язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш/ Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.06.2017 й. 393-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 20 июндаги

393-сон қарорига

2-ИЛОВА



Олий таълим муассасаларининг магистратурасига

ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Таълим тўғрисида" ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ олий таълим муассасаларининг магистратурасига (кейинги ўринларда магистратура деб аталади) талабаларни қабул қилиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом ҳарбий таълим муассасаларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига, Тошкент давлат юридик университетига, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясига, Абу Райҳон Беруний номидаги Республика бизнес ва бошқарув олий мактаби, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиалларига татбиқ этилмайди.

2. Магистратурага қабул олий таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида қабул квоталарига мувофиқ амалга оширилади.


3. Магистратурага қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) томонидан кириш синовлари натижаларига кўра, тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.

Магистратурага қабул тегишли таълим йўналиши ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган турдош (магистратурага қабул бўйича) олий таълим йўналишлари рўйхати бўйича бакалавр даражасига ёки дипломли мутахассис малакасига эга бўлган шахслар ўртасида танлов асосида амалга оширилади.

Бакалавр даражасига ёки дипломли мутахассис малакасига эга бўлган шахслар турдош таълим йўналишлари рўйхатидаги ихтисосликларнинг бирида танловда қатнашиш ҳуқуқига эгалар.

Магистратурага қабул барча учун (ҳам грантлар, ҳам тўлов-контракт бўйича) тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, кириш синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар баллар рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.

Танлов ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича магистрлик мутахассислиги, ўқитиш тили ва шаклига кўра алоҳида ўтказилади. Айрим магистратура мутахассисликлари бўйича ҳудудлар кесимида, шунингдек, кадрлар буюртмачилари кесимида мақсадли қабул квоталари тасдиқланган тақдирда, танлов ҳар бир ҳудуд, шунингдек, кадрлар буюртмачилари (олий таълим муассасаси) бўйича алоҳида ўтказилади.

4. Кириш синовлари тегишли мутахассислик ўқитиладиган тилда ўтказилади.

Магистратурада ўқитиш тили Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган қабул кўрсаткичлари доирасида ҳужжатлар қабул қилинишига қадар вазирликлар ва идоралар томонидан белгиланади ва Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.


5. Абитуриентлар магистратурага кириш синовларини олий таълим муассасасида ўқийдиган тилда топширади.


6. Магистратурага қабул қилиш ишлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ жорий ўқув йили учун тайинланган олий таълим муассасаси қабул комиссияси зиммасига юкланади ва магистратурага қабул қилиш ишлари бўйича қабул комиссияси масъул котибининг ўринбосари тайинланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари совриндорлари, Зулфия номидаги Давлат мукофотлари соҳибалари, шунингдек "Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиблари бўлган олий таълим муассасалари талабалари ва бакалавр даражасига эга ёшлар олий таълим муассасалари магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос ва турдош мутахассисликларга танловдан ташқари алоҳида давлат грантлари асосида қабул қилинадилар.


2-БОБ. ХОРИЖИЙ ФУҚАРОЛАРНИ

ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


8. Магистратурага хорижий фуқароларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2008 йил 4 августдаги 169-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.



3-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


9. Магистратурага кириш имтиҳонлари бошланишидан бир ой аввал, олий таълим муассасаси қабул комиссияси магистратурага қабул қилиш муддатлари, мутахассисликлар номлари ва ажратилган ўринлар ҳақидаги ахборотни белгиланган тартибда эълон қилади.


10. Магистратурага киришда абитуриентлар (бакалавр даражасига эга бўлганлар, дипломли мутахассислар) олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

магистратура мутахассислиги кўрсатилган ҳолда, олий таълим муассасаси ректори номига ариза;

олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси (ёки дипломдан кўчирма - Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова;

чоп этилган илмий мақола ёки тезислари (ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатлари) нусхаси (мавжуд бўлган ҳолда);

3.5 x 4.5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;

086-У-шаклдаги тиббий маълумотнома;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқишга киришда имтиёз берувчи ҳужжатнинг асл нусхаси.

11. Ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади.


12. Ҳужжатлар тақдим этилиши жараёнида абитуриентлар паспортини шахсан кўрсатадилар.

13. Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда олий таълим муассасаси қабул комиссияси абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.



4-БОБ. КИРИШ СИНОВЛАРИ


14. Магистратурага кириш синови умумий баллари қуйидагилардан ташкил топади:

магистратурага киришда танлаган мутахассислик бўйича билим даражасини белгиловчи махсус фанлардан синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 100 баллгачани ташкил этади);

чет тили (хорижий филология, хорижий тил ва адабиёти таълим йўналишлари базасидаги мутахассисликлар учун иккинчи чет тили) фани бўйича синов ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 50 баллгачани ташкил этади);

олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи (ўзлаштириш тегишли равишда 55 баллдан 100 баллгача бўлган диапазонда юздан бир аниқликда, ўзлаштирган фанларининг ўртача бали орқали ифодаланади) аниқланади.

Халқаро тан олинган чет тилини билиш даражаси ҳақидаги сертификат (TOEFL бўйича камида 72 ёки IELTS бўйича камида 5,5 балл, TestDaF (TDN3), CEFR бўйича камида В2) ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан бериладиган Чет тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ёки С1 даражасидаги сертификат тақдим этганларга чет тилидан 50 балл қўйилади ва улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди.

Магистратурага ўқишга киришда энг кўп (максимал) тўпланиши мумкин бўлган балл - 250 ни ташкил этади.

15. Абитуриентлар қуйидаги фанлардан ёзма (ёки ижодий) кириш синовлари (махсус тест синовлари) топширадилар:

магистратура мутахассислигига мувофиқ келувчи таълим йўналишининг махсус фанлари (2 тагача);

Информатика ва ахборот технологиялари;

Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти;

чет тили (хорижий филология, хорижий тил ва адабиёти таълим йўналишлари базасидаги мутахассисликлар учун иккинчи чет тили).


16. Кириш синовлари (махсус тест синовлари) ўтказиш шакли ва фанлар бўйича синов дастурлари ҳамда абитуриентларнинг билимларини баҳолаш мезонлари олий таълим муассасасининг ректори томонидан тегишли вазирликлар, идоралар ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади ва кириш синовлари бошланишидан бир ой аввал абитуриентлар эътиборига етказилади.

17. Кириш синовлари (махсус тест синовлари) 3 - 15 август кунлари ўтказилади.


18. Кириш синовлари (махсус тест синовлари) ўтказилишига қадар, олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан синов фанлари бўйича маслаҳатлар ташкил этилади. Маслаҳатлар жадвали олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан ишлаб чиқилади ва ректор томонидан тасдиқланади.


19. Кириш синовларини ўтказиш учун ректорнинг буйруғи билан ҳар бир синов фанлари бўйича комиссиялар ташкил этилади. Фанлар бўйича комиссия раислари, олий таълим муассасасининг идоравий бўйсунишига қараб, вазирликлар ва идоралар томонидан тасдиқланади.


20. Синов фанлари бўйича комиссия таркиби олий таълим муассасасининг етук ва тажрибали профессор-ўқитувчилари таркибидан ташкил этилади. Зарур ҳолларда унинг таркибига бошқа олий таълим муассасасининг ўқитувчилари ҳам жалб этилиши мумкин.


21. Синов фанлари бўйича комиссия раислари зиммасига қуйидаги масъулият юкланади:

кириш синовлари сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида комиссия таркибига малакали, талабчан ва адолатли профессор-ўқитувчиларни жалб этиш;

комиссия аъзоларининг вазифаларини белгилаш (маслаҳатлар беришни ташкил этиш, имтиҳон саволларини тузиш, жавобларни баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва бошқалар);

синов жараёнига раҳбарлик қилиш ва назорат этиш.


22. Фанлар бўйича синовларни ўтказиш тартиби (ўқитувчиларни аудиторияларга тақсимлаш, жавобларни шифрлаш ҳамда текшириш ва ҳоказолар) олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан белгиланади.


23. Кириш синовларининг натижалари, баҳолаш мезонларига мувофиқ балл билан белгиланади ва қайдномаларга киритилади. Қайдномалар фан бўйича имтиҳон комиссиясининг аъзолари, қабул комиссиясининг масъул котиби томонидан имзоланади ва қабул комиссиясининг раисига тақдим этилади.


24. Олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг синов ишлари уларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларига тикиб қўйилади.

Ўқишга қабул қилинмаганларнинг синов ишлари 6 ой давомида сақланади, сўнг белгиланган тартибда йўқ қилинади.


25. Кириш синовлари (махсус тест синовлари)ни қайта топшириш ман этилади.

Магистратурага мутахассислик бўйича махсус фандан кириш синови учун белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаганлар, шунингдек, белгиланган муддатларда кириш синовларига келмаганлар навбатдаги кириш синовига киритилмайди ҳамда магистратурага қабул қилинмайди.


26. Олий таълим муассасасида белгиланган тартибда апелляция (норозилик) комиссиясининг иши ташкил этилади.

Абитуриент синов натижасидан норози бўлган тақдирда, синов натижалари эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида синов ишини апелляция қилиш ҳақидаги ариза билан олий таълим муассасаси қабул комиссияси раиси ёки апелляция (норозилик) комиссияси раисига мурожаат этиши мумкин. Апелляция ҳақидаги аризани кўриб чиқиш муддати икки кундан ошмаслиги лозим.


27. Магистратурага кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-иловасига мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. АБИТУРИЕНТНИ ТЎЛОВ-КОНТРАКТ АСОСИДА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ЎҚИШ УЧУН ТЎЛОВ ТАРТИБИ


28. Магистратурага тўлов-контракт асосида қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган қабул квоталари доирасида ягона қабул қоидалари асосида кириш синовларининг баллар рейтинги бўйича Давлат комиссияси томонидан амалга оширилади.

Абитуриентларни тўлов-контракт асосида магистратурага тавсия этиш тўғрисида Давлат комиссиясининг қарори қабул қилингандан кейин олий таълим муассасаси билан юридик ёки жисмоний шахслар ўртасида белгиланган тартибда контракт расмийлаштирилади.

Белгиланган намунадаги контракт бланкалари олий таълим муассасаси қабул комиссияси томонидан синов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб берилади ва юридик шахслар учун раҳбар ва бош бухгалтер томонидан имзоланган ҳолда 3 нусхада, жисмоний шахслар учун 2 нусхада расмийлаштирилади.

Давлат комиссияси томонидан тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун тўлов ҳар йили контракт шартларида кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.

Контракт шартлари ва томонларнинг мажбуриятлари, уларни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



6-БОБ. ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


29. Давлат комиссиясининг олий таълим муассасалари магистратурасига қабул қилиш тўғрисидаги қарори 20 августдан кечикмай қабул қилинади ва у олий таълим муассасаларида 25 августга қадар абитуриентларни давлат грантлари бўйича талабалар сафига қабул қилиш ҳақидаги олий таълим муассасалари ректорларининг буйруқларини расмийлаштириш учун асос бўлади.

Давлат комиссиясининг олий таълим муассасалари магистратурасига қабул қилиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ўқиш учун белгиланган маблағ миқдори 15 сентябрдан кечиктирилмай, белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг, олий таълим муассасасининг буйруғи билан расмийлаштирилади.


8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


31. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.


31-1. Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш бўйича қарорлардан норози бўлганлар тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ёки судга белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 июнь, 25-сон, 545-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 108-модда