язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд хокимияти. Одил судлов/ Суд ва бошқа органлар актларини амалга ошириш/ Мажбурий ижро бюроси/ Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 15.06.2017 й. ПҚ-3060-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 15 июндаги

ПҚ-3060-сон қарорига

2-ИЛОВА



Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) маблағларини шакллантириш, тақсимлаш ва фойдаланиш ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, Жамғарма кузатув кенгашининг қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазна ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА САРФЛАШ


4. Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

республика истеъмолчиларига электр энергияси ва табиий газни сотишдан тушадиган маблағларнинг 5 фоизи;

республика истеъмолчиларига сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатишдан тушадиган маблағларнинг 10 фоизи";

Мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига асосан ажратиладиган мақсадли маблағларга, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг сув хўжалиги ташкилотлари томонидан электр энергия истеъмоли учун тўловларга ҳамда "Иссиқлик электр станциялари" АЖ, "Ўзкимёсаноат" АЖ, "Навоий КМК" ДК ва "Олмалиқ КМК" АЖ корхоналаридан тушадиган маблағларга татбиқ этилмайди.

ваколатли органлар томонидан олиб қўйилган ва давлат даромадига ўтказилган мол-мулкларни сотишдан, шунингдек, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарздорлигини (давлат божидан ташқари) ундиришдан тушган маблағларнинг 8 фоизи;

Бюро органлари томонидан олиб қўйилган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишдан тушган маблағларнинг 8 фоизи;

давлат ижрочилари томонидан ундирилган ижро йиғими маблағларининг 80 фоизи;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб юритилади) ходимлари томонидан қўлланиладиган ва ундириладиган жарималар суммасининг 80 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

Бюро, шунингдек, прокуратура органларининг Жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилинган асосий воситаларини сотишдан олинган маблағларнинг 50 фоизи, қолган 50 фоизи давлат бюджетига ўтказилади. Бюро ва прокуратура органлари томонидан асосий воситалар оммавий савдоларда сотилган тақдирда, маблағларни тақсимлаш уларни баҳолаш ва сотиш харажатлари чиқариб ташлангандан кейин амалга оширилади;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар.


5. Жамғармага унинг даромадлари бўйича келиб тушаётган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигидаги ғазна ҳисоб рақамларига ўтказилади.


6. Жамғармага маблағлар келиб тушишининг тўлиқлигини назорат қилиш Бюро ва Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.


7. Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:

Бюро, прокуратура органлари ва Жамғарма дирекцияси ходимларига иш ҳақи, устама ҳақи, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни тўлашга;

тегишли мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида Бюрога ишга жалб қилишга;

бино ва иншоотларни сақлаш, фойдаланиш, қуриш ва таъмирлашга, уларни зарур инвентарлар, шу жумладан, мебель, алоқа, компьютер ва Бюрога тегишли бошқа воситалар билан таъминлашга;

белгиланган тартибда Бюро ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарага турганлик) учун тўловларни компенсация қилишга;

хизмат ва махсус автотранспорт, шунингдек, бошқа техника воситаларини сотиб олишга, уларга сервис хизмати кўрсатиш, эҳтиёт қисмлари ва ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлашга;

Бюро ва Жамғарма дирекцияси ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга, шу жумладан, хизмат турар жойлари қуришга, тиббий хизмат кўрсатишга;

прокуратура органлари ходимларига уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш бўйича кредитларнинг дастлабки бадалини киритиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фоизсиз қарз бериш;

тасдиқланган миллий стандартларга мувофиқ, электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг ягона интеграция қилинган автоматлаштирилган тизимини жорий этишга;

Бюронинг ахборот-компьютер тармоғига хизмат кўрсатиш ва уни ривожлантиришга, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга;

Бюро ва Жамғарма дирекцияси ходимларини, шу жумладан, хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда стажировка ўташига;

Бюро ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этишга;

Бюро ва Жамғарма дирекцияси ходимларининг мамлакат ичкарасидаги ва унинг ташқарисидаги хизмат сафари харажатларини тўлашга;

Бюронинг семинарлари, давра суҳбатлари, конференциялари, амалий машғулотлари, тренинглари, профилактика ва бошқа тадбирларини ўтказишга;

Бюро фаолияти учун зарур бўлган босма ва бошқа материаллар билан таъминлашга;

Бюро ва Жамғарма дирекцияси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирларга.

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, баённома қарорлари ва топшириқлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларига мувофиқ Жамғарма маблағлари республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ бошқа мақсадларга, шунингдек, бошқа прокуратура органлари, шу жумладан прокуратура органлари кадрлар захирасига киритилган ва ҳисобда турган ходимларнинг лавозим маошига ҳар ойлик устама ҳақи тўлашга ва Жамғарма Кузатув кенгаши қарорига асосан уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилиши мумкин.

9. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогнози тушумлар ва келгуси йилдаги харажатлар йўналишлари бўйича Бюро ва прокуратура органлари томонидан ҳисобот йилининг 1 ноябрь ҳолатига тақдим этиладиган маълумотлар асосида Жамғарма Дирекцияси томонидан ишлаб чиқилади. Бунда режалаштирилаётган йил бошидаги қолдиқ маблағлар ва, қоида тариқасида, сўнгги 2 йилдаги тушумларнинг динамикаси инобатга олинади.

10. Бюро ва прокуратура органлари раҳбарлари томонидан тасдиқланган йиғма даромадлар ва харажатлар сметаси Жамғарма кузатув кенгашига келишиш учун киритилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади.

11. Жамғармадан пул маблағларини ажратиш тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда Жамғарма Кузатув кенгашининг қарори асосида амалга оширилади.


12. Харажатларни молиялаштириш Бюро ва прокуратура органлари томонидан Жамғарма Дирекциясига тақдим этиладиган талабномалар, тўловлар жадвалига мувофиқ амалга оширилади.

13. Жамғарма, Бюро ва прокуратура органлари маблағларини сарфлаш Жамғарма даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган сметасига мувофиқ унинг ғазна ҳисоб рақамларидан амалга оширилади, хато ва ортиқча ўтказилганлиги учун қайтарилаётган маблағлар бундан мустасно.

14. Жамғармадан ажратилган маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги маълумот Бюро ва прокуратура органлари томонидан Жамғарма Дирекциясига ҳар чорак якунига кўра, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10 санасидан кечиктирмасдан тақдим этилади.

15. Жамғарма Дирекцияси Жамғармага ажратилган маблағлардан фойдаланилиши ва кейинги ҳисобот даврида кутилаётган харажатлар тўғрисидаги маълумотларни Кузатув кенгашининг навбатдаги йиғилишига кўриб чиқиш учун киритади.


16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади.


17. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари бюджетга олиб қўйилмайди ва улардан кейинги даврда фойдаланилади.


17-1. Республика истеъмолчиларига электр энергияси ва табиий газни сотишдан, шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатишдан тушган маблағлар бўйича Жамғарманинг шахсий ғазна ҳисобварағига ортиқча (хато) ўтказилган маблағлар республика истеъмолчиларига электр энергияси ва табиий газни сотишдан, шунингдек, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатишдан келгусида тушадиган маблағлар ҳисобидан қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Чет эл валютасида тўланган тўловлар бўйича ортиқча (хато) ўтказилган маблағларни қайтариш Бюронинг асослантирувчи ҳужжатлар билан Жамғармага тақдим этиладиган хулосасига кўра Бюронинг валюта ҳисоб рақамларига ўтказиб бериш орқали амалга оширилади.


3-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


18. Жамғармани бошқариш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари бошқарадиган унинг Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

Жамғарма Кузатув кенгаши таркибига лавозимига кўра Олий суд раиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, молия вазири, адлия вазири, Бюро директори, Жамғарманинг ижро этувчи директори, шунингдек, бошқа масъул шахслар ҳам киради.

19. Жамғарма Кузатув кенгаши таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Жамғарма Кузатув кенгашининг аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.


20. Жамғарма Кузатув кенгаши заруратга қараб, ҳар чоракда камида бир марта мажлис ўтказади. Зарур ҳолларда, Жамғарма Кузатув кенгашининг навбатдан ташқари мажлислари чақирилиши мумкин.


21. Жамғарма Кузатув кенгашининг қарори унинг мажлисларида аъзоларининг камида 2/3 қисми иштирок этганда, оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва Кузатув кенгаши раиси томонидан имзоланади.

Зарур ҳолларда юзага келган масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида, кенгаш аъзоларининг камида 2/3 қисмининг резолюцияси бўлганда, уларнинг розиликлари ва имзоларини йиғиш орқали Кузатув кенгаши қарорлари қабул қилиниши мумкин.

Овозлар тенг бўлганда, Жамғарма Кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

22. Жамғарманинг жорий фаолиятига, шу жумладан, маблағларнинг тўпланиши ва сарфланишига раҳбарлик Жамғарма Дирекцияси томонидан амалга оширилади.


23. Жамғарма Дирекциясига Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган ижро этувчи директор раҳбарлик қилади.


24. Жамғарманинг Дирекцияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маблағлар ажратишга келиб тушган буюртмалар бўйича маълумотлар олиш;

ундирилган ва Жамғармага ўтказиладиган пул маблағларининг амалда келиб тушган суммаси бўйича Бюро, тижорат банклари ва тегишли ташкилотлардан ахборотлар ҳамда статистика маълумотларини сўраб олиш;

Жамғармадан ажратилган маблағларнинг мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилиш, зарур ҳолларда тегишли ҳужжатларни сўраб олиш;

маблағлардан мақсадсиз фойдаланилган ҳолларда, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тўловлардан ташқари, молиялаштиришни тўхтатиб туриш, кейинчалик ушбу масалани Жамғарма Кузатув кенгашига кўриб чиқиш учун киритиш;

хорижий валютада ҳисоб рақамлар очиш ва юритиш, белгиланган тартибда улар бўйича тегишли операцияларни амалга ошириш;

Жамғарма Кузатув кенгаши розилиги билан бўш маблағларни миллий ва чет эл валютасида Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари депозитларига жойлаштириш, шунингдек, чет эл валютасидаги пул маблағлари бўйича айирбошлаш ва бошқа операцияларни амалга ошириш;

Жамғарма Кузатув кенгаши рухсати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ электр ва газ таъминоти, сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасидаги инвестиция лойиҳалари бўйича молиялаштирувчи тараф, шунингдек, грантлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турдаги тушумлар юзасидан ижро этувчи орган сифатида иштирок этиш.

25. Жамғарманинг Дирекцияси қуйидагиларга мажбур:

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритиш, шунингдек, улар бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни шакллантириш;

Жамғармадан тасдиқланган харажатлар сметасида назарда тутилмаган қўшимча маблағларни ажратиш бўйича келиб тушган буюртмаларни тўплаш, уларни умумлаштириш ва Жамғарма Кузатув кенгаши кўриб чиқиши учун тайёрлаш;

Жамғарма даромадларини шакллантириш тартибини такомиллаштириш ишларини амалга ошириш;

Жамғарма Кузатув кенгаши қарорларини ўз вақтида ижро этиш;

Кузатув кенгаши қарорларини Бюро ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига етказиш;

Жамғармага ажратилган маблағларнинг фойдаланилишини мониторинг қилиш;

Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши бўйича ҳисоботларни унинг Кузатув кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига белгиланган тартибда тақдим этиш.


26. Дирекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши, шунингдек, унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


27. Жамғарманинг ижро этувчи директори:

Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этади ва Жамғармага юклатилган вазифалар бажарилиши, шу жумладан, унинг маблағларидан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб беради;

Жамғарма ходимларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш ҳақида Жамғарма Кузатув кенгаши раисига таклиф киритади;

давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари, юридик ҳамда жисмоний шахслар, шу жумладан, хорижий давлатларнинг давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари, юридик ҳамда жисмоний шахслари, шунингдек, халқаро ташкилотлар олдида Жамғарма манфаатларини ифодалайди;

юридик ва жисмоний шахслар билан Жамғарма фаолиятига тегишли шартномаларни тузади, Жамғарма номидан ишончномасиз иш кўради;

штатлар жадвалини, Жамғарма маблағлари ҳисобидан Жамғарма таъминотининг харажатлар сметасини тузади ва тасдиқлаш учун Жамғарма Кузатув кенгашига тақдим этади;

Жамғарманинг лавозим йўриқномалари ва бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлайди;

Жамғарма номидан даъволар тақдим этади;

Жамғарма ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

Жамғарма маблағларининг жамланиши ва сарфланиши масалалари бўйича тушунтиришлар беради;

ушбу Низом ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.


28. Жамғарма Дирекцияси ҳар ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10 санасидан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига, Бюрога даромадлари ва харажатлари бўйича маълумотлар, шунингдек, Жамғарма Кузатув кенгашига йиллик ҳисобот тақдим этади. Дирекция ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.

29. Дирекциянинг таъминоти бюджет ташкилотлари учун ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган харажатлар сметаси асосида Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда Жамғарма Дирекцияси ходимларига Бюронинг бошқа ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

Жамғарма ходимларининг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари икки баравар миқдорда қўлланилади.

Жамғарма бошқарув ходимларига Бюронинг даражали унвонларга эга бўлган ходимларига белгиланган моддий-ижтимоий таъминот ва имтиёзлар берилади.


4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


30. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 19 июнь, 24-сон, 496-модда