язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ветеринария. Зоотехника тадбирлари. Ҳайвонлар карантини/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.06.2017 й. ПҚ-3026-сон "Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

01.06.2017 й.

N ПҚ-3026



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ ҚЎМИТАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 июндаги "Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-5067-сонли Фармони ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси тизимига кирувчи ташкилотлар рўйхати 1а-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси марказий аппаратининг чекланган бошқарув ходимлари сони 36 нафардан иборат тузилмаси 2-иловага* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси ва вилоятлар ветеринария бошқармаларининг намунавий тузилмалари 3- ва 3а-иловаларга* мувофиқ;

Тошкент шаҳар ветеринария бошқармасининг тузилмаси 4-иловага* мувофиқ;

Тошкент шаҳар ветеринария бошқармасининг тузилмасига кирувчи муассасалар рўйхати 4а-иловага* мувофиқ;

туманлар (шаҳарлар) ветеринария бўлимларининг намунавий тузилмалари 5-иловага* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ветеринария бўлимлари тузилмасига кирувчи муассасалар рўйхати 5а-иловага* мувофиқ;

Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказининг тузилмаси 6-иловага* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказларининг намунавий тузилмаси 7-иловага* мувофиқ;

туманлар (шаҳарлар) ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказларининг намунавий тузилмаси 8-иловага* мувофиқ;

туманлар (шаҳарлар) ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари тузилмасига кирувчи муассасалар рўйхати 8а-иловага* мувофиқ;

Давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармасининг тузилмаси 9-иловага* мувофиқ;

Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича Давлат илмий марказининг тузилмаси 10-иловага* мувофиқ;

Ветеринария илмий-тадқиқот институтининг тузилмаси 11-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси раисига ходимларнинг белгиланган умумий штатдаги сони доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария бошқармалари ҳамда унинг таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар тузилмаларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмаларини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни амалга оширишга кўмаклашиш ва мувофиқлаштириш Комиссияси 12-иловага* мувофиқ ташкил этилсин.


4. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари Дастури (кейинги ўринларда - чора-тадбирлар Дастури) 13-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига чора-тадбирлар Дастурида кўрсатилган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини ташкил этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

5. Илмий-тадқиқот ишлари, хизматнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ветеринария мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, давлат ветеринария хизмати ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг Ветеринария хизматини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария хизматини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш манбалари этиб Давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармасининг ҳамда Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича Давлат илмий марказининг ветеринария хизматларини кўрсатишдан тушадиган 75 фоиз миқдоридаги маблағлари белгилансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Касб-ҳунар таълими маркази Давлат ветеринария қўмитаси билан биргаликда:

икки ой муддатда касб-ҳунар коллежларида "ветеринар фельдшер" йўналиши бўйича кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларидаги ветеринария хизмати тизими учун малакали мутахассислар тайёрлаш қисмини танқидий қайтадан кўриб чиқсин, замонавий талабларни инобатга олган ҳолда, уларнинг янги таҳририни белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин ҳамда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб ўқув жараёнига киритсин.

ветеринария хизмати тизими учун кадрлар тайёрлашни амалга ошираётган касб-ҳунар коллежларини махсус ихтисосликка эга малакали ўқитувчилар билан мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратсин;

ветеринария хизмати тизими учун кадрлар тайёрлашни амалга ошираётган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини бевосита танлаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилишига ёрдам кўрсатсин ва бандлик бўйича назоратни кучайтирсин;


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси тўғрисидаги низомни;

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ветеринария хизматини ривожлантириш жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш ва шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.


8. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг марказий аппарати Тошкент шаҳри, Кичик Ҳалқа йўли кўчаси, 21а-уй манзилига;

Давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси Тошкент шаҳри, Халқобод 4-берк кўчаси, 4-уй манзилига;

Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Тошкент шаҳри, А. Юнусов кўчаси, 1а-уй манзилига;

Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича Давлат илмий маркази Тошкент шаҳри, Дийдор кўчаси, 100-уй манзилига;

Ветеринария илмий-тадқиқот институти Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани, Тойлоқ қўрғони, Ал-Беруний кўчаси, 35-уй манзилига жойлаштирилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасини белгиланган тартибда зарур алоқа воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқа воситалари билан таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 12 июнь, 23-сон, 453-модда