язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Саноат/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.06.2017 й. ПФ-5068-сон "Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил қилиш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

05.06.2017 й.

N ПФ-5068



ТОШКЕНТ ШАҲРИНИНГ

ЯШНОБОД ТУМАНИДА ИННОВАЦИЯ

ТЕХНОПАРКИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

ТЎҒРИСИДА


Юқори технологияларни ривожлантириш, илмий-технологик ва инновация тадбиркорлигининг барқарор ривожланишини таъминлаш, кичик инновация корхоналарини ташкил этиш, миллий ва хорижий бозорларда рақобатдош, илмий-ҳажмдор маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ва етказиб беришни йўлга қўйиш учун қулай муҳит шакллантириш мақсадида:


1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Фан ва технологиялар агентлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 1-иловага* мувофиқ қатнашувчилар таркиби билан "Яшнобод" инновация технопаркини (кейинги ўринларда - "Яшнобод" технопарки) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, "Яшнобод" технопарки қуйидаги тамойиллар асосида ташкил этилади:

"Яшнобод" технопарки резидентларини, бутун Тошкент шаҳри ҳудудида илмий, технологик ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини назарда тутувчи, Тошкент шаҳри ҳудуди чегарасида экстерриториаллик ҳолда жойлаштириш;

илмий-ҳажмдор маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг яхлит инновация занжирини амалга ошириш учун илм-фан, ўқув ва ишлаб чиқариш ташкилотларининг фаолиятини интеграциялаш;

инновация лойиҳаларини давлат, илмий ташкилотлар ва таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари, тижорат банклари, халқаро молия институтлар ва донор мамлакатлар кредитлари ҳамда венчур фондларининг молия ресурслари ҳисобига биргаликда молиялаштириш;

хизмат кўрсатишнинг, жумладан илмий лабораториялар, керакли реагент ва сарфлаш материаллари билан таъминлаш, лицензия ва патентлар олишни ташкил қилиш, илмий ва инновация ишланмаларини тижоратлаштиришни ўз ичига олган яхлит инфратузилмани яратиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Фан ва технологиялар агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг "Яшнобод" технопаркининг илмий ишланмалар ва тадқиқотлар, саноат-тажриба синовларини ўтказиш ва инновация маҳсулотлари намуналарини ўзлаштириш бўйича қуйидаги йўналишларда ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

кимё технологияси, биотехнология, фармацевтика ва тиббиёт биотехнологияси, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари;

материалшунослик, металлга ишлов бериш технологияси, зилзилабардошлилик, қурилиш материаллари;

озиқ-овқат саноати;

энергия тежамкорлик, муқобил ва энергиянинг қайта тикланадиган манбаларини ишлаб чиқариш, электрон ўлчаш асбоблари, робототехника, машинасозлик, электротехника.


4. "Яшнобод" технопаркининг асосий вазифа ва функциялари этиб қуйидагилар белгилансин:

патент софлигини инобатга олган ҳолда, инновация ишланмаларини, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган юқори технологияли ва рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун саноат-тажриба ва кичик инновация корхоналарини ташкил этиш;

инновация ишланмаларининг саноат-тажриба синовларини ўтказиш ва ишлаб чиқаришда интеллектуал мулк объектларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш;

маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг татбиқ этиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, замонавий хорижий ва мамлакатимиз технологияларини трансфер қилишни таъминлаш;

юқори технологияли ва инновацияли ишлаб чиқаришни ташкил этишга қизиққан маҳаллий ва хорижий инвесторларни, шунингдек, ушбу мақсадлар учун имконият ва ресурсларга эга бўлган тадбиркорларни жалб этиш;

илмий-тадқиқот ва инновация ишланмаларининг самарадорлигини ошириш, уларнинг фаолият кўрсатишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, юқори малакали мутахассисларни ҳамда талабаларни жалб этиш мақсадида олий таълим муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва ишлаб чиқариш соҳасидаги субъектлар ўртасида ўзаро узвий ва амалий алоқаларни таъминлаш;

инновация ишланмалари натижаларини тегишли тармоқлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар амалий фаолиятига кенг жорий этиш.


5. "Яшнобод" технопаркининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши таркиби 2-иловага* мувофиқ ташкил қилинсин.

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий функциялари этиб, қуйидагилар белгилансин:

"Яшнобод" технопаркини ривожлантириш, инновация ишланмалари асосида "стартапплар" ташкил этиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш бўйича давлат ва хўжалик бошқарув органлари, тижорат банклари, илмий ва таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

"Яшнобод" технопарки резидентларига инновация жараёнларининг барча босқичларида молиялаштиришга, шу жумладан инновация маҳсулотларининг салоҳиятли истеъмолчилари, тижорат банклари, ҳомийлар, шу жумладан хорижий маблағларини жалб қилишга кўмаклашиш;

"Яшнобод" технопарки маъмурияти фаолиятига, шу жумладан, инновация фаолиятини юритадиган резидентларни жалб қилиш, янги ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ишлаб чиқариш хоналари ва ер участкалари ажратиш масалаларида кўмаклашиш;

юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошираётган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг инновация ишланмаларини кейинчалик уларга технопарк резиденти мақомини бериш мақсадида танлаб олиш ва экспертизадан ўтказиш;

"Яшнобод" технопарки резидентлари ҳисобланган хўжалик юритувчи субъектларга ички бозорда барқарор кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда инновация маҳсулотларини экспортга йўналтиришга кўмаклашиш.

Мувофиқлаштирувчи кенгашга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

хўжалик юритувчи субъектларга "Яшнобод" технопарки резиденти мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилиш ва кейинчалик уларни Маъмурият томонидан рўйхатдан ўтказиш;

маъмуриятнинг, шунингдек, технопарк қатнашчиларининг инновация лойиҳаларини амалга ошириш ва амалиётга жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлари, "Яшнобод" технопарки резидентлари фаолиятига қулай шарт-шароит яратиш бўйича ҳисоботларини эшитиш;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг тавсияномасига кўра технопарк дирекцияси маъмурияти бошлиғини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилиш;

"Яшнобод" технопарки маъмурияти штат жадвалини тасдиқлаш, технопарк бошлиғининг иш ҳақи ҳажми ва моддий рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига технопаркда инновация фаолиятини кенгайтириш борасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

"Яшнобод" технопарки қатнашчилари таркибига, зарурат туғилганда, ўзгартиришлар киритиш.

Белгилаб қўйилсинки, Мувофиқлаштириш кенгашининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари "Яшнобод" технопаркининг барча иштирокчилари учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


6. Белгилансинки:

технопаркнинг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг "Яшнобод" технопарки фаолиятини мувофиқлаштириш ва уни илмий-методологик таъминлаш ишлари бўйича ишчи органи ҳисобланади;

Тошкент шаҳар ва Яшнобод тумани ҳокимликлари "Яшнобод" технопарки фаолиятига кўмаклашади.


7. Белгилаб қўйилсинки:

истисно тариқасида, "Яшнобод" технопарки резидентларига инновация ишлаб чиқаришини ва "стартапплар" ташкил қилиш учун Яшнобод тумани ҳудудидан ер майдонлари ажратиш Яшнобод тумани ҳокимлигининг тавсияномасига биноан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилади;

"Яшнобод" технопарки иштирокчилари ҳисобланган илмий ва олий таълим муассасалари технопарк резидентларига илмий ишлаб чиқариш бинолари, шу жумладан лабораториялар, конструкторлик бюролари, тажриба-синов ишлаб чиқариш, техник хизмат кўрсатиш комплексларини, шунингдек, фойдаланилмаётган давлат мулки биноларини ижарага беришлари мумкин ва ижара тўловларидан тушган пул маблағларини, ўрнатилган тартибда балансда сақловчи ихтиёрида қоладиган маблағлардан ташқари, "Яшнобод" технопарки дирекциясига йўналтирилади;

Мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорига мувофиқ "Яшнобод" технопарки резидентлари томонидан саноат-тажриба ва кичик инновация ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан кейинчалик "Яшнобод" технопарки маъмуриятига бериш шарти билан фойдаланилмаётган бинолар, иншоотлар ва ер майдонлари Яшнобод тумани ҳокимлигига тезкор бошқариш учун ажратилади;

"Яшнобод" технопарки резиденти статуси 10 йилгача танлов асосида берилади;

"Яшнобод" технопарки раҳбари мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосарига тенглаштирилади.


8. Яшнобод тумани ҳокимлиги ва "Яшнаобод туман коммунал таъмирлаш-авария тиклаш хизмати" масъулияти чекланган жамияти лабораторияларининг бир қисми ҳамда раҳбарият маъмуриятини жойлаштириш мақсадида Яшнобод тумани, Мажнунтол кўчаси, 5-уй манзилида жойлашган бинони берилишини таъминласин.


9. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Яшнобод" технопарки ва унинг резидентлари ривожланишини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича асосий ваколатли банк ҳисобланади.

Тижорат банкларига "Яшнобод" технопаркида амалга оширилаётган инновация лойиҳаларига 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатгача, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан 50 фоиздан ошмайдиган ставка бўйича имтиёзли кредитлар бериш тавсия этилсин.

Гаров сифатида харид қилинаётган (ташкил этилаётган) ускуна ҳамда "Яшнобод" технопарки маъмурияти кафолати этиб белгилансин.


10. "Яшнобод" технопарки маъмурияти ва резидентлари амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида бутун фаолият кўрсатиш даврида қуйидагилардан:

ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари умумтаълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан;

ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ, лойиҳани амалга ошириш доирасида ўз эҳтиёжи учун четдан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуна, хом ашё, материаллар, реактивлар, бутловчи буюмлар ҳамда қурилиш материаллари учун божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кунлик муддатда "Яшнобод" инновация технопарки тўғрисидаги низом, технопарк маъмурияти таркиби, "Яшнобод" технопарки резидентларига ер майдонлари ажратиш тартиби, 2017-2018 йилларда "Яшнобод" технопаркида амалга оширилиши таклиф этилаётган инновация лойиҳалари рўйхатини тасдиқлашни ўз ичига олган "Яшнобод" технопарки фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарор қабул қилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


13. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 12 июнь, 23-сон, 446-модда