ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ижтимоий таъминот ва ижтимоий сугуртани бошқариш ва молиялаштириш /

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги "Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.07.2017 й. 455-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 3 июлдаги

455-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги "Мурувват"

интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари

фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини

шакллантириш ва улардан фойдаланиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ҳузуридаги "Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма маблағлари Агентликнинг ҳисоб рақамларида жамланади, улардан, шу жумладан тижорат банкида очилган валюта ҳисоб рақамларидаги маблағлардан ушбу Низомга мувофиқ "Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларининг ижтимоий, тиббий ва маданий-маиший хизмат кўрсатиш тизимининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, "Мурувват" интернат уйлари, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида яшайдиган ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларнинг (кейинги ўринларда ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар деб аталади) яшаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳар хил маданий тадбирлар, танловлар, спорт мусобақалари, семинарлар ташкил этиш, шунингдек уларни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа мақсадлар учун фойдаланилади.


2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


3. Жамғарма маблағлари:

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия эҳсонлари;

шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар иштирокида ўтказилган хайрия гала концертлардан, маданий-оммавий ва спорт тадбирларидан тушган тушумлар;

ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар томонидан тайёрланган товарларни сотишдан тушган маблағлар;

техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар), хорижий грант берувчилар ва донорларнинг ёрдами, Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозит ҳисоб рақамларида жойлаштиришдан тушган даромадлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлардан шакллантирилади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


4. Жамғарма маблағларидан:

"Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш (бинолар, иншоотларни жорий, мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш, тиббий, реабилитацион, ўқув ускуналари, мебель, ташкилий техника ва бошқа техникани, юмшоқ инвентарь, транспортни, шунингдек "Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолияти жараёнида зарур бўлган бошқа товарлар ва хизматларни сотиб олиш);

ўқув анжомлари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар томонидан, уларни ўқитиш, шу жумладан меҳнат жараёнида товарлар тайёрлаш учун қўлланиладиган хом ашё ва материалларни харид қилиш;

"Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолиятини ёритадиган Агентликнинг расмий веб-сайтини яратиш ва қўллаб-қувватлаш;

ҳар хил маданий ва хайрия тадбирлари (хайрия концертлари, республиканинг маданий-тарихий диққатга сазовор жойлари бўйлаб экскурсиялар, театрлаштирилган ва цирк томошалари, маданият ва санъатнинг машҳур намояндалари билан учрашувлар), танловлар ва спорт мусобақалари ўтказиш, саҳна костюмлари сотиб олиш, шунингдек "Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича эксперт кенгашининг (кейинги ўринларда Эксперт кенгаши деб аталади) қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган бошқа харажатлар учун фойдаланилади.

5. Жамғарма маблағларидан танлов (тендер), электрон савдолар ўтказмасдан ва Республика товар-хом ашё биржасининг махсус электрон порталида эълонларни жойлаштирмасдан, Агентлик томонидан ўтказиладиган энг яхши таклифларни танлаш асосида Эксперт кенгашининг қарорларига мувофиқ фойдаланилади.

6. Ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг аниқ мақсадлари (товарларнинг номлари, уларнинг сони, ишлар, хизматлар бўйича) "Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларининг тегишли товарлар ва хизматларга эҳтиёжларини ўрганиш асосида Эксперт кенгаши томонидан белгиланади.

7. Жамғарма маблағларидан, шунингдек уларни Эксперт кенгашининг қарорларига мувофиқ "Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларининг ғазначилик бюджетдан ташқари шахсий ҳисоб рақамларига (Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармалари) ўтказиш йўли билан фойдаланилиши мумкин.

8. "Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари томонидан Жамғармадан уларнинг ғазначилик бюджетдан ташқари шахсий ҳисоб рақамларига тушган маблағлардан фойдаланиш Эксперт кенгашининг қарорларида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

9. Жамғармадан "Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларининг ғазначилик бюджетдан ташқари шахсий ҳисоб рақамларига тушган маблағлардан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик ушбу муассасалар раҳбарларига юкланади.

10. Жамғарманинг "Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларининг ғазначилик бюджетдан ташқари шахсий рақамларига ўтказилган, ҳисобот йили охирида фойдаланилмаган маблағлари Жамғармага қайтарилмайди ва келгуси календарь йилда назарда тутилган мақсадлар учун фойдаланилади.


4-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


11. Эксперт кенгаши Жамғармани бошқариш органи ҳисобланади.

12. Эксперт кенгаши:

манбалар ва фойдаланиш йўналишлари бўйича Жамғарма даромадлари ва маблағлар сарфларининг прогноз параметрларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Агентлик томонидан тақдим этиладиган Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини текшириш учун тафтиш комиссиясини тайинлайди;

зарурат бўлганда, Жамғарманинг даромадлари ва маблағлар сарфларининг тасдиқланган прогноз параметрларига ўзгартиришлар киритади;

Жамғармага хайрия эҳсонлари, техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар) ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар жалб этилишига кўмаклашади;

Жамғарма маблағларидан ушбу Низомда назарда тутилган мақсадларда фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

Жамғарма маблағлари барқарор шакллантирилишини, ўз вақтида молиялаштирилишини ва улардан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш устидан назорат қилади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИЛИШИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ,

ҲИСОБОТ БЕРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


13. Агентлик:

операция хизмати кўрсатади, Жамғарма маблағлари бўйича ҳисоб ва ҳисоботни юритади, шунингдек Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан мониторинг олиб боради;

"Мурувват" интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларидан Жамғармадан олинган маблағлардан фойдаланганлик тўғрисида ҳисоботлар сўрайди;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Эксперт кенгашига тақдим этади.

14. Жамғарма маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш устидан назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 июль, 27-сон, 619-модда


















































Время: 0.2135
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск