекистон ўқ отиш федерациясига масъул

  

19. Тўхтаев А.Х.

-

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси

  

20. Тухтаев А.Х.

-

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири


21. Иноятов У.И.

-

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси

  

22. Кудбиев Ш.Д.

-

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

  

23. Хаджаев А.Д.

-

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б.

  

24. Санақулов Қ.С.

-

Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон сузиш федерацияси раиси

  

25. Камилов А.Х.

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири

  

26. Хайдаров А.Я.

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари

  

27. Ходжаев Б.А.

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири

  

28. Маджидов И.У.

-

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

  

29. Шадманов А.К.

-

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири

  

30. Ишметов Т.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари

  

31. Азимов М.Б.

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси

  

32. Қосимов О.О.

-

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари

  

33. Мустафоев У.М.

-

"Ўзбекэнерго" АЖ бошқаруви раиси

  

34. Хакимов Б.И.

-

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК бош директории в.б.

  

35. Матчанов Ж.М.

-

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби


36. Султанов Ш.Ф.

-

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги Сертификациялаш ва компьютерлаштириш маркази директори

  

37. лавозимига кўра

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари

  

38. Рафиков К.М.

-

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси

  

39. Ниязов Р.С.

-

"Ватанпарвар" ташкилоти марказий кенгаши раиси

  

40. Азимов Р.Р.

-

"Дори-дармон" АК раиси в.б.


41. Жавлонов Ш.С.

-

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди раиси

  

42. Баязитов К.Ф.

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шўъба мудири, Республика комиссияси котиби

  

Изоҳ. Республика комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли вазифалар зиммасига юкланган шахслар унинг таркибига киритилади.



"Халқ сўзи", 2017 йил 6 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 12 июнь, 23-сон, 455-модда