язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Туризм/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.06.2017 й. 450-сон "2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.06.2017 й.

N 450



2017-2019 ЙИЛЛАРДА САМАРҚАНД ШАҲРИ

ВА  САМАРҚАНД  ВИЛОЯТИНИНГ  ТУРИЗМ

САЛОҲИЯТИНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ноёб тарихий-маданий ва меъморий мерос объектлари билан туристларни кенг таништириш учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш, концептуал асосда зиёрат туризмини фаол тарғиб қилиш ва зиёратчи - туристлар оқимини кўпайтириш, ҳудудда замонавий туризм инфратузилмасининг изчил ривожланишини таъминлаш, замонавий талабларга мувофиқ кўрсатиладиган туризм, меҳмонхона ва транспорт хизматлари турларини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш тадбирлари Дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва қуйидаги устувор йўналишлар бўйича унинг самарали амалга оширилиши таъминлансин:

туризм соҳасини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратган ҳолда янги меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказлар, туристик-рекреацион ҳудудларни барпо этиш ҳамда туризм инфратузилмасининг бошқа объектларини қуриш;

умумий овқатланиш тизимини такомиллаштириш ва туристларнинг кечки бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун шароитлар яратиш, шу жумладан замонавий ресторанлар қуриш, нурли ва мусиқий шоу дастурларини ташкил этиш, ўзбек миллий мусиқасининг театрлаштирилган концерт дастурларини ташкил этиш, маданий мерос объектлари ҳудудида миллий урф-одат ва анъаналарни намойиш этиш;

авиарейслар ва тезюрар "Афросиёб" электропоезди қатновлари сонини кўпайтириш, Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудудида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилот ташкил этиш, туристик намойиш объектларига олиб борадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш йўли билан транспорт хизматини яхшилаш, шу жумладан, авиа ва темирйўл инфратузилмасини янада ривожлантириш;

Самарқанд шаҳрининг батафсил лойиҳалаштириш планининг янгиланган режасини тасдиқлаган ҳолда зарур ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, туризм инфратузилмаси объектларида банкомат ва терминаллар ўрнатган ҳолда махсус эсдалик совғалари шохобчаларини шаҳар кўчалари бўйлаб оқилона тақсимлаш, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидан фойдаланишга кенг имконият яратган ҳолда туристлар гавжум жойларда Wi-Fi ҳудудларини ташкил этишни назарда тутган ҳолда Самарқанд шаҳри ҳудудини ободонлаштириш;

"Самарқанд нонлари", "Самарқанд ҳунармандлари", "Миллий таомлар", "Шарқ ширинликлари" каби ҳар йилги мавзули фестивалларни ташкил этиш ва ўтказиш, хорижий туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ахборот турларини ташкил этиш, экскурсияларнинг туристик хариталарини тайёрлаш, шунингдек оммабоп хорижий телеканалларда Самарқанднинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, ҳудуднинг диққатга сазовор жойлари ва бой тарихига бағишланган маълумотларни бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи ва оммабоп ижтимоий тармоқларда жойлаштириш орқали кенг қамровли реклама кампаниясини ўтказиш ва Самарқанд шаҳри брендини тарғиб этиш;

янги туризм йўналишларини ташкил этиш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш, шу жумладан "Зарафшон" давлат қўриқхонаси ҳудудини ва у ерда сақланаётган Бухоро буғусининг (хонгулнинг) туристлар томонидан кенг қамровли кузатилиши учун илмий-рекреацион ҳудудларни ташкил этиш, туризм инфратузилмаси объектларини барпо қилиш шарти билан ҳудудда туризм мажмуаси ва экотуризм зоналари ташкил қилиш;

Самарқанднинг туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, шу жумладан касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари, ҳудуднинг туристик тармоғи ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш, туристларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида хорижий мутахассислар ва экспертларни кенг жалб қилган ҳолда туризм ташкилотлари ходимлари учун қисқа муддатли ўқув курслари, семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказиш;

2017-2021 йиллар мобайнида туризм хизматлари экспорти ҳажмини 2,2 бараварга, туристлар сонини 3 бараварга оширишни таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

Вазирликлар ва идоралар, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари раҳбарлари - масъул бажарувчилар зиммасига 1-иловада кўрсатилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш юзасидан шахсий масъулият юклансин.


2. Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига:

Дастурга киритилган чора-тадбирларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

Дастурга киритилган тадбирларни биргаликда молиялаштириш мақсадида хорижий инвестициялар, донор мамлакатларнинг, халқаро молия институтларининг кредитлари ва грантларини жалб этиш юклансин.

3. Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги билан биргаликда:

уч ой муддатда - ташриф учун қулай муҳит яратишга қаратилган Самарқанд шаҳрининг тарихий қисми ва бошқа жойларида ободонлаштириш ва қурилиш бўйича амалга оширишни назарда тутувчи кенг миқёсли ишлар ҳажми ва параметрларидан келиб чиққан ҳолда, Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмининг муфассал лойиҳасига ўзгартиришларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашига кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритсин;

Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмини режалаштириш ва моддий маданий мерос объектларини реставрация қилишнинг узоқ муддатли концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этиш учун ЮНЕСКО ва бошқа тегишли донор ташкилотлар кўмагида Европа мамлакатларининг етакчи эксперт-маслаҳатчилари жалб қилинишини ташкил этсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда - фойдаланилмаётган моддий маданий мерос объектларини уларда савдо, меҳмонхона, кўнгилочар ва туризм соҳасининг бошқа объектларини барпо қилиш учун белгиланган тартибда инвесторларга бериш ишларини фаоллаштириш чора-тадбирларини кўрсин;

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда - 2018-2027 йиллар даврида Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг тарихий-маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш ишларини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхатни, шунингдек Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг барча моддий маданий мерос объектлари бўйича реставрация қилиш ва тиклаш ишларини тугаллашнинг аниқ муддатлари назарда тутилган тармоқ жадвалини жорий йил охиригача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда - Маданият вазирлигига мазкур бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг техник ҳамкорлиги ва грант маблағларини жалб этишда ҳар томонлама кўмаклашсин.


5. Қуйидагиларга:

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг - Самарқанд шаҳрида туристлар кечаю-кундуз бўш вақтларини мароқли ўтказиши учун қулай шарт-шароитлар ва турли хизматларнинг кўрсатилишини таъминловчи замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, маданий-соғломлаштириш ва кўнгилочар-савдо масканларининг қурилишини назарда тутувчи "Samarkand city" туризм зонасини барпо этиш;

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банкининг - Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали ҳудудида ташриф буюрувчи кўплаб меҳмонлар ва туристларнинг, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг аҳолисини оилавий ҳордиқ чиқариши учун йил давомида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш имконини берувчи замонавий спортзал, спорт майдончалари, усти очиқ ва ёпиқ бассейнлар, шунингдек оилалар учун меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар, сув аттракционларини ўз ичига олган ҳордиқ чиқариш инфратузилмасининг бошқа объектларидан ташкил топган спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион мажмуасини барпо этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


6. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки - кредит асосида "Samarkand city" туризм зонасини қуриш" лойиҳаси амалга оширилишини молиялаштирувчи, шунингдек инвесторлар, шу жумладан хорижий инвесторлар билан тўғридан-тўғри сармоя киритиш шаклида биргаликда молиялаштирувчи бош ташкилот этиб;

"Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банки - "Эшкак эшиш канали ҳудудида спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудини барпо этиш" лойиҳасини амалга ошириш доирасида рекреацион инфратузилмаларни қуришни кредит асосида молиялаштирувчи, шунингдек инвесторлар, шу жумладан хорижий инвесторлар билан биргаликда тўғридан-тўғри инвестициялар тарзида биргаликда молиялаштирувчи бош ташкилот этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банки уч ой муддатда, белгиланган тартибда эшкак эшиш канали ҳудудида спорт-соғломлаштириш инфратузилмасининг замонавий жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқсинлар, шунингдек ушбу ишларни молиялаштириш манбалари бўйича таклиф киритсинлар.


7. Белгилансинки, "Samarkand city" туризм зонасини қуриш" ва "Эшкак эшиш канали ҳудудида спорт-соғломлаштириш ва туризм-рекреацион ҳудудини барпо этиш" лойиҳаларини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банкининг тегишли инвестиция компаниялари (кейинги ўринларда инвестиция компаниялари деб аталади) томонидан амалга оширилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига, "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банкига ва инвестиция компанияларига "Samarkand city" туризм зонасини қуриш" ва "Эшкак эшиш канали ҳудудида спорт-соғломлаштириш ва туризм-рекреацион ҳудудини барпо этиш" лойиҳаларини амалга ошириш доирасида:

заруриятга кўра, инвестициялаш даврида ажратилган кредит бўйича ҳисобланган фоизларни капиталлаштириш;

бир соҳа ташкилотларига тақдим этиладиган энг кўп миқдордаги кредитлар улушига чекловлар белгилаш ва бошқа ташкилотларнинг устав капиталларида иштироки бўйича чекловлар қўлламаслик;

объектларнинг фойдаланишга топширилишига кўра, объектларни ёки ташкилотларнинг устав жамғармасидаги улушини барча харажатлар ва инвестициялар миқдоридан кам бўлмаган, шу жумладан тижорат кредитлари ажратган ҳолда сарфланган маблағлар валютасида (миллий ва хорижий валютада) бозор нархлари бўйича бошқа инвесторларга сотиш;

қурилиш-монтаж ишларини белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этган ҳолда параллель равишда лойиҳалаштириш ва молиялаштириш шартларида амалга ошириш, шунингдек тендер савдолари ўтказмаган ҳолда энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида пудрат ташкилотларини ва товарлар (хизматлар, ишлар) етказиб берувчиларни танлаш;

"Samarkand city" туризм зонасида объектларни қуриш, шунингдек эшкак эшиш канали ҳудудида спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудини барпо этиш доирасида тузилган импорт шартномаларини ваколатли органлар томонидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилгандан сўнг молиялаштиришни амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.


9. "Samarkand city" туризм зонаси ва эшкак эшиш канали ҳудудидаги спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек инвестиция компаниялари 2020 йил 1 январгача:

ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилмайдиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинадиган асбоб-ускуналар, хом ашё, бутловчи буюмлар, қурилиш ва бошқа материалларини импорт қилишда божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин.


10. Самарқанд вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда тегишли вазирликлар ва ташкилотлар билан биргаликда - икки ой муддатда "Samarkand city" туризм зонаси ва эшкак эшиш канали ҳудудидаги спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудининг аниқ чегараларини белгиласин, шунингдек уларни қуриш учун инвестиция компанияларига қурилишни бошлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни (топографик фотосурат, тўлиқ кадастр ҳужжатлари, геологик ўрганишлар ва сейсмик даража бўйича ҳисоботлар, йиллик ҳароратнинг ўзгариши ва бошқаларни) тақдим этган ҳолда белгиланган тартибда ер участкалари ажратсин;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик-тижорат банки билан биргаликда - ишга туширишнинг аниқ муддатларини белгилаган ҳолда "Samarkand city" туризм зонасини ва эшкак эшиш канали ҳудудидаги спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудида қуриладиган объектларнинг манзилли рўйхатини уч ой муддатда тасдиқласин;

қонунчиликда белгиланган тартибда эгаларига компенсация тўлаган ҳолда "Samarkand city" туризм зонаси қурилиши режалаштирилган ҳудуддаги эски уй-жой ва бошқа биноларнинг белгиланган тартибда бузиш ва ҳудудни тозалаш ишларини, шунингдек Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети ҳисобидан барча зарур ташқи коммуникация-муҳандислик ва коммунал инфратузилмаларнинг қуриладиган объектларга етказилишини ташкил этсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда - "Samarkand city" туризм зонасида ҳамда Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали ҳудудидаги спорт-соғломлаштириш ва туризм-рекреацион ҳудудида замонавий меҳмонхона ва бошқа туризм ва спорт-соғломлаштириш инфратузилмаси объектларини қуришни молиялаштириш учун стратегик хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш масаласи ишлаб чиқилишини таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда - Шарқнинг ҳақиқий марвариди деб эътироф этилган ноёб музей-шаҳар сифатидаги Самарқанд шаҳрининг брендини ишлаб чиқиш ҳамда оммабоп хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг фаол иштирокида 2017-2019 йиллар даврида "Самарқанд - буюк давлат арбоби Амир Темур давлатининг пойтахти" ва "Самарқанд - буюк олим-астроном Мирзо Улуғбекнинг ватани" шиорлари остида кенг реклама кампаниясини ўтказишни назарда тутган ҳолда Самарқанд шаҳрига ва Самарқанд вилоятига туристлар оқимини кўпайтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - "Ўзавтосаноат" АЖ бошқаруви раиси У.У. Розукулов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 30 июндаги

450-сон қарорига

1-ИЛОВА



2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва

Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини

жадал ривожлантириш чора-тадбирлари

ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирлар номи


Амалга

ошириш

муддати


Ҳисобланган

қиймати

(млн сўм)

Молиялаштириш

манбалари

Масъул бажарувчилар


I. ЯНГИ МЕҲМОНХОНАЛАР ВА ТУРИЗМ ИНФРАТУЗИЛМАСИ

ОБЪЕКТЛАРИ ҚУРИШ

1.

Самарқанд шаҳри ҳудудида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда туристларнинг тўлақонли дам олиши учун шароитларни таъминлайдиган, турли хизмат кўрсатиш даражасидаги замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, кўнгилочар ва савдо марказлари, шунингдек амфитеатр, турли миллатлар таомларини тайёрлайдиган ресторанлар, кафелар, боулинг марказлари, караоке-бар, сувенир дўконлари ва бошқа туризм инфратузилмаларини ўз ичига оладиган "Samarkand сity" туризм ҳудудини яратиш.


2017-2019

йиллар


Лойиҳа-смета ҳужжатига мувофиқ

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва хорижий инвесторларнинг кредити ва маблағлари, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар


Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси


2.

Самарқанд туманидаги Республика эшкак эшиш канали ҳудудида йил бўйи спорт ўқув-машғулотларини ўтказиш шарт-шароитига эга бўлган замонавий спортзал, спорт майдонлари, ёпиқ бассейн, шунингдек Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри аҳолиси, вилоятга ташриф буюрувчи меҳмонлар ва туристларнинг оилавий дам олишларини ташкил этишга қаратилган оилалар учун меҳмонхоналар ва коттежлар мажмуи ҳамда бошқа дам олиш инфратузилмасини ўз ичига олган спорт-соғломлаштириш ва туризм-дам олиш ҳудудини барпо этиш.


2017-2018

йиллар

Лойиҳа-смета ҳужжатига мувофиқ

Тижорат банклари кредитлари

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси


3.

Самарқанд шаҳридаги "Афросиёб Палас" меҳмонхона мажмуасини 2018 йил августда фойдаланишга топширишни таъминлаш ва инвестиция шартларини қабул қилган ҳолда узоқ муддатли ижарага бериш учун салоҳиятли хорижий инвесторни жалб этиш масаласини ишлаб чиқиш.


2017 йил

август


Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Хорижий инвестор маблағлари

Давлат рақобат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси


4.

Самарқанд шаҳри, Панжакент кўчасида 30 ўринли меҳмонхона қуриш.


2017 йил

октябрь


450,0

(50,0 ташаббускор маблағлари, 400,0 тижорат банклари кредитлари)


Тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари маблағлари,

тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимликлари, "Марварид нур шифо" МЧЖ, "Ҳамкорбанк" АТБ


5.

Самарқанд шаҳри, Бобур Мирзо кўчасида 60 ўринли меҳмонхона қуриш.


2017 йил

ноябрь


500,0

(ўз маблағлари)


Тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари маблағлари


Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимликлари, хусусий тадбиркор (М. Вафоев)


6.

Самарқанд шаҳри, Пушкин кўчасида 40 ўринли меҳмонхона қуриш.


2018 йил

июнь

1 000,0

(ўз маблағлари)

Тадбиркорлик субъекти - лойиҳа ташаббускори маблағлари


Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимликлари, "Котлон сервис" МЧЖ


7.

Самарқанд шаҳри, Ибн Холдун кўчасида 200 ўринли меҳмонхона қуриш.


2018 йил

август

5 500,0

(4 000,0 ўз маблағлари), 1 500,0 тижорат банклари кредитлари)


Тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббус-корлари маблағлари,

тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимликлари,

"Константин Итол" МЧЖ, "Траст банк" ХАТБ


8.

Ургут туманидаги "Чор Чинор" зиёратгоҳи ҳудудини туризм инфратузилмасини яхшилаган ҳолда ободонлаштириш, жумладан:

мажмуа ичидаги ва атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

умумий овқатланиш шохобчалари ва зарур ёрдамчи бино-иншоотларни қуриш;

эсдалик совғалари ва бошқа маҳсулотлар сотиш учун савдо майдони қуриш.


2018 йил

сентябрь

Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Маҳаллий бюджет, тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари, хайрия ташкилотлари маблағлари,

тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Ургут тумани ҳокимликлари, "Олтин мерос" ХЖФ, Маданият вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари


9.

Пайариқ туманидаги "Имом ал Бухорий" мажмуасини реставрация қилиш ва унинг ҳудудини туризм инфратузилмасини яхшилаган ҳолда ободонлаштириш ва зиёратчи туристлар учун қўшимча шароитлар яратиш, жумладан:

миллий услубдаги меҳмонхона қуриш;

мажмуа ичидаги ва атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

умумий овқатланиш шохобчалари ва зарур ёрдамчи бино-иншоотларни қуриш;

эсдалик совғалари ва бошқа маҳсулотлар сотиш учун савдо майдони қуриш.


2018 йил

сентябрь

Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Маҳаллий бюджет, тадбиркорлик субъекти - лойиҳа ташаббускорлари, хайрия ташкилотлари маблағлари,

тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Пайариқ тумани ҳокимликлари, Маданият вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси,

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси,

тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари


10.

Самарқанд шаҳридаги "Абу Мансур ал-Мотурудий" мажмуасини реставрация қилиш ва унинг ҳудудини туризм инфратузилмасини яхшилаган ҳолда ободонлаштириш, жумладан:

мажмуа ичидаги ва атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

умумий овқатланиш шохобчалари ва зарур ёрдамчи бино-иншоотлар қуриш;

эсдалик совғалари ва бошқа маҳсулотлар сотиш учун савдо майдони қуриш.


2018 йил

сентябрь

Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Маҳаллий бюджет, тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари, хайрия ташкилотлари маблағлари,

тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳар ҳокимликлари, Маданият вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари


11.

Оқдарё туманидаги "Махдуми Аъзам" мажмуасини реставрация қилиш ва унинг ҳудудини туризм инфратузилмасини яхшилаган ҳолда ободонлаштириш, жумладан:

мажмуа ичидаги ва атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

умумий овқатланиш шохобчалари ва зарур ёрдамчи бино-иншоотларни қуриш;

эсдалик совғалари ва бошқа маҳсулотлар сотиш учун савдо майдони қуриш.


2018 йил

сентябрь

Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Маҳаллий бюджет, тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари, хайрия ташкилотлари маблағлари,

тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Оқдарё тумани ҳокимликлари, Маданият вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси,

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари


12.

Пахтачи туманидаги "Добусия" археология ёдгорлигини реставрация қилиш ва унинг ҳудудини туризм инфратузилмасини яхшилаган ҳолда ободонлаштириш, шу жумладан:

мажмуа ичидаги ва атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

умумий овқатланиш шохобчалари ва зарур ёрдамчи бино-иншоотларни қуриш;

эсдалик совғалари ва бошқа маҳсулотлар сотиш учун савдо майдони қуриш.


2018 йил

сентябрь

Лойиҳа-смета ҳужжатига мувофиқ


Маҳаллий бюджет, тадбиркорлик субъекти - лойиҳа ташаббускорлари, хайрия ташкилотлари маблағлари,

тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Пахтачи тумани ҳокимликлари, Маданият вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари


13.

Нуробод туманидаги "Ҳазрати Довуд" зиёратгоҳи ҳудудини туризм инфратузилмасини яхшилаган ҳолда ободонлаштириш, жумладан:

мажмуа ичидаги ва атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

умумий овқатланиш шохобчалари ва зарур ёрдамчи бино-иншоотларни қуриш;

эсдалик совғалари ва бошқа маҳсулотлар сотиш учун савдо майдони қуриш;

2018 йил

сентябрь

Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ

Маҳаллий бюджет, тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари, хайрия ташкилотлари маблағлари,

тижорат банклари кредитлари

тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари маблағлари,

тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Нуробод тумани ҳокимликлари, Маданият вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари

Самарқанд вилояти ва Нуробод тумани ҳокимликлари, тижорат банклари, хусусий тадбиркор (Г. Давлатова)


"Ҳазрати Довуд" зиёратгоҳи ҳудудида 50 ўринли меҳмонхона қуриш.


2017 йил

октябрь

1 400, 0

(1 000,0 ўз маблағлари, 400,0 тижорат банклари кредитлари)


14.

Ургут туманидаги "Ғавсул Аъзам" зиёратгоҳини реставрация қилиш ва унинг ҳудудини туризм инфратузилмасини яхшилаган ҳолда ободонлаштириш, жумладан:

мажмуа ичидаги ва атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

умумий овқатланиш шохобчалари ва зарур ёрдамчи бино-иншоотларни қуриш;

эсдалик совғалари ва бошқа маҳсулотлар сотиш учун савдо майдони қуриш.


2018 йил

сентябрь

Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Маҳаллий бюджет, тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари, хайрия ташкилотлари маблағлари,

тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Ургут тумани ҳокимликлари, "Олтин мерос" ХЖФ, Маданият вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари


15.

Ургут туманидаги "Хўжа Омон" зиёратгоҳи ҳудудини туризм инфратузилмасини яхшилаган ҳолда ободонлаштириш, жумладан:

мажмуа ичидаги ва атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

умумий овқатланиш шохобчалари ва зарур ёрдамчи бино-иншоотларни қуриш;

эсдалик совғалари ва бошқа маҳсулотлар сотиш учун савдо майдони қуриш.


2018 йил

сентябрь


Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Маҳаллий бюджет, тадбиркорлик субъекти - лойиҳа ташаббускорлари, хайрия ташкилотлари маблағлари,

тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Ургут тумани ҳокимликлари, "Олтин мерос" ХЖФ, Маданият вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари


16.

Самарқанд шаҳри, Алишер Навоий кўчасида 40 ўринли меҳмонхона ва миллий либослар намойиш қилинадиган "Эл мероси" театрини қуриш.


2018 йил

октябрь


11 000,0

ўз маблағлари)


Тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари маблағлари


Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимликлари, "Самарқанд аппарел" компанияси


II. ТУРИСТЛАРНИНГ КЕЧКИ БЎШ ВАҚТИНИ МАЗМУНЛИ

ЎТКАЗИШ УЧУН ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ

17.

Туризм мавсуми (март - июнь, август - ноябрь) давомида Регистон ансамблидаги Шердор мадрасасида ўзбек миллий куй-қўшиқлар оҳанги остида театрлаштирилган концерт намойишларини ташкил этиш.


2017 йил

августдан

бошлаб

доимий


-

Тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари маблағлари


Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, тадбиркорлик субъектлари


18.

Самарқанд шаҳри, Тошкент кўчасидаги Ҳунармандлар марказида етакчи ҳунармандлар, рассомлар ва амалий санъат усталарининг ишлаб чиқарилган маҳсулотларини туристларга намойишини ташкил этиш, шунингдек ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо кўргазмаларини уюштириш.


2017 йил

сентябрдан

бошлаб

доимий


-

Тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари маблағлари, тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ҳокимлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси, тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари


19.

"Эл мероси" театрида тарихий миллий либослар намойишини ташкил этиш.


2018 йил

апрелдан

бошлаб

доимий


-

Тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускорлари маблағлари


Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, "Самарқанд аппарел" компанияси


III. ТРАНСПОРТДА ХИЗМАТ КЎРСАТИШНИ ЯХШИЛАШ, ШУ ЖУМЛАДАН,

АВИА- ВА ТЕМИРЙЎЛ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

20.

Самарқанд тумани ҳудудида туризм тоифасидаги автобуслар учун тўхташ жойи ва гараж, техник хизмат кўрсатиш устахонаси ҳамда ҳайдовчиларни жойлаштириш учун меҳмонхона ҳамда ошхона қуриш, жумладан:

2017-2018

йиллар

500,0

(300,0 ўз маблағлари, 200,0 тижорат банклари кредитлари)


Тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускори маблағи, тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Самарқанд тумани ҳокимликлари, "Ориент финанс банк" ХАТБ, "Shaherezade Sam Star Tour" МЧЖ


объектни қуриш учун ер майдони ажратиш;

2017 й.

август

объектни фойдаланишга топшириш.


2018 й.

апрель


21.

Тошкент шаҳридан амалга ошириладиган "Афросиёб" тезюрар поездларига эрталабки қўшимча рейсларни киритиш масаласини кўриб чиқиш ҳамда улар жадвалини Самарқанд вилоятига келувчи туристлар оқимидан келиб чиқиб оптималлаштириш.


2017 йил

август


-

-

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ

22

Самарқанд шаҳрининг марказий кўчалари ҳамда сайёҳлик намойиши объектлари атрофларида умумқабул қилинган туризм йўл кўрсаткичлари ва белгиларини ўрнатиш.


2017-2018

йиллар

Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Ижрочилар маблағлари

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, ИИВ, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси


23.

Самарқанд туманидаги "Конигил Мерос" қоғоз ишлаб чиқариш фабрикасига олиб борувчи автомобиль йўлини (2 км) таъмирлаш.


2017-2018

йиллар


240,0

Маҳаллий бюджет маблағлари

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Республика йўл жамғармаси


24.

Самарқанд шаҳридаги "Абу Мансур ал-Мотурудий" мажмуасига олиб борувчи автомобиль йўлини таъмирлаш.


2017-2019

йиллар

500,0

Маҳаллий бюджет маблағлари


Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Республика йўл фонди


25.

М-37, М-39 автомагистралининг Самарқанд - Бухоро, Самарқанд - Термиз йўналишларида таъмирлаш ишларини амалга ошириш.


2017-2019

йиллар

Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Республика йўл

жамғармаси маблағлари


Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Республика йўл жамғармаси


26.

Самарқанд ш. - Ургут тумани - Тахтақорача довони йўналишидаги автомобиль йўлида таъмирлаш ишларини олиб бориш.


2017-2019

йиллар

Лойиҳа-смета ҳужжатига мувофиқ


Республика йўл жамғармаси маблағлари

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Республика йўл жамғармаси


27.

Самарқанд шаҳри - Самарқанд тумани (Миронкўл, Оҳалик) йўналишидаги автомобиль йўлида таъмирлаш ишларини амалга ошириш.


2017-2019

йиллар

Лойиҳа-смета ҳужжатига мувофиқ


Республика йўл жамғармаси маблағлари


Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Республика йўл жамғармаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги


28.

Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида ҳамда Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалида йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатувчи ташкилот ташкил этиш.


2018 йил

август


-

Тадбиркорлик субъектлари - лойиҳа ташаббускори маблағи, тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари


29.

Давлат ривожланиш дастурлари доирасида қуйидагиларга олиб борувчи йўл-транспорт тармоғини яхшилашга қаратилган автомобиль йўллари қурилиши ва қайта қурилиши бўйича таклифлар ишлаб чиқиш:

"Зарафшон" давлат қўриқхонаси;

"Ғавсул Аъзам", "Чор Чинор", "Хўжа Омон" зиёратгоҳлари ҳамда "Добусия" археология ёдгорлиги.

2018-2019

йиллар


Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Республика йўл жамғармаси ва маҳаллий бюджет маблағлари


Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Республика йўл жамғармаси, Маданият вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси,

вазирлик ва идоралар


    

IV. САМАРҚАНД ШАҲРИ ҲУДУДИНИ ОБОДОНЛАШТИРИШ

   

30.

Қуйидагиларни эътиборга олган ҳолда Самарқанд шаҳри тарихий қисмининг мукаммал лойиҳалаштирилган режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш:

Самарқанд шаҳрининг ички тарихий қисми ҳудудини ободонлаштирган ҳолда тарихий қийматга эга бўлмаган, нураб ётган уйлар ва бошқа биноларни белгиланган тартибда Самарқанднинг тарихий қиёфасига мослаган ҳолда пиёдалар учун ҳудудларни ташкил этиш;

пиёдалар учун мўлжалланган ҳудудларда паст қаватли кафе, ресторанлар, савдо-кўнгилочар комплекслар ва бошқа туризм объектларини қуриш;

тарихий объектларни ёрқин ранглар билан ёритиш, туристик пиёдалар йўналишини тунги ёритиш мосламалари билан жиҳозлаш, туристик объектлар атрофидаги ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва мавжуд йўлларни қопламалар билан таъминлаш;

кечки ва тунги туристик маршрутларни ташкил қилиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида туристик объектларга олиб борадиган ички йўллар ва автомобиль йўлларини таъмирлаш;

пиёдалар йўлаклари, канализация тизимлари ва бошқа муҳандислик-коммунал инфратузилмани таъмирлаш.


2017 йил

сентябрь


Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Маҳаллий бюджет, ихтисослашган фондлар, тадбиркорлик субъектлари - лойиҳалар ташаббускорлари маблағлари


Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимликлари, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси,

вазирлик ва идоралар


31.

Туризм инфратузилмаси объектларида, шу жумладан Самарқанд шаҳри аэропорти ва темир йўл вокзали, жойлаштириш воситаларида, шунингдек хорижлик ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш пунктларида хорижий (Visa Card, Master Card, American Express ва бошқалар) ва миллий валюта қабул қиладиган терминалларни ўрнатиш, валюта айирбошлаш ва пул ўтказмалари хизматларини ташкил этиш.


2017 йил

сентябрь


Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Тижорат банклари маблағи


Марказий банк, Банклар уюшмаси, Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимликлари, тижорат банклари


32.

Туристларнинг оммавий йиғиладиган жойларида, жумладан "Samarkand city" туризм зонаси ва Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида Wi-fi зоналарини ташкил этиш ва бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғига уланиш имкониятини яратиш.


2018 йил

март


Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Ижрочилар маблағи

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Маданият вазирлиги, "Ўзбектелеком" АК, Самарқанд вилояти ҳокимлиги


33.

Самарқанд шаҳрининг туристлар оммавий йиғиладиган жойларида (Регистон майдони, Тошкент кўчаси, Самарқанд шаҳри халқаро аэропорти ва темирйўл вокзали) ва бошқа жойларда ахборот ва экскурсия марказларини ташкил этиш.


2018 йил

март


Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Ижрочилар маблағи

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ


34.

Барча маданий мерос объектлари ва бошқа туризм объектларида маълумотлар пештахтасини ягона тасдиқланган намуна бўйича ўрнатиш.


2018 йил

март


Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Ижрочилар маблағи

Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимликлари, Маданият вазирлиги


35.

Самарқанд шаҳрининг марказий қисмида унинг тарихий қисмига туташган ҳудудларида бешта санитария-гигиеник узелларини қуриш.


2018 йил

март


Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Ижрочилар маблағи

Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимликлари, "Давархитектқурилиш" қўмитаси


36.

Самарқанд шаҳрида (Фарҳод, Кимёгарлар, Хишрав фуқаролар йиғинлари, Шоирлар боғи мажмуаси ҳудудида) аквапарк, истироҳат боғлари, болалар майдончалари, аттракцион ва бошқаларни ўз ичига олган кўнгилочар марказларни барпо этиш.


2018-2019

йиллар


Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Лойиҳа ташаббускорлари - тадбиркорлик субъектлари маблағлари, тижорат банклари кредитлари


Самарқанд шаҳри ҳокимлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Маданият вазирлиги, тижорат банклари, тадбиркорлик субъектлари


V. КЕНГ ҚАМРОВЛИ РЕКЛАМА КАМПАНИЯЛАРИНИ

ЎТКАЗИШ ВА САМАРҚАНД БРЕНДИНИ ТАРҒИБ ЭТИШ

37.

Маданий-кўнгилочар тадбирларни ўтказиш тақвимини ишлаб чиқиш ва тадбирларни белгиланган муддатларда ташкил этиш.


Ҳар йили

-

Ижрочилар маблағи

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тадбиркорлик субъектлари


38.

Самарқанд шаҳрида ҳар йили (дам олиш кунлари) "Самарқанд нонлари", "Самарқанд ҳунармандлари", "Миллий таомлар", "Шарқ ширинликлари" каби фестивалларни (ярмаркаларни) кенг қамровли реклама кампаниясини ўтказган ҳолда ташкил этиш ҳамда уни электрон оммавий ахборот воситаларида тарғиб этиш.


2017-2019

йилларда

(режа-

жадвалга

асосан)


-

Ижрочилар маблағи

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси, Ёшлар иттифоқи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тадбиркорлик субъектлари

39.

Самарқанд шаҳрида "Самарқанд шаҳри куни" фестивал-байрамини (октябрь ойида) кенг қамровли реклама кампаниясини ҳамда уни электрон оммавий ахборот воситаларида тарғиб этган ҳолда ўтказиш.


2017-2019

йиллар


150,0


Ижрочилар маблағи

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Ёшлар иттифоқи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вазирлик ва идоралар

40.

Хорижда ўтказиладиган учрашувлар, халқаро туризм кўргазма ва ярмаркаларида вилоят туризм индустрияси вакиллари ва туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг иштирокини таъминлаш.


2017-2019

йиллар


-

Тадбир иштирокчилари маблағлари

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги


41.

Хорижий туризм ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ахборот турлари ташкил этиш.


2017-2019

йиллар


-

Ижрочилар маблағи

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, вазирлик ва идоралар


42.

Маданий мерос объектлари, театрлар, музейлар, ресторанлар, кафелар, қўриқланадиган табиий ҳудудлар, соғломлаштириш лагерлари, истироҳат боғлари ва Самарқанд вилоятининг бошқа кўнгилочар масканлари маъмуриятларини "Халқаро туризм кўргазмаси" (апрель ойида) ва "Тошкент халқаро туризм ярмаркаси"да (октябрь ойида) иштирок этишига ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳияти тақдимотини юқори даражада ўтказишга жалб қилиш.


2017-2019

йиллар

(апрель,

октябрь)


-

Тадбирлар иштирокчилари маблағлари

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ҳунарманд" уюшмаси, Маданият вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, вазирлик ва идоралар


43.

Малайзия ва Индонезия давлатларидан ташриф буюрадиган зиёратчи-туристлар учун Самарқанд шаҳрида зиёрат турларини ташкил қилиш.


2017-2019

йиллар

-

-

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК


44.

"Samarkand city" туризм зонасида ва Самарқанд шаҳрининг бошқа жойларида шоу-дастурлар, тарихий воқеалар акс эттирилган театрлаштирилган томошалар, фольклор ансамбллари ва замонавий эстрада артистлари чиқишлари, модалар кўргазмалари ва бошқа томошабоп тадбирларни ташкил қилиш.


2017-2019

йиллар

-

Ижрочилар маблағи

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки


45.

Ҳудуднинг диққатга сазовор жойлари ва тарихига бағишланган мақолаларни тайёрлаш ҳамда "Wikipedia" электрон энциклопедиясида жойлаштириш.


2017 йил

август


-

-

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Маданият вазирлиги, "Ўзбектелеком" АК, Самарқанд вилояти ҳокимлиги


46.

Оммабоп электрон хариталар (Google ва ҳ. к.), порталлар (expedia, tripadvisor ва ҳ. к.) ва ижтимоий тармоқларда (facebook, instagram) Самарқанд вилояти тўғрисидаги батафсил маълумотларни жойлаштириш.


2017 йил

август


-

-

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Маданият вазирлиги, "Ўзбектелеком" АК, Самарқанд вилояти ҳокимлиги


47.

Вилоятнинг барча тарихий ва маданий объектлари, меҳмонхоналари, туризм агентликлари, ресторанлари ва бошқа диққатга сазовор жойлари тўлиқ акс эттирилган туризм харитасини тайёрлаш.


2017 йил

октябрь

Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Ижрочилар маблағи

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, тадбиркорлик субъектлари


48.

Ҳудуднинг туризм салоҳиятини тарғиб этиш мақсадида миллий маданият, урф-одатлар, Самарқанд вилоятининг табиати ва ўзига хос таомларини ўзида мужассамлаштирган видеофильмни яратиш, уни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлигининг расмий веб-саҳифалари ва "uzbekistan.travel" порталида жойлаштириш.


2017 йил

декабрь


-

Ижрочилар маблағи

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Маданият вазирлиги, "Ўзбектелеком" АК, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Миллий телерадиокомпания


49.

Самарқанд вилояти меҳмонхоналари ва ресторанлари уюшмасини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш, бунда уюшманинг вазифалари этиб қуйидагиларни белгилаш:

хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи ресторан ва меҳмонхоналар манфаатларини ифода этиш;

ресторан ва меҳмонхоналар эгаларининг касбий манфаатларини ҳимоя қилиш;

маълумот ва реклама материалларини чоп этиш;

туризм бизнесини ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган чоралар тўғрисида уюшма аъзоларига маълумот етказиш.


2018 йил

август


-

-

Савдо-саноат палатаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вазирлик ва идоралар, тадбиркорлик субъектлари


VI. ЯНГИ ТУРИЗМ ЙЎНАЛИШЛАРИНИ ЯРАТИШ ВА ТУРИЗМНИНГ

ЯНГИ ТУРЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ (ЭКОЛОГИК, ИЛМИЙ,

ЭКСТРЕМАЛ, ГАСТРОНОМИК ВА БОШҚАЛАР)

50.

Оқдарё тумани "Киркдархон-2" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида туризм мажмуасини барпо этиш (меҳмонхона қуриш, туристларга ўзбек халқининг қадимги ва бугунги яшаш тарзи, урф-одатлари, удумлари, ошхонаси ва агротуризмини намойиш этиш).


2017-2018

йиллар


800,0

(500,0 тадбиркорлик субъектлари маблағи,

300,0 тижорат банклари кредитлари)


Лойиҳа ташаббускорлари - тадбиркорлик субъектлари маблағлари, тижорат банклари кредитлари

Самарқанд вилояти ва Оқдарё тумани ҳокимликлари, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ, хусусий тадбиркор (Д. Ширинқулова)

51.

Жомбой тумани "Галакапа" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида "эко" ва "агро" туризми йўналишларини ташкил этиш орқали туризм мажмуасини барпо қилиш.


2017-2018

йиллар

600,0

(400,0 тадбиркорлик субъектлари маблағи,

200,0 тижорат банклари кредитлари)


Лойиҳа ташаббускорлари - тадбиркорлик субъектлари маблағлари, тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Жомбой тумани ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари, "Lejand do Samarkand М7" МЧЖ

52.

Ургут тумани "Омонқўтон" фуқаролар йиғини ҳудудида экотуризм мажмуасини барпо қилиш.


2017-2018

йиллар

700,0

(300,0 тадбиркорлик субъектлари маблағи,

400,0 тижорат банклари кредитлари)


Лойиҳа ташаббускорлари - тадбиркорлик субъектлари маблағлари, тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Ургут тумани ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари, "Urgutekoturizm" МЧЖ

53.

Ургут тумани "Бешкон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мевали ва манзарали кўчатлар экиш орқали экотуризм ҳудудини барпо қилиш (умумий овқатланиш шохобчалари, савдо дўконлари, дам олиш масканларини ташкил этиш).


2017-2018

йиллар

800,0

(100,0 тадбиркорлик субъектлари маблағи,

700,0 тижорат банклари кредитлари)


Лойиҳа ташаббускорлари - тадбиркорлик субъектлари маблағлари, тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Ургут тумани ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари, тадбиркор (Д. Бобомуродов)

54.

Ургут - Китоб йўли бўйлаб жойлашган "Тахтақорача" довонида туристлар учун 0,24 га майдонда экотуризм ҳудудини ташкил қилиш (миллий таомлар ошхонаси, чойхона, автотураргоҳ, савдо дўконлари, 20 ўринли меҳмонхона ташкил этиш).


2017-2018

йиллар

700,0

(350,0 тадбиркорлик субъектлари маблағи,

350,0 тижорат банклари кредитлари)


Лойиҳа ташаббускори - тадбиркорлик субъекти маблағлари, тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Ургут тумани ҳокимликлари, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Ҳамкорбанк" АТБ, "Голиб кадастр қурилиш сервис" ХК

55.

Самарқанд тумани "Охалик" қишлоқ фуқаролар йиғини, "Миронкул" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида (9,6 га майдонда) экотуризм ҳудуди ва туризм мажмуасини барпо қилиш.


2017-2018

йиллар


12 000,0


Лойиҳа ташаббускори - тадбиркорлик субъекти маблағлари


Самарқанд вилояти ва Ургут тумани ҳокимликлари, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Original maks lux" фермер хўжалиги

56.

Самарқанд тумани "Охалик" қишлоқ фуқаролар йиғини, "Миронкул" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида (3,0 га майдонда) экотуризм ҳудудини барпо қилиш.


2017-2018

йиллар

2 500,0

(1 500,0 тадбиркорлик субъектлари маблағи,

1 000,0 тижорат банклари кредитлари)


Лойиҳа ташаббускори - тадбиркорлик субъекти маблағлари, тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ва Самарқанд тумани ҳокимликлари, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тижорат банклари, хусусий тадбиркор (Ф. Хуррамов)

57.

Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Имом ал-Бухорий ва бошқа алломаларнинг таваллуд кунлари муносабати билан таниқли олимлар ва адабиётшуносларни жалб қилган ҳолда халқаро илмий анжуманлар ўтказиш.


2017-2019

йиллар


-

Ижрочилар маблағи

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вазирлик ва идоралар


58.

Жомбой туманидаги Зарафшон давлат қўриқхонасининг қўриқланадиган ҳудудида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, бунда:

Зарафшон давлат қўриқхонаси ҳудудини ва у ерда сақланаётган Бухоро буғусини (хонгулни) кўпайтириш, сақлаш жараёнини кенг қамровли кузатиш учун белгиланган тартибда илмий-рекреацион ҳудудни ташкил этиш;

уни янги туризм маршрутларига киритиш.


2018-2019

йиллар


Лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ


Лойиҳа ташаббускорлари - тадбиркорлик субъектлари маблағлари, тижорат банклари кредитлари


Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, "Агробанк" АТБ,

тадбиркорлик субъектлари


VII. САМАРҚАНДНИНГ ТУРИЗМ СОҲАСИ УЧУН

КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШНИ ТАЪМИНЛАШ

59.

Франция, Испания, Туркия ва туризм тармоғи ривожланган бошқа мамлакатлардан хорижий мутахассислар ва етакчи консультантларни қисқа курсларда дарс беришга жалб қилиш орқали Самарқанд вилоятидаги ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларида хорижий тиллар, меҳмонхона ва туроператорлик фаолияти бўйича мутахассисларни тайёрлашни такомиллаштириш.


2017 йил

сентябрдан

бошлаб

мунтазам

равишда


-

Ижрочилар маблағи, халқаро молия институтларининг грантлари


Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази


60.

Туризм соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида:

Самарқанд вилояти туризм ташкилотлари ходимлари учун (шартнома асосида, йилига камида икки маротаба) қисқа муддатли ўқув курсларини мунтазам ташкил қилиб бориш;

Туристларга хизмат кўрсатиш соҳасида иштирок этувчи туризм соҳаси ташкилотлари учун халқаро экспертларни кенг жалб қилган ҳолда семинар ва маҳорат дарслари ўтказиб бориш.


2017-2019

йиллар


-

Ижрочилар маблағи

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси,

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, туризм соҳаси субъектлари


61.

"Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича республика маркази" ДУКда ҳудуднинг касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари ва туризм соҳаси ходимларини ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил этиш.


2017-2019

йиллар


-

Ижрочилар маблағи

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази


62.

Туристларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, уларни транспортда ташиш даврида хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятидаги транспорт ташкилотлари ходимлари учун ихтисослаштирилган курсларни (йилига камида икки маротаба) ташкил этиш.


2017-2019

йиллар

-

Ижрочилар маблағи

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, тадбиркорлик субъектлари, транспорт фаолияти субъектлари



Жами:



39 340,0



Изоҳ: Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш якунларига кўра ҳисобланган қиймат аниқлаштирилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 июль, 27-сон, 616-модда