Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Умумий қоидалар /

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.07.2017 й. 467-сонли қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 5 июлдаги

467-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш

ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси, Ер кодекси ва Фуқаролик кодексига мувофиқ ўзбошимчалик билан қурилган (қурилаётган) уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулкни (кейинги ўринларда ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб аталади) аниқлаш ва бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш ушбу соҳада ваколатга эга давлат органлари томонидан шаҳарча, қишлоқ, овул, маҳалла фуқаролар йиғини (кейинги ўринларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари деб аталади) билан ҳамкорликда амалга оширилади.


3. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш:

қурилиш мақсадлари учун ер участкасига бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларнинг мавжудлигини;

икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан баланд ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган якка тартибдаги уй-жойларни, шунингдек 300 метр кубдан кўп ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотлар лойиҳа ҳужжатлари экспертизадан ҳамда қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларидан рўйхатдан ўтказилганлигини;

икки қаватгача, (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан паст ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метргача бўлган якка тартибдаги уй-жойларни, шунингдек 300 метр кубдан кам ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотлар қуриш учун туман қурилиш бўлими билан келишилган лойиҳанинг мавжудлигини;

шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилганлигини текшириш орқали амалга оширилади.


2-БОБ. ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҚУРИЛГАН

ИМОРАТЛАРНИ АНИҚЛАШ ҲАМДА УЛАРНИ

БАРТАРАФ ЭТИШ (БУЗИБ ТАШЛАШ)НИ ТАШКИЛ

ЭТИШ СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ


4. Қуйидагилар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари (кейинги ўринларда ваколатли органлар деб аталади) ҳисобланади:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари (кейинги ўринларда - ҳудудий органлари);

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий органлари;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари;

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари.

Ваколатли органлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда фаолият юритади.


5. Ваколатли органлар ҳар йили ўзларининг ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш чора-тадбирлар режасини (кейинги ўринларда Чора-тадбирлар режаси деб аталади) ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Чора-тадбирлар режаларининг ишлаб чиқилиши ва уларнинг ижросини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тегишлилиги бўйича мувофиқлаштиради.



3-БОБ. ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҚУРИЛГАН

ИМОРАТЛАРНИ АНИҚЛАШ ҲАМДА БАРТАРАФ

ЭТИШ (БУЗИБ ТАШЛАШ)НИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш ушбу Низомнинг иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


7. Ҳар бир ваколатли органнинг ҳудудий органи ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ўзининг Чора-тадбирлар режасига мувофиқ ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни мустақил равишда ёки бошқа органлар билан биргаликда аниқлаб боради.

Икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан баланд ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган якка тартибдаги уй-жойларни, шунингдек 300 метр кубдан кўп ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотлар бўйича ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни мустақил равишда-қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари аниқлайдилар ва бартараф этиш чораларини кўрадилар.

Икки қаватгача, (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан паст ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метргача бўлган якка тартибдаги уй-жойлар, шунингдек 300 метр кубдан кам ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотлар бўйича ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни ушбу низом талаблари доирасида - Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармалари ҳамда туман қурилиш бўлимлари ҳал қиладилар.

8. Ваколатли орган:

иморатни қуриш учун ушбу Низомнинг 3-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг мавжудлиги ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида қурилганлигини аниқлайди;

ўзбошимчалик билан қурилган иморат аниқланган тақдирда ушбу иморатни қурган шахсга мазкур қурилишнинг ноқонунийлиги ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил тушунтиришлар беради ҳамда иморатни ўн беш кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этиш (бузиб ташлаш) тўғрисида далолатнома тузади.

Ушбу далолатномада қуйидагилар акс эттирилади:

ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлашда иштирок этган ваколатли орган вакили лавозими, фамилия ва исми-шарифи ҳамда иморат қурган шахснинг номи (юридик шахс бўлганда) ёки фамилия ва исми-шарифи (жисмоний шахс бўлганда);

ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг аниқ манзили, қурилиш мақсади ҳамда қурилишнинг ҳолати ва ҳажми;

ўзбошимчалик билан иморатни қурган шахс томонидан уни ўн беш кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этиш (бузиб ташлаш) тўғрисида кўрсатма.


9. Ваколатли орган ўзбошимчалик билан иморатни қурган шахсга ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган далолатномани фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили ва туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) профилактика инспектори иштирокида топширилишини таъминлайди.


10. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс далолатномани олишни рад этган ҳолда ваколатли орган ушбу ҳолат тўғрисида камида уч киши (ваколатли орган ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари ҳамда туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) профилактика инспектори) иштирокида баённома тузилишини таъминлайди.

Баённомада далолатномани топшираётган шахсларнинг лавозими ва исми-шарифи, ўзбошимчалик билан иморатни қурган шахс томонидан далолатномани олишдан бош тортган сана ва бош тортиш сабаблари (мавжуд бўлганда) кўрсатиб ўтилади.


11. Ўзбошимчалик билан иморатни қурган шахс ўн беш кун муддат ичида уни ўз ҳисобидан бартараф этиши шарт.

Ўзбошимчалик билан иморатни қурган шахс томонидан ушбу иморатни бартараф этилиши (бузиб ташланиши)ни ваколатли орган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан ҳамкорликда назорат қилади.

Ўзбошимчалик билан иморатни қурган шахс томонидан иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида судга даъво берилган тақдирда даъво берилган кундан бошлаб суднинг якуний қарори қабул қилинишига қадар ушбу иморатни бартараф этилиши вақтинча тўхтатиб турилади.


12. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш учун белгиланган муддат тугагандан сўнг ваколатли орган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан ҳамкорликда икки иш куни мобайнида бу ҳақда туман (шаҳар) ҳокимига хабарнома киритади, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бузиб ташлаш ҳоллари бундан мустасно.

Ваколатли органлар томонидан киритилган хабарнома келиб тушган санадан эътиборан уч иш куни мобайнида туман (шаҳар) ҳокими Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддаси учинчи қисмига мувофиқ ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги даъво аризаси судга киритилишини таъминлайди.

Бунда ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бузиб ташлаш бўйича тўғридан-тўғри судга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан белгиланган тартибда мурожаат қилинади.

Хабарномада ўзбошимчалик билан иморатни қурган шахснинг номи (юридик шахс бўлганда) ёки фамилияси, исми, отасининг исми (жисмоний шахс бўлганда), иморатнинг аниқ манзили, қурилиш мақсади, қурилишнинг ҳолати ва ҳажми кўрсатилган маълумотлар акс эттирилади ҳамда унга ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган далолатнома ва 10-бандида назарда тутилган баённома илова қилинади.

14. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бартараф этиш (бузиб ташлаш) тўғрисидаги даъво аризага ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган далолатнома, 10-бандида назарда тутилган баённома, 12-бандида назарда тутилган хабарнома, ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг жойлашув схемаси, иморатнинг фотосуратлари (камида тўрт томонидан туширилган) илова қилинади.


15. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 91-моддасига мувофиқ ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.

Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


16. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зиён етказмаган ҳолда бартараф этиш чоралари кўрилади.


17. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА


Ўзбошимчалик билан қурилган

иморатларни аниқлаш ҳамда бартараф

этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш

СХЕМАСИ


Субъектлар

     

    

Механизм

    


    

Муддатлар

      





Ваколатли органнинг ҳудудий органлари

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш чора-тадбирлар режасига мувофиқ ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаб борадилар.


      

Ваколатли органнинг

Чора-тадбирлар режасида белгиланган муддатларда

       






Ваколатли орган

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан

ҳамкорликда

         

1. Ўзбошимчалик билан иморатни қуриш учун ер участкасини ажратиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг қаpopи мавжудлигини аниқлайди.


2. Ўзбошимчалик билан иморат қурилганлиги аниқланган тақдирда, ушбу иморатни қурган шахсга мазкур қурилишнинг ноқонунийлиги ва унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил тушунтиришлар беради ҳамда иморатни ўн беш кун муддатда ихтиёрий равишда бартараф этиш (бузиб ташлаш) тўғрисида далолатнома тузади.


3. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахсга қурилган иморатни ўн беш кун муддатда ихтиёрий равишда бартараф этиш (бузиб ташлаш) тўғрисидаги далолатнома фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили ва туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) профилактика инспектори иштирокида топширилишини таъминлайди.


4. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс далолатномани олишни рад этган тақдирда, ваколатли орган ушбу ҳолат тўғрисида камида уч киши (ваколатли орган ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) профилактика инспектори) иштирокида баённома тузилишини таъминлайди.

      


Ваколатли органнинг

Чора-тадбирлар режасида белгиланган муддатларда






Ваколатли орган

       

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс томонидан ушбу иморат бартараф этилмаган (бузиб ташланмаган) тақдирда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан ҳамкорликда бу ҳақда туман (шаҳар) ҳокимига хабарнома киритади, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш ҳоллари бундан мустасно.

         


Икки иш куни

мобайнида






Туман (шаҳар) ҳокими

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддаси учинчи қисмига мувофиқ ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бартараф этиш (бузиб ташлаш) тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг даъво аризаси судга киритилишини таъминлайди.


      

Ваколатли орган киритган хабарнома келиб тушган санадан эътиборан уч иш куни мобайнида

         



Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий органлари

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш (бузиб ташлаш) бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва унинг ҳудудий органлари тўғридан-тўғри судга мурожаат қилади.


         

Ўзбошимчалик билан қурилган иморат бартараф этиш (бузиб ташлаш) учун белгиланган муддат тугагандан сўнг бартараф этилмаганда уч иш кунида

       


           


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 июль, 27-сон, 623-модда







































Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск